muslim.uz
Фақирларга озор берманг, уларни Расулуллоҳ суйганлар
Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58-оят).
«Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг)!» (Шуаро сураси, 215-оят).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Ким менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда Мен у билан жанг қилишга киришганимни билдирган бўламан», деди» (Имом Бухорий). Бошқа бир ривоятда: «Менга қарши жангга киришибди», дейилган.
Аллоҳ таоло айтади: «Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, У зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг!» (Каҳф сураси, 28-оят).
Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби қуйидагичадир: Барча пайғамбарлар билан рўй берганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам дастлаб фақир кишилар иймон келтирган эдилар. У зот Салмон, Суҳайб, Билол ва Аммор ибн Ўсир розияллоҳу анҳумларга ўхшаган фақир кишилар билан мажлис қуриб ўтирар эдилар. Дастлаб фақирлар эргашиши пайғамбарлик аломати эканини эшитган мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидаги фақир мусулмонларни ҳайдатиб юбормоқчи бўлишди. Шу мақсадда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, атрофингдаги камбағалларни ҳайдаб юбор. Улар билан бирга ўтиришдан биз жирканамиз. Агар уларни ҳайдаб юборсанг, сенга олий насаб, олий мақом кишилар иймон келтиради», дейишди. Бунга жавобан Аллоҳ таоло: «Эртаю кеч Парвардигорининг Юзи – розилигини истаб, Унга дуо-илтижо қиладиган зотларни атрофингиздан ҳайдаманг», оятини туширди.
Фақир мусулмонларнинг ҳайдалишидан умидлари узилган мушриклар у зотга: «Эй Муҳаммад, агар уларни ҳайдамасанг, унда бир кунни уларга, бир кунни бизларга тайин қил», деб шарт қўйишди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримани нозил қилди: «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорининг юзини – розилигини истаб, У зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг! Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган)Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 28–29-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирларни улуғлар, ҳурмат қилар эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида, фақир саҳобалари ҳам ҳижрат қилдилар ва масжид супасига жойлашиб, дунё ташвишларидан узилдилар. Уларга «Асҳоби-суффа» – супа эгалари деб ном беришди. Ҳижрат қилиб келган фақирлар улар сафига қўшилар ва улар кундан кунга кўпаяр эдилар. Улар Аллоҳ ўз дўстлари – авлиёларига ҳозирлаган эҳсонга гувоҳ бўлдилар, унга иймон нури ила боқдилар ва борлиқдаги бирон нарсага диллари кетмади. Аксинча, улар: «Сенгагина ибодат қиламиз, Сен учун бўйсуниб сажда қиламиз, Сенинг ёрдамингда рушду ҳидоятга эришамиз, Сенга таваккул этиб суянамиз, Сенинг зикринг ила ҳузурланиб шод бўламиз, Сенинг муҳаббатинг майдонида сайру саёҳат қиламиз, Сен учун амал қилиб, ҳаракат этамиз ва Сенинг эшигингдан ҳаргиз кетмаймиз», дедилар.
Фақирлик икки хил – умумий ва хос бўлади.
Умумий фақирлик – Аллоҳ таолога муҳтожлик бўлиб, у барча махлуқотларнинг сифатидир. Бу Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар» (Фотир сураси, 15-оят) ояти каримасининг маъносидир.
Хос фақирлик – Аллоҳнинг дўстлари ва суюклиларининг сифати бўлиб, у Аллоҳ азза ва жалла билан машғул бўлганлиги, Унга қаттиқ берилганлиги, Унинг зикри ила улфат бўлганлиги сабабли қўл ва дилнинг дунёга эҳтиёжи йўқлигидир.
«Гунохи Кабиралар» китоби асосида
Пискент тумани
«Мулла бўта Қози» жоме масжиди имом-хатиби
Мирсобит ВОХИДОВ
тайёрлади.
http://fitrat.uz/allo-ning-dustlari-avliyolarga-ozor-berish/
Энг ёлғон сўзни биласизми?
Гўзал фазилатлардан бири бошқалар тўғрисида ёмон гумондан сақланишдир. Кишилар бир-бирларига нисбатан яхши ўйда, очиқ юзли бўлишлари лозим.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир...” (Ҳужурот сураси, 12-оят мазмуни).
Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Ёмон гумон хато хулоса ва қарорлар чиқаришга сабабдир”.
