muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 11 كانون2/يناير 2018 00:00

Силаи раҳм

Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда «силаи раҳм» дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди.

Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).

Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.

Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.

Қавм-қариндошлар билан алоқани боғлаш имондандир, бу алоқаларни узиш эса кофир-фосиқларга хос хислатдир. Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлар билан боғланиш савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезгина азоб бериб, охиратда ҳам азоб бўладиган гуноҳ қариндошлардан алоқани узишдир»; «Қон-қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди»; «Ким ризқи мўл бўлишини, ажали орқага сурилишини истаса, қариндошлик алоқаларини узмасин»; «Қариндошга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳм ҳисобланади. Уларга икки ажр берилади: бири – қариндошлик ажри, иккинчиси – садақа ажри», дедилар.

Қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар ака-укалар, амаки, тоғалар, холалар, аммалар ва уларнинг фарзандларидир. Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир. Силаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор: 1.Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради. 2.Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган. 3.Силаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар. 4.Силаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор. 5.Иблисга ғам етказиш бор. 6.Силаи раҳмда умр узаяди. 7.Ризқда барака бўлади. 8.Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг силаи раҳмидан мамнун бўладилар. 9.Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади; 10.Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.

Ривоятларда келтирилганидай, ака синглиси ҳолидан хабар олиш учун кетаётганида қаршисидан буғдойзор дала чиқиб қолса, йўлни қисқартириш учун уни пайхонлаб ўтишига ижозат берилганининг ўзи ҳам акаларнинг ўз сингилларига қандай муносабатда бўлишлари кераклигини кўрсатиб турибди.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», деганлар». 

 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг отаси яхши кўрган одамларга силаи раҳм қилиши яхшиликларнинг яхшисидир», деганлар. Изоҳ: ота вафотидан кейин у яхши кўрган кишилар билан алоқани узиб юбормаслик (силаи раҳм) яхшиликнинг энг аълоси, дейилмоқчи.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди», деганлар».

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганлар».

Ким ўзи бой бўлсаю такаббурлик ортидан камбағал қариндошларидан алоқасини узса, уларга хайр-эҳсон қилмаса, Яратганнинг ғазабига учраб, мукофотидан маҳрум бўлади. Фақат тавба қилиб, эҳсонини кўпайтирса ва уларнинг кўнглини олсагина гуноҳи кечирилади. Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун ва ёмон ўлимдан сақланиш сабабларидандир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

الخميس, 11 كانون2/يناير 2018 00:00

ستدرس حضارة بخارا في لندن

سيقام مؤتمر دولي رابع للحفاظ على المعالم الإسلامية الأثرية العالمية في لندن بمبادرة كلية الشرق وإفريقيا لجامعة لندن
وسيجري المؤتمر في 3 فبراير في مبنى معهد المعالم الأثرية لجامعة لندن وسيتم نقاش مواضيع البحوث الجديدة حول المعالم الأثرية في العالم الإسلامي.
ويحتوي جدول أعمال المؤتمر على الممواضيع التالية:
1) تأثير الإسلام على الحياة الاجتماعية في العصور الوسطى
2) المعالم الأثرية في مدينة بصرة في العصر الأول من تاريخ الإسلام
3) تاريخ الحضارة في بخارا
4) المعالم الإسلامية في جزر ملديف
5) الجدران الزجاجية في مدينة سمرا
6) تاريخ المعالم التاريخية في القاهرة الراجعة إلى العصر المملوكي
خدمة الإعلام لإدارة مسلمي أوزبكستان

الخميس, 11 كانون2/يناير 2018 00:00

“Садриддин ҳам бухорога айлангандир”

Хотира

У илк шеърини бутун вужуди билан ҳайқириб, юрагини тўлдириб, фахр ва меҳр билан Минораи Калонга айтди. Бу шеър садолари Лабиҳовузга ҳам етиб келди. Қадим Бухоро кўчалари бу ўтли мисралардан ёришиб кетди: 

Ҳар бир ғунча аввал менинг  юрагимда гуллайди,

Кейин гулга бурканади баҳор келиб кенг жаҳон.

Тонгда олам аввал менинг юрагимда куйлайди,

Мен шоирман, онажон... 

