muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни тўғри йўлга солиб қўйиш учун турли мисоллар келтирган. Биз ана ўша мисолларни ўқир эканмиз, фикр юритмоғимиз, ақлимизни ишга солмоғимиз, бу каби мисолларга ибрат кўзи билан боқмоғимиз зарур экан. Бундай мисоллардан бир қисмида махлуқотлардаги ғаройиб ҳолатлар диққатимизни тортади. Ўргимчак уйлари ҳам шундай мисоллардан биридир.

Қуръони каримдаги бир суранинг номи “Анкабут – урғочи ўргимчак” деб номланган. Ушбу суранинг 41-оятида Роббимиз бундай амр қилган: “Аллоҳни қўйиб, ўзга дўст тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайдир. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди”.

 Бу оятда араблар қадимдан қиёслаш айтиб юрадиган бир иборага ишорат қилинган. Араблар бир нарсанинг  заифлигини англатмоқчи бўлса ўргимчак тўрини мисол келтирар экан. Ўргимчак тўри майда ҳашаротларни овламоқ борасида ишончли бўлса-да, инсоннинг қувватига қараганда жуда ҳам ночор. Ўргимчак бу тўрни ўзига уй қилган бўлса-да, аслида у ҳимояловчи бошпана нуқтаи назаридан мутлақо яроқсиз. Аксинча, бу тўрлар овлар учун жуда ҳам таҳликали.  

Аллоҳдан бошқасига сиғинган, ундан манфаат кутган ёки хатардан қўриқлар дея дўст тутганлар ўргимчакнинг уйига сиғинган нодон пашшаларга ўхшайди. Ҳолбуки, ўргимчак уяси ҳатто ўзига сиғинадиган жой бўла олмайди, бошқасига қандай қилиб бошпана бўлсин.

Ўргимчакнинг уяси фақат тутқунлик ва ажал маконидир. Ўргимчак тўрига тушган овларни ҳашаротларни тутиб олади ёки тўрнинг ипларни тортади. Бечора ов чирпина-чирпина бор кучини йўқотади. Чунки ўргимчак тўри пишиқ тўқилгани боис узилиб кетмайди. Шу вақтда уй соҳибаси ўргимчак овга яқинлашади. Қисқичларидан заҳар чиқариб уни шол қилиб қўяди. Сўнгра овнинг ички органларини эритишга киришади. Қисқа замонда овнинг ички органлари эриб  суюқ ҳолига келади. Ўргимчак эмувчи меъдасини шишириб суюқликни эмиб олади. Ов қисқа замонда ичи бўш қобиққа айланиб қолади. Ўргимчак тўрлари ана шу бўш қобиқлар сабабли ҳашаротлар мозорига ўхшаб кўринади.

Фақат тўрга тушганлар пашша ва қўнғизлар эмас, эркак ўргимчаклар ҳам бу ердан омон чиқа олмайди. Ўргимчак тўрларини ҳар доим урғочилари тўқийди ва вазифасини бажарган эркак ўргимчакни ейди. Шунинг учун ҳам сура “Урғочи ўргимчак” деб аталган.

Урғочи ўргимчакнинг ўзи ҳам тухумлагандан сўнг ўлади. Яъни бу уя унга ҳам ёр бўлмайди. Ҳатто ўргимчакнинг тухумдан вақтлироқ чиққан болалари ҳали чиқишга улгурмаганларини еб қўяди. Қисқаси, бу уя ҳар бир жон учун ҳалокат ва фалокат жойидир.

Ана шу мисол воситасида мушрикларга мадад кутаётган бутлари ва санамлари ўргимчак тўрига ўхшаган ҳалок этувчи бир тузоқ экани билдирилган. Суранинг бош қисмида Од ва Самуд каби мушрик қавмларнинг ҳалок этилгани англатилган. Сўнгра Аллоҳдан бошқадан умид қилиб, манфаат кутган ҳар нарсанинг аслида ишончли бошпана эмас, тузоқ эканига ишорат этилган.

Одам ўғли ишонган бутлар фақат ҳайкал суратидаги сохта маъбудлар эмас. Кўплаб инсонлар бутга сиғинмаса-да дунё манфаатларини кўзига бутлаштириб олган. Ҳолбуки, дунё фоний: бир бозорлик, бир мозорлик кабидир; у ўзига кўнгил қўйган ҳеч кимсага вафо қилмайди. Худди ўргимчак тўридаги каби ҳар киши териси ичидаги ҳамма нарсасидан айрилади.