Бировдан айб ва нуқсон қидириб, уни ошкор этиш гуноҳ. Ёмон гумон билан йиғилган маълумотларни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Энг ёлғон сўз” деганлар.
Киши доим Аллоҳ таолодан яхшилик умид қилиб, Унинг фазлини ўйлаши керак. Қудсий ҳадисда: “Бандам мен ҳақимда қандай ўйласа, Мен унга шундай муносабатда бўламан”, дейилган.
Мўмин киши бошқаларда ёмон ўй қолдирадиган ишлардан ҳам сақланиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эътикофда бўлганларида ҳузурларига София онамиз (розийаллоҳу анҳо) келади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) уни қоронғи тунда кузатишга чиққанларида, у ердан ўтиб кетаётган бир гуруҳ саҳобалар салом беришади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга София онамизни (розийаллоҳу анҳо) кўрсатиб: “Бу хотиним Софиядур”, дейдилар. Саҳобалар ҳайратга тушиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бизни сиз ҳақингизда ёмон ўйлашдан Аллоҳ сақласин”, дейишганида у зот: “Шайтон одамнинг қон томирларида юрувчидир, ким ҳам унинг васвасидан омонда бўлиши мумкин”, дейдилар.
Кўп фитна-фасод инсон ичидаги ёмон ўй-хаёллар асосида пайдо бўлади. Демак, доимо тўғри фикрда бўлиш ва яхши ният қилиш лозим. Шунда қалб хотиржам тортади, кўнгилни илиқлик эгаллайди ва ҳар иш, ҳар ҳолатдан одам яхши ибрат оладиган бўлади.
Зокиржон ШАРИФОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
7 саволга 7 жавоб: Намоз амаллари
1-савол: Намоздан сўнг нима деб дуо қилиш керак?
Жавоб: Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Парвардигорим, мени, бандаларингни жамлайдиган, тирилтирадиган кунда азобингдан сақла!”, деб дуо қилар эканлар (Имом Муслим ривояти).
Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар намоздан сўнг: “Эй Аллоҳ! Сен ато қилган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Ҳаракат, ғайрат ҳам, буюклик ҳам Сендандир!”, деб дуо қилганлар (Имом Бухорий, Аҳмад ва Муслим).
Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муъоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)га ҳар бир намоздан сўнг: “Аллоҳумма Рабби, аъинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик”, деб дуо қилишни ўргатганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).
2-савол: Намозга ният қилишда ракаатлар ададини ҳам айтиш керакми?
Жавоб: Намоз ниятида ракатлари сонини айтиш шарт эмас. Намознинг ўзини, қайси намозни ўқишини дилдан ўтказиш кифоядир. Зеро, ният дилда бўлади.
3-савол: Боши билан имо-ишора қилиб ҳам намоз ўқий олмаган киши соғайгач, ўқимаган намозларининг қазосини ўтайдими?
Жавоб: Боши билан имо-ишора қилиб ҳам намоз ўқишга қодир бўлмаган киши кўзлари ёки қошлари билан имо-ишора қилиб намоз ўқимайди. Соғайгач ёки касали енгиллагач, қаралади, агар бир кечаю кундуздан ортиқ намоз ўқий олмаган бўлса, қазосини ўқимайди. Агар ундан кам бўлса, қазосини ўтайди.
4-савол: Саждаи саҳв ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: Саждаи саҳв намознинг бирор вожиб амали адашиб тарк этилганида қилинадиган икки саждадир. Саждаи саҳв қилиш учун охирги қаъдада ташаҳҳуддан сўнг (жамоат намозида) ўнг тарафга (ёлғиз ўқувчи икки тарафига) салом берилади ва икки сажда қилинади. Сўнг яна ташаҳҳуд, салавот ва дуолар ўқилиб салом берилади.
5-савол: Имомга иқтидо қилганда “Фотиҳа” ҳамда зам сурани ўқиш мумкин эмаслигини яхши биламиз. Лекин шу ҳақда келган далилларни билмаймиз. Илтимос, шу ҳақда ворид бўлган оят ва ҳадисларни зикр этсангиз.
Жавоб: Қуръони карим Аъроф сурасининг 204-оятида бундай буюрилган:
“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг (намозда) имоми бўлса, имомнинг қироати унинг учун қироатдир”, деб марҳамат қилганлар.
