Қуръони карим

Изн сўраш одоблари

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига улуғ одоб билан одобланишга чақиради. Бу гўзал одоб инсон уйига ёки бирор манзилга киришни ирода қилган пайтида изн сўрашни амр этган. Изн сўраш пайтида латифликка, манзил эгасига салом беришга чақиради. Бу эса ўзаро муҳаббат ва самимиятни пайдо қилади ва инсонларни изнсиз киришдан қайтаради. Уларнинг кўзлари уй эгалари кўринишини хоҳламайдиган нарсаларга тушиб қолишини ва уларнинг авратли жойларига назарлари тушишидан қайтаради. Шу билан бирга, изн сўраш ва салом бериш шубҳа ва ёмон мақсадни кетказади. Изн сўраш билан зиёратчи ҳурмат ва иззатга сабаб бўлади. Мабодо киришга изн бўлмаса қайтиб кетгани яхши экани бу кирувчига яхшилик ва уй эгаларидан машаққатни олдини олади. Агар уйда бирор бир киши бўлмаса уйга кириш жоиз эмас. Шунда у инсон турли тушунмовчилик ёки туҳматлардан омонда бўлади. 

  Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз. (Нур сураси, 27 оят.)

Оятдаги تَسْتَأْنِسُوا  сўзи луғавий “алоқа қилмоқ”, “муносабатда бўлмоқ”, “танишмоқ” маъноларини ифодаласада, оятда “изн сўраш” маъносида келмоқда. Бундан ташқари, нафснинг сукунати, қалбнинг хотиржамлиги ва қўрқувнинг кетишлиги маъноларини ҳам келади. Оятдан мурод “уй эгаларидан улар ҳузурига киришга изн сўраш” маъносида келмоқда. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёл киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.

Баъзи инсонларда кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ десак муболаға бўлмайди. Бировнинг уйига эшикни тақиллатмай дабдурустдан кириб боришаверади. Уйда аёллар борлиги-ю уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлигини ҳеч мулоҳаза қилишмайди. Бу эса, ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолатдир.  Шунинг учун ҳам, динимиз юқоридаги ояти карима билан ҳар бир кимсанинг шахсий ҳурмати, уйнинг дахлсизлиги ҳаққини ўрнатиб қўйган. Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъий назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ.

Энди шу ва бошқа мулоҳазалардан келиб чиқиб баъзи масалаларни кўриб чиқайлик.

1-савол: Бировнинг уйига назар солиш масаласига динимиз нима дейди?

Жавоб: Исломда бировнинг уйига рухсатсиз киришгина эмас, балки назар солиш ҳам, ҳатто, унинг мактубини изнсиз ўқиш ҳам таъқиқланади.

Ҳадис шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар”-деганлар. (Имом Абу Довуд ривояти)

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам шундай деганлар: “Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, ҳудди дўзах оташига назар солгандек бўлади”. (Имом Абу Довуд ривояти)

Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилинганлиги кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас экан. Чунки ичкарига кўз ташлаган одам уй эгасини, унинг аҳли-аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқаларга сир тутган нарсалардан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олган уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса бировнинг уйига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Одатда, бировнинг кўзига зарар етказган одамдан қасос олинади. Яъни, унинг ҳам кўзига зарар этказилади ёки хун ундирилади. Фақат, ўзини ҳимоя этиб тажовузкорнинг кўзини ўйиб олган одам хун тўламаслиги мумкин. Бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган хиёнаткор кўз эгаси ҳам тажовузкор кимса кабидир. 

Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солгандек бўлиши оддий гап эмас.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром-қайтарилган  бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаром-таъқиқлангандир.

2-савол: Изн сўрашдаги одоблар нималардан иборат?

Жавоб: Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон киши ушбу исломий одобларга амал қилиши лозим.  Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.

