www.muslimuz
Мен кўрган кунни сизлар кўрманг...
У етим ўсди. Ўн икки ёшидаёқ отаси вафот этди. Онаси уни ўз қарамоғига олди. Онаизор қўни-қўшниларнинг уйларида ишлар, у ердан ортган овқатларни келтириб фарзандини едирар, одамлардан қолган эски кийимларни топиб ўғлини кийинтирар эди. Ишлаб топган пулининг бир қисми билан уйнинг ижара ҳаққини тўласа, қолган қисмини еб-ичишга ишлатар эди.
Кишилар хонадонида хизмат қилиб ҳолдан тойган она сил касалига мубтало бўлиб ётиб қолди. Ночорлиги сабаб, ҳукумат касалхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди, чунки у ерда беморнинг овқатидан хабар олишар, касалини даволашар эди. Лекин баданини кемираётган дард азоби билан уйда ёлғиз қолган фарзандига чекаётган қайғу азобини бирга кўтаришга қурби етмас, у бир вақтнинг ўзида икки дардни – жисми ва нафсини емираётган азобни бошдан кечираётган эди. У Охират диёрига риҳлат қилди. Бола эса қийинчиликлар гирдобида қолди.
Ўғил ўқишни ташлади ва қурилишда ишлашга мажбур бўлди. У аста-секинлик билан қурувчилик сир-синоатини ўрганди ва ҳеч қанча вақт ўтмай бу касбнинг устасига айланди. Бу орада унинг иқтисодий аҳволи ҳам яхшилана борди.
Улғайиб уйланадиган вақти ҳам келиб қолди. Қурувчиликдаги устозининг ҳузурига бориб, унинг қизини қўлини сўради. Устоз рози бўлгач, тўй бўлиб, келин куёвникига олиб келинди.
Йиллар ўтди. Энди унинг уйи, жуфти ҳалоли, фарзандлари бор эди. У касбининг моҳир устаси, ўз ишида омонатдорлиги, бўйнидаги ишни ихлос билан бажариши билан машҳур эди.
Унинг мижозлари кўп бўлиб, хафтада етти кун ишлар, бирор кун ҳам, балки бир соат ҳам дам олмай ишларди. Чунки у фарзандларини ўзи ёшлигида қийналганидек азоб чекишини истамас, уларни болалик гаштини суриб, олий даргоҳларда илм олишини, келажакда ўқимишли етук инсон бўлишини истарди.
У фарзандлари ва аёлига доимо бир гапни такрорлар эди: "Мен ҳаётимда кўп машаққат чекдим, бундан кейинги ҳаётимда ҳам, Аллоҳнинг изни билан у дунёга риҳлат қилганимдан кейин ҳам роҳат топишни, ортимдан олим, солиҳ фарзандлар қолишини истайман" дер эди.
Ота-онанинг қалбидаги нияти шу: ўзи кўрган қийинчиликларни фарзандлари кўрмаслигини хоҳлайди.
Иброҳим Ҳозимийнинг
ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан
Ўзбекистон делегацияси Халқаро форумда иштирок этмоқда
Шу йилнинг 13–19 октябрь кунлари Болгария Ислом академиясида Татаристон Республикаси раҳбарияти кўмаги билан Қозон Федерал университети ва Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги, Россия мусулмонлари марказий диний бошқармаси ва Татаристон республикаси мусулмонлари диний бошқармаси билан ҳамкорлигида “Россия мусулмонларининг диний мероси” биринчи халқаро форумини ўтказмоқда.
Мазкур форумда Ҳадис илми мактаби ректори О.Юсупов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов ва марказ бўлим бошлиғи Б.Амонов иштирок этмоқда.
Форумни ўтказишдан асосий мақсади - илмий-эксперт жамоатчилиги, жамоат ва дин арбобларининг Россия мусулмон халқларининг анъанавий исломий маънавий қадриятларини сақлаш, ўрганиш ва ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини, ислом илоҳиётшунослиги ва ислом таълим тизимини ривожлантириш, маданий, цивилизация ва динлараро мулоқотни кучайтириш масалаларини муҳокама қилиш ва уларни ҳал қилишда ўзаро ҳамкорлик ўрнатишдан иборат.