Онаси қайта-қайта дуолар қилиб, шеърни кўзларига суриб, унга “оқ йўл” тилади. Лабиҳовузнинг кекса тутлари ҳам бу қутлуғ дуога қўшилдилар. У ҳайрат тўла кўзлари билан ҳовузга узоқ термулди. Хаёлига шундай мисралар қуйилди: “Ҳовуз бетидаги ажинлар аждодларим дардларимикин?”

Айниқса, онасининг “Ўзга ерларда осмондан нур ёғилса, Бухоро еридан осмон нур эмар экан”, деган ҳикматли сўзлари унинг қалбидан мустаҳкам ўрин олди. У ана шу муборак нурнинг абадий ошноси бўлиб қолди. Қалбига Бухоро меҳрини солди, Бухоро мавзуини муҳрлади. Бухоро заминидан ҳамиша ҳикмат излади. Шу боис қалби ёришиб, ўзи ҳам, қалами ҳам чархланиб борди. 

Бухоро тунлари сернур, пурзиё,

Заминдан осмонга гоҳо сузар нур... 

Садриддин Салим шўролар давридаги Бухорони кўриб куюнди, юраги йиғлади. Устоз Неъмат Аминов билан матбуотда “Бухорони қутқаринг!” деб бонг уриб чиқишди. Бухоронинг бу икки забардаст фарзанди она шаҳарларини қутқариш, тарихий ёдгорликларни тезроқ таъмирлаш масаласида қайта-қайта чиқиш қилишди.

Мустабид тузум даврида фақат одамлар эмас, балки шаҳарлар ҳам, юртлар ҳам қатағонга учради. Қадимдан илм-фан маркази бўлган, улуғ алломалар юрти Бухоронинг тарихий ёдгорликлари ҳам қатағон сабаб ташландиқ аҳволда эди. Бухородаги бундай оғир манзараларни кўриб, юраги йиғлаганлардан бири, шубҳасиз, шоир Садриддин Салим бўлди.

Ўша йиллари Хожа Баҳоуддин Нақшбандни зиёрат қилмоқчи бўлганлар яширинча бориб келишарди. Садриддин Салим ўша мураккаб даврларда ҳам бу улуғ зиёратгоҳдан қадамини узгани йўқ. Садриддин Салим Ватан мустақиллигини катта қувонч ва кўзда севинч ёшлари билан кутиб олди. У мустақиллигимизнинг илк кунларида қувонч билан ушбу ёниқ мисраларни ёзди: 

Ватан фахрим, Ватан ғурурим,

Унинг шони – шонимдир, илло!

Она Ватан бахтим, сурурим,

Мустақилмиз, алҳамдулиллоҳ! 

Мустақиллик туфайли орзу-армонлари ушалганидан бениҳоя хурсанд бўлган Садриддин Салим “Бухорога Бухоро келди” шеърлар туркумини яратди. Унинг ёниб ёзганларининг шеърхонлар қайта-қайта такрорлаб, давраларда айтиб юрадиган бўлишди: 

Бухорога нур-зиё келди,

Имон келди, шарм-ҳаё келди.

Бухорони зулмат этди тарк,

Бухорога Бухоро келди... 

Ёки: 

Ким сени ёр этди, ёр бўлди оқибат,

Ким сени зор этди, зор бўлди оқибат.

Эй Бухоро, бу не ҳикматдир, ажаб,

Ким сени хор этди, хор бўлди оқибат. 

Мустақиллик шоирнинг илҳомига илҳом қўшди, журъатига журъат, ғайратига ғайрат бағишлади. Кўз ўнгимизда гўё Садриддин Салим қайта туғилиб, қайта ижод қилаётгандай бўлди. У ижодий фаолиятини ва илмини, умрини Бухорога бағишлади. Бухоро билан ҳамнафас яшади. Унинг сўнгги йигирма йиллик ижоди ва ҳаёти бевосита Бухоро билан, Бухорода рўй берган улкан ўзгаришлар, ободончилик ва улкан бунёдкорлик ишлари билан бевосита боғлиқдир.

У энди оддий шоир Садриддин Салим эмас, балки исм-шарифига Бухорий тахаллусини ҳам қўшиб олган эди. Энди у ҳам буюк Бухорийлар каби Бухорони севиш, Бухорони озод ва обод қилишга бел боғлаган чинакам фидойилардан эди. Бухорийлар каби маърифатпарварлик йўлини танлади.

Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Бухорода бошланган улкан ўзгаришлар, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини таъмирлаш, қайта қуриш ишларида Садриддин Салим олдинги сафда бўлди. У унутилган тарихий жойлар, номларни тиклашда жонбозлик кўрсатди. Унинг журъатли қадамлари тегмаган Бухоро маҳалласи, гузари ва кўчалари қолмаган. Айниқса, ёдгорликлар тарихини, бухоролик авлиёлар ҳаётини изчил ўрганди. Махсус илмий экспедицияга бош бўлиб, Бухоро атрофидаги ҳамда Навоий вилоятидаги тарихий-маданий ёдгорликлар, қадамжолар тарихини тадқиқ этди, улар ҳақида  туркум мақолалар, китоблар ёзди.

У тасниф этган “Дилда ёр”, “Табаррук зиёратгоҳлар”, “Ҳазрати Азизон Рометаний”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир”, “Чор Бакр ёки Жўйбор авлиёлари”, “Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний”, “Авлиё шоҳ Ахсавий Файзиободий Бухорий”, “Хожаи Жаҳоним бор”, “Икки юз етмиш етти пир” номли китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаётир. Шунингдек, Садриддин Салим Бухорий сценарийси асосида беш қисмдан иборат “Имом Бухорий” видеофилми, “Абу Ҳафс Кабир”, “Хожаи Жаҳон” телефилмлари суратга олинган.

У Бухорога келган меҳмонларга кундан-кун обод бўлаётган,  гўзаллашиб бораётган шаҳар, унинг тарихи ҳақида, қадимий ёдгорликлар тўғрисида соатлаб мароқ билан гапирарди. У Бухорони таъриф-тавсиф этишдан асло чарчамасди.

– Бу тарихий воқеа умрбод қалбимда яшайди, – дейди шоирнинг яқин дўсти таниқли олим Самад Азимов. – 2010 йил 30 августда Бухоро шаҳрида “Қадимий ва боқий Бухоро” мажмуасининг очилиш маросими бўлди. Унда  қатнашган муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов улкан мажмуанинг бунёд этилишида сидқидилдан хизмат қилганларни эслаб, жумладан, Сад­риддин Салим Бухорийнинг ҳам номини тилга олиб, бу улкан ишларда унинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаганларида, биз, бухороликларнинг қалбимиз бу меҳрли сўзлардан янада ёришиб кетди. Аслида бу Садриддин Салим фаолиятига берилган энг юксак баҳо бўлди. Садриддин Салим Бухорий “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.

Садриддин Салим Бухорий 1972 йили Бухоро Давлат университетининг чет тиллар факультетини битириб, умрининг охиригача ушбу илм даргоҳида самарали ва ҳалол ишлади. Юзлаб шогирдлар етиштирди. Умрини эзгу, хайрли ва ибратли ишларга бағишлади. Шоир бир умр Бухоронинг Чўпбоз гузарида яшади.

У 2010 йил 10 мартда 64 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижоди уйи Садриддин Салим Бухорийнинг “Ҳикматдир дунё” сайланмасини чоп этди. Шоир ушбу сайланмани ўзи тайёрлаган эди. Афсус, китобни кўриш унга насиб этмади. Ушбу китобни ўқиб чиққач, шоир ижодининг янги-янги саҳифаларини кашф этасиз, самимий шеър мухлисига айланасиз. Китобга филология фанлари доктори Нажмиддин Комилов сўзбоши ёзган. Сайланманинг биринчи қисми – “Бухорога Бухоро келди” шоирнинг турли китобларига кирган ва янги шеърларидан иборат. “Шариф манзаралар” бўлимида қадим Бухоро тарихи билан бирга мустақиллик йилларида Бухорода амалга оширилган улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Таржималар” бўлимидан шоир таржималари ўрин олган. Айниқса, немис мутафаккири Ҳётенинг “Ғарбу Шарқ девони”ни немисчадан ўгиргани эътиборлидир. “Етти авлиё” бўлимида улуғ авлиёлар ҳақидаги теран мақолалар жамланган. Китобнинг ҳар бир боби, бўлими завқ билан ўқилади. Китобдан ўрин олган катта-кичик асарлар мазмун-моҳияти билан ёш авлод баркамол инсонлар бўлиб вояга етишувида катта аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу китоб ёшларга “Ҳар қаричи муқаддас, ҳар тоши зиёратгоҳ, Сени севмай бўлурми, эй авлиё Ватаним!” деб Ватанни Садриддин Салимдек юракдан севиш, ардоқлаш ва уни ҳамиша кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан бебаҳо сабоқлар беради. У бизга Бухорони севиш билан бирга Ўзбекистонни севишни ўргатади. Зеро, шоир Бухоронинг, мустақил Ватаннинг чинакам дилбанди эди. Ўзи ёзганидек: 

