muslim.uz
КИМНИНГ ГАП-СЎЗИ КЎПАЙСА...
“Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган одам қўшнисига озор бермасин. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган одам меҳмонини иззат қилсин. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган одам ё яхши гап гапирсин ё сукут сақласин” (Имом Бухорий ривояти).
Тил – инсонга берилган улуғ неъмат. Ундан фойдали яхши сўз ҳам, зарарли ёмон сўз ҳам чиқади. Ҳар бир неъматнинг исрофи бўлганидек, сўзнинг ҳам исрофи бор. Фойдаси бўлса-бўлмаса оғзига келганини гапиравериш инсоний одобга тўғри келмайди. Сўзга эътиборсиз кишини ҳеч ким ёқтирмайди, ундан узоқроқ юришни ўйлайди. Яхши биламизки, бир оғиз ширин сўз қалбга сурур ва хурсандлик бағишлаб, руҳни кўтарса, ёмон сўз қалбни яралаб, бир умр ўчмайдиган жароҳат қолдириши мумкин. Шунинг учун сўз жароҳати оғир, битмас дейилган. Ақлли ва одобли киши бемаъни, фойдасиз, бировга зарар берадиган гап-сўздан тилини тияди. Алишер Навоий бобомиз “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Вале бори чин ҳам дегулик эмас. Киши сўзда чин сўз деса зебо дурур, неча мухтасар бўлса авло дурур”, дейди. Демак, сўз қанчалик рост ва тўғри бўлса ҳам, уни айтишнинг ўз мавриди бор. Рост ва чин сўзни айтиш гўзал, лекин унинг қисқа ва мухтасар бўлиши янада аъло. Халқимизнинг “Гапнинг ози яхши, майизнинг мағзи”, “Дунёни ел бузар, одамни сўз”, “Ёмон гапнинг қаноти бор” каби мақоллари кўп асрлик тажрибадан келиб чиқиб айтилган.
Динимизда сўзнинг қудрати ва унга жавобгарликка алоҳида эътибор берилади. Ҳар бир сўзни ўйлаб, фойдали бўлса айтиш, фойдаси бўлмаса, сукут сақлашга даъват этилади. Айниқса, ғийбат, бўҳтон, уйдирма, миш-мишлардан худди оловдан қочгандек қочиш кераклиги уқтирилади. Ҳатто туҳмат, бўҳтон ва ғийбат бўлган сўзларга қатъий жазолар ҳам белгилаб қўйилган. Шунинг учун мўмин-мусулмон киши бундай сўзларни тилга олиш у ёқда турсин, қанчалик қизиқ бўлмасин, ҳатто бировдан эшитиш, унга қулоқ тутиш ҳам ўзига зарар эканини яхши англайди. Шу боис улуғ ва донишманд кишилар бўш вақтларини кўпроқ ибодат, фикр-мушоҳада ва сукут билан ўтказганлар. Чунки айтилган ҳар бир сўзга бу дунёдагина эмас, охиратда ҳам ҳисоб беришни унутмаслик керак. Улуғ саҳобий Абу Бакр Сиддиқ кўп гапириб қўймаслик учун оғзига майда тош солиб юрар экан. Улуғ тобеин Урва ибн Хусайм фалаж касалига йўлиқиб, уйидан кўчага чиқа олмай қолса ҳам, таниш-билишлари унинг ҳузурига боришга тортинишар экан. Чунки у зот ҳеч кимга ортиқча гап-сўз айтмас, саволга жавоб берар, аксар ҳолатда сукут ва тоат-ибодат билан машғул бўлар экан. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Тилимдан бошқа узоқ вақт ҳибс этишга лойиқ ҳеч нарса йўқ”, дейди. “Мен эллик йилдан бери узр талаб этадиган бирон калимани тилга олмадим”, дейди Муҳаммад ибн Ҳусайн. Мўмин-мусулмон киши лағв, миш-миш, фаҳш ва ҳақорат сўзларни айтаётган кимсани кўрганда, уни қайтаришга ҳаракат қилади. Чунки оқил ва доно киши ёмон сўзларни тилга олган кишига қўшилиб гуноҳкор бўлиб қолишни истамайди.
