muslimuz
Эҳтиросларга бўйсуниш - 32 қисм
Нафснинг оғир касаллигининг белгисидан бири – инсон шаҳват ва бефойда ишлар гирдобига тушиб қолади. Агар шаҳватлар қалбни эгалласа, улар бандани ибодатдан узоқлаштиради ва Аллоҳнинг қайтариқларини бузишга ундайди.
Муолажа услуби
Бу дардга шифо топиш учун – нафсни жиловлаш, уни жуда қаттиқ истаб турган нарсалардан қайтариш, шунингдек, ҳеч истамаётган нарсаларга уни мажбурлаш лозим. Асов ҳайвонни жиловлаш ва қўлга ўргатиш учун унинг еми камайтирилади. Худди шунингдек, нафсни тарбиялашда ҳам унинг хоҳиш ва истакларини тийиш лозим. Зеро, нафсининг ҳою ҳавасларига эргашувчи, нафсига қул бўлувчи кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашади.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким нафсини тарбиялаб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки нафсига қул бўлса, ҳою-ҳавасига учса лаънат кафанига тиқилади ва азоб тупроғига дафн этилади”.
Бир куни Абу Ҳафс раҳимаҳуллоҳдан: “Қандай қилиб нафсни поклаш, уни тўғри йўлга солиш мумкин? деб сўрашди. Олим жавоб берди: “Нафсга хилоф иш қилиш орқали. Яъни, у хоҳлаб турган нарсаларни қилманг ва у хоҳламаётган амалларни қилинг. Албатта, нафс гуноҳ ва маъсиятларнинг манбаидир”.
Баъзи ҳакимлар: “Кимки (нафси) истаган нарсасини қилар экан, ўзи хоҳламаган нарсага йўлиқади”, деганлар.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Уйга киришда бажариладиган суннатлар
- “Бисмиллоҳ” ни айтиш.
- Аллоҳни зикр қилиш.
- Салом бериш.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қачонки киши уйига кирса, киришида ҳам, таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар кирганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойларингизни топдингиз», дейди. Таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди» (Имом Бухорий ривояти).
- Кириш дуосини айтиш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Киши уйига кирганда: “Аллоҳумма! Иннии ас-алука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи. Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъалаллоҳи роббинаа таваккалнаа” (Аллоҳим! Мен сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик), десин ва аҳлига салом берсин» (Имом Абу Довуд ривояти).
Бу дуо бандага киришидаю чиқишида Аллоҳга таваккал қилишни, доимо Аллоҳга боғланиб туришни эслатади.
Уйга киришда салом беришга Аллоҳ таоло амр қилган: “Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)” (Нур сураси, 61-оят).
- Оғизни мисвок билан тозалаш.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок тутар эдилар” (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Диндорлиги билан мақтаниш - 31 қисм
Нафс касаллигининг белгиси – инсон гўёки барча ибодатларни ўз ҳатти-ҳаракатлари билан адо этаётгандек бошқаларга ўзининг амаллари билан мақтанади.
Муолажа услуби
Шуни унутмангки, инсоннинг камчиликлардан холи бўлган бирорта ҳам ибодати йўқ, гарчи уларни қанчалик ихлос билан бажарса ҳам. Шундай экан, инсон қилган ибодатлари, яхшиликлари ва амаллари билан фахрланмаслиги, ғуруга кетмаслиги лозим. Чунки Аллоҳ таолонинг марҳамати ва изни бўлмаса банда ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Мавлоно Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз камчиликларини кўрган инсон яхшилик сари интилади. Мағрур инсон эса Аллоҳга яқинлаштирувчи даражаларни босиб ўта олмайди. Эй ўзига юқори баҳо берувчи, сизнинг қалбингиздаги энг ёмон нарса бу – ўзингизни “етишган” деб билишингиздир!».
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Xushxabar: Farg‘onada ilk vaqf mulki qurilishi boshlandi
Shu yil 26-iyul kuni “Vaqf” xayriya jamoat fondi Farg‘ona viloyati filiali tomonidan yirik xayriya loyihasiga tamal toshi qo‘yildi. Ushbu tarixiy va qutlug‘ tadbirda fond boshqaruvi rahbarining 1-o‘rinbosari M.Salomov, Fondning viloyat filiali rahbari B.Qirg‘izov, Dang‘ara tuman hokimi Sh.Tojihakimov, tuman bosh imom-xatibi, tuman sektor rahbarlari hamda mehmonlar ishtirok etib, yurtimizda bunday vaqf mulklari ko‘payishini so‘rab Alloh taologa duoi xayrlar qilishdi.
Mazkur bino filialga biriktirilgan Dang‘ara tumanidagi “Muhammad Boqir Ho‘ja Abu Turob buva” ziyoratgohiga tutash 72 sotix maydon ajratilgan. Milliy va zamonaviy meʼmorlikning o‘zaro uyg‘unligida qurilayotgan mazkur joydagi binolarda mahalliy va xorijiy sayyohlar uchun barcha sharoitlar muhayyo etiladi.
Alloh taolodan mazkur vaqf mulki uchun hissa qo‘shgan barcha hamyurtlarimizga xayr va barokatlar tilab qolamiz!
“Vaqf” xayriya jamoat fondi
Matbuot xizmati
Имом-хатиблар икки ярим мингга яқин мурожаатни ўрганди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ва республикамиз масжидларида фуқаролар мурожаатини қабул қилиш куни сифатида эълон қилинган. Шу куни мутасадди вакиллар ва имом-хатиблар эрталаб 9:00 дан кечги 17:00 га қадар аҳоли билан мулоқот қилиб, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишга ҳаракат қиладилар.
Шу йил 26 июль куни ўтказилган навбатдаги қабул кунида Қорақалпоғистон Республикаси қозиси, Тошкент шаҳри, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, шунингдек, республикамиз масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиблар 2477 нафар фуқаронинг мурожаатини тинглаб, тегишли ёрдам кўрсатдилар. Хусусан, 1079 таси диний, 454 таси ижтимоий, 389 таси иқтисодий, 555 таси оилавий масалаларга имом-хатиблар томонидан атрофлича жавоб бериб, муаммоларга ечим топдилар.
Мазкур қабул жараёнлари қозиёт, вакиллик ҳамда масжидларнинг расмий сайт ва ижтимоий тармоқлари саҳифаларида кенг ёритилди.
Дарҳақиқат, ўзганинг дарди билан яшаш динимизнинг гўзал таълимотларидан ҳисобланади. Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мусулмоннинг дунё ғамларидан бир ғамини кетказса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бир ғамни кетказади... Банда модомики, биродарига ёрдам бериш пайида экан, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати