www.muslimuz
Ухлашдан аввал оловни ўчиринг!
Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда турли ҳудудлардаги ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган ҳамюртларимиз ҳақидаги хабарларни ўқиб, чуқур ўйга толдим.
Ушбу нохуш ҳолатларнинг барчасини ўзига хос сабаблари бор. Совуқ кунларда ҳар бир оила хонадонини иситиш мақсадида турли мосламаларидан фойдаланади. Уларнинг орасида қўлбола, носоз ёки яроқсиз ҳолатдаги ускуналардан фойдаланаётганлар ҳам бор. Бу эса нохуш вазиятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол.
Мусулмон одам ўзини ва аҳлини хавфдан асраши ва бунинг учун эътиборсизлик қилмай олдини олиш чораларини пухта қилмоғи лозим. Зеро, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).
Агар киши ўз эҳтиёт чораларини кўрмаса ва унга зарар етса, мазкур ҳолатда бошқа кимса айбдор бўлмайди. Чунки, бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кимки уйнинг атрофи панжара билан ўралмаган томида ётса ва унга бирор кор-ҳол бўлса, бошқалар бунга жавобгар бўлмайди” (Имом Абу Довуд ривояти, Сунан, 5041, Саҳиҳул Жомеъ, 6113, унинг Авнул Мабуддаги шарҳи, 13/384). Бунинг сабаби ухлаб ётган киши уйқусида ағдарилиши мумкин ва агарда панжара бўлмаса, йиқилиб тушиб, ўлиши мумкин. Бундай ҳолатда унинг ўлимида ҳеч ким айбдор бўлмайди ёки унинг лоқайдлиги шунга олиб келдики, Аллоҳ уни Ўз ҳимоясидан маҳрум этди, чунки у олдиндан керакли эҳтиёт чораларни кўрмади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ботгандан сўнг болаларингизни уйда тутиб туринглар, чунки шайтонлар шу пайтда қўзғаладилар. Сўнгра, кечқурундан бир соат ўтса, болаларингизни қўйиб юборинг, эшикларингизни беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, бир чўп қўйиб бўлсада хумдонларингиз оғзини беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, чироғларингизни ўчиринг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 10/88-89).
Имом Муслим ривоятида эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эшикларингизни беркитинг, идишларингиз устини ёпинг, чироғларингизни ўчиринг ва боғичларингизни маҳкам тугунланг (яъни хумдонларингизни устини ёпинг – у замонларда одамлар хумдон оғзига матоҳ ёпиб, уни тугунлаб боғлашарди), чунки шайтон беркитилган эшикни очолмайди, усти ёпилган нарсани очолмайди, сиз боғлаган тугунни ечолмайди. Ва сичқон ёнғин чиқаролмайди (яъни чироғни ағдариб, уйда ёнғин чиқариш маъносида)” (Имом Аҳмаднинг Муснаддаги ривояти, 3/103; Саҳиҳул Жомеъ, 1080)
Яна бир ҳадисда эса Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ухлашга ётаётганингизда уйдаги оловни ёниқ ҳолда қолдирманг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 11/85).
Демак, мусулмон одам ҳар бир ишда аввало эҳтиёт чораларни кўриб, ўзи ва ўзгаларга зарар етмайдиган тарзда сабабларини қилиб сўнгра Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим.
Саидаброр Умаров
Луқмангиз ҳалолми?
Бир луқма егулик назаримизда арзимаган бўлиб кўринади. Шунинг учун ҳар қаерда ҳар қандай нарсани ейишдан таб тортавермаймиз. Аммо бир луқма ҳаром тановул қилган кишининг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслиги, ишларимиз нима учун юришмаётганини биласизми? Умуман қилаётган касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолданми?
Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси мустажоб бўладиганлардан қилсин”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоятлари).
Шариатимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу ҳадис умумий қоида бўлиб қолди. Ушбу ҳадисга амал қилиб, касбимизни пок қилсак, бир луқма бўлса-да ҳаромни оғзимизга олмасак, дуомиз қабул бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.
Ҳалолга интилиш, ҳаромдан ҳазар қилиш билан бирга, шубҳали нарсалардан четланиш салафи солиҳларимизнинг фазилатларидан бўлган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шубҳали нарсадан бир луқма еб қўйиб, кейин уни қусиб юборганлари маълум ва машҳур.
Ривоятларда зикр қилинишича, Бишрул Хофий раҳматуллоҳи алайҳга оналари бир дона хурмо берганида еб туриб, кўчага чиқиб қайтиб қусиб юборган эканлар. Чунки ўша хурмо шубҳали бўлган. Онани хафа қилмаслик учун ейилган, сўнг тақво юзасидан қусилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида мусулмонлар молни ҳалолдан топишга жидду жаҳд қилишар, ҳалол-ҳаромига қарамай бирор нарса олишни ҳатто ҳаёлларига ҳам келтиролмас эдилар. Чунки мусулмон киши ҳалолга интилиши, ҳаромдан ҳазар қилиши керак. Бу одат саодат асри мусулмонларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди.
Ўша даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжизавий ҳадисни айтдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Одамларга бир замон келадики, унда киши молни нимадан – ҳалолданми ё ҳаромдан олганига парво ҳам қилмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Насоий).
Асрлар ўтиб, айрим кишилар ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етишди. Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Мол-дунё тўплаш йўлида ҳар қандай жирканч ва пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблаш даражага етишди. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадисдаги гаплари юзага чиқди.
Аслида инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир. Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми ёки ҳаром, фойдалими ё фойдасиз, ўзиникими ёхуд ўзганикими каби саволларни ўзига бериб кўриши керак.
Мусулмон киши ҳар бир нарса шариатга мувофиқ бўлишини тушунган ҳолда, ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.
Ислом ақидаси бўйича шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромни ҳаром билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.
Уламоларимиз мусулмон кишига бирор таом тақдим қилинса, ҳадя берилса ёки у бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлса, у нарсанинг ҳалол ёки ҳаромлигини сўраб-суриштириб олсин. Чунки бундай нарсалар вазиятга қараб гоҳида вожиб, гоҳида ҳаром, гоҳида мандуб ва гоҳида макруҳ бўлади. Жумладан:
- Молнинг эгаси ҳаромхўрлиги билан машҳур бўлса ёки молининг кўпи ҳаромлиги маълум бўлса, сўраб-суриштириб, ҳаромхўрнинг ҳалол моли ва кўп ҳаром аралашган молнинг ҳалол қисмидан муомала қилиш вожиб бўлади;
- Ҳаромхўрлиги маълум бўлмаган, ўзида ҳаромхўрлик белгиси, аломати ҳам бўлмаган кишининг молини сўраб-суриштириб, тафтиш қилиш эса беайб мусулмон кишидан ҳаромхўрликда шубҳаланиш бўлгани учун ҳаром саналади;
- Мол эгасининг ҳаромхўрлиги маълум бўлмаса, аммо унда ҳаромхўрликнинг аломатлари кўринса, у билан муомала қилиш жоиз, аммо тарк этган афзал.
Демак, сўраб-суриштириш шубҳага боғлиқ. Бир одам ҳаром мол топиш гуноҳ эканини англаб етди. Қўлида ҳаром аралашган мол бор, бу ҳолда нима қилади? Уламоларимиз бундай ҳолатда қуйидагича маслаҳат берадилар: “Агар ҳаром молнинг жинси ва миқдори аниқ бўлса, ўша аниқ жинс ва миқдорни чиқаради. Агар аниқ бўлмаса, ғолиб чамасига кўра ажратса ҳам бўлади. Аммо кўнгли равшан бўладиган даражада ишонч билан чиқарса, яна ҳам яхши. Кейин ўша молнинг эгасини ёки унинг меросхўрини топиб қайтариб беради. Агар у молнинг муайян эгаси бўлмаса ёки топилмаса, садақа қилади ёки мусулмонлар оммасига фойда келтирадиган нарсаларга ишлатилади».
Муаттар ВОҲИДОВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудира ўринбосари в.б
ҲОФИЗ МУҲАДДИС ВАКИЪ ИБН ЖАРРОҲ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲ
Абу Ҳанифанинг (раҳматуллоҳи алайҳ) машҳур шогирдларидан бири Вакиъ ибн Жарроҳдир (мелодий746-812 йиллар яшаган). У ҳадис соҳасида ҳофиз даражасига кўтарилган. Ироқ ва Куфанинг муҳаддиси бўлган. Унинг отаси Жарроҳ ҳам ҳадис ривоят қилган муҳаддислардан ҳисобланади. Вакиъ ибн Жарроҳ ҳадис ёдлаш бўйича енг этук кишилардан бири бўлган. Бу қобилиятини кўрган Хорун ар-Рашид Куфада қози вазифасини таклиф этади. Бу вазифада ишлашни у устози Абу Ҳанифа каби рад этади. У бир неча китоблар тасниф этди. Жумладан: “Тафсирул Қуръон”, “Ас-сунан”, “Ал-маърифату ват-Тарих”, “Китобаз-Зуҳд”
Вакиъ ибн Жарроҳ ҳақида Яҳё ибн Аҳсам: “Мен сафарда ҳам, муқимликда ҳам Вакиъ ибн Жарроҳ билан тонг оттирганман. У доим рўза тутар ва ҳар кеча Қуръон хатм қилар эди, деган.
Имом Заҳабий “Тазкира” номли асарида: “Вакиъ ибн Жарроҳ Абу Ҳанифанинг раҳматуллоҳи алайҳининг энг таниқли шогирдларидан. У Ироқ аҳлининг муҳаддиси, ҳофиз имоми ва фақиҳлардан биридир", деб ёзади.
Ибн Муъин айтади: Вакиъ ибн Жарроҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг сўзи билан фатво берарди ва ҳадисларни эшитиб, унинг ҳаммасини ёдлаб оларди”.
Қози Сийморий: “У барча илмларини Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан олди”, деган.
Ҳишом ибн Урва, Ибн Журайж ва бошқа тобеъинлар: “Вакиъ ибн Жарроҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотидан сўнг энг машҳур шогирдларидан Абу Юсуф ва Зуфар билан кеча –кундуз илмий мунозаралар олиб борарди. Баъзи вақтларда улардан ўзиб кетарди”, деб хабар беради.
Аҳмад ибн Ҳанбал бундай деган: “Мен ҳадис ёдлашда, фиқҳда, музокара қилишда, ижтиҳод борасида ва тақвода Вакиъ ибн Жарроҳдан бошқасини кўрмадим”.
Абу Хотим айтади: “Вакиъ ибн Жарроҳ ҳадис ривоят қилишда Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам ҳофизроқдир”.
Ибн Аммор айтади: “Куфада Вакиъ ибн Жарроҳ замонида ундан кўра фақиҳроқ ва ҳадис соҳасида ундан кўра билимлироғи йўқ эди”.
Ибн Ҳашрим бундай деган: “Вакиънинг қўлида китоб кўрмадим. У ҳамма китобдаги нарсаларни ёдлаган эди. Мен ёдлаш ҳақида сўрадим.
У: “Гуноҳ бўладиган барча нарсаларни ташла, кейин ёдлашга ҳаракат қил”, деди”.
Тошкент ислом институти кабинет мудири
Урол Назар Мустафо тайёрлади.
“Ваҳший”ни кечиролмаган она
Абу Дасама Ваҳший ибн Ҳарб ал-Ҳабаший розияллоҳу анҳу зиддиятли ҳаёт йўли билан Ислом тарихида алоҳида из қолдирган саҳобийлардан. Ваҳший Қурайш зодагонларидан Жубайр ибн Мутъимнинг қора танли қули эди. Уҳуд жанги бошланишидан олдин Жубайр Ваҳшийга: “Ҳамзани ўлдирсанг, сени озод қиламан”, дейди. Ўша пайтлар мусулмон бўлмаган Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам Бадрда ўлдирилган отаси ва амакисининг интиқоми учун Ваҳшийга мукофот ваъда қилади.
Ваҳший найзани нишонга бехато уриш борасида тенгсиз эди. Найзасини олиб, қўшин ортидан йўлга чиқди.
