muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 19 أيار 2023 00:00

Қўшничилик ҳаққи

Яратганга шукурлар бўлсин,
Росулуллоҳга салом ва салавотлар бўлсин

Инсонлар азал-азалдан жипслашиб, бирлашиб, жамоат бўлиб яшаб келган. Бир-бирларига ёрдам бериб келган.  Хусусан мусулмонлар бир-бировларига ёрдам ва яхшиликлар қилиб, яшаб келганлар. Бугун биз қўни-қўшниларга қандай  муносабатда бўляпмиз?

، عَنْ نَافِعِ بْنِ عَبْدِ الْحَارِثِ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : مِنْ سَعَادَةِ الْمَرْءِ الْمُسْلِمِ : الْمَسْكَنُ الْوَاسِعُ ، وَالْجَارُ الصَّالِحُ ، وَالْمَرْكَبُ الْهَنِيءُ .

Нофеъдан ривоят қилинади, Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Мусулмон кишининг саодати, кенг ҳовли, солиҳ яхши қўшни, фойдали чиройли улов” дир деганлар.
Яхши қўшни  кишининг бахт саодатидир, қўшнилар бир бирларига яхшилик қилсалар, Саломни кенг ёйсалар, Таом улашсалар, Яхшиликка йўлласалар, Ёмонлик истамасалар, Ёмон  кўрмасалар, энг яхши қўшни бўлган бўлар эдилар.
Азизлар  амал қилиш вақти етмадими ?
Қўшниларимзга бугун яхшилик қиляпмизни?
Қўшниларимизга  меҳр оқибат аҳиллик ила муносабатда бўляпмизми?
Бугун қўшнилар энг ёмон кўрган инсонларга айланмаяптими?
Нима учун?
Олдин ота боболаримиз қўшничилик ҳаққига тўла риоя этишган, қўшнилар қийналса ёрдам кўрсатишган, хонадонларига  таом  тайёрлаганларида, унинг аввалини қўшниларга беришган. Қўшниларга ҳашарга биринчи бўлиб чиқишган. Бугун шу ан’аналар  ва меҳр оқибатлар унутилаяпти, эътибор бермаяпмиз, бепарво бўлаяпмиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه
وسلم قَالَ : لاَ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مَنْ لاَ يَأْمَنُ جَارُهُ بَوَائِقَهُ
Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Қўшниси  унинг ёмонлигидан омонда бўлмаган киши  жаннатга кирмайди”.

Азизлар қўни қўшниларга меҳр мурувватли бўлайлик, яхшиликлар қилиб, чиройли ҳаётгузаронлик қилишимизни Аллоҳ насиб этсин.

Мир Хурд Вобкандий жомеъ масжиди имом хатиби,
модуль таълими тизими 505 гуруҳ талабаси Қ. Шукруллоев

Тақво узун соқол, жунли жубба, бирон иш қилмай масжидда узоқ қолмоқ, ўзингдан зоҳидни ясаб олиб, одамларни сенга берадиган садақасига кўз тутиб ўтириш эмас. Тақво булардан кўра баландроқ, улуғроқ ва олийроқдир. Тақво илм ва амални ўзида жамлагандир. Илм тақводадир... Уни тушунибгина олиш ишларингизда фойда бермайди. Балки, фаҳмлаганингдек унинг тақозосига кўра амал қилишдир.

Шайх Аҳмад Кафтару

Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизнинг Жакарта шаҳридаги элчихонаси ҳамкорлигида Индонезиянинг етакчи “SCTV” телеканали ижодкорларининг Ўзбекистонга саёҳати ташкил этилмоқда. Тадбир ушбу давлатда маданиятимизни, туризм салоҳиятимизни кенг тарғиб этиш, диёримизга сайёҳлар оқимини тезлаштириш мақсадини кўзлаган.
ЎзА хабарига кўра, 1990 йил ташкил этилган, Индонезиянинг йирик медиа тармоғи ҳисобланган “Surya Citra Televisi” (SCTV) мамлакатнинг 240 та шаҳрида эфирга узатилади. Бугунги кунда “Indosiar”, “Moji”, “Ajwa”, “Mentari” телеканалларига ҳам эгалик қиладиган мазкур тармоқ кузатувчилар салмоғи 160 миллионга етган.

