www.muslimuz

www.muslimuz

Бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукуматлари, етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарларидан, таниқли дин арбобларидан самимий қутловлар келмоқда.

Мактубларда хорижий ҳамкорларимиз томонидан Ўзбекистон Президенти ва кўп миллатли халқига чуқур ҳурмат-эҳтиром билдирилиб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган.

Қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси

Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний     

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Бирлашган Араб Республикаси Президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён      

Тунис Республикаси Президенти Қаис Саид       

Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулмажид Таббун

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос 

Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ал Саид 

Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ 

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II

Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, мудофаа вазири Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд

Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум

Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён

Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг бош котиби Юсуф ал Усаймин 

Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажар

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳоди Сулаймонпур

Миср Бош имоми, Ал-Азҳар университети раҳбари Шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб.

 

Қутловлар келишда давом этмоқда.

Бугун, 16 апрель куни
кечки соат 23:00 да (Тошкент вақти билан),
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Тошкент ислом институти катта устози МУҲАММАД АЙЮБ ДОМЛА ҲОМИДОВ билан диний савол-жавоб дастурининг навбатдаги сони бўлиб ўтади.

Саволларингизни fatvo.uz сайти ёки
эфир вақтида ?97-900-92-94 телефон рақамига қўнғироқ қилиш орқали йўлланг!

Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали савол-жавоб дастурини тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal

Youtube: https://www.youtube.com/c/MuslimUzLive

Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати



Давлатимиз раҳбари 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.

- Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур, - деган эди Шавкат Мирзиёев ўшанди.

Шунга мувофиқ, мажмуанинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Президент ҳузурида бир неча бор тақдимот қилиниб, такомиллаштирилди. Жаҳон тажрибаси ҳам ўрганилди.

2021 йил муборак Рамазон кунларида ушбу зиёратгоҳнинг қурилиши бошланди. Шу муносабат билан бу ерда нуронийлар ва зиёлилар билан учрашув бўлди.

Шавкат Мирзиёев мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан муборакбод этди.

– Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад – исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч, – деди Шавкат Мирзиёев.

 Ўтган йили пандемия туфайли Рамазон ойида диний амалларни уйда бажаришга тўғри келгани ёдга олинди. Бу йил эса масжидларимиз очиқ, мўмин-мусулмонлар карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ибодатларини адо этмоқда. Кексалар, ногирон ва ёрдамга муҳтож инсонлар, кам таъминлаган оилаларга беғараз кўмак кўрсатилмоқда. Айниқса, бутун дунё оғир инқирозни бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб вазиятда бу жуда муҳимлиги таъкидланди.

– Муқаддас динимиз бизни инсонпарварликни, тинчлик ва осойишталикни қадрлаб яшашга, меҳр-оқибатли бўлишга даъват этади. Мана шундай тушунча ва қараш билан ҳар бир оила ва маҳаллада, бутун жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга эриша оламиз. Такрор айтаман, тинчлик ва соғлик бўлса, қолган ҳамма нарса бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иш ўринларини кўпайтириб, аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида сўз юритилди.

– Тўрт йиллик изланиш, янгиланиш ва синовлардан ўтиб, катта тажриба орттирдик. Халқимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади, – деди Президент.

Қуръон оятларидан ўқилиб, дуо қилинди.

Давлатимиз раҳбари мажмуада амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Бу ерда катта масжид, тўртта симметрик минора, баланд айвонлар, йўлдан кириб келишда хиёбон бўлади. Кўп сонли зиёратчиларга замонавий қулайликлар яратиш учун 7 та меҳмонхона, 3 та автотурургоҳ ва автобекат, супермаркет, бозорча барпо этилади. Шунингдек, ошхоналар, ҳунармандчилик буюмлари растаси, ҳаммом, таҳоратхона, кушхона қурилиши белгиланган.

Маълумки, Президент ташаббуси билан 2019 йилда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ҳам ташкил этилган эди. Қурилажак янги мажмуа улар билан мутаносибликда улкан маскан ҳосил қилади. Энди бу ерда зиёратчилар учун ҳамма шароитлар бўлади.



Mанба: https://president.uz/uz/lists/view/4288

الخميس, 15 نيسان/أبريل 2021 00:00

Саҳарлик фазилатлари

Саҳарлик – баракадир. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

 

Набий алайҳиссалом саҳобалар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Саҳарликда хурмо истеъмол қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top