Инсон зоти дунёга боқаркан турли неъматлар кўради ва уларнинг жилвасига алданиб қолади. Ваҳоланки, бу манзара чалғитувчи бир акс кабидир.

Ўргимчак турининг ҳам шундай хусусияти бор. Тадқиқотлар натижалари ўргимчак тўрининг худди ойна каби ултрабинафша нур таратиши ва шу йўл билан майда ҳашаротларни алдаб ўзига тортишини кўрсатмоқда.

Аллоҳ таоло гулларга ультрабинафша нур таратиш хусусиятини берган. Гуллар шу хусусияти билан ари, пашша ва қўнғизларни ўзига жалб этади. Чунки бу қуртлар инсон кўзи кўрмаган нурни кўради ва асал олмоқ учун уларга яқинлашади. Гуллар ҳам улар воситасида чангларини бошқа гулларга узатади.

Ўргимчак тўрлари ҳам ультрабинафша нурлари таратишда гулларнинг ана шу хусусиятига тақлид этади. Шунинг учун кичик қуртлар гулга боряпман деб хаёл қилади ва ўргимчак тўрига тушади. Ниҳоятда очофат жонивор бўлган ўргимчаклар шу йўл билан бир йилда миллиардларча ҳашаротларни тузоққа тушириб ейди.

Бутпарастларнинг илоҳларидан кутган манфаатлари ҳам пашшаларнинг ўргимчак тўрини гул деб ўйлагани каби аянчли бир алданишдир. Сохта ва ёлғон динлар, мафкуралар, дунёвий манфаатлар ваъда қилиб инсонларни тузоғига туширмоқда. Бу йўлнинг натижаси эса муқаррар ҳалокатдир.

Бу гаплар ўргимчакнинг буткул ёмон эканини англатмайди, албатта. Улар ўз зиммасига Аллоҳ юклаган вазифани бажармоқда, холос. Ҳеч бир махлуқни сабабсиз ва фойдасиз яратмаган буюк Роббимиз ўргимчакларга ҳам экологик жиҳатдан аҳамиятли вазифа юклаган.

Ўргимчаклар шу қадар кўп ҳашарот ўлдирадики, агар улар бўлмаганида экинларимиз ҳашаротларга талош бўлар, дунё яшаб бўлмас ҳолга келар эди. Тахминларга кўра, ўргимчаклар ўлдирган ҳашаротларнинг жами оғирлиги дунёдаги бутун инсонларнинг оғирлигидан кўп экан. Бу тахмин қанчалик тўғри бўлган тақдирда ҳам уларнинг инсон зотининг ҳаёт кечириши борасидаги хизмати катта экани ҳақ гап.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

الجمعة, 12 أيار 2017 00:00

Оқибати оғир гуноҳ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат нима биласизми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчидир", дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродарингни, у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилишинг", дедилар. "Мазкур нарса биродаримда мавжуд бўлса-чи?" деб савол берилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Айтилган нарса биродарингда мавжуд бўлса – ғийбат, унда бўлмаса – туҳматдир", дедилар (Имом Муслим).

Ғийбат қилиш гуноҳи кабирадир. Унинг ҳаром эканига Қурьони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда кўплаб далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай амр қилади: "Айримларингиз айримларингизни ғийбат қилмасин" (Ҳужурот, 12), деб буюрилган.  

Уламоларнинг айтишларича, ғийбат тўрт хил бўлади:

1.Мубоҳ ғийбат. Бунда ғийбатчи гуноҳкор бўлмайди. Бу ғийбат гуноҳ ва бидъатни ошкора қилувчини ғийбат қилиш бўлиб, бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фожирдаги нарсаларни зикр қилаверинглар, чунки одамлар ундан эҳтиёт бўлишлари лозимдир", деганлар.

  1. Гуноҳ саналган ғийбат. Бунда ғийбат эгаси гуноҳкор бўлади. Бу ғийбат ғойиб инсоннинг айбини бир жамоатнинг олдида унинг исмини айтиб зикр қилишдир. Бундай кимса осий бўлиб, тавба қилмоғи вожиб.
  2. Нифоқ ғийбат. Бунинг эгаси мунофиқ бўлади. Бу ғийбатда ғийбатчи бир инсонни бошқа бировнинг олдида исмини айтмасдан зикр қилиши. Аҳли мажлис ғийбат қилинаётган одамни билса-да, ғийбатчи ўзини тақводор кўрсатиб, унинг исмини айтмайди. Бу эса мунофиқликдир.
  3. Куфр ғийбат. Бу ҳолатда ғийбат қилувчи кофир бўлади. Куфр томони мусулмонни ғийбат қилмоғидир. Унга: "Ғийбат қилмагин", десалар у: "Бу ғийбат эмас, бу нарсага содиқман (яьни рост айтяпман)", деб жавоб қилади. Бу вақтда у Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санади, кимки ҳаром нарсани ҳалол деса, кофир бўлади. Бу нарсалардан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз.

