www.muslimuz
Бухоро – Ислом маданияти пойтахти: Фахрли шаҳар
Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) таркибидаги муассасалардан бири – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) 2020 йилда Ўзбекистоннинг кўҳна ва боқий шаҳри – Бухорои шарифни Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилди.
Курраи заминда шаҳарлар жуда кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам ўз халқи учун азиз ва мўътабар. Аммо ер юзида шариф шаҳарлар саноқли. Ана шундай шарифлик мақомига эга бўлган, “Илм маскани”, “Зебу зийнат шаҳри”, “Фахрли шаҳар”, “Очиқ шаҳар”, деган маънони англатувчи – Бухорои шариф яккаю ягонадир.
Археологик маълумотларга кўра, Бухорога милоддан аввалги 1-минг йиллик ўрталарида асос солинган. Унинг номи илк ўрта аср Хитой манбаларида Ан, Анси, Анго, Бухо, Буку, Бухэ, Бухаэр, Бухуаэр, Бухала, Бухуала, Фухо, Пухуала ва бошқа номлар билан аталган. Бу атамалардан аввалги учтаси Бухоронинг хитойча номлари бўлиб, қолгани “Бухоро” сўзининг хитой тилидаги талаффузидир. Ўрта аср араб манбаларида эса Бухоро Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (Янги қўрғон), Ал-Мадина ас-суфрийя (Мис шаҳар), Мадинат ат-тужжор (Савдогарлар шаҳри), Фохира (Фахрли шаҳар) каби номлар билан тилга олинган.
“Бухоро” атамаси санскритча “вихора” сўзининг туркмўғулча шакли – “бухор” (“ибодатхона”) дан келиб чиққан деб тахмин қилинган. Кейинги тадқиқотларда бу атама сўғдийча “буғ” ёки “баг” ҳамда “оро” (“жамол”) сўзларидан иборат деган фикр илгари сурилмоқда.
Саёҳатчилар кундаликларида Бухоро – “Шарқ Венецияси”, “Римнинг тенгдоши”, бухороликлар эса “Ўрта Осиёнинг парижликлари” каби номлар билан аталади.
XI аср бутун Ўрта Осиё шаҳарлари жуғрофияси ва тарихини тадқиқ этган Ёқут Ҳамавий “Мужъам ал булдон” асарида “Мовароуннаҳрнинг кўрки тўрт томонда жойлашган шаҳардир. Биринчиси, илму фазл манбаи бўлган Бухоро. Унинг тупроғи Рум ва Чин мамлакатларига фахрдир”, деб ёзади. XIII аср тарихчиси Ибн Муҳаммад Жувайний “Тарихи жаҳон кушой” китобида Бухоронинг фазилати ҳақида бундай дейди: “Бухоро машриқ шаҳарларидан бири бўлиб, “Қуббатул Исломдир”. У томонда, яъни Мовароуннаҳрда Мадинат ул-ислом (Мадина) ўрнида бўлиб, фуқароси фақиҳлар ва олимлар нури билан безалган. Бухоро қадимдан ҳар ерда ҳар қандай дин олимлари, аҳллари тўпланадиган жой бўлиб қолган”.
Бухоро мусулмон шарқи фан, маърифат ва илоҳиётнинг ривожланишига ҳам улкан ҳисса қўшиб, мумтоз ўрта асрлар мусулмон оламида IX асрда “Қуббат ул-ислом” (“Ислом динининг гумбази”) ва XIII асрда “Бухорои шариф” (“Шарофатли шаҳар”) номлари билан шуҳрат топган.
Қарийб ўттиз асрлик тарихга эга Бухоро бугун ҳам дунё халқлари томонидан иззат-икром, ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олинади. Шарқ гавҳари, жаҳон мўъжизаси, нурли шаҳар, Марказий Осиё дурдонаси, Осиё жавоҳири номлари билан янада шуҳрат топиб, бой ўтмиши ва шонли келажаги боқий яшаб, тилларда достон бўлмоқда.
Шавкат БОБОЖОНОВ
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан
Ҳадя улашинг, ўзаро иноқ бўласиз
Ҳадя (совға) улашиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарғиб қилган амаллардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Ҳадя кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозим. Мазкур амалнинг бир қанча одоблари бор:
Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир кишининг кўнглини шод этишни ният қилиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, амалларнинг афзали қайси?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишинг ёки ундан қарзини узишинг ёки унга таом беришинг”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Иккинчи одоб – ҳадяни қавм-қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадя беришни яқин кишилардан бошлаш лозим. Бу ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга, жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг маҳкам боғланишига хизмат қилади. Қўни-қўшнилар орасидан ҳам, аввало, ён қўшнилардан бошлаш афзалдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Қўшнисига яхши муомала қилган, унга кўмакчи бўлган киши комил имон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон ҳам унинг қўшнисидир.
Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор кичик нарса бериб бўлса-да, мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилганлар: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин” (Имом Темизий ривояти).
Ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий тийилиш керак. Чунки бундай ноўрин ҳазил кишилар орасини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очади.
Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурматлаш белгисидир. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчининг чақирувини қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, ҳадя пора ўрнида ёки берилган ҳадядан кўпроғини “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятни амалга ошириш илинжида берилса, бундай ҳадяни қабул қилмаслик талаб этилади.
Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш. Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат амал. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар” (Имом Термизий ривояти).
Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадя берувчини берган ҳадясидан афзали билан ёки ўшанинг мислидек нарса билан тақдирлаганлар.
Олтинчи одоб – ҳадяни муносиб вақтда бериш. Ҳайит байрамлари сингари муборак кунларда ҳадя бериш ундан кўзланган мақсаднинг самаралари янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра, ана шундай улуғ кунларда яқинларни ҳадя билан севинтириш афзал саналади. Ҳадя беришни ота-она ва устозлардан бошлаш ҳам ҳадя одобига киради.
Еттинчи одоб – муносиб ҳадя танлаш. Муносиб ҳадя танлаб бериш ҳам муҳимдир. Шу маънода кимгадир кийим-кечак, кимгадир китоб ва бошқа нарсаларни ҳадя қилинадиган кишининг табиатига қараб, у яхши кўрадиганини танлашга ҳаракат қилиш лозим.
Саккизинчи одоб – ҳадяни миннат қилмаслик. Ҳадя берувчи ҳадясини миннат қилмаслиги вожиб. Чунки миннат қилиш ҳадянинг савобини йўқ қилади. Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб, азобга дучор этади.
Аллоҳ таоло садақа қилувчиларга буюради: “Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!”(Бақара сураси, 264-оят).
Ушбу буйруқ садақа қилувчиларга қарата айтилган бўлса-да, ҳеч шубҳасиз, ҳадя қилувчиларга ҳам тааллуқлидир.
Абдулқодир АБДУР РАҲИМ
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан
БУЮК ФАҚИҲ
Расмий хабар: умра визаси вақтинча тўхтатилди
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги 2020 йил 27 февраль кунидан эътиборан дунёнинг барча мамлакатлари учун “Умра” визасини тақдим этишни вақтинча тўхтатди.
Ушбу чора каронавирусга қарши кураш доирасида амалга оширилмоқда.
Саудия ҳукуматининг ушбу масала бўйича расмий қарори ва баёноти бугун эълон қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Усмон Мусҳафи” нусхаси Туркиядаги халқ кутубхонасига туҳфа қилинди
Жорий йил 19-20 февраль кунлари Юртбошимиз Туркия Президенти таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлиб, Анқара шаҳрида Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ташриф давомида ушбу кутубхона фаолияти билан яқиндан танишди, Ўзбекистон номидан 350 дан зиёд турли мавзудаги ноёб ва қимматбаҳо китобларни тақдим этди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий”, Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асарлари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.