Қуръони карим

Аллоҳнинг муҳаббатига эришишни хоҳлайсизми?

Ким тунда бедор бўлувчи мухлис банда бўла олса,  Яратганнинг улуғ марҳаматига ноил бўлади. Қуйида тунда бедор бўлувчиларга етадиган фазилатларни санаб ўтамиз.

            1. Гунохларга каффорот бўлиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: “Сени яхшилик эшикларига далолат қилмайми?  Рўза сақловчидир, садақа худди сув оловни ўчирганидек хатоларни ўчирувчидир ва кишининг тунги намози ҳам деб, қуйидаги оятни тиловат қилдилар:

Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар.

Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас. (Сажда сураси, 16-17 оятлар).(Термизий ривояти).

Аллоҳнинг кечаси қоим бўлувчи бандасига яқин бўлиши. Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитганини ривоят қилади: “Роббнинг бандага энг яқин бўладиган вақти туннинг охирги қисмида. Агар сен ўша вақтда Аллоҳ уларни зикр қиладиган бандалардан бўлишга қодир бўлсанг, шу ишни қилгин”,-деганлар. (Термизий ривояти).

2.                Қалбдан ғафлатни кетказиш. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки тунда ўн оят ила бедор бўлса, ғофиллар деб ёзилмайди. Кимки юз оят ила бедор бўлса, итоатлилардан деб ёзиб қўйилади. Кимки минг оят ила тунда бедор бўлса муқонтиринлардан (жуда кўп амал қилувчи) деб ёзиб қўйилади”.(Абу Довуд ривояти).

3.           Жаннат ҳовлиларида яшаш учун меросхўр бўлиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда шундай бир уйлар бўлиб, уни усти ичидан, ичи устидан кўриниб туради”, дедилар. Шунда бир аъробий: “Я Расулуллоҳ, у ким учун?” деди. У зот: “Ширин сўз сўзлаган, таом едирган, рўзани давомий тутган ва инсонлар ухлаётган вақтда Аллоҳ учун кечаси намоз ўқиган инсон учун”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

4.           Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч инсонни Аллоҳ яхши кўради, уларга табассум қилади ва уларга хуш хабар беради”, дедилар ва улар орасида шуни ҳам зикр қилдилар: “Гўзал аёли ва юмшоқ ўрни бўла туриб кечаси қоим бўлган киши ва (Аллоҳ) айтади у шаҳватини ва уйқусини тарк қилиб, Мени зикр қилди”.(Табароний ривояти).

5.           Тунни ибодат ила бедор ўтказиш фаришталарга фахрланишга сабабдир. Ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Роббимиз таборака ва таоло икки кишидан ажабланди: суюкли аҳли ва кўрпа-тўшаги орасидан намоз учун қўзғаладиган,  шунда Аллоҳ ўз фаришталарига: “Эй фаришталарим, суюкли аҳли ва кўрпа-тўшаги орасидан намозга рағбат қилиб, ҳузуримдаги шафқат учун қўзғалган мана бу бандамга назар солинглар” деб айтади”... (Абу Яло ривояти).

6.           Дуонинг ижобат бўлиши. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тунда бедор бўлиб, “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодир, алҳамду лиллаҳ ва субҳаналлоҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” деб, сўнг “Аллоҳим мени кечир” деса ёки дуо қилса ижобат қилинур, агар таҳорат қилса намози қабул қилинур”, дедилар. (Бухорий ривояти).

7.           Кечаси қоим булувчининг ажри ниятига кўра бўлиши. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ётоғига тунда туриб, намоз ўқишни ният қилиб ётса-ю, унга икки кўзи (уйқу) ғолиб келса ва тонгача ухлаб қолса, унга ният қилган нарсаси ёзилади ва унинг уйқуси эса унга Роббисидан туҳфа бўлади”, дедилар. (Насоий ривояти).

8.           Тунни бедор ўтказиш солиҳ бандаларнинг йўли. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ сллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тунда қоим бўлинглар! Чунки у сизлардан аввалги солиҳлар одати, Роббингизга яқин қилувчи  ёмонликларга каффорот бўлувчи, гуноҳдан тўсувчидир”, дедилар. (Термизий ривояти).

9.           Қалбда Қуронни мустаҳкам бўлиши. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар соҳиби Қуръон Қуръонни тун-у кун ўқиса, эсда қолади, ундай қилмаса унутиб қўяди”, дедилар. (Муслим ривояти).

10.      Жаннатга эришиш ва Раҳмоннинг розилигини топиш. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни тарқатинглар, таом беринглар, инсонлар ухлайдиган вақтда намоз ўқинглар шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дедилар. (Ибн Можа ривояти).

Тунда енгил туришга бир неча сабаблар

Абу Ҳомид Ғаззолий уни бир неча ташқи ва ички кўринишлари бор деганлар:

Ташқи:

1.           Емоқни камайтириш. Чунки у сабабли ичимлик кўп ичилади ва уйқу ғолиб келади, натижада туриш қийин бўлади.

2.           Кундузи фойдасиз нарсалар ила ўзини чарчатмаслик.

3.           Кундузи қайлула уйқусини тарк қилмаслик.

4.           Гунохлардан ўзини сақлаш. Чунки у сабабли туннинг фазилатидан маҳрум бўлиб қолади.

Ички:

1.           Мусулмонларга нисбатан гина-адоватдан қалбни тозалаш, бидаътлардан ва ортиқча дунёга шўнғишдан сақланиш.

2.           Орзуларга берилаишда Аллоҳдан қўрқиш.

3.           Тунни фазилатини билиш.

4.           Аллоҳга муҳаббат қилиш ва иймоннинг қувватини зиёда қилиш. Чунки у тунда фақатгина Роббисига муножот қилади холос.

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзини яхши кўрган бандалари қаторига қўшишини сўраб қоламиз.

 

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Read 9469 times
Top