muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 10 آذار/مارس 2022 00:00

Аждодлар даҳоси

Бугунги Қарши ва Шаҳрисабз тарихи Марказий Осиёнинг энг кўҳна шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива тарихи сингари қадимийдир. Кейинги йилларда олиб борилган археологик қазилмалар, бизнинг кунимизгача етиб келган ёзма ёдгорликлар, турли асрларда барпо этилган меъморий иншоотлар ана шундан далолат беради.


Насаф шаҳри тарихи ва бу ердан етишиб чиққан алломалар меросини ўрганишда Абдулкарим ас-Самъонийнинг (1113-1167) “Ал-Ансоб” асари алоҳида ўрин тутади. Унда насафлик олимларга ҳам кенг ўрин берилган. “Насаф – Мовароуннаҳр шаҳарларидан. Аввалги номи – Нахшаб. Бу шаҳарда қарийб икки ой турдим ва у ернинг кўп олимларидан таълим олдим. Бу шаҳардан ўз фанининг кўп мутахассислари етишиб чиққанлар. Уларнинг саноғига етиш қийин”, деб ёзади ас-Самъоний.Абдулкарим ас-Самъоний ўзининг юқоридаги асарида Насаф ва унинг атрофидаги 50 дан ортиқ қишлоқларда етишиб чиққан салкам 180 нафар алломанинг номларини қайд этган. Агар тарихчи олим ушбу шаҳарда қарийб икки ой яшаганини эъти­борга олсак, унинг бу маълумотлари нечоғлик холис ва ишончли эканига шубҳа қолмайди.


Нажмиддин ал-Насафийнинг “Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (“Самарқанд уламолари зикрида қанддек ширин китоб”) номли асарида 80 дан ортиқ Насафий, Косоний, Касбавий, Баздавий нисбали, шунингдек, ўнга яқин Кеший нисбали алломалар, хусусан, Имом Бухорийнинг содиқ дўсти Тоҳир ибн ал-Ҳусайн ан-Насафий ал-Майтманоний, эллик йилдан ортиқ Насафда қозилик қилган Абу Зайд Туфайл ибн Зайд ат-Тамимий ан-Насафий, шайх Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумотлар келтирилган.


Мен ушбу мақолада Насаф ва қадим Кешдан етишиб чиққан баъзи улуғ боболаримизни ва уларнинг қолдирган бой маънавий меросини эслаб ўтмоқликни лозим топдим. Улуғ боболаримиздан бирлари  “Ал-Ақоид ан-насафия” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (462-537/1068-1142) Самарқандда фаолият олиб борган ҳанафий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва мутакаллимидир. Унинг юздан ортиқ асарлар ёзганлиги манбаларда таъкидланган.


      “Ал-Ақоид ан-насафия” асари ғоятда машҳур ва ақида борасида асарларнинг энг эътиборлиларидан бири ҳисобланади. Мазкур рисола кичик ҳажмда бўлишига қарамасдан, 9 (тўққиз) асардан буён Марказий Осиё ва ислом оламида мотуридийлик ақидаси бўйича энг машҳур қўлланмалардан бири вазифасини бажариб келмоқда.


            Яна бир буюк Насафийлардан бири Абул Баракот Аҳмад ибн Аҳмад Насафий машҳур “Тафсири Насафий”нинг муаллифидир.   Абдулҳай Лакнавий бобомизни “...замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усулул фиқҳ олимларининг етакчиси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган” деган бўлса, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний эса бу зотни “Алломаи дунё”, деб таърифлаган. 
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича илм аҳлиорасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” тафсири дунё бўйича ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилган энг кенг тарқалган асардир.


Бугун униб-ўсаётган фарзандларимиз тафаккурини ақоид масаласида Насафийлар каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш – ёшлар, таъбир жоиз бўлса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишда энг оқилона маърифий йўлдир. Табиийки, буларнинг барчаси халқимиз, айниқса, вояга етаётган баркамол авлодимиз онгу шуурига соф эътиқодни сингдириш, ёшларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашда бевосита кўмак беради.
Мана шундай буюк бобокалонларимиздан яна бирлари Абул Муин Насафий илму ирфонда етук, зиёли бир оилада улғайган, айниқса, унинг аждодларидан кўплари фиқҳ илми соҳасида улкан салоҳиятлари билан эл-юрт орасида танилган эдилар. Ҳатто, унинг катта бобоси ўз даврининг таниқли вакили Макҳул Абул Фазл Насафийдан (ан-насафийлар сулоласининг сардори) бошлаб, унинг оиласидагилар фиқҳ илмида ҳанафийя мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа таълимотларига таянганлар. Шунингдек у фиқҳ илмини имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг сафдоши Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан ривоят қиларди.      


Ушбу бобокалонимиз мотуридия таълимоти вакилларининг энг ёрқин вакили бўлган. Бу зотнинг шонли тарихимиздаги иккита улкан хизматини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Биринчидан, унинг мотуридия таълимотининг диёримизда сақланиб қолишидаги энг катта хизмати бўлса, иккинчи жиҳатдан ўша даврда диёримизда турли бузғунчи оқимларнинг ривожига катта қаршилик кўрсатганлиги туфайлидир.


Аллома бобомиз ўз асарларида турли бузғунчи, адашган оқимларга кескин раддиялар бериб, уларнинг диёримизда ривожланишига қаршилик қилган. Ўша давр уламолари Абу Муин Насафийнинг ўз асарларида иллатларни фош этиб, ҳақиқатни баён қилгани учун унга араб тилида “Сайф ул-ҳақ”, яъни “Ҳақиқат қиличи” деган шарафли ном берганлар.
Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” китобида Имом Мотуридий таълимоти ниҳоят даражада мукаммал ва тушунарли тарзда баён этилган. Шу сабабли у асрлар давомида калом илми бўйича асосий қўлланмалардан бири сифатида эъзозлаб келинади.
Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” ҳамда Имом Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” китобини ўзаро қиёсий таҳлил этган олимларнинг фикрича, “Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари  “Табсират ул-адилла” Имом Мотуридий (р.а.)нинг “Тавҳид” китобидан кейинги китоб саналади. Балки ушбу асар “Тавҳид” китобига шарҳ, тафсир ва баён деб эътибор қилинади. Чунки “Табсират ул-адилла” асари кўп ўринларда “Тавҳид” китобининг услубларини баён қилиб, унга нисбатан кенг қамровли ва тафсилотлар билан бойитилган асардир”


Қадимий ва ҳамиша навқирон Кеш ўрта асрларда "Қуббатул  илм вал адаб" дея эътироф этилган. Шаҳрисабз  аҳлида яна бир фахр туйғуси борки, бу кўҳна заминда буюк муҳаддислар Имом Доримий, Имом Муслим ва муҳаддислар султони Имом Бухорий  маълум муддат яшаб, толиби илмларга ислом асосларидан дарс беришган. Улар билан бирга илм, маърифат тарқатган Абдулҳамид Кеший (тўлиқ исми Абдулҳамид ибн Абд Ҳумайд ибн Носир) шу диёрда ҳижрий 170 йилда туғилиб, Кешийлар нисбасини бошлаб берган таниқли алломадир.


Балоғат ёшига етгач, Абдулҳамид тафсир, ҳадис ва араб тили илмини мукаммал ўрганишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бунинг учун бу соҳаларнинг билимдонлари ҳузурига бориши, уларга шогирд бўлиши зарур эди. Падари бузрукворининг ижозати билан Абдулҳамид она юртидан чиқиб, чет эл сафарига жўнайди. Макка, Мадина, Бағдод, Басра, Куфа каби илм-фан ривожланган шаҳарларда бўлади. Абу Довуд Тайлосий, Назр ибн Шомил Марвазий, Абу Али Ҳанафий, Азид ибн Шайбо, Умар ибн Юнус  ал-Ямомий каби етук муҳаддису фақиҳларга шогирд тушиб, ҳадис ва тафсир, фиқҳ илмидан чуқур сабоқ олади. Шу билан бирга, қаерда бўлмасин, ишончли ровийлардан Пайғамбаримиз ҳадисларини ёзиб олади.