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, имом унга иқтидо қилиниши учун қўйилгандир. Агар (имом) такбир айтса, такбир айтинглар ва агар қироат қилса, жим туринглар”, деганлар.
6-савол: Ҳозирги пайтда кўпчилик масжидларда намоз ўқиётганларнинг олдидан бемалол ўтиб кетиш ёки орқасидаги кишининг намозни тугатишини кутмасдан туриб кетиш ҳоллари учрайди. Шариатимизда бу ҳақда нима дейилган?
Жавоб: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Агар одамлар намоз ўқиётганнинг олдидан ўтиш қандай катта гуноҳ эканлигини билганларида эди, 40 (кун ёки 40 ой ёки 40 йил) бўлса ҳам кутар эдилар”, деб марҳамат қилган эканлар (Муттафақун алайҳ). Пайғамбаримиз мазкур ҳадисларида 40 сонини тилга олганлар, холос. Уламолар эса 40 сонини 40 кун, 40 ой ёки 40 йил деб таъвил қилишган.
Пайғамбаримизнинг 40 лафзини ишлатишлари ушбу гуноҳнинг оғир эканлигига далолатдир ҳамда уни қиладиган одамлар учун етарли қайтариқдир.
7-савол: Оёқ остига тўшаладиган гилам ва намат устида намоз ўқиш, саждаи тиловат қилиш мумкинми?
Жавоб: Агар тоза, нажосат тегмаган бўлса, мумкин. Чунки жойнамоз нажосатдан пок бўлиши шарт.
Ушбу мақола Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг
“Сўраган эдингиз” китоблари асосида тайёрланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Яхши ният ва эзгу амал – жаннатга йўл
Яхши ният ва эзгу амаллар соҳибини жаннат сари етакловчи ишлар экани маълум. Инсон ниятини тўғри қилса, нафсини турли ёмонликлардан покласа, албатта, у дунё ва охиратда бахтлилар қаторида бўлади. Аллоҳ таоло: “(Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс, 9). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: «Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан».
Нафсни поклаш Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқиб гуноҳлардан тийилиш, имонни қувватлантирадиган амалларда давомли бўлиш ва Ундан мағфират сўраб, ихлос билан тавба қилиш билан бўлади. Гуноҳлардан тийилмаган банданинг қалби хотиржам бўлолмайди ва ибодати ҳам ҳаловатсиз кечади. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай насиҳат қилади: «Дунёга ҳирс қўйишдан қалбда зулмат пайдо бўлди. Аллоҳ таоло ғазабидан қўрқув, қаноат, Қуръони каримга амал қилиш ва охиратга тайёргарлик кўриш каби амаллар у (зулмат)ни тарқатиб юборади».
Шубҳасиз, Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқув инсонни камтарин, сабрли, амалларда, Яратганни кўрмаса ҳам, У кўриб турганини ҳис этадиган қилиб қўяди. Ҳадисда: «Аллоҳ таолони кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўради» (Имом Муслим ривояти), дейилган. Донишмандлар, Ҳақ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар сонияда назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган.
Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: «Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл, 128), дейилган.
Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмаган, қўли ва тили билан бошқаларга зарарсиз, ёмон сўз ва ишларни қилмайдиган, ибодатларда ғайратли бўлмоғи лозим. Қийинчилик ва кенглик кунларида ҳам сахий, қалби кенг бўлиш қўрқувнинг белгиси, деб баён қилинган. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишиларнинг ҳурматлиси ким, деб сўрашганида, у зот: «Улардан энг тақволиси», деб айтганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар, жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (Насафий тафсири, 1 жилд, 182 бет), дейди. Демак, жаннатга эришишнинг энг осон йўли эзгу ният ва яхши амаллар бўлади. Шунда нафс ҳам покланади ва инсон нажот топади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бир ҳадис шарҳи: Ҳаммамиз Унга муҳтожмиз
Абу Зарр Ғифорийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Эй бандаларим! Мен ситамни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирларингизга ситам қилманглар.
Эй бандаларим! Мен тўғри йўлга йўллаганлардан бошқа ҳаммангиз адашгансиз. Мендан тўғри йўлни сўранглар, сизларни тўғри йўлга йўллайман.
Эй бандаларим! Мен ризқлантирганлардан бошқа барчангиз очсиз. Мендан ризқ сўранглар, сизларни тўйдираман.
Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқангиз яланғочсиз. Мендан кийим сўранглар, кийим бераман.
Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен барча гуноҳларни кечиргувчиман. Мендан гуноҳларингизни кечиришимни сўранглар, гуноҳларингизни кечираман.
Эй бандаларим! Менга зарар етказа олмайсиз, чунки зарарингиз етадиган даражада эмассиз. Менга фойда келтира олмайсиз, чунки фойда келтирадиган мавқеда эмассиз.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлса ҳам, мулкимни асло кўпайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг фожир одамдек бўлса ҳам, мулкимдан бир нарсани камайтирмайди.
Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳамма бир майдонга тўпланиб, Мендан сўраса, ҳар бир инсонга сўраганини берсам, мулким денгизга ботириб чиқарилган игнанинг учидаги сувчалик ҳам камаймайди.
Эй бандаларим! Амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликка эргашса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!” (Имом Муслим, Имом Термизий).
Шарҳ: Бу қудсий ҳадис ҳар биримиз билишимиз керак бўлган масалаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Унинг шарҳига бағишланган махсус китоблар ҳам ёзилган. Абу Идрис Ҳавлоний ушбу ҳадисга чуқур эҳтиром кўрсатиб ривоят қилган.
“Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо, 40).
Бутун коинот Аллоҳ таолога тегишли. Унинг бирор шериги йўқ. У ўз мулкини истаганича тасарруф қилади.
Аллоҳ таоло ситамни бандаларига ҳам ҳаром қилган. Зеро ситам бор жойда адолат бўлмайди. Адолат бўлмаган жойда парокандалик, бузуқлик авж олади. Осойишталик йўқолади.
Ҳадисда “ҳаммангиз адашгансиз” дейилиши, инсон табиатидаги шаҳват, роҳатга муккасидан кетиш каби майлларни ўз ҳолига қўйса, адашиб кетишига ишорадир. Бу майлларни фақат Аллоҳ таолонинг инояти билан жиловлаш мумкин.
Аллоҳ таоло барча жонзотнинг ризқини белгилаб қўйган. У денгиз остидаги мавжудотга ҳам, тошнинг орасидаги жониворга ҳам ризқини етказиб туради. Ҳеч ким У белгилаб қўйган ризқдан ошиқ бир луқма ҳам тановул қилолмайди.
Ризқ деганда фақат ейиш-ичишга ярайдиган нарсалар кўзда тутилмайди. Балки кийим-кечак, уй-жой ва инсоннинг яшаши учун лозим бўлган барча воситалар ҳам ризқдир.
Банда билиб-билмай адашади, гуноҳ қилади. Адашганини ва гуноҳларини бўйнига олиб, тавба қилса, Яратган кечиради. Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи, хатоларни беркитувчидир. «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта, У Мағфиратли ва Раҳмлидир”» (Зумар, 53).
Аллоҳ таоло Сомаддир, яъни бутун мавжудот ҳожатларини раво қилишини тилаб Унга ёлворади. Унинг тенги, ҳожати йўқдир, нуқсонсиздир. Ҳар лаҳзада саноқсиз нарсаларга муҳтож бўлган инс ва жин Унга зарар ҳам, фойда ҳам етказишга асло қодир бўлолмайди. Инсонлар ва жинлар яхши амал, тоат қилишса, азобдан қутилишади. Ёмон ишлар қилиб, гуноҳкор бўлишса, азобга учрайдилар. Қилган амалларининг барчаси ўзларига фойда ё зарардир. Аллоҳ таоло меҳрибонлигидан уларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюрган.
Банда нима сўраса, тиласа Аллоҳ таолодан сўраши, тилаши керак. Ҳадисда шундай амр қилинган. Чунки барча мулк Уникидир. Денгиз суви Аллоҳ таоло мулки қатрасининг қатрасидир.
Киши эришган ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолонинг фазлидир. Ёмонликка дуч келса қилмишидандир. Буни яхши англамаган кимсалар адашади. Яхшиликни ўзидан деб билган кибр ва манманликка берилади. Ёмонликни ўзидан кўрмаган кимса ўзини тузатиш, ўнгланиш ўрнига атрофидагиларни танқид қилиш, ўзи яшаб турган жамият қонун-қоидасидан норозилик каби иллатлар чоҳига тушиб қолади. Бу икки ҳолатдан ҳам Аллоҳ таоло асрасин!
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
тайёрлади.