muslim.uz

muslim.uz

Ҳурматли порталимиз мухлислари, раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазони шариф ҳам охирлаб қолди. Аллоҳга шукрки, Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик туфайли моҳи Рамазон ойи ҳам гўзал тароват ва шукуҳ билан ўтмоқда. Кундузлари соим бўлиб Аллоҳга муқарраб бўлган инсонлар, тунлари таровиҳ намозларида ҳам иштирок этиб Аллоҳнинг каломига соме бўлишмоқда. Дуолар мустажоб бўладиган ғанимат дамларда Юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига хайрли дуолар қилишмоқда.

Сиз азизларга 1 июль куни пойтахтимизнинг қуйидаги масжидларида Қуръон хатмоналари якунига етишини маълум қиламиз:

  • Шайхонтоҳур тумани, “Оқилон” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Аҳроров Исомиддин. Хатмда Аминов Муҳаммадлоиқ қори.
  • Учтепа тумани, “Азиз ота” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби–Охунжонов Зокиржон. Хатмда Исломов Баходир қори.
  • Учтепа тумани, “Маҳкамбой ҳожи ота” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Зокиров Ҳабибуллоҳ. Хатмда Мирзақулов Ғайрат қори.
  • Олмазор тумани, “Тўхтабой” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Бегматов Исҳоқжон. Хатмда Нурмуҳамедов Алишер қори.
  • Миробод тумани, “Ал Бадр” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби Холмуродов Одилжон. Хатмда Маннопов Рустамжон қори.
  • Шайхонтоҳур тумани, “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Мустафоев Баҳтиёр. Хатмда Азимбоев Валихон қори.
  • : Учтепа тумани, “Абу Ҳанифа” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Алихонов Муҳаммадамин. Хатмда Рашидов Аҳмад қори.
  • Шайхонтоҳур тумани, “Олмазор” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Ўразимбетов Худоёр. Хатмда Ниёзов Алишер ва Хисоров Эркин қорилар.
  • Яшнобод тумани, “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Хушвақтов Алимардон. Хатмда Тоҳиров Сайдулло қори.
  • Юнусобод тумани, “Мирза Юсуф” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Сайфутдинов Раҳматуллоҳ. Хатмда Камолов Абдулбасир ва Исмоилов Хумоюнхон қорилар.
  • Олмазор тумани, “Иброҳим ота” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Ғаниев Абдураҳмонхўжа. Хатмда Хотамов Ҳакимжон ва Сотволдиев Сирожиддин қорилар.
  • Учтепа тумани, “Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи” жоме масжиди. Масжид имом-хатиби – Қўчқоров Дилшод. Хатмда Азимбаев Олимхон ва Саъдуллаев Нуруллоҳ қорилар.

  Шукуҳли ва дуолар ижобат бўладиган Қуръон хатмонаси ва Қадр кечасида Аллоҳ таолодан гўзал диёримиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлишини сўраб дуолар қилайлик. Зеро, бу дамларда қилинган дуо мустажобдир.            

Ўзбекистон мусулмонлар идораси ахборот хизмати

الجمعة, 01 تموز/يوليو 2016 00:00

Уламолар наздида вақт қадри

Вақт инсон умри демакдир. Шундай экан, ҳар бир лаҳзамизни фойдали илм ва савобли амаллар билан ўтказишимиз керак. Бугунги нақд нарса қўлдан чиқарилса, у абадий қайтмас мозийга айланиб, ҳасрат ва надоматда қолдириб кетади. Доно халқимизда, “Бу­гун­ги ишни эртага қолдирма”, “Қолган ишга қор ёғар” каби мақоллар бежизга айтилмаган, албатта. Чунки Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким эртага нима бўлиши тугул,  ҳатто бир лаҳзадан кейин нима бўлишини билмайди. Шу боис, берилган вақтдан унумли фойдаланиб, қадрига етайлик. Албатта, ҳар кимнинг вақтга бўлган эътибори тур­ли­ча бўлган. Келинг, бу борада Пайғамбарлар меросхўри бўлмиш олимларнинг вақт ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қуйида танишайлик: 

