muslimuz
ازدهر بيت الله
.جاء شتاء زمهرير وغطى الوجود كله بالثلج الأبيض. و على الرغم من أن الجو بارد في الخارج، إلا أن الناس يشعرون بالدفء في قلوبهم. ومن أجل تجميل بيت الله لا يهتمون حتى بالبرد
.تمت اليوم إزالة الثلوج من باحة مسجد و جامع "الشيخ زين الدين" الواقع في عاصمتنا
.وشارك نواب أئمة الجامع والمصلين المتطوعين في العمل الخيري و زين بيت الله. وعلى كل حال، فإن المسجد سيحسنه من آمن بالله واليوم الآخر، كما جاء في الآية الكريمة
خدمة الصحافة لادارة مسلمي اوزبكستان
Қишда ўқиладиган дуо
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Дўзах: Роббим, ўз-ўзимни еб юбордим-ку!” деб Роббига шикоят қилди. Шунда Аллоҳ унга икки марта – қишда бир, ёзда бир нафас олишга изн берди. Сизлар кўрадиган энг қаттиқ иссиқ, сизлар кўрадиган энг қаттиқ совуқ шудир”.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уламолар ҳадисда келган “замҳарийр”ни – “шиддатли, қаттиқ совуқ” деб шарҳлаганлар”.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Замҳарийр”дан мурод – “қаҳратон совуқдир”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Дўзах аҳли жаҳаннамнинг жазирама иссиғидан нажот сўрайдилар ва уларнинг сўровига суяклари синиб кетадиган даражада кучли бўлган совуқ шамол берилади. Сўнгра дўзах аҳли яна ёлвориб иссиқлик сўрашади”.
Шундай экан, қишнинг совуқ кунларини ғанимат билинг, Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилинг. Хусусан, ушбу дуони ўқиш тавсия этилади.
اللَّهُمَّ أَجِرْنِي مِنْ زَمْهَرِيرِ جَهَنَّمَ
Ўқилиши: Аллоҳумма ажирний мин замҳарийри жаҳаннама.
Маъноси: Аллоҳим мени жаҳаннамнинг қаттиқ совуғидан асра.
Аллоҳим, бизни дўзахнинг иссиқ ва совуқ азобидан Ўзинг асра. Аллоҳим, бу совуқ кунларда ҳар бир бандангни, хусусан, уй-жойи, боқувчиси йўқ мискинларни Ўз паноҳингда асра. Ё Аллоҳ, дардга дучор бўлган беморлар ва Сендан ёрдам сўраган жамики муҳтожларни Ўзингга омонат. Дунёю охиратда Ўзинг ҳимоя қил. Уларга раҳматинг билан раҳм қил, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси.
Аллоҳим, Ўзингсан ягона илоҳ, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Ўзинг бойсан, биз эса камбағалмиз. Сен беҳожат ва ҳожатбарорсан, биз ҳожатмандмиз. Устимизга ёғдиргин қорни хайрли қилгин. Аллоҳим, Сендан унинг яхшилигини ва ундаги яхшиликни ҳамда сен юборган нарсанинг яхшилигини сўраймиз. Сендан унинг ёмонлигидан ва ундаги ёмонликдан ҳамда Сен юборган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, ғазабингга дучор, азобингга мубтало бўлишдан асра.
Даврон НУРМУҲАММАД
Қуръоний мўъжиза
Олийгоҳ профессори Қуръони карим фасоҳати, балоғати ва унинг сўзларидаги мутаносиблик ҳақида маъруза қиларди. Шу пайт талабалардан бири ўқитувчини мот қилиш мақсадида савол берди: "Аллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмасдир" (Аҳзоб сураси, 4-оят).