Шунингдек, Форумда Россия ва хорижий олимларнинг олий ислом таълимини ривожлантириш соҳасидаги ютуқлари билан илмий, услубий ва ахборот алмашинуви; дунё ва Россия мусулмон ҳамжамиятида ислом илоҳиятшунослигини ривожланишидаги тизимли ёндашувлар; Ислом динида замонавий масалаларга оид ҳукмлар каби масалалар муҳокама қилинади.
О.Юсупов, Ҳадис илми мактаби ректори
ЯНГИ РУКН: Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди
Бизларни соф эътиқодга йўллаган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин! Бизларга энг мукаммал ақидани баён қилиб берган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бўлсин! Соф ақидамизни бизгача етиб келишига хизмат қилган уламоларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!
Кундан кунга ахборот оқими жуда катта суръат билан ривожланиб бормоқда. Бу инсонлар илм ўрганиши учун жуда катта имконият ҳисобланади. Кимдир бу қулайликдан унумли фойдаланади, яна кимлар нотўғри ғояларни тарқатишда фойдаланди. Интернет ва ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, унда ғоялар, турли фикр ва мулоҳазаларга дуч келасиз.
Бугунги кунда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланаётган инсонлардан ўта ҳушёрлик талаб қилинади. Айниқса, диний илмларни ўрганишда жуда ҳам эҳтиёткорлик лозим. Ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳ: “Албатта бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг!” деб бежизга огоҳлантирмаган.
Шундай экан, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини баён қилувчи мўътабар манбалардан зарур маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Аввалида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул Акбар” китобларидан бошлаймиз, кейин табаррук уламолар асарлари билан давом эттирамиз. Мақсадимиз салафи солиҳларимиз ва улуғ мужтаҳид уламоларимизнинг ўгитлари ва меросларини соф ҳолатда ҳалқимизга етказишдир.
Аллоҳ барчаларимизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин!
Фатво ҳайъати
Калимаи шаҳодатни ихлос билан айтишнинг мукофоти
12- حديث عُبادَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ شَهِدَ أَنْ لا إِلهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لا شَريكَ لَهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، وَأَنَّ عِيسَى عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ وَكَلِمَتُهُ أَلْقاها إِلى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ، وَالْجَنَّةُ حَقٌّ، وَالنَّارُ حَقٌّ، أَدْخَلَهُ اللهُ الْجَنَّةَ عَلى مَا كَانَ مِنَ الْعَمَل
وزاد أحد رجال السند مِنْ أَبوَابِ الْجَنَّةِ الثمانِيَةِ أَيُها شَاءَ
12- Убода розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким: “ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бор, Унинг шериги йўқдир ва албатта Муҳаммад Унинг Қули ва Расулидир ва албатта Ийсо ҳам Оллоҳнинг қули ва элчиси ва Марямга ташлаган (“бўл” деган) “калимаси” ва У тарафдан бўлган Руҳдир. Жаннат ҳам ҳақ, дўзах ҳам ҳақдир” деб гувоҳлик берса, Оллоҳ уни амали қандай бўлганига қарамай жаннатга киргизур”.
Айрим ровийлар ҳадисга қуйидаги: “Жаннатнинг саккиз дарвозасидан хоҳлаганидан (киргизур)” сўзларини зиёда қилганлар.
Арабчадан Зиёуддин МАНСУР таржимаси
Намозни мукаммал тарзда, рукнларини ўз ўрнига қўйиб адо этиш
Қуръони каримда намозга буюрилган оятларга назар солсак, ҳаммасида “намозни қоим қилиш” лафзи келтирилган. Намозга буюрилган оятларда бундан бошқа лафз ишлатилмаган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларнинг сифатлари тўғрисида шундай дейди:
الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ
“Улар ғайбий хабарларга (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят).
Бошқа бир оятда бундай дейилади:
وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ وَارْكَعُواْ مَعَ الرَّاكِعِينَ
“Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз ва рукуъ қилувчилар (намозхонлар) билан бирга рукуъ қилингиз (намоз ўқингиз)!” (Бақара сураси, 43-оят).
Яна бир оятда мана бундай дейилади:
وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ
“...Намозни баркамол ўқинг, закот беринг...” (Бақара сураси, 83-оят).
