muslim.uz
Зиёрат туризми бўйича ассоциация ташкил этилади
2017 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 август кунги «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши давлатимиз томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантирган ҳолда юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида зиёрат туризми ташкил этилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, мусулмон давлатлари, айниқса, Малайзия, Индонезия каби мамлакатлардан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар жадал кетаётганини алоҳида қайд этди. Ш.Миноваров сўзида давом этиб, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” ташкилоти билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Жумладан, мамлакатимизда зиёрат туризми ассоциация ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланганини билдирди.
Мажлис иштирокчилари йиғилишда сўзга чиқиб, зиёрат туризми бўйича гидларни қайта тайёрлаш, маълумотнома китобчаларининг янги таҳририни нашр этиш, тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, слайдлар тайёрлаш, муборак қадамжоларни зиёрат этиш одобларини ишлаб чиқиш, аэропорт ва виза бериш хизматларини енгиллаштириш ҳамда хорижий ҳамкорлар, элчихоналар билан алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Шунингдек, зиёрат туризми бўйича хориж давлатлари тажрибасини ўрганиш, чет эл мамлакатларида ташкил этилаётган сайёҳлик кўргазмаларида қатнашиш ва реклама тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳукумат муҳожирлар аҳволига бефарқ эмас
Аввалроқ, Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация таркибида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ўринбосари – “Носирхон” масжиди имоми Жасур Раупов Россияга меҳнат муҳожирлари билан учрашувларда иштирок этиш учун боргани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу ташриф чоғида Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ўринбосари Новосибирск вилоятидаги мехнат муҳожирлари истиқомат қилаётган умумий ётоқхоналарда якка тартибдаги суҳбатлар ташкил этди. Суҳбатлар диний экстремистик оқимлар борасида бўлди.
Шунингдек, миллатлараро тотувлик борасида Байналмилал клубида ўзбек жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Новосибирск вилоятининг губератори ўринбосари ва ҳукумат аъзолари билан учрашувлар 30-31 октябрь кунлари ташкил этилди.
Новосибирск шаҳридаги Хелок бозоридаги Хелок масжидида пешин намозидан кейин бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари билан диний экстремистик оқимлар, ватанпарварлик, оиланинг мукаддаслиги мавзуларида маъруза қилинди.
Новосибирск филармониясининг залида ҳалол меҳнат қилаётган муҳожир ватандошлар билан катта учрашув ташкил этилди. Учрашувда огоҳлик давр талаби экани, ватанга садоқат, ҳалоллик, оилага вафодорлик мавзуларида фикрлар билдирилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг Россияга сафари 30 октябрдан 9 ноябрга қадар давом этади. Улар Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларида учрашувлар ўтказадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШдаги теракт юзасидан таъзия билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Дональд Трампга Нью-Йоркда содир бўлган теракт юзасидан ҳамдардлик билдирди. Сўнгги хабарларга кўра, ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 15 нафар шахс жароҳатланган.
Ҳамдардлик мактуби матни қуйидагича:
“Ҳурматли Президент Жаноблари!
Нью-Йоркда бегуноҳ кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракати юзасидан таъзиямни қабул қилинг.
Бундай шавқатсиз жиноятни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Биз экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай шакли ва намоёнини қоралаймиз.
Бу фожеа шундай ғайриинсоний муаммоларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятни бирлашиши заруратини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон, ўз навбатида, мазкур террорчилик ҳаракатни тергов қилишга ёрдам бериш учун бор куч ва воситалардан фойдаланишга шай.
Биз Америка қўшма штатлари халқига ҳамдардлик билдирамиз.
Ўз таъзия сўзларим ва яраланганларга тезкорлик билан тикланиш истакларимни етказишингизни сўрайман” дейилади мактубда.
Маълумот учун, 1 ноябрь куни Нью-Йоркнинг Манхэттен шаҳрида кичик юк машинаси велойўлак орқали катта тезликда ҳаракатланиб, йўлида учраган велосипедчиларни уриб юборган. Кейинчалик машина мактаб автобусига бориб урилиб тўхтаган. Полиция автомобиль ҳайдовчисини яралаган ва қўлга олишга муваффақ бўлган.
