muslim.uz

muslim.uz

2017 йилнинг 21 март куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра XI босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 70 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари в.б. И.Иномов, Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зухриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши ҳамда қадимий ва миллий байрам “Наврўз” билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Шунингдек, юртимиздаги диний соҳда эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида биринчи Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан жойларда катта-катта масжидлар, азиз-авлиёларимизнинг абадий қўним топган табаррук қадамжолари таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилгани таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йилда мазкур дастурга асосан юртимизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича  маълумотлар берилди.

Бугунги кунда диёримиз масжидлари дунёдаги энг нуфузли масжидлар қаторида замон талабларига тўла мос жавоб бераётгани фахр билан эсга олинди. Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан имом хатиблар фаолиятини, уларнинг турмуш даражаларини янада яхшилаш мақсадида, турли хайрли тадбирлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирдаги фитна-фасод тарқатиб юрган айрим экстремистик гуруҳлар фитнасидан доимо огоҳ бўлиш ва шу билан бирга жойларда ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, тадбирларда бу манфур оқимларнинг бузғунчи ғояларини очиб ташлаш лозимлиги таъкидланди.

22 март куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуидаги маърузани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари в.б. Иброҳим Иномов олиб борди.

Марказда тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари, ётоқхонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар мавжуд. Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун етарли шароитлар ташкил этилган.

 II давра XI босқич тингловчиларининг дастлабки машғулотлари кўтаринки кайфиятда бошланди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни дунёдаги ягона нажот – илму-маърифатга, касб-ҳунарга тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди имом-хатиби Мансурхон Даминов 2017 йилнинг 19 март куни Юнусобод туманида жойлашган “Мирзо Улуғбек”, “Адолат”, “Ғайратий” маҳаллаларидаги хонадонларда бўлиб,  ота-оналар, ўқувчи-фарзандлар билан суҳбат ўтказди.

Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли, бўлишининг муҳим омили – илмга эътибор эканини таъкидлади. Шунингдек, Мансурхон Даминов баъзи ёшларнинг таълимга эътиборсиз муносабатда бўлиб, ўқишга бормаслиги ачинарли ҳолат эканини урғулади. Ота-оналар ўз фарзандининг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига масъул эканини, дарс вақтида беҳуда ишларга чалғимай бор диққат-эътиборини ўқишга жалб этишга қаратиб ўтди.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз қўл остидагига масъулдир. Имом ҳам бошлиқдир. У қавмига масъулдир. Эр киши ўз аҳлига бошлиқдир. У аҳлига масъулдир. Аёл киши эрининг уйида бошлиқдир. У болаларига масъулдир», дея марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Суҳбат асносида имом-хатиб янги чоп этилган маърифий ва бадиий адабиётлардан совға қилди.

Бундай хайрли ташрифдан мамнун бўлганлар, кўрсатилаётган маънавий эътибордан диллар шод бўлгани, ёшларимиз келажаги китобга ошно тутиниш билан нурафшон бўлишини билдириб қолдилар.

Улкан сўз санъаткори, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганларидек: “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир”.

الأربعاء, 22 آذار/مارس 2017 00:00

Куфий ёзувли Қуръон ва Каъба калити

 

Миср пойтахти Қоҳира ислом музейида Каъбатуллоҳ калити ва куфий хатида ёзилган Қуръони карим сақланмоқда. Музей директори Аҳмад ал-Шавқий: “Бу музейда ўнлаб бадиий, тарихий экспонатлар мавжуд. Уларнинг ичидаги энг қадимийси ва қимматбаҳоси Каъбатуллоҳ калити ва Умавийлар даврига тегишли бўлган куфий ёзувидаги Қуръони каримдир”, деди.

Ҳижрий II асрга тегишли Қуръони карим

“Ушбу Қуръон ҳижрий II аср, милодий VIII асрга оид бўлиб, қизил юлдузча қўйилган шартли белгили билан ёзилган энг қадимги Қуръони каримдир. Қуръон кийик терисига, қора сиёҳда, куфий хатида ёзилган”, деди Аҳмад аш-Шавқий. 