Яшаб турган асримизни ахборот асри деб аталаётгани бежиз эмас. Ҳаётимизга шиддат билан кириб келган интернет тармоғи воситалари турли ғаразли маълумотлар ва одоб-ахлоққа таъсир қилувчи зарарли хабарларни ҳам тарқатмоқда. Бундай ёлғон маълумот ва уйдирма хабарлар тинч-осойишта яшаётган кишилар қалбида таҳлика уйғотиб, ваҳима қўзғашдан бошқа нарса эмас.
Донишмандлардан бири: “Жоҳиллар билан ўтирсанг сукут қил, олимлар билан ўтирсанг сукут қил. Жоҳиллар олдида сукут қилиш туфайли ҳилминг ошса, олимлар олдида сукут қилиш туфайли илминг ошади”, дейди. Яна бир донишманд: “Кимнинг гап-сўзи кўпайса, гуноҳи ҳам кўпаяди”, дея огоҳлантиради. Демак, ҳар бир сўзимиз тилдан беихтиёр учмаслиги, ўзимизга ва бошқаларга фойда-зарари ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. “Ҳар бир бало инсонга тилидан етади”, деган нақл бор. Шундай экан, вайсақилик, бемаъни гап-сўздан тийила олсак, инжу ва гавҳарга қиёсланган сўздан фақат фойда кўрамиз.
Бобомурод ЭРАЛИ
Италияда ислом
Италияда ислом. Ана шу иборанинг ўзиёқ эшитган кишини ҳушёрликка чорлайди. Ахир, тасаввур қилинг: бу давлат пойтахтида Рим-Католик Черковининг маркази Ватикан – шаҳар-давлат бор.
Бироқ, келинг, асрлар қаъридаги тарихга назар ташлаймиз. Аён бўлишича, минг йиллардан ҳам олдинроқ ғарбий европадаги бошқа давлатларга қараганда ислом Италияда кенг ёйилган экан. Ўрта асрлардаги араб истилоси даврида Жанубий Италияда ислом дини кенг тарқалган эди. Борий амирлиги жанубий ярим оролда 847 йилдан 871 йилгача мавжуд бўлган. Бундан ташқари, 700 йилдан 1091 йилгача, 400 йил давомида Пантеллерия, Сицилия, Мальта ва бошқа ороллар мусулмонлар назорати остида бўлган ва бу маконлар, гарчанд, кейинчалик аососий аҳолиси насронийлар бўлган бир неча мусулмон князликларига бўлиниб кетган бўлса-да, шартли равишда Сицилия амирлиги деб аталган. Жанубий Италияни норманлар босиб олганидан сўнг мусулмонларнинг бу ердаги давлати барҳам топган. Шундай бўлса ҳам мусулмонларнинг кўплаб жамоалари Сицилияда ХIV асргача сақланиб қолган.
Айнан ўша даврда Сицилия оролида мусулмон Испанияси билан бирга ушбу минтақада ҳозиргача маданияти ва санъатининг изи қолган ислом тараққиёти ташкил топган.
Гўёки тарих саҳифаларига сингиб кетгандек тилсиз гувоҳлар – Палермодаги ажойиб меъморий ёдгорликлар ва оролдаги бошқа шаҳар ва қишлоқлар, уларнинг номлари, манзарали ва амалий санъат асарларининг ёрқин намуналари, Сицилия музейидаги ноёб экспозициялар, араб тилидаги китоблар ва қўлёзмалар, оролдаги энг муҳташам кутубхонада сақланаётган Қуръони каримнинг қадимий нусхасидир.
IX асрнинг биринчи ярмида мусулмонлар Корсика ва Сардиниянинг бир қисмини босиб олди. Унинг ортидан Мальтани ҳам ишғол қилди. Шундан кейин Ўрта ер денгизи мусулмон давлатининг ичкарисидаги денгиз бўлиб қолди.
Ислом тамаддуни бир неча юз йил давомида Италияда барқ уриб, ҳозирги кунимизгача сақланиб қолган бебаҳо меъморий обидалар барпо этди. XIV юзйиллик сўнггига қадар араб тили сицилияликларнинг муомаладаги тилларидан бири бўлган. Ҳозирги вақтда сицилияликлар тилида арабчадан ўша вақтларда ўзлашган кўп сўзлар мавжуд. Минтақада араблар ва турклар билан боғлиқ қатор ҳайкаллар ҳам сақланиб қолган. Кейинчалик, Уйғониш даврида ислом ўрта асрлар Италиясининг маданий анъаналарида ўз аксини топди. Норманлар истилосидан сўнг Сицилияда мусулмонлар давлатчилиги барҳам топди. Аммо ХIV аср бошларига қадар бу ерда кўплаб мусулмон жамоалари сақланиб қолган. Ислом маданияти ва меъморчилиги таъсири Италияда ҳозирги кунларда ҳам сезилиб туради. Бугунги кунда ислом дини Италияда Ғарбий Европанинг бошқа давлатларига ўхшаб икки кўринишда тарқалмоқда. Бир тарафдан, улар турли вақтларда ислом динига кирган италянлар. Уларнинг сони 10-15 минг атрофида деб айтилса-да, баъзида 30-50 минг киши дейишади. Аммо Италиядаги мусулмонларнинг аксари эса Осиё ва Африканинг ўттиз мамлакатидан келган 560 минг муҳожирдир. Уларнинг ҳаммаси Италия фуқаролигини олган ёки яшашга ва ишлашга рухсатномаси бор шахслардир. Баъзи манбаларга кўра, муҳожир-мусулмонларнинг сони бир миллиондан баланд бўлиши ҳам мумкин. Италияга мусулмон муҳожирларнинг оммавий равишда оқиб келиши ўтган асрнинг 80-йилларига тўғри келади. Лекин ундан олдин ҳам мамлакатда мусулмонларнинг жамоаси мавжуд эди. Уларнинг кўпчилиги Африка давлатлари, бир замонлар Италиянинг мустамлакаси бўлган – Сомали ва Ливия давлатлари фуқароларидир. Кўпайиш босқичидаги италиялик мусулмонларнинг иккинчи авлоди, биринчи муҳожирлар тўлқинининг фарзандларидир. Италиялик мусулмонлар босқичма-босқич италия жамиятига сингишди ва бу жамият муҳожирларни этник ва диний эътиқодидан ажратиб ололмади.
Италияда исломнинг ўрни ҳақида гапирадиган бўлсак, худди қўшниси Франция каби католикликдан кейин иккинчи ўринда туради. Кейинги ўн беш йил ичида муҳожирлар оқимининг кўпайиши сабабли италиялик мусулмонлар ташкилотлари тобора ортиб бормоқда. Дастлаб жамоалар пайдо бўлди, ибодатхоналар очилди, кейин эса турли-туман ислом маданият марказлари ташкил топа бошлади. Миланда чоп этиладиган «Ил журнал» нашри ёзишича, 2002 йил Италияда 350 масжид ва ибодатхоналар бўлган ва уларнинг учдан бир қисмининг минора ва гумбазлари бор бўлиб, ана ўшаларнигина масжид деб аташ мумкин бўлган.
Этник ва диний жамоаларнинг фарқли жиҳатларига қарамасдан Италияда келиб чиқиши турли миллатлардан бўлган, шунингдек, ислом динига кирган маҳаллий мусулмонларни ҳам ўзига жалб этадиган ислом марказлари бор. Бундай марказлар мамлакатда 30га яқин. Уларнинг энг машҳурлари Милан ва Римда, мамлакат жанубида эса Неапол ва қисман Палермода.