Бундан ташқари, ғийбат кўз қисиш, масхара қилиб кулиш, ишора, киноя, ҳаракат, ёзиш кабилар билан ҳам амалга ошади. Ўтганларни ғийбат қилишнинг гуноҳи қаттиқроқдир. Чунки, тирик инсондан кечирим сўраш мумкин. Вафот этганнинг розилигини олиш амримаҳол.

Аллоҳ таоло оқибати оғир гуноҳдан сақланишимизни ва бошқаларни ҳам огоҳ этишимизни насиб этсин. Амиин.

Фотима КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ 1-курс талабаси

الخميس, 11 أيار 2017 00:00

БМТ делегацияси Самарқандда

Юртимизда расмий ташриф билан бўлиб турган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация 11 май куни Самарқандга ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмоннинг ташрифи буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг қабри зиёрати билан бошланди. Меҳмонни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, Имом Бухорий масжиди имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов кутиб олди. Меҳмонга Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳаёти ва мажмуанинг қисқача тарихи тўғрисида маълумот берилди.

Олий комиссар ҳадис илмининг султони Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этиб, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида тиловат қилинганидан сўнг дуога қўл очилди. Мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътибордан мамнун бўлган Зайд Раад ал-Ҳусайн бундай деди:

“Мен шундай табаррук заминга келганим ҳамда Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилганимдан бахтиёрман. Бу ташриф мен учун шарафдир”. 

Зиёрат якунида юқори мартабали меҳмон мажмуанинг ташриф китобига ўзининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

Шундан сўнг Самарқанд Плаза меҳмонхонасининг мажлислар залида Самарқандда мавжуд 10та диний конфессиялар вакиллари ва турли миллий-маданий марказларнинг раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Шунингдек, Зайд Раад ал-Ҳусайн ташриф давомида Амир Темур, Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёл мақбараларини зиёрат этди. Айниқса, Самарқанд гавҳари – Регистон мажмуаси меҳмонда ўзгача таассурот қолдирди.

Зайд Раад ал-Ҳусайн юртимизда инсон ҳуқуқлари тўлиқ кафолатлангани Самарқанднинг бугунги қиёфасида яққол акс этганининг бевосита гувоҳи бўлди.

Шу ўринда АҚШнинг собиқ давлат котиби Жон Керри 2015 йил Самарқандга келганида:  “БМТ аслида Амир Темур даврида Самарқандда ташкил этилган эди”, деб  бу азим шаҳарга нисбатан ўз муносабатини билдирганини эслаб ўтиш ўринлидир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили

Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Р.Панчеев таклифига кўра Санкт-Петербург шаҳрида бир ҳафталик хизмат сафарида бўлган ўзбекистонлик имом-домлалардан иборат делегация ўз ташрифини якунлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Россиянинг шимолий пойтахтидаги сўнги учрашувини кеча, 10 май куни Россия Давлат Гидрометеорология университети талабалари билан ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов йиғилганларга диний-экстремизм, терроризм ва унинг оқибатларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашри бўлган “Смута ИГИЛ” китоби мисолида батафсил тушунтириб берди ва мазкур китобдан университет кутубхонаси учун тақдим қилди.

Учрашув самимий ўтиб, ўзбекистонлик имом-домлаларнинг Санкт-Петербург шаҳрига ташрифининг яхши маънодаги якуни бўлди.

Сафар сўнгида Санкт-Петербург мусулмонлари идораси раиси, муфтий Р.Панчеев ҳозирги кунда бу каби ташрифлар жуда муҳимлигини яна бир бор таъкидлаб, бу икки томонлама мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва мусулмонларни турли бузғунчи оқимларга кириб кетишининг олдини олишига хизмат қилишини айтиб ўтди.

Ўз ўрнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари муфтий Р.Панчеевга самимий қабул учун миннатдорчилик билдирдилар. 

      

      

      

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

 

 

Top