Қоҳира ислом музейи раҳбарининг айтишича, ушбу Қуръон 2014 йилда бўлиб ўтган қўпорувчиликда омон қолган.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил музей яқинида жойлашган полиция идорасида портлаш содир этилган. Портлаш айнан куфий ёзувидаги Қуръон сақланадиган бўлим эшиги яқинида юз берган эди.

Ҳижрий 8 асрга оид Каъбатуллоҳ калити

Ушбу калит энг қадимги калит бўлиб, у вақтда мамлуклар ҳукмронлик қилган. Ўша замонларда калитлар мис ва кумушдан ясалган. Калитда насх ёзувида ўйиб ёзилган оятлар ҳамда султон Ашраф Шаабоннинг исми ва тахаллуси бор.


М.ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими

الإثنين, 20 آذار/مارس 2017 00:00

Энг яхши совға...

Фарзанд тарбиясида ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳаза талаб қилинади. Боланинг феъл-атворини синчковлик билан ўрганиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, иншааллоҳ, кўзланган мақсадга эришилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот  (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг”(Ибн Можа ривояти), деб биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Насиҳатларига амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот (алайҳиссалом) болаларга салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу)яни бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар.

Болага ёлғон гапирманг ва уни алдаманг, чунки сиз унга намунасиз. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу бундай ҳикояни қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарда унга бирор бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар”.

Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деб марҳамат қилганлар (Табароний ривояти).

Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўшнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”.

Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасида энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак.

Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Юртимизда ота-оналарга бу борада ёрдамчи бўла оладиган диний-марифий, касб-ҳунар ва спорт ташкилотлари бисёр. Улардан унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда.

“Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21 оят).

Аллоҳ таоло барчамизга ана шу бахтини насиб айласин!    