Ҳозир “SCTV” ижодкорлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро зиёрат туризми ҳақида махсус дастурлар тайёрлаш устида иш олиб боряпти. Медиа материаллардан Жануби-шарқий Осиёда яшовчи мусулмон аҳли эътиборини оммавий сайёҳлик йўналиши сифатида мамлакатимизга жалб этиш назарда тутилган.
“Surya Citra Televisi”ни ижтимоий тармоқда 30 миллионга яқин обуначи кузатиб боради.
Ташриф давомида индонезиялик мухбирлар бешта 15 дақиқалик кўрсатув тайёрлашни режа қилишган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2022-2023 ўқув йилида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини 76 нафар талаба битирмоқда. Шундан 10 нафари аёл-қизлар ҳисобланади. Битирувчилар бакалавр даражасини олишлари учун диплом мавзуларини танлаб, йил давомида кичик илмий тадқиқот олиб боришди.

Битирув малакавий иши ҳимоялари кундузги таълим йўналиши 4-курс талабалари учун бўйича шу йил 12-24 июнь кунлари ўтказилади. Шунингдек, кундузги таълим шакли 4-курс талабалари учун “Умумкасбий фанлар – араб тили” ва “Ихтисослик фанлари – ақоид ва фиқҳ” бўйича якуний аттестация синовлари 6-9 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Ақоид ва фиҳқий фанлар, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари, Тиллар, Таҳфизул Қуръон ва Ижтимоий фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўз йўналишларига оид тавсия этилган мавзулар бўйича талабалар битирув диплом ишларини бажарди.

Бу ҳақда институт проректори Соатмурод домла Примов ва Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи Маъмуржон Эркаев томонидан 4-курс талабаларининг Битирув диплом ишларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди. Унда, шунингдек, битирув диплом ишларининг ҳолати, расмийлаштирилиши, олд ҳимоя натижалари ва ҳулосалар, эълон қилинган илмий мақолалар каби масалалар муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الخميس, 18 أيار 2023 00:00

Ломишийнинг илмий мероси

Юртимиз заминидан етишиб чиққан алломалар турли исломий илмлар қатори калом илми ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар. Фарғона диёрида туғилиб, Самарқандда фаолият юритган Абус-Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший шундай уламолардан бўлиб, ўз даврининг фақиҳ, мутакаллим олими сифатида танилган.

Маҳмуд ибн Зайд Ломиший Мотуридия таълимоти ва ҳанафий фиқҳининг машҳур вакилларидан бири сифатида эътироф этилса-да, олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти борасидаги маълумотлар алломалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган табақот туркумидаги китобларда жуда кам учрайди.

Алломага берилган “Ломиший” нисбаси Фарғона водийсида жойлашган “Ломиш”  қишлоғи номи билан боғлиқ[1]. Олимнинг илмий фаолиятида Самарқанд шаҳри муҳим ўрин тутган.

Ҳанафий мазҳаби олимлари таржимаи ҳолларига оид табақот китобларида Ломиший ва унинг илмий мероси ҳақида қисқача маълумотлар келтирилган. Жумладан, Қураший (ваф.775/1334 й.) “Жавоҳир ал-мудия фи тобақот ал-ҳанафия” асарида Ломишийни “Маҳмуд ибн Зайд Ломиший” исми билан зикр қилиб, унинг 40 саҳифалик усули фиқҳ илмига оид “Муқаддима” номли асари борлигини келтиради[2].

Ломиший ҳақида келтирилган яна бир манба Ҳожи Халифанинг “Кашфуз зунун” асари бўлиб, унда олимнинг исми “Имом Бадруддин Маҳмуд ибн Зайд Ломиший” шаклида зикр этилади. Аммо Ломишийнинг ҳаёти, вафот этган йили, асарлари борасидаги маълумотлар зикр этилмаган.

Ибн Қутлубуғо ҳам “Тож ат-тарожим” асарида Маҳмуд ибн Зайд Ломишийнинг қирқ саҳифалик усул ал-фиқҳга оид асари мавжудлигини келтириб ўтиш билан чекланган.[3]

Бангладешнинг Дакка шаҳрида нашр этилган “ал-Будур ал-музия фи тарожим ал-ҳанафия” номли манбанинг 17-жузида Ломиший 5159-рақам остида зикр этилади. Асарда унинг исми “Аш-шайх ал-фазил Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший” тарзида келтирилади. Абдулқодир Қураший ўзининг “Жавоҳир” асарида олимнинг 40 саҳифалик усул ал-фиқҳга оид асари борлигини айтганини келтириш билан чекланади.[4] 

Замонавий тадқиқотларда ҳам Ломиший ҳақидаги маълумотлар юқоридагилар билан чекланган. Олим ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида мавжуд асарларининг қўлёзма нусхаларидаги маълумотларга асосланиб хулоса қилиш мумкин. Чунончи, олимнинг Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад Абдулаълам томонидан кўчирилган “Китоб фи усул ал-фиқҳ” асари қўлёзмасида мазкур асар 534/1140 йилда ёзилгани қайд этилган. Олимнинг мазкур даврда ҳаёт эканлиги ҳисобга олинса, унинг яшаган даврини ҳижрий V аср охири ҳамда VI аср биринчи ярми билан чегаралаш мумкин.