Миландаги Ислом маркази масжидларга ўхшаб барпо этилган – Ислом маданияти институтидир. Уларнинг биринчисини 1977 йилда италиялик сунний мусулмонлар барпо этган. Бу марказ исломий мавзуларда турли тадбирлар ўтказади, италян ва араб тилларида хабарнома чиқаради, адабиётлар тарқатади, турли ўқув курслари ташкил қилади ва шаръан ҳалол бўлган гўшт етиштиради. Миланлик дастлабки мусулмон италияда машҳур саналган сулолалардан бирининг вакили Абдул Воҳид Паллавич ҳисобланади. Ислом маданияти институти ва унинг масжидлари беш вақт намоз вақтида игна тушадиган жой топилмай қоладиган, ҳатто одамлар кўчаларгача чиқиб кетадиган, кўплаб мусулмонлар билан боғлиқ. Шунингдек, институт имон келтирганлар ўртасида тарғибот ишларини ҳам олиб боради. Мусулмонларнинг яна бир муҳим маркази – Рим. Ғарбий Европадаги энг катта саналувчи ҳашаматли масжид 1995 йил Римда барпо этилган.
Масжиднинг фаолияти Италия ислом маданияти институти ҳамда Римда аккредитация қилинган мусулмон давлатлари элчхоналари билан боғлиқ. Ушбу мамлакатларнинг дипломатик корпуслари вакиллари институт кенгаши раҳбарлари ҳисобланади. Италияда мусулмонларни умуммиллат даражасида бирлаштиришга кўп бора ҳаракат қилинган. Чунки Италияда ҳам бошқа давлатлардагига ўхшаб мусулмонларнинг манфаатини ҳимоя қиладиган, зарурат туғилганда давлат ҳокимияти билан мунозара қилишга қодир бўлган марказлашган бирлашмага эҳтиёж бор. Италиялик мусулмонларнинг Қуръони каримни мактабда ўргатиш ёки муқобил тарзда барпо этилган мусулмон мактаблари ҳуқуқини давлат мактаблари билан тенглаштириш, янги масжидлар қуриш учун рухсат олиш тартибини соддалаштириш, ислом шариати асосида ўқилган никоҳни расмий тарзда қайд этиш ва бошқа масалаларга доир ечимини топиши зарур бўлган муаммолари ҳам бор. Руйхатдан ўтган ибодатхоналар ва масжидлар қошида ҳалол гўшт дўконлари мавжуд. Мусулмонлар учун алоҳида қабристонга ҳам жой ажратилган.
Италия мактабларида “дин соати” дарси кўзда тутилган. Аммо қайси динни ўрганиш ёки даҳрийлик йўлини тутиб мазкур дарсга қатнашмаслик ўқувчи ва ота-онанинг ихтиёрига қараб бўлади. Бироқ ҳозирча баъзи жойда бунга кадр етишмаслиги, баъзи жойда хона етишмаслиги, гоҳида исломобофия тизими ишга тушаётгани сабабли мусулмон болалар ислом дини дарсларига етарлича қатнаша олмаяпти. Шунинг учун италиялик мусулмонларнинг учдан бир қисми фарзандларига исломнинг асосларини пухта ўргата олмаётганини асосий муаммолардан бир деб ҳисоблайди. Шунингдек, шифохоналардаги мусулмон беморларга руҳий-маънавий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам шундай муаммолар сирасига киради. Улар бу каби муаммолар вақтнинг оқими билан барҳам топиб бораверади, деб ишонадилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.
Мусулмонлар дунёга совға қилган ихтиролар
Ер – шар
Тўққизинчи асрдаёқ мусулмон олимларининг аксари Ернинг шар шаклида эканини билган. Мунажжим Ибн Ҳазмнинг: “Қуёш ҳар доим Ернинг муайян нуқтасида вертикал ҳолатда туради”, деган қараши ушбу фактнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Бу Галилейнинг кашфиётидан 500 йил бурунги воқеа эди. Мусулмон мунажжимларининг ҳисоб-китоби шунчалик аниқ бўлганки, улар экватор чизиғи узунлигини чамалаб 40253,4 километр деб хулоса қилганда бор-йўғи 200 километрга янглишган, холос.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Fiqh fanidan 1-dars: Fiqh fani uning mazmun-mohiyati undagi ayrim istilohlar
Tafsir fani uning mazmun-mohiyati undagi ayrim istilohlar
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.