Нима учун "киши" дейилди, башар эмас. Башар бўлган тақдирда ҳам ҳар бир инсонда у хоҳ эркак бўлсин ёки хоҳ аёл бўлсин унинг битта қалби бўлади. Ҳамма жим бўлиб қолди. Савол берувчи эса гердайиб турарди. Барчанинг нигоҳи устозга қаратилди. Аслини олганда ўқувчи тўғри савол берганди. Ўқитувчи бошини қуйи солди ва оят ҳақида чуқур мулоҳаза қилди. Савол очиқ қолса фитна бўлиши ва бошқаларнинг ҳам қалбида шубҳа пайдо бўлиши мумкин эди. Бирдан устоз бошини кўтариб: "Тўғри, бир нафар эркакда битта қалб бўлади. Унинг ичида иккита қалб бўлиши мумкин эмас. Аммо аёл киши ҳомиладор бўлганда, унинг ичида иккита қалб бўлади. Бири аёлнинг қалби, иккинчиси эса унинг вужудидаги боланинг қалби. Саволингизга жавоб шу".
Субҳаналлоҳ! Ҳақиқатда Қуръон ожиз қолдирувчи, ўта фасоҳатли, балоғатли Китобдир.
Искандарбек ЗОКИРОВ
Аллоҳ кўриб турибди...
Кўп болалар дангаса бўлишади. Айниқса уй вазифаларини тайёрлашга келганда ўзларини уёқ-буёққа ташлаб кунни кеч қилишади. Шу сабаб отам бизни қаттиқ назорат қилардилар. Ишдан қайтишларида қўллари биз ёқтирадиган ширинликлар билан тўла бўларди. Лекин уларни ичимиздан фақатгина вазифаларини тайёрлаб бўлганларимизга берардилар. Агар ким уй вазифаларини охиригача бажармаган бўлса ёки Қуръондан дарсини ёд олмаган бўлса, ширинликдан қуруқ қоларди. Агар уйқу вақтигача тайёрлаб улгурса, дадам ширинликлардан олишга рухсат берардилар.
Лекин эътиборли жиҳати шундаки, дадам бизнинг дафтар, китоб ёки кундаликларимизни қўлларига олиб текширмасдилар. “Тайёрлаб бўлдик” деган гапимизга ишониб ширинликлардан истаганимизча бераверардилар. Аммо ҳар сафар ширинликлардан қўлимизга ҳовучлаб тутқаза туриб “Биламан сизлар мени алдамайсизлар, чунки мени алдасанглар ҳам Аллоҳ кўриб турибди, ростдан ҳам дарсларингиз тайёрми ёки йўқми, Аллоҳ билади” деб қўярдилар.
Бизга бу гаплари жиддий таъсир қиларди. Бир-икки марта вазифаларимни чала тайёрлаб ширинликлардан олганман. Кейин кўнглим роса хижил бўлиб юрган. Шунинг учун дарсимизни тўлиқ бажарганимизга ишончимиз комил бўлмагунча дадамнинг олдиларига бормасдик. Чунки биз Аллоҳ бизни кузатиб турганини, рост гапирсак ҳам, ёлғон гапирсак ҳам Аллоҳдан ҳеч нарсани яшира олмаслигимизни билардик.
Оддий уй вазифаларида одатланган ишимиз кейинчалик бошқа ишларимизда ҳам риоя қилинадиган хислатга айланди. Бирор ишни ҳали айтилганидек қилиб улгурмаган бўлсак, қилмадик дердик, тамом. Ҳар хил важ-карсонлар кўрсатиб вазиятдан чиқишга уриниш одати йўқ эди бизда. Инсонда болаликдан “Аллоҳ кўриб турибди, Аллоҳ билиб турибди” деган эътиқод шаклланса, бу нарса уни кўплаб ёмонликлардан, нафсига қул бўлишдан сақлаб қолар экан.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Сабрли бўлинг, умидингизни узманг!
Гоҳида ўзингизни боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис қиласиз, бироқ ортга чекинманг. Эшик орқасидан овозингиз билан чақирсангиз-у эшик очилмаса, эшикни қўлингиз билан тақиллатинг, эҳтимол ичкаридаги одам қулоғи оғир бўлиб сизни эшитмай қолгандир!