Уҳудда бир тошнинг панасига ётиб олиб, Ҳамзани кузата бошлади. Ҳазрат Ҳамза майдонда наъра тортиб жанг қиларди. Ваҳший пайт пойлаб туриб, найзасини отди ва ҳазрат Ҳамзани шаҳид қилди...
Қонли жанг ниҳоясига етгач, қурайшийлар Маккага қайтишди. Жубайр сўзининг устидан чиқиб, Ваҳшийни қулликдан озод қилди. Аммо у бу билан ҳам бахтиёр ва хотиржам бўла олмади. У жонини сақлаб қолиш учун Тоифга қочди. Аммо Тоифликлар ҳам тез орада Ислом неъмати билан шарафланишди. Бу унинг юрагига умид учқунларини ташлади. Ниҳоят, Ваҳший ибн Ҳарб ҳам иймон келтириб мусулмон бўлди.
Аллоҳ таолонинг иродаси ва белгилаган тақдири туфайли у Уҳуд кунида Ҳамза ибн Абдулмуттолибдек улуғ саркардани ўлдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларини қонга бўяган бўлсада, кейинчалик Ямома куни сохта «пайғамбар» Мусайлиматул Каззобни қатл қилиб, мусулмонлар қалбидаги ярага малҳам қўйган эди. Тарихчилар унинг ҳақида «Бу киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг яхши одамни… ва энг ёмон одамни ҳам ўлдирган» деб ёзишган.
Ваҳший умрининг ниҳоясигача пушаймонликда «Мен Исломнинг энг яхши, улуғ кишисини ўлдириб қўйган эдим, кейинчалик унинг энг катта душманини ҳам ўлдирдим», деган таскин билан яшади...
Ҳазрат Ваҳший ибн Ҳарб ҳазрат Усмон даврида вафот этди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Машҳур “Рисола” фильмида “Ваҳший” ролини Либиялик Алий Солим Қадома ўйнаган. Алий аслида актёр бўлмаган. У оддий электр муҳандиси бўлиб, Рисола фильмининг режессёри Мустафо Аққод келиб тушган меҳмонхонада ишлаган. Ваҳший ролига муносиб актёрни узоқ излаган режиссёр, бир куни Алийни кўриб қолади ва уни ушбу рол учун таклиф қилган. Алий Ваҳший ролини моҳирона ўйнаган.
Алийнинг кейинчалик мухбирларга берган интервьюсига кўра, фильм намойишидан сўнг унинг кекса онаси ўғлини Аллоҳнинг шери Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилгани учун уйдан ҳайдаб солган ва она болалик алоқасини узган. Алий ҳар қанча уриниб онаси билан ораларини ислоҳ қила олмаган. Охир оқибат ўртага диний арбоблар тушиб, онаизорга бу шунчаки рол эканлигини, Ҳамза розияллоҳу анҳуни аслида Ваҳший қатл қилганини, ўғли эса яхши ниятда бу ролни ижро этганини тушунтиришганидан кейин ўғлини кечирган. Ажойиб оналар бўлган экан.
Бу ҳам Алийнинг онасини асри саодатга бўлган муҳаббатини бир кўриниши бўлса, ажаб эмас.
Аммо масаланинг яна бир нуқтасига эътибор қаратиш муҳим. Ким учун бу қизиқарли маълумот, яна ким учун тарихни ёдга солган бўлиши табиий.
Бироқ мени бошқа жиҳати ўйлантиради: кино ё саҳнадаки, ёмон-салбий ҳолатни ижро этган ўғилдан она ранжимоқда. Таассуфки, бугун ҳаётда фарзандини ёмон йўлга кириши, жиноятга қўл уриши, бировнинг мулки, ҳатто жонига қасд қилишда фарзандига “йўл кўрсатувчи” бўлаётган ота-оналар... Ахир ҳаёт кино эмаску! Сиз нима дейсиз?
Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби
тайёрлади
Уйимизни иситишни ўргандик. Қалбимизничи?