Бир неча йиллардан сўнг Кешга қайтгач, она шаҳрида ҳадис илми мактабини ташкил қилади. Илм талабида  бўлганларга мударрислик қилиш учун Бухородан Исмоил ал-Бухорий (810-870)ни, Самарқанддан Доримий ас-Самарқандий  (797-868)ни таклиф этади. Улар Абдулҳамид Кеший (786-863) билан бирга бир неча йил мактаб талабаларига ҳадисшунослик сирларини ўргатишади. Кешдаги ҳадис илми мактабининг довруғи бошқа ислом диёрларига ёйилади. Улардан ҳам ушбу мактабда ўқиш учун ёшлар, дарс бериш учун етук олимлар кела бошлайди. Илм  истаб, ҳадис ривоят қилиш учун Кешга ташриф буюрганлар орасида Эроннинг Найсобур (ҳозирги Нишопур  шаҳрининг ўрта асрлардаги номи) шаҳридан кейинчалик ислом дунёсида буюк муҳаддис бўлиб етишган Имом Муслим ал-Ҳажжож (819-874) ҳам бор эди.


Ушбу ҳадис илми мактаби ҳақида Шарафиддин Али Яздий "Зафарнома" асарида шундай  ёзади: "Баъзи бир тарихий китобларда айтилишича, Кеш шаҳри қадим айёмларда исломнинг буюк уламолари йиғиладиган жой бўлган. Таниқли муҳаддислардан уч мўътабар имом: бири Абу Муҳаммад Абдулҳамид ал-Кашший, яна бири (Абу Муҳаммад) Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ар-Доримий ас-Самарқандий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Аллоҳ улардан рози бўлсин - шу диёрга келиб ватан қилган эдилар. Ўша даврларда илм аҳли уларнинг билим  ва фазилат нурларидан баҳраманд бўлмоқ учун мана шу муборак шаҳарга чор атрофдан,  турли ўлкалардан йўл олардилар. Жумладан, Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Кушайрий ан-Нишопурий  келиб билим истифода қилган эди. Имомлар ва фозил кишилардан кўплари шу ерда жам бўлган эдилар. Уларнинг барчасига ҳам дарс ўтишлари учун жойлар ажратилган эди. Шу жиҳатдан Кешга "Қуббатул илм вал адаб" лақаби берилган эди".


Абдулҳамид Кеший Мовароуннаҳрдан чиққан муҳаддисларнинг энг ёши улуғларидан бўлгани учун ундан жуда кўп муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган. Масалан, Имом Муслим устозидан 150 та ҳадис, ИмомТермизий 139 та ҳадисёзиболган. Имом Бухорий эса ундан энг ишончли ҳадисларни ривоят қилган. Араб олими Қутайба ибн Саъд ҳадис илмига иштиёқмандларга қарата "Агар Кешга борсангиз, Абд ибн Ҳумайддан ҳадис ўрганингиз" деб маслаҳат бергани кешлик аждодимиз ўз даврида етук муҳаддислардан бири бўлганлигига далолатдир. Буюк ватандошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий сингари "Имом" даражасига етишган. Кеш шуҳратини оламга ёйган буюк алломани юртдошлари "Ҳазрати Имом" деб эъзозлаганлар.


Абдулҳамид Кешийдан кейин ҳам Кешда жуда кўп таниқли алломалар яшаб ўтишган, баъзи манбаларда уларнинг сони 40 дан ошади, дейилган. 