Яна бир бор тақиллатинг, эҳтимол калит эгаси кетиб, ҳали қайтмагандир!
Учинчи марта… ўнинчи марта тақиллатинг! Шунда ҳам эшик очилмаса, қўлингиз билан секин итариб кўринг, кейин қаттиқроқ итариб кўринг. Билингки, ҳар қандай қулф эшик албатта очилиши керак! Эшик борми, демак уни очиш имконияти ҳам бор!
Сабр қилинг, умидсизликка тушманг! Ахир қанчаларимиз юзлаб қулф эшикларга дуч келсакда, ортимизга чекинмаганмиз, умидсизланмаганмиз. Агар умидсизликка тушганимизда эди ўша эшиклар олдида қолиб кетган бўлардик!
Ноумидлик қайсики жамиятга ўрнашса, ўша умматни ўчириб қўяди. У кимники қалбига кирса, заифлаштирмай қўймайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ҳақиқатда Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар” (Юсуф сураси, 87-оят).
Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш Қуръонни ёлғонга чиқариш ҳисобланади, негаки Аллоҳ таоло: “Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир” (Аъроф сураси, 156-оят) деган, Унинг сўзи ҳақдир!”
Қалблари Аллоҳга боғланган мўминлар гарчи уларни қийинчилик ҳар тарафдан қуршаб олса ҳам, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмайдилар.
Ўзингизни зое бўлаётгандек ҳис қилсангиз айбни ўзингидан изланг, зеро қалбингизда Аллоҳга иймон, ишонч бўлса зое бўлишингиз асло мумкин эмас!
Дунё менга зулм қилди деманг, сиз ўзингизга зулм қилгансиз!
Яқин дўстларим ортимдан пичоқ санчдилар деманг, гоҳида бепарволигингиз, хушёрликни йўқотганингиз ёки сабрсизлигингиз ва ўйламасдан иш қилишингиз туфайли ортингиздан пичоқ санчган одам ўзингиз бўлиб чиқасиз.
Ҳаётингиз баҳорида бўла туриб, ўзингизни куздаман деб ўйламанг!
Ичингизни орзуга тўлдиринг, чунки орзу қалблардан умидсизликни кетказур.
Бир километр йўл умидсиз, ўзига ишонмайдиган одамнинг кўз ўнгида минг километрдек кўринади. Яхши томонини ўйлайдиган, баланд орзулар сари интиладиган одам кўз ўнгида эса бир неча метрдек кўринади холос!
Умидсиз одам озгина масофани узоқ вақтда кесиб ўтади, чунки у юриши давомида ортига қарайверади, ҳар ортига қараганда “Атиги шунча йўл босибман”, деб ҳафсаласи пир бўлади, натижада маррага жуда кеч етиб боради.
Оптимист одам эса масофани қисқа вақт ичида босиб ўтади, чунки у доим олдига қарайди, маррага қараб интилади.
Кўзлари орқада бўлган ҳолда юрадиганлар манзилга асло етиб бора олмайдилар!
Умид чироғи йўлингизни, Роббингизга бўлган иймонингизни ёритиб туради.
Шундай экан ерда юрганингизда ишончли, мустаҳкам йўллардан юринг. Йўл қанчалик узоқ кўринса ҳам, умидсизлик зулмати қалбингиздан ишонч нурини суғириб олишига йўл қўйманг!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Аллоҳдан Унинг фазлини сўранглар, зеро Аллоҳ сўралишни яхши кўради. Ибодатнинг энг яхшиси енгилликни кутишдир.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: “Субҳ яқин эмасми?!” (Ҳуд сураси, 81-оят)
Ғамга чўнганларнинг тонги албат ёришади!
Тонгга боқинг ва Фаттоҳ Зот йўлингизни очиб беришини кутинг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.