Рамазон-2018

Рамазонда  қуръон тиловати ва карамли бўлиш

Бандаларига Рамазон рўзасини фарз қилган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига рўза тутишни ўргатиб, таълим берган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримни набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муборак рамазон ойида нозил қилди.Унда қалблар шифоси, иймон озуқаси, Аллоҳ ва бандани боғлаб турувчи ришта бордир. Аллоҳ таоло айтади:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Рамазон ойики -  одамлар учун ҳидоят ва тўғри йўл хамда ажрим этувчи хужжатлардан иборат  Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса , бас, рўзасини тутсин[1]1.

 Рамазон ойи “Қуръон ойи” деб аталади. Унда Қуръонга бўлган аҳамият: тиловат қилиш, ёд олиш, маъноларини тушуниб етиш тобора ортади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алауҳи васаллам ҳар йили Рамазон ойида Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб ўтказар эдилар. Саҳобалар ҳам Рамазонда Қуръонни хатмқилишга қаттиқ киришардилар, баъзилари уч кечада хатм қилса, баъзилари етти кечада хатм қилар яна бошқалари ўн кечада Қуръонни хатм қилишарди. Улар Қуръонни кечаси-ю кундузи, ҳоҳ намозда, ҳоҳ намоздан ташқари бўлсин тиловат қилишар эди.

 Имом Молик  роҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кириши билан барча илм китобларини ёпиб фақат Қуръонга шўнғиб кетар эдилар, Имом Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ эса: бу фақат Қуръон ўқиш ва таом улашиш ойи деб бир ой давомида фақат шу икки ибодат билан машғул бўлардилар. Имом Заҳабийдан ривоят қилинишича Имом Шофеъий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эканлар. Қандай қилиб дейсизми? Чунки улар Қуръондан бошқа барча нарсани тарк қилишарди.

 Рамазон ойида фарз ибодатларнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади, нафл ибодатларнинг савоби эса фарз ибодати савобига тенглаштирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса унга битта савоб бўлади, битта савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади, мен: Алиф, Лом, Мим битта         ҳарф демайман, лекин Алиф ҳарф, Лом ҳарф ва Мим алоҳида ҳарфдир”. Энди ушбу муборак ойда қилинган Қуръон тиловатидан ҳосил бўлувчи савобни бир ҳисоблаб кўрайликчи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича: Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандага шафоатчи бўлар экан. Демак, Рамазон ойида  иложи борича беҳуда ишларни тарк қилиш ва Қуръон ўқишга катта аҳамият бериш лозим экан.

 Рамазонда карамли бўлиш. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнингэнг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча У зотнинг ҳузурларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилиб (ўқиб берар) эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида энг карамлиси эдилар: ҳоҳ илм бериш бўлсин, ҳоҳ Аллоҳ йўлида нафсни фидо қилиш бўлсин, ҳоҳ мол сарфлаш билан бўлсин, ҳоҳ очни тўйдириш билан бўлсин,  ҳоҳ ҳожатини чиқариш билан бўлсин, барча соҳада инсонларнинг энг сахийси эдилар. Айниқса Рамазон ойида яна ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Яна баъзи ривоятларда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда саховат борасида эсган шамолдан ҳам ўзиб кетишлари зикр қилинган.

Имом Термизийнинг ҳадис тўпламларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинган садақадир» дейилган. Юқорида зикр қилганимиздек, Рамазонда қилинган ҳайрли ишларнинг савоби икки баробар кўпайтириб берилади. Демак,  Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева–бечора, етим-есир, мискин ва муҳтожларга ҳайр эҳсон қилишимиз лозим экан.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом билим юрти мударрисаси

Мухлиса Қодирова

Read 57144 times
Top