Ҳузайл ибн Шурайҳбийл розияллоҳу анҳудан:“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга,  сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар”. (Имом Абу Довуд ривояти)

Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун изн сўраш жорий қилинган экан, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор?! Шунинг учун ҳам, изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда туриб эмас, балки ўнг ёки чап тарафга қараб туриб изн сўрашлари лозим.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ сллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва “Ассалому алайкум, ассалому алайкум”, дер эдилар”. (Имом Абу Довуд ривояти)

Изн одобида чақирувчи киши эшикка рўбарў турмаслиги лозим. Балки ўнг ёки чап тамонида туриши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавм эшиги олдига борганларида “эшикнинг рўпарасида турманглар, балки ўнг ёки чап тарафида туриб ассалому алайкум, ассалому алайкум денглар, деганлар.

Амр ибн Саъд Сақофийдан: “Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб: “Кираверайми? Кираверайми?!” – деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Равза исмли хизматчи аёлга:“Анавининг олдига чиқиб, ўргатгин, у изн сўрашни билмас экан, унга айтгин-ки, “Ассалому алайкум, кираверайми, десин”, - дедилар”. (Имом Абу Довуд ривояти)

Одоб бўйича, изн сўрайдиган одам исмини аниқ айтиб, очиқ изн сўраши ва салом бериб кириши лозим.

Имом Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши отасининг қарзи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борганлари ҳақида шундай дейди:“Эшикни қоқдим. Ул зот соллоллоҳу алайҳи васаллам:Бу ким?!”дедилар. Мен:Менман! – дедим. Ул зот норози оҳангда:Мен, мен…” дедилар”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига изни сўраб: “Ассалому ала Расулиллаҳи! Ассалому алайкум! Умар кираверсинми?”- деди.

Буюк саҳобий, чориёрларнинг иккинчиси бўлган ҳазрати Умардан мана шу тарзда, яъни аввал салом бериб, кейин исмини айтиб, сўнг изн сўрашнинг одобларини ўрганишимиз лозим.

Демак, ўзгалар хонадонига борган киши, ўша уйга киришга изн сўраганида, уй эгаси унинг ким эканлигини сўраса, рухсат сўраётган одам менман, қариндошингизман, қўшнингизман, ўртоғингизман, эшикни очинг!, демасдан, балки биринчи салом бериши, кейин ўз исмини аниқ-тиниқ қилиб айтиши, сўнгра киришга рухсат сўраши лозим бўлади.

Юқорида айтилган масалаларга ҳозирги пайтда муомала одоби ва маданиятига зид бўлган айрим иллатлар жамиятимизда баъзан кўзга ташланмоқда-ки, бу камчиликларни диний ва миллий маданиятимизнинг асл манбаларида келтирилган маълумотлар билан ҳал қилиш давр талаби бўлиб бормоқда.

Зеро, бошқалар хонадонига кириш маданияти ҳақида халқимизда ажойиб ҳолатлар кузатилган-ки, бу муомала маданиятини эшитиб ҳозирги давр кишиси ҳам таажжуб қилиши мумкин. Қадимда мусулмон кишиларнинг хонадонига кириш дарвозасига икки дона зулфин (ҳалқа) ўрнатилар экан. Уларнинг бири каттароқ иккинчиси эса кичикроқ бўлган. Катта ҳалқани ўша хонадонга кирмоқчи бўлган эркак кишилар таққиллатар экан. Кичик ҳалқани эса ўша ҳовлига кириш истагида бўлган аёллар таққиллатган. Катта ва кичик ҳалқалардан чиқадиган товуш икки хил бўлиб, ҳовли соҳиби ичкаридан туриб ташқарида ким эшик қоқаётганини билиши мумкин бўлган.  Агар катта ҳалқа қоқилса, эшикни эркак киши очар, агар кичик ҳалқа қимирлатилса, эшикни аёл кишиса очиши мумкин бўлар экан. Шунингдек, агар ҳовлида эркак киши бўлмаса, эшикнинг катта ҳалқаси тепа тарафга қаратиб қўйилар, агар хонадонда аёл киши йўқ бўлса, кичик ҳалқа тепага қаратиб қўйиларкан. Агар уйда ҳеч кимса бўлмаса, иккала ҳалқа ҳам тепа томонга қаратиб кетилар экан. Бу эса ўша хонадонга кирмоқчи бўлган киши учун бир белги ҳисобланар экан.    

