Қуръони карим

Кўзи ожиз,  қалб  “кўз”и очиқ қори

Қуръони карим қироати ҳақида сўз борганда , Қуръон илмида номи чиққан етук олимлар ёдга келади.  Уларнинг машҳурларидан бири– қорилар саййиди,  шайх, имом Абу Муҳаммад ибн Фарруҳ Шотибийдир.

Имом Шотибий Қуръони карим қироати ва тажвиди, қуръоний илмлар соҳасида шуҳрат топган олимдир.  Шунингдек,  у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг ҳам билимдони саналади. Агар унинг олдида Имом Бухорий ва Имом Муслим  “Саҳиҳ” тўпламлари ёки Имом Моликнинг “Муватто” асаридан ҳадис ўқилса,  китобга қарамай,  ўқилгандаги хатоларни ёддан айтар ва йўл-йўлакай котиблар йўл қўйган жузъий камчиликларини ҳам тўғрилаб қўярди.  Имом Шотибий араб тили грамматикаси бўйича ҳам таниқли уламолардан эди.

Шотибий жуда заковатли бўлган, диний илмлардан ташқари, шеърият соҳасида ҳам яхшигина иқтидори бўлган.  Ибодатларни кичик кўнгил ва тавозеъ билан адо қилган , қалби доимо Аллоҳнинг зикри билан уйғоқ бўлган. Манбаларда унинг кўзлари ожизлигига қарамай, қалб кўзлари очиқ, зоҳид ва кароматли валий бўлгани зикр этилади2.

Мажлисларда Шотибий илм ва динга манфаати бўлмаган беҳуда сўзлардан тийиларди. Қуръон қироатига киришмоқчи бўлса, суннатга мувофиқ ҳолда таҳоратли бўлар, покиза кийимларини кияр эди.

Абу Амр ибн Салоҳ  “Табақот аш-Шофиъия” асарида ёзишича, Абу Муҳаммад Шотибий ўз ватанида, Абдуллоҳ Абул Ос Нафарий ҳузурида Қуръони каримни тўла ёд олган ва ундан етти қироатни ўрганган. Қадимий Андалусиянинг Валенсия шаҳрига кўчиб ўтгач, иккинчи устози Абулҳасан ибн Ҳузайлдан қироат илмига оид “Тайсир” китоби бўйича таълим олган. Яна Шотибийнинг Абул Ҳасан ибн Наъма, Абу Абдуллоҳ ибн Саода, Абу Муҳаммад ибн Омир, Абу Абдуллоҳ ибн Абдурраҳим, Алим ибн Абдулазиз каби даврининг етук қироат устозларидан ҳам таълим олгани айтилади. Ҳаж қилиш учун Маккага борганида эса, Абу Тоҳир Силфийдан ҳам илм ўрганган3. Кейин Шотибий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамидга шогирд бўлиб, машҳур тилшунос Сибавайҳнинг “Комил” ва Ибн Қутайбанинг “Адаб ул-котиб” китобини ўқиган. Шундан кейин Искандарияда Абу Тоҳир Салафий ва бошқалар суҳбатида бўлган. Бундан ташқари, Шотибийнинг яна ўндан ортиқ устози бўлгани маълум4.

Возий ал-Фозил Шотибийни Мисрдаги мадрасада талабаларга Қуръон, ҳадис, наҳв ва сарфдан дарс беришга таклиф қилади ва унга барча қулай шароитларни яратиб беради. У умри охиригача ана шу «Фозилия» мадрасасида талабаларга қироатдан дарс берди. У ватанига қайтиб келмади, чунки у ернинг олимлари номи оламга машҳур Шотибийга ҳасад қилиб, у ҳақда турли фитналар уюштиришлари хавотири бор эди. Олим фақирликда кун кечирганига қарамай, қаноатни қўлдан бермади5.

Шотибийни дунёга унинг илмий мероси танитди. У асарларини араб тилида, асосан, назмда битди. Уларнинг ўқилиши ва ёд олиниши осон бўлгани боис, асрлар давомида мадрасаларда асосий дарслик бўлиб хизмат қилди. Жумладан, бир неча аср Бухоро мадрасаларида унинг «Ҳирз ал-амоний ва важҳ ат-таҳоний» асари ўқитиб келинган. Асар 1173 байтдан иборат манзума бўлиб, радифи «лом» ҳарфи билан тугайди. Ривоят қилинишича, олим мазкур асарини ёзиб бўлганидан сўнг Каъбани ўн икки минг марта тавоф этган ва ҳар айланишда: “Ё Аллоҳ, асаримни халққа фойдали эт” дея дуо қилган экан. Манбаларда унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тушида кўргани ҳам нақл қилинади. У Расулуллоҳга мазкур китобини кўрсатибди. У зот китобни қўлларига олиб, «Яхши китоб бўлибди, ким уни ўқиса, жаннатга кирсин», деб дуо қилибдилар6. Бундан ташқари, Шотибийнинг қироат илмига бағишланган ўнга яқин асари мавжуд ва улар ҳозиргача қайта-қайта нашр қилинмоқда.

Ибн Ҳалликон бундай дейди: “Шотибий беҳуда, бефойда ва ортиқча гапирмасди, фақат зарурат юзасидан сўралган нарсага жавоб берарди. У киши бемор бўлиб қолса, касаллиги ҳақида ҳеч кимга шикоят қилмас ва сездирмасди. Агарда у кишининг соғлигидан сўралса, у: «Аллоҳга шукр, соғлигим яхши», деб қўярди.

Шотибий 590 ҳижрий йилнинг 28-жумадул охир ойида (1194 йил 20 июн) Мисрда вафот қилди7. Шотибийнинг қабри Қоҳиранинг Вафора қишлоғида, унинг мақбараси машҳур зиёратгоҳга айланган. Таниқли қироат олими Жазарий у ҳақда бундай дейди: “Мен Шотибийнинг қабрини бир неча марта ўз шогирдларим билан зиёрат қилдим. У киши қабри олдида туриб, шогирдларим билан қилган дуойим ижобат бўлди»8.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6878 times
Top