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

Ватанимиз мустақилликка эришганидан кейин юртимизда барча соҳаларда тубдан ислоҳотлар олиб борилди. Бошқа соҳалар каби диний соҳага ҳам катта эътибор қаратилди. Қадамжолар тикланди, қайта таъмирдан чиқарилди, янги масжидлар барпо этилди, диний ўқув юртлари қайта таъмирланди. Бу ҳаракатлар тўхтамай изчиллик билан давом этмоқда. 
Истиқлол шарофати ила давлатимиз томонидан ислом динига мансуб фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш ишларига ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, 2006 йил август ойида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Фармонига мувофиқ “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши” тузилгани, ҳар йили муқаддас ҳаж ва умра сафарига бораётган зиёратчиларимизга сафар билан боғлиқ виза ҳужжатлари, авиачипталарни расмийлаштириш, Саудия Арабистонидаги шароитлар, меҳмонхона ва бошқа масалаларда мутасадди ташкилотлар билан уюшқоқликда амалга оширилмоқда. 
Шунингдек, яна бир катта ўзгаришлардан бири, ота-боболаримиз, она-момоларимиз орзу қилиб келган ҳаж ва умра зиёратларини амалга ошириш учун фуқароларимизнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигига бориб келишлари, эмин эркин ибодатларини амалга оширишларига кенг йўл очилди. Тарихдан маълумки, бутун Иттифоқ бўйича 25 киши, Ўзбекистондан эса 3 ёки 5 киши борган бўлса, сўнги йилларда Ҳаж зиёратига 5200, умра ибодатига эса 6000 дан зиёд зиёратчи борар эди. Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан 2017 йилдан ҳаж зиёратига борувчи зиёратчиларларнинг сони 2000 нафарга оширилиб, жами 7200 нафарни ташкил қилди. Ўзбекистонлик зиёратчиларининг яшашлари учун Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида қулай шарт-шароитларга эга меҳмонхоналар ижарага олинган. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилидан бугунги кунига қадар жами 100 000 дан зиёд фуқароларимиз ҳаж, 90 000 га яқин фуқароларимиз эса умра сафарига боришга муваффақ бўлдилар. 
Ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш даражаси йилдан йилга кўтарилиб, тажрибаси ошиб бормоқда. Юртимиз зиёратчиларига кўрсатилаётган хизматлар даражаси ҳам юксалмоқда, бунга ўтган йилда яратилган шароитлар мисолига Мадина ва Макка шаҳраларидаги 4 юлдузли меҳмонхона, ҳар бир хонаси қулай мебель, совутгич, телевизорлар билан жиҳозланган. Илғор тажрибасининг анъанаси сифатида шифокорлар гуруҳи  навбатчилик асосида зиёратчиларимизга 24 соат давомида меҳмонхонанинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқдалар. Бунинг учун меҳмонхонанинг алоҳида жойда мини тиббий шифохона ташкил этилади.
Зиёратчиларимизга иссиқ овқат ҳамда иссиқ ва салқин ичимликлар тақдим этиш учун ҳам меҳмонхонада алоҳида ошхона ҳам ташил этилади. Сафар давомида ҳожи ва умрачиларимиз саломатлиги, кайфиятларини назарда тутиб ўзбекистонлик ошпазлар гуруҳи миллий таомларни тайёрлаш мақсадида сафарбар этилади.
Шунингдек, ҳар йил зиёратчиларимиз истаган пайтда Ҳарам масжидига бориш-келишлари учун замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилади. 
Бу йилги умранинг баҳор мавсумида юртдошларимиз Мадина шаҳрида “Мавадда Нур” меҳмонхонасига жойлашяптилар. Меҳмонхона ва масжид оралиғи 100-150 метр масофани ташкил этади. Меҳмонхонада зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, улар  2, 3 ва 4 ўринли хоналарда истиқомат қилмоқдалар. Зиёратчиларимизга 2016-2017 йилларда ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар хизмат кўрсатмоқда. Бу автобуслар зиёратчиларимизни Жидда аэропортидан Мадина шаҳрига, Мадинадан Макка шаҳрига элтиб қўймоқда. Улардаги яратилган шарт-шароитлар хусусан йўловчиларнинг қулайлигини кўзлаган замонавий автоматлаштирилган ўриндиқлар билан биргаликда алоҳида мўлжалланган ҳаво совутгичлар билан таъминланган автобуслар ёшу-қарилар учун манзур бўлмоқда.
Зиёратчилар билан Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналарнинг ички тартиблари ва зиёрат одоблари, йўл ҳаракати қоидалари, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг юк масаласидаги йўриқномалари ва бошқа ташкилий масалалар бўйича гуруҳ раҳбарлари ва ишчи гуруҳи иштирокида ҳар куни йиғилиш ўтказилиб, мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 
Маккаи мукаррама шаҳрида зиёратчилар учун 5 бурждан иборат бўлган “Аброж Кисва” меҳмонхонаси хизмат қилмоқда. Меҳмонхона 4 юлдузли бўлиб, Ҳарамдан 600 метр узоқликда жойлашган. Меҳмонхона фақат ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизмат қилмоқда. 
Меҳмонхонанинг ошхонаси бир вақтнинг ўзида икки минг киши овқатланиш имконини беради. Зиёратчиларимиз учун 1000 кишига мўлжалланган ошхона, эркаклар учун алоҳида ва аёллар учун алоҳида масжидлар ташкил этилган. 
Зиёратчиларимизнинг саломатлигини назорат қилиш, уларга зарур пайтда тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида анъанага кўра меҳмонхонанинг ўзида тиббий пункт кечаю кундуз  хизмат қилиб келмоқда.  Зиёратчиларга қулайликлар яратиш, уларнинг шарт-шароитларидан доимий равишда хабар олиш ва беминнат хизмат кўрсатиш мақсадида Ишчи гуруҳи штаби ҳам ташкил этилган.  Хоналар шинам 3 ва 4 кишига мўлжалланган.
Ҳар йили Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг ҳаж делегация таркибида Саудия Арабистонига ташрифи чоғида ўзбекистонлик зиёратчилар тартиб билан келиб кетаётгани САП Ҳаж вазирлиги томонидан бир неча бор эътироф этилиб келмоқда. Ҳар йили ўзбекистонлик Ишчи гуруҳи Ҳаж вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланганини ҳамда “Ҳаж-2016” ишчи гуруҳини энг яхши ишчи гуруҳи деб эътироф этилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли.
Бугунги кунда САПда ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 1380 нафари  Мадина ва Макка шаҳарларида эмин-эркин ибодатларини амалга ошириб турибдилар. 

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

Top