XIX аср охири ва XX асрнинг биринчи ярмида Мулла Қурбон Хиромий, Фараҳ Шаҳрисабзий, Равнақий, Гулшаний, Фақирий, Мирзо Умрбоқий Шаҳрисабзий сингари шоирлар, Мирзо Юнус Шаҳрисабзий, Муҳаммад Юсуф Шаҳрисабзий, Имомуддин Шаҳрисабзий, Иброҳим Девона, Бобобек Иштибар, Абдумалик Шаҳрисабзий каби истеъдодли хаттотлар баракали ижод этганлар. Улар мумтоз адабиёт анъаналарини муваффақиятли давом эттирганлар.


Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида олиб борилаётган ишларимизда манфаатли бўлиши шубҳасиздир.
 
Наргиза Садатова
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ҳуқуқшуноси

 

Доктор Салоҳ Абул Ҳож ҳафизаҳуллоҳ

Асаларилар ҳаёти жуда ибратлидир. Улар неча минг йиллар олдин нектарни қандай йиққан бўлса, ҳозир ҳам худди шундай тўплашади. Асални Аллоҳ таоло бандаларига шифо, асалариларнинг яшаш, ишлаш тарзини эса инсонларга ўрнак-қилди.  Қуръони каримда: (Эй, Муҳаммад!) Роббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар)барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бор” (Наҳл сураси 68-69 оятлар), дейилган.

Абу Али ибн Сино асалга юқори баҳо бериб, одамларга соғлом бўлиш ва узоқ умр кўриш учун асал еб туришни тавсия қилган. Қуйида сизларга асалариларнинг ҳаёт тарзи ва Яратган парвардигорнинг меҳнаткаш митти мўъжиза махлуқи ҳақида маълумот берамиз:

  Асаларилар ажойиб математиклардир. Улар қурган уяларининг катакчалари энг мукаммал ва мустаҳкам тузилишга эга. Катакчаларнинг ҳар бир бурчаги роппа-роса 109*28′ градусга тенг бўлади. Бу митти ҳашаротлар ўта кучли ҳид билиш қобилиятига эгадирлар: улар ҳидларни одамга нисбатан 1000 марта кучлироқ сезишади ва ажрата олишади, гуллар ифорини эса бир километрдан ортиқ масофадан пайқашади. Она асалари личинкаси ўсиш жараёнида унинг ҳажми беш кун давомида 3000 мартага, бошқаларники эса 1500 мартага катталашади. Асалариларга яна бир мўъжизавий қудрат ато этилган: улар айрим ҳолларда оиласини сақлаб қолиш учун, қандайдир ғайриоддий бир усулда ўз умрларини 5-6 мартага узайтириш қобилиятига эгадирлар.

100 грамм асал тайёрлаш учун асалари баъзан 46 минг километр йўл босади, бу эса экватор бўйлаб, Ер шарини бир марта айланиб чиқишдек гап! Ишчи асалари бир кунда 7000 тагача гулни чанглантиради. Айрим асаларилар ўз оғирлигидан бир неча баробар катта юкни кўтариб уча оладилар. Юксиз учаётган асалари тезлиги тахминан соатига 65 километрни ташкил етади; ўз оғирлигининг 3/4 қисмича келадиган юк билан учаётган асаларининг тезлиги эса деярли икки бараварга пасаяди. Битта асалари ҳар сафар 40-50 мг нектар олиб кела олади; бироқ у қанча узоққа учса, уясига шунча кам нектар келтиради.

 

    Уч километрлик парвоз давомида нектарнинг тахминан етмиш фоизи йўқ бўлади, яъни у асаларининг танасига қувват бериб турувчи ўзига хос энергия манбаи бўлиб, учиш давомида сарфланиб боради. Уясидан чиқиб кетаётган асаларида кам миқдорда манфий заряд мавжуд бўлади; учиш давомида асалари ўз атрофида электр майдони ҳосил қилади. Бунда манфий заряд мусбат зарядга айланади ва кучаяди; айниқса очиқ ҳаво шароитида унинг кучланиши 1,5-1,8 волтга етади.