Ҳайдовчи 29 ёшли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов эканлиги аниқланган. У ИШИД гуруҳи аъзоси эканлиги гумон қилинаётгани айтилмоқда. Сайфулло Соипов Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб келган.
Истамбулда халқаро симпозиум ўтказилади
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро Ислом ташкилоти (ISESCO) шу йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Туркиянинг Истамбул шаҳрида Ислом маданияти, санъати ва тарихи бўйича халқаро тадқиқотлар маркази – (IRCICA) билан ҳамкорликда Ислом оламида мавжуд бўлган тарихий ва маданий обидаларни муҳофаза этиш бўйича халқаро симпозиумни ўтказади.
Мазкур симпозиумни ўтказишдан Ислом оламидаги тарихий ва маданий обидаларни асрашни ривожлантириш, уларни айрим давлатларда содир бўлаётган беқарор вазиятлар туфайли талафотлар етиши каби ҳолатларга учрашининг олдини олиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши мақсад қилинган.
Халқаро симпозиум иштирокчилари хавфу хатарга дуч келаётган маданий обидаларни муҳофаза этиш борасидаги халқаро ва минтақавий муассасалар ва ташкилотларнинг ролини фаоллаштириш тўғрисида ҳам ўзаро суҳбатлар олиб боришади.
Симпозиум якунида “Ислом оламида маданий обидаларни асрашга доир Истамбул баённомаси” қабул қилинади ва унда обидаларни асрашга доир тавсияномалар ишлаб чиқилади. Мазкур симпозиум ишида (ISESCO) ташкилоти номидан вакил сифатида ташкилотнинг маданият ишлари бошқармасидаги етакчи мутахассиси Доктор Муҳаммад Юнус “Халқаро (ISESCO) Ислом ташкилотининг Ислом оламида маданий обидаларни муҳофаза этишдаги ташаббуслари ва қарашлари” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Жума кунининг фазилати
Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Қачон жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк қилинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир», (Жума сураси, 9-оят).
Ушбу ояти карима жума намозининг фарзлигини баён қилувчи оятдир. Бунга Ислом умматидан ҳеч ким хилоф қилмайди.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуёш чиққан кунннинг энг яхшиси жума кунидир, чунки у кунда Одам алайҳиссалом яратилган, у кунда жаннатга киритилган ва у кунда жаннатдан чиқарилган ва қиёмат ҳам жума куни бўлади”, дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қиладилар: “Агар кимки жума куни ғусл қилиб, жума намозига борса, ўша ғусл баданини поклаганидек жума намози гуноҳларини ювади ва ҳар бир қадамига Аллоҳ таоло йигирма йиллик ибодат савобини, жума намозини ўқиб бўлгач, икки юз эллик тоат-ибодатнинг савобини у банданинг номаи амолига ёзади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло фаришталарга жума куни ерга тушишни амр этади. Ҳар бирининг қўлида олтин қалам ва нуқрадан қўғоз бўлиб, ер юзида масжидлар олдига бориб туришади. Фаришталар жума куни масжид эшигидан кириб келганларнинг исмини ёзиб оладилар. “Илоҳо, сенинг фармонинга биноан жума масжидига кирганларнинг исмини ёзиб келдик”, дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Улар қанчалик гуноҳкор бўлишмасин, ҳамма гуноҳларини мағфират этдим”, дейди.
Саид ибн Мусайяб айтадилар: “Жума намозига боришим менга нафл ҳажни қилишдан севимлироқдир”.
Каъбул Ахбор: “Бир қадаҳ олов ичмоғим мен учун бир қадаҳ ароқ ичмоғимдан яхшироқ. Бир қадаҳ ароқ ичмоғим намози жумага бормай қолишимдан яхшироқ. Намози жумага бормай қолишим одамларнинг сафлари устидан хатлаб ўтишимдан яхшироқ”, деб айтганлар.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
тайёрлади