Қиш келиб, кунлар совий бошлаши билан қалин кийимларимизни сандиқлардан олиб киямиз. Танамиз совқотмаслиги, иссиқ туриши учун бутун танамизни ўраб, эҳтиёт қиламиз. Бошимизни ҳам ўраймиз. Уйларимизни иситиш, совуқ кирмаслиги учун зарур чораларни кўрамиз. Мақсад, уй ҳам, танамиз ҳам иссиқ бўлсин. Шу тарзда уйларимизни иситамиз-у, аммо қалбларимизни истишни унутиб қўяр эканмиз.
Қалбни қандоқ иситамиз? Унга ҳам олов ёқамизми? Уни иситадиган нарса нима ўзи? Бу саволларга жавоб топа оламизми?
Қалб тана каби озуқасиз, кийимсиз қолса, оч қолади, совийди, кучсизланади. Шунинг учун қалбнинг озуқасини бериш керак. Аллоҳ таоло қалбимизни бутун танамизнинг подшоҳи қилиб қўйган. Танамизнинг бахиллик, кибр, ҳасад, адоват, кўролмаслик, дангасалик каби иллатларга чалиниши қалбдаги хасталик сабаблидир.
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.
Демак, қалбни солиҳ қилиш, бошқача айтганда, иситиш учун унинг озуқасини беришимиз керак экан. Унинг озуқаси эса Аллоҳни таниш, илм ўрганиш, Қуръон тиловат қилиш, махсус лафзлар билан Аллоҳни зикр қилиш, ибодат қилиш, уламолар суҳбатига қулоқ тутиш, қалбни тузатишга бағишланган китоблар ўқиш кабилар билан бўлади. Мана шуларни қалб тез-тез қабул қилиб, улардан баҳраманд бўлиб турса, исийди. Исиган қалб эса юмшоқ, таъсирчан қалбга айланади. Бундай қалб эгаси оилада яхши ота, яхши фарзанд, яхши ака-ука, яхши жиян, жамиятда яхши қўшни, яхши қариндош, яхши мусулмон бўлади.
Қалб гуноҳ қилганда қотиб, бошқача айтганда совиб, солиҳ амалларни бажарганда юмшайди, яъни исийди. Қалби иссиқ одамни қалби пок одам дейилади. Шунинг учун ҳам қалбни поклашнинг омилларидан яна бири бўлган истиғфор ва тавбада бардавом бўлиш керак. Кўп истиғфор айтган одамнинг қалби аста-секин покланиб, тозаланиб, юмшаб, исиб боради.
Катта олимлар, солиҳ инсонлар, авлиёларнинг қалблари иссиқ бўлгани учун ҳамма ундоқ кишиларга яқин бўлгиси, улардаги иссиқликда исиниб олгиси, яъни насиҳатларига қулоқ тутиб, ҳикматли пандларидан баҳраманд бўлгиси келади. Гуноҳ, маъсиятлар ботқоғига ботган кишиларнинг қалблари совуқ бўлгани учун одамлар ундай кишилардан узоқроқ юришга ҳаракат қилишади. Чунки уларда одамларни ўзига тортадиган, ҳаммага улашадиган иссиқлик бўлмайди ёки бўлса ҳам жуда оз, ўзига зўрға етадиган даражада бўлади.
Азизлар, уйимиз ва жасадимизни истганимиздек, танамиз подшоҳи бўлган, аъзоларимизнинг яхши-ёмон ишларни қилишига таъсир ўтказувчи қалбимизни поклашга, иситишга, унга керакли озуқаларни беришга ҳаракат қилайлик!
Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат куни фақат покиза, саломат қалб билан келган инсонларгина нажот топишларини, молу дунё ва бола-чақалари ўшандай кишиларгагина фойда беришини Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.
Уйларимизни ва танамизни иситиш чорасини кўраётган чоғимизда қалбимизни унутиб қўймайлик! Уни иситувчи омиллар бўлмиш ибодатлар, зикрлар, илм ўрганиш ва бошқа амалларни бажаришни бошлайлик! Танамизга ташқаридан иссиқ урилаётган чоғда қалбимиз бутун ички дунёимизни иситиб, аъзоларимиз яхши амаллар қилишига сабабчи бўлсин!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.