Асал тўплаш ҳудудларида асалариларнинг асосий асал йиғиш даври 8-20 кун давом етади. Шунгача бўлган бутун (деярли бир йиллик) давр еса унга тайёрланиш жараёнидан иборатдир. Йиғиладиган асалнинг миқдори асаларининг асал ташиш қопчасининг ҳажмига бевосита боғлиқ: у қанча катта бўлса, уяда тўпланадиган асал шунча кўп бўлади. Бу белги наслий хусусиятга ҳам, асаларичилар томонидан яратиладиган шароитларга ҳам боғлиқ. Энг йирик асал тўпламлари Узоқ Шарқ ва Сибирда бўлиши аниқланган. Ҳатто, Узоқ Шарқда гулли ўсимликлар гуллаган даврда назоратдаги уяларда кунига 30-33 килограмм асал йиғилгани маълум. Сибирда бир мавсум давомида битта уяда 420 килограмм, Узоқ Шарқда эса 330-340 килограмм асал тўпланган пайтлари ҳам бўлган экан.

Тўплаб келинган нектар асаларилар томонидан узоқ ва мураккаб қайта ишлаш ва 40-70 фоиз сув билан аралаштириш жараёнидан кейингина асалга айланади. Бир кунда йиғилган 5 килограмм нектар қайта ишлангандан сўнг атиги 1,5-2 килограмм асал ҳосил бўлади. Асал йиғиш даврида асаларилар турли йўллар билан ўзаро мулоқотга киришадилар: улар ўзига хос “рақслар” ёрдамида, инсон қулоғига эшитилмайдиган товушлар орқали алоқа қилишади.

Шунингдек, улар ўзларидан ажратиб чиқарувчи биологик фаол учувчи моддалар – феромонлар ёрдамида ҳам ўзаро ахборот алмашадилар ва ўз фаолиятларини бошқарадилар. Ҳозирги замон олимлари еса турли феромонларни сунъий йўл билан яратиб кўриб, шу орқали ҳашаротлар билан гаплашишни ўрганишмоқда. Асалари чанглантириб кетган гулнинг умри узоқ бўлмайди, бир неча соатдан то 2-3 кунгача давом этган қисқа муддатдан сўнг улар сўлиб қолишади. Фақат баъзи ўсимликларнинг гуллари узоқроқ туриши мумкин, улар асалариларнинг келишига қараб 8-10 ёки ундан ҳам кўпроқ кун давомида ўзларидан нектар ажратиб турадилар. Асаларилар қўл етмайдиган оралиқларга ҳам кириб чиқа оладилар ва ўз тажрибаларини саноқли соатларда бутун уядошларига ўргата биладилар. Масалан, асаларилар тринитротолуол ҳидини ажратиб, портловчи моддани топишга ўргатишда, моддани тўғри топса, мукофот тарзида унга бир бўлак қанд берилади. Кейинчалик бу асалари ўз оиладошларини ҳам айнан шу ҳидни ажратишга ўргатади ва бу билан олимларга ёрдамчиларни ўзи тайёрлаб беради. Олимлар уларнинг учиб борадиган жойларини ҳажми туз доначасидек келадиган митти кўрсаткичлар ёрдамида кузатишни режалаштиришган. Ҳозиргача тажрибаларда аниқланганки, асаларилар тўқсон тўққиз фоиз ҳолатларда портловчи моддаларни аниқ топа олишади. Асаларининг чақиши касалланган аъзоларга шифо бахш этиши маълум, аммо у ўлдириши ҳам мумкин экан. Ҳар йили илон чақишидан ҳалок бўлган кишилардан кўра асалари чақишидан ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўларкан.

 

Интернет материаллари асосида

Халқаро алоқалар бўлими ходими

И.Аҳмедов тайёрлади

Хожиев Нуруллохон домла

Қуйи Чирчиқ тумани "Янги маҳалла" жоме масжиди имом хатиби

Top