Қуръони карим

Ким “Каҳф” сурасини ўқиса...

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, икки жума оралиғида унга нур ато этилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Ким “Бақара” сурасини ўқиса...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Бақара сурасини ўқиса, жаннатда тож кийдирилади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Ким “Ёсин” сурасини ўқиса...

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ёсин сурасини Аллоҳ розилиги учун ўқиса, аввалги гуноҳлари кечирилади. Сизлар уни ўликларингиз ҳузурида ўқинглар”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ёсин сурасини кечаси ўқиса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради”, дедилар (Имом Абу Нуайм ривояти).

Ким “Духон” сурасини ўқиса...

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Духон сурасини ҳар жума кечаси ёки жума куни ўқиса, Аллоҳ у учун жаннатда уй бино қилади”, дедилар. (Имом Табароний ривояти).

Ким “Воқеа” сурасини ўқиса...

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Воқеа сурасини ҳар кеча ўқиса, унга ҳеч ҳам муҳтожлик етмайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

Ким “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқиса...

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жума куни имом салом бериб, оёқларини ёзишидан олдин Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини етти марта ўқиса, аввалгию кейинги гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Абул Асъад Қушайрий ривояти).

 

Ким “Фотиҳа” сураси ва “Оятул Курсий” оятини ўқиса...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фотиҳа сураси ва Оятул Курсийни бирор банда бир ҳовлида ўқиса, ўша куни инсон ёки жиннинг кўзи тегмайди”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Read 12999 times
Top