Оятларда намозни қоим қилиш, яъни баркамол адо этиш айтиляпти. Бундан ҳадиси шарифларда намозни қандай ўқиш айтилган бўлса, мазҳабимизда намознинг мукаммал бўлиши учун қандай шартлар келтирилган бўлса, худди шундай қилиб ўқиш кераклиги тушунилади.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани батамом қилмаган бир кишини кўриб:
“Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатидан бошқа табиатда ўласан!” дедилар”.
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб, билмасалар гапирмайдилар. У киши розияллоҳу анҳу рукуъ ва саждани тўлиқ қилмай, бошқа ривоятда айтилишича, худди қарға ерни чўқигандек қилиб, намоз ўқиган одамни кўриб, унга танбеҳ бердилар: Бу ўқиган намозинг намоз эмас. Агар доим шундоқ қилиб намоз ўқиб юрган бўлсанг ишинг чатоқ. Мободо ўладиган бўлсанг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларидан бошқа миллатда ўласан, дегандек гап қилдилар. Бу кофир ҳолингда ўласан, маъносини бошқа лафзлар билан айтиш эди.
Ушбу ривоятни далил қилиб Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва ҳанафийлардан Имом Абу Юсуфлар рукуъ ва саждада хотиржам бўлиш фарздир, деганлар.
Имом Абу Юсуф рукуъ ва саждадаги хотиржам туришнинг фарзлиги бир марта «Субҳана Роббиял азийм» ёки «Субҳана Робиял аъло»ни шошилмай айтгунча, деганлар.
Афсуски, ҳаётимизда кўпчилигимиз, худди ушбу ривоятда рукуъ ва саждани яхши қилмай, шошилиб қарға ерни чўқигандек, қилиб намоз ўқиймиз. Демак у одатни ташлаб ҳар бир амални шошилмай, ўринлатиб қилиб намоз ўқишимиз керак. Илмли кишиларимиз Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳуга ўхшаб иш юритиб, намозни чала ўқиётганларга танбеҳ бериб туришлари керак.
Ҳа, азизлар намозларимизни гўзал тарзда адо этмоғимиз лозим. Намозни гўзал қилиб адо этиш эса фарз вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўймоқдир.
Бир куни бир одам Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида, намоз ўқий бошлади. Намозини ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, салом берди. У зот унинг саломига алик олгач, “Орқангга қайт ва намозингни бошқатдан ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ҳалиги одам ортига қайтиб намозини бошқатдан ўқиди. Кейин келиб, яна салом берди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг саломига аввалгидек жавоб қайтардиларда, яна “Орқангга қайтиб, бошқатдан намоз ўқи. Чунки, сен намоз ўқимадинг” дедилар. Бу ҳол учинчи марта такрорлангандан кейин бояги одам “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан чиройли ўқий олмайман. Менга ўргатинг” деди. Кейин Набий алайҳиссалом унга қандай намоз ўқиш кераклигини ўргатиб, намознинг барча рукнларини хотиржам адо этиши лозимлигини тушунтирдилар.
“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлиб қайрилдилар ва:
“Эй, фалончи намозингни яхшилаб ўқимайсанми?! Намозхон намоз ўқиганида қандоқ ўқиганига назар солмайдими?! Ахир ўзи учун ўқийди-ку?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен худди олд томонимдан кўрганимдек, орт томонимдан ҳам кўрурман”, дедилар”. Муслим ривояти.
Муҳтарам ўқувчи, одамларнинг ичидаги энг ёмон ўғри кимлигини биласизми? Масжиддаги нарсаларни ўғирлайдиган кишими? Ёки фақирнинг ва етимнинг молини ўғирлайдиган кишими? Йўқ!
Набий алайҳиссалом айтдилар: “Одамлар ўғирлайдиган нарсаларнинг энг ёмони намоздан ўғирлашидир”. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб намоздан ўғирлаш мумкин?” деб сўрашди. У зот: “Рукуъ ва саждасини тўлиқ қилмаслик билан” деб жавоб бердилар.
Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Намоз икки (ракат), икки (ракат)дир. Ҳар икки ракатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан, Роббингга икки қўлинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб, “Ё, Робб!” дейсан. Ким шундоқ қилмаса, намози чаладир”, дедилар”.
Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ-хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик.
Шундай экан, биз ҳам талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга, олий мақомга эришишга ҳаракат қилишимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизни намозини шошмасдан, ҳар бир рукнларини ўз ўрнига қўйиб адо этадиганлардан қилсин, омин!
Islom.uz портали ва бошқа интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.