  • Ҳофиз Ибн Ҳажар (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтидан Аллоҳ таоло тоатида фойдаланган киши нақадар бахтлидир. Аммо, соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таоло маъсиятига сарфлаган одам нақадар зиёнкордир”.
  • Абу Сулаймон Дороний (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: “Оқил умрининг қолган қисмига эмас, балки тоатсиз ўтган ҳаёти учун йиғласа эди, бу унинг ўлимига қадар давом этган бўларди. Ажабо, агар инсон умрининг жоҳиллик билан кечирган қисмига назар солса, қолгани­ни қандай кутаркан-а?”
  • Орифлардан бири дейди: «Агар ўлим фариштаси бандага кўриниб: “Бир соатлик умринг қолди, уни бир дақиқага ҳам узайтиролмайсан”, деса, банда шундай афсус ва надомат чекадики, ўша қолган бир соатни тавбаларга тўла, хатолари ўнг­ланган бошқа бир соатга алмаштириш учун борини, агар бутун дунё уники бўлса, уни бутунлай сарфлаган бўлар эди».
  • Улуғ тобеин Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Ҳар бир янги отган тонг бундай нидо қилади: “Эй Одам фарзанди! Мен яна янгидан бош кўтардим, мен сенинг бугун қилган амалларингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол. Зеро, мен Қиёмат кунига қадар асло қайтмасман”. “Эй Одам боласи, сен ўтиб бораётган кунлардан иборатсан. Сен учун бир куннинг кетиши, бир қисминг кетиши демакдир”. “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динор­ларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра, улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар”.
  • Тўққиз юз эллик йил умр кўрган пайғамбар Нуҳ (алайҳиссалом) ҳузурига ўлим фариштаси келиб, сўради: “Эй пайғамбарлар ичида узоқ умр кечирган зот, дунё ҳаёти ҳақида қандай фикрдасан? У зот бундай жавоб берган эканлар: “Мен учун бу дунё худди икки эшиги бор ҳовлига ўхшайдики, биринчисидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетмоқдаман”.
  • Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Бир суфий суҳбатида бўлиб, ундан: “Вақт қилич кабидир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади (яъни, умринг беҳуда кетади)” ва “Агар нафсингни ҳақиқат билан машғул қилмасанг, у сени ботил нарсалар билан кўмиб ташлайди”, деганини эшитдим.
  • Ҳалқимизда бундай мақол бор: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди”.
  • Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд айтадилар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади. Шундай экан, унинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
  • Бир улуғ зот бундай деган: “Аслида, вақт инсон умридир. У булутдек ўтади, кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, вақт унинг ҳаёти ва умрига айланади. Акс ҳолда, йўқ. Киши ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, ҳатто бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги ва шу аснода савобли сўз ва ишларни бажариши лозим. Доимо нияти яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган хайрли амалларда сусткашлик қилмаслиги керак”.
  • «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, у инсон боласига бундай нидо қилади: “Мен янги кунман, ишларингга гувоҳман. Агар кетсам, Қиёматга қадар қайтмайман. Шундай экан, (бу фурсат ичида) истаганингча амал қилиб қол, уларнинг мукофотини Қиёматда топасан. Ёки истаган ишингни кечиктир, бу фурсат сенга абадий қайтмайди».
  • Ҳукамолардан бири бундай деган экан: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёки гўзал муомалада бўлмаса, ёхуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта, у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибди”.
  • Ҳукамолардан бундай сўзлар нақл қилинган: «Бу дунё уч кундан иборат: 1. Кечаги кун, у ўтиб кетди, китоби ёпилди. Энди сен қайғурсанг ҳам, қайғурмасанг ҳам уни ортга қайтаролмайсан. Шундай экан, ўтган кечанг қўлдан кетди, энди у ҳақида ўйлама. Эртанги кун, сен унга етмаслигинг мумкин. Бу сир, Аллоҳга аён. Эртага қандай ҳолатда бўлишинг номаълум. 3. Бугунги кун, у сеники, сен унда амал килиб кол. Чунки эртанги кунинг ҳам бугунги кунингда қилган амалингга боғлиқ бўлиши мумкин. Агар бугун бирор амал қилмай, танбаллик қилиб ўтираверсанг, эртанги кунинг ўта кулфатли ва қайғули бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, имкониятингда фақат бугунинг бордир».
  • Умар ибн Абдулазиз (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти. Демак, сен ҳам уларни ғанимат билиб, фойдаланиб қол”.
  • Баъзи донишмандлар: “Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир”, деб таъкидлашган.
  • Абдуллох ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Бирор нарсага қуёш ботиб, куним ўтиб, менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби ачинмадим”.
  • Саҳобалардан бири Искандария шаҳри фатҳи ҳақидаги хабарни ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)га етказиш учун шошиб Мадинага келади. Қайлула вақтигга етиб келгани учун, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам қайлула қилиб, дам олаётган бўлсалар керак, деб масжидга боради. Қараса, у зот масжидда эканлар. Ҳазрат Умар унга қарата: “Агар кундузи дам олсам, раъият (халқ) ҳақини зое қиламан. Мабодо кечаси ухласам Аллоҳ таоло ҳақини зое қиламан. Бу икки ҳақ ўртасида қандай қилиб ухлаб дам оламан”, деган эканлар.
  • Абдуллоҳ Ансорий “Туҳфатул мулук” асарида ҳар бир масалани тўрт тушунча билан шарҳлайди. Жумладан, тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди: “Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва қазойи қадар”. Демак, дунёда кишига берилган азиз умр яна қайтиб келмас экан.
  • Мутафаккирлардан бири бундай деган: “Вақт ҳаёт демакдир. Инсон ҳаёти эса унинг туғилганидан бошлаб, вафот этгунига қадар яшаб ўтадиган вақтидир”, “Туғилиш ўлим сари қўйилган биринчи қадамдир”.