Мени излаб мозорларга борманг зинҳор,

Қалб риштаси шу Ватанга бойлангандир.

Бухорога келиб қаранг такрор-такрор,

Садриддин ҳам Бухорога айлангандир.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Кексайиб қолган бўлсам-да, вақтли матбуотни, янги чиққан китобларни ўқиб бораман. Матбуот саҳифаларида ҳозирги китобхонлик ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилмоқда. Жумладан, “Боланинг бир қўлида нон, бир қўлида китоб бўлсин” (“Ҳидоят”),  “Болангизга китоб олиб беринг” (“Ишонч”), “Китоб ўқийсизми, биродар?”(“Марказий Фарғона”) мақолалари бугуннинг муаммоси – китоб ўқимасликнинг салбий оқибатларидан огоҳ этади.

Яхши китоб одамнинг насиҳатгўйи. Шу сабаб халқ эртак ва достонларини ўқиб катта бўлган бола қалбида сахийлик, олижаноблик, она Ватанга муҳаббат туйғулари улғайиб боради. Боланинг хулқи, яхшилик ва ёмонлик тушунчалари, ота-она, сўнг китоб мутолаа қилиш таъсирида шаклланади. Лекин ота-она ўзи ўқимаса, боласига китоб совға қилишни билмаса, мактаб кутубхонасидан унга мос китоблар топиб бермаса, тақдири нима бўлади? Ёши катталар, ота-оналар улар тарбиясига бефарқ бўлмасдан, унга байрамларда қимматбаҳо кийимлар, телефон ўрнига, китоб энг яхши совға эканини англата олсак, боламизнинг ҳаётга илк қадамларини тўғри қўйишида кўмакдош бўламиз. Қайси замон ва маконда яшамайлик, китобнинг ўрни бошқача. Ундан олинадиган маънавий завқ ва бой тасаввур ўрнини ҳеч нарса тўлдиролмайди.

 

Нурмат ҲАЙДАРОВ,

Ёзёвон

ЎМИ Матбуот хизмати

“MINA” ахборот агентлигининг хабарига кўра, индонезиялик профессор Ирванди Жасвир 10 январь куни Саудия Арабистонида Исломга хизмати учун Қирол Файсал халқаро мукофоти билан тақдирланган. 

Мукофотнинг тақдирлаш маросими Саудия Арабистони пойтахти Ар Риёдда бўлиб ўтган. 

Профессор Ирванди Жасвирнинг “Ҳалол илм-фан”га қўшган ҳиссаси, ҳалол таомларни тадқиқ қилишда янги услублар устида олиб борган изланишлари учун ушбу мукофотга лойиқ деб топилгани маълум қилинган. 

Жасвир маҳсулот таркибидаги ҳалол бўлмаган моддаларни тез фурсатларда аниқлаш технологиясини ривожлантирган. У яратган ускана маҳсулот таркибидаги спирт ва чўчқа гўштини бир неча сонияда аниқлайди. 

Маълумот учун, Исломга хизмати учун Қирол Файсал халқаро мукофоти 1979 йилда таъсис этилган бўлиб, Ислом тадқиқотлари, Араб тили ва адабиёти, тиббиёт ва фан йўналишларида муваффақиятга эришган шахслар тақдирланадилар. 

Ислом тадқиқотлари соҳасида мукофот иорданиялик олим Башар Аввадга берилди. 

Араб тили ва адабиёти йўналишида мукофотга тунислик профессор Чокри Мабҳут муносиб деб топилган. 

Тиббиёт соҳасидаги мукофот Жеймс Аллисонга берилган. У саратон иммунотерапияси соҳасида муваффақиятга эришган.

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top