3-савол: Хонадонга кириш учун изн неча бор сўралади?

Жавоб: Ояти каримада изн сўрашнинг адади очиқ айтилмаган бўлсада, лекин Расулуллоҳнинг суннатларида изн сўраш уч марта бўлиши баён қилинган. Пайғамбар алайҳиссаломдан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Изн сўраш уч мартадир”-деганлар. Биринчи чақириш - эшитиши учун, иккинчиси - ўзини ростлаб олиши учун, учинчиси - изн бериши  ёки рад қилиши учундир.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “Бирортангиз изн сўрасангиз изн берилмаса орқасига қайтсин”, деган.

4-савол: Киши ўзига яқин бўлган(маҳрам)ларидан ҳам изн сўрайдими?

Жавоб: Аввалги оят ва ҳадисларда бировнинг уйига кириш учун албатта изн сўраш лозимлиги айтилган эди.  Қуйидаги ояти каримада эса уй ичидагиларнинг ўзаро бир-бирларининг олдига кириш учун ҳам изн сўрашлари кераклиги ҳақида гап юритилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади. “Эй, иймон келтирганлар! ..... ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир”. Аслида эса, “бу хизматчи, балоғатга етмаган кичик боламиз-ку” демасдан, хушёр бўлиш керак. Чунки хизматчи ва болалардан ҳам авратни тўсиш лозим. Бу ҳолат ёш болаларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Дарҳақиқат, киши ўзининг маҳрамларидан ҳам изн сўраши одобдандир. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бир одам келиб, “мен ўзимнинг онам ҳузурига кириш учун ҳам изн сўрайманми?”, деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. У киши: “Онамнинг мендан бошқа хизматкори йўқ, ҳар кирганимда изн сўрайманми, деди. У зот нима онангни кийимсиз кўришмоқчимисан,  дедилар. Шунда ҳалиги йигит йўқ деди. Бўлмаса изн сўрагин, дедилар. (Имом Молик ривояти).

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши балоғатга етган фарзандини алоҳида қилар ва ҳузурига фақат изн сўраб киритар эди”.  Мўмин-мусулмонлар оилада ана шу муҳим қоидаларга қатъий амал қилишлари, фарзандларини шунга ўргатишлари гўзал одоб бўлар эди.

Юқорида келтирилган маълумотлардан шуни хулоса қилиб айтиш мумкин-ки, бировнинг уйига рухсатсиз қарамаслик, изнсиз кирмаслик, эшик олдида турганда ҳовли ичига қарамасдан, ўнг-сўл томонларга қараб туриши, кириш учун уч бор изн сўраши, кирганда ҳам аввал уй аҳлига салом бериши, ўз исмини айтиб, ўзини таништириши, уйга кирганда ҳам хонанинг ҳар жойига қарайвермаслиги, уй эгаси кўрсатган жойга ўтириши лозим экан.

Ушбу масалаларга телефон орқали боғланиш, SМS ёзиш, интернет орқали боғланиш каби мулоқот жараёнларини ҳам таққослаш мумкин. Уларда олиб борилаётган мулоқотларда ҳам худди ўзгалар хонадонига кириш учун изн сўрашда назарда тутилган қоидалар ишлашлигини эътибордан четда қолдирмаслик лозим.  

 

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, инсон бошқалар билан мулоқотга чиқар экан мулоқот одобларини яхшилаб ўрганиши ва ундаги одоб ва маданиятга амал қилишида саодат бор эканини унитмаслиги лозим. Айниқса бугунги глобаллашув даврида у ёки бу алоқа воситаларидан фойдаланиб мулоқотга чиқилганда ҳам албатта мазкур одобларга риоя қилмоғи даркор. Яратган барчаларимизни ўзини тўғри йўлида собитқадам қилсин. Турли хижолатли холатлардан ўзи паноҳида асрасин.

Read 8171 times
Top