Аллома Ломиший қаламига мансуб “Баян кашф ал-алфоз” асарини таҳқиқ этган Мустафо Чалабий унинг IV ҳижрий асрда яшаб ўтганлигини тахмин қилади. Бироқ Ломиший ўзининг “Тамҳид” асарида Абу Муин Насафий(ваф. 508/1144)ни тўрт ўринда зикр қилганлиги, унинг “Табсиратул-адилла” асаридан бир неча ўринда иқтибос келтирганлиги ҳисобга олинса, Чалабийнинг мазкур фикри ҳақиқатга тўғри келмаслиги аён бўлади.

Алломанинг “Тамҳид” ва “Усул ал-фиқҳ” асарлари устида тадқиқот олиб борган олим Абдулмажид Туркий унинг ҳанафий фиқҳи нуқтаи назаридан Жассос, Кархий, Исо ибн Абон, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний орқали Абу Ҳанифага, ақида борасида Абу Муин Насафий, Дабусий ва Рустуғфоний орқали Имом Мотуридийга бориб тақалишини таъкидлайди.[5] Шунингдек, мазкур тадқиқотчи Ломиший ўзининг “Тамҳид” асарида Абу Муин Насафийга кўп бор мурожаат қилгани, унинг номини зикр қилгач дуо билан ёд этгани ҳамда асарда келтирилган кўплаб фикрлар алломанинг “Табсиратул-адилла” асари услубида эканидан хулоса қилиб Имом Насафий Ломишийнинг устозларидан бўлгани ҳақидаги фаразни илгари суради.[6]   

Ломишийнинг калом илмига оид “Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” ёки “Усул ад-дин” номли асари бизгача етиб келган. Унинг бир нечта қўлёзма нусхалари дунё фондларида сақланмоқда.

“Ат-Тамҳид” асари Абдулмажид Туркий томонидан тадқиқ этилиб, асарнинг “Лолали” ва “Арзинжон” нусхалари асосида 1995 йилда араб тилидаги замонавий нашри амалга оширилган.[7] Шунингдек, 2007 йил Байрутда Аҳмад Фарид Мизядий томонидан ҳам “ат-Тамҳид” асарининг араб тилидаги замонавий нашри чоп этилган.[8]

Асар ақида илмининг тавҳид, Аллоҳнинг исм ва сифатлари, рисолат ва нубувват, авлиёларнинг кароматлари, ризқ, шафоат, қазо ва қадар, иймон, нарса-ҳодисаларнинг моҳияти каби 30 фаслни ўз ичига олади. Мазкур манбада юқорида зикр этилган мавзулар Қуръон оятлари, ҳадислар, ҳанафий-мотуридий уламоларнинг фикрларига таяниб ёритиб берилган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Маҳмуд ибн Зайд Ломишийнинг “ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид” асарини тадқиқ этиш Мотуридия таълимотининг ҳижрий V-VI асрдаги ҳолатини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, аллома Ломишийнинг ибратли ҳаёти ва илмий мероси ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ,

ЎзХИА мустақил тадқиқотчиси

 

[1] Ёқут Ҳамавий. Муъжамул-булдон. – Байрут: Дор содир, 1977. – Ж 5. – Б. 8.

[2]Абдулфаттоҳ Муҳаммад Ҳалавий. Муҳйиддин Ибн Муҳаммад Абдулқодир Ҳанафийнинг «Жавоҳир ал-мудийя фи табақот ал-ҳанафийя» асари тадқиқи. – Ар-Риёд: Дор ал-улум, 1993. – Ж 4. – Б. 437.

[3] Абулфидо Зайнуддин Қосим ибн Қутлубуғо Судуний. Тож ат-тарожим. – Байрут: Дор ал-қалам, 1992.

– Б. 290.

[4] Муҳаммад Ҳифзурраҳмон. Ал-будур ал-музия фи тарожим ал-ҳанафия. – Дакка: Дар ас-солиҳ, 2018. – Ж 17. – Б. 280.

 

[5] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид. Абдулмажид Туркий таҳқиқи остида. – Байрут: Дор ғарб ал-исламий, 1995. – Б. 17.

[6] Ўша манба. – Б. 18.

[7] Қаранг: Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид. Абдулмажид Туркий таҳқиқи остида. – Байрут: Дор ғарб ал-исламий, 1995. – Б. 261.

[8] Маҳмуд ибн Зайд Ломиший. Ат-Тамҳид ли қоваид ат-тавҳид. Аҳмад Фарид Мизиядий таҳқиқи остида. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмийя, 2007. – Б. 160.

Top