Толиб Қодиров тайёрлади

الجمعة, 01 تموز/يوليو 2016 00:00

Рўзадорга бир ҳўплам сув

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Салмон Форсий (р.а) ривоят қилиб бундай деганлар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга хутба ўқиб бундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой яқинлашмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло Бу ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, у – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр эҳсон улашиладиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулулоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса, бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир култум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон — аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради, ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар.

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Рамазон хайр ва саховат ойидир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни, саховат мавсумий қадрият эмас. Меҳр-мурувват, саховат халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган бобомерос қадриятларимиздан ҳисобланади. Саховатли зотлар, уларнинг тарихда қолдирган яхши номлари, саховатпешалик билан амалга оширган ишлари биз учун ибратдир

Ифторлик дастурхонини меъёрида, камтарона тузаш мақсадга мувофиқ. Одамлар кўрсин, мақтасин, ҳавас қилсин, деган мақсадда қилинган, риё аралашган эҳсон мақбул эмас. Юзлаб кишиларни тўйхона, ресторанларга ифторликка чақиргандан кўра, шунга сарфланадиган маблағни маҳалладаги кам таъминланган оилаларга, муҳтож ёки жисмоний имконияти чекланган кишиларга ҳадя қилинса, янада кўпроқ савобга мушарраф бўлинади. Рўзадор хатти-ҳаракатларини ислоҳ этиб, атрофдагилар билан муомалани чиройли қилиши, нафсини жиловлаши ҳам зарур. Ёлғон сўзлаш, бировга иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ гаплар билан одамлар дилини оғритиш каби иллатлардан сақланиши керак. Шунингдек, етим-есирлар, беморлар, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиши лозим.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларида: “Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб номланур. Қиёмат куни ундан рўзадорлар кирурлар, улардан бошқа бирор одам кирмас...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Насаий ривояти). Ушбу хосиятли ойда мўмин киши рўза тутиши билан бирга аҳли оиласи, қавм-қариндоши, қўшнию танишларига гўзал муомала қилса, илм-маърифат ёйса, хулқ-атвори билан бошқаларга ибрат бўлса, бунинг ажр-мукофоти улуғ бўлади, иншааллоҳ.

Ушбу саодатли кунларда Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиши, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину-диёнатига содиқ инсонлар бўлиб камол топишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Абдулвоҳид ЎРОЗОВ,

Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби

 

 

الجمعة, 01 تموز/يوليو 2016 00:00

"Шайх Зайниддин"да хатмона

Top