www.muslimuz
Муфтий ҳазратлари “Имом Термизий” масжидида фарзанд тарбияси ҳақида мавъиза қилдилар (Фотолавҳа)
МУФТИЙ ҲАЗРАТ ЖУМА НАМОЗИГА ПОЙТАХТДАГИ “ИМОМ ТЕРМИЗИЙ” МАСЖИДИГА ТАШРИФ БУЮРАДИЛАР
? Бугун, 27 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги "Имом Термизий" жомесига ташриф қиладилар.
? Жума намозидан аввал гўзал қироат ва Муфтий ҳазратларининг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўламиз, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Муфтий
Muslim.uz
ЮЗЛАРИДА САЖДА ИЗЛАРИ БОР
Тафсир
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنْجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا
«Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир. Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди. (Бу) улар сабабли кофирлар жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ сураси, 29-оят).
Айрим кишилар: “Муҳамад соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча инсонлардан, ҳатто пайғамбарлардан ҳам афзал эканига шубҳа йўқ. Лекин нима учун у зотнинг муборак исмлари Қуръони каримда бор-йўғи 4 ўринда зикр этилган? Ваҳоланки, олдинги пайғамбарларнинг кўпчилиги, мисол учун, Нуҳ алайҳиссалом 40 марта, Лут алайҳиссалом 27 марта, Солиҳ алайҳиссалом 9 марта, Иброҳим алайҳиссалом 69 марта, Мусо алайҳиссалом 136 марта, Исо алайҳиссалом 35 марта эсланган. Шу билан бирга, Каломуллоҳда “Эй Нуҳ; эй Лут; эй Иброҳим; эй Мусо; эй Ҳорун; эй Ҳуд; эй Солиҳ” дея пайғамбарларга мурожаат қилинган. Лекин сўнгги Пайғамбаримизга “Эй Муҳаммад!” дея хитоб қилинмаган. Бунинг боиси нима?» дейишади.
Муфассирларимиз айтишади: «Аллоҳ таоло Ҳабибимизнинг муборак исмларини Оли Имрон сураси 144; Аҳзоб сураси 40; Муҳаммад сураси 2 ва Фатҳ сураси 29-оятларда зикр қилиши баробарида у зотга Каломуллоҳнинг 13 ўрнида “Эй Набий”, 2 ўринда “Эй Расул!” деб мурожаат қилган. Аслида, юксак эҳтиромга сазовор кишига исми билан эмас, балки унинг унвони, даражаси ва мавқеи тилга олинади. Сарвари коинотга ҳам шундай бўлган.
Бундан ташқари, Қуръони каримда буйруқ майлида келган барча ҳукм оятлари бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаатдир. Шу орқали у зотнинг умматларига таълим берилган. Охирги замон умматини эса Аллоҳ таоло бошқа умматлардан улуғлаб, мақтаган: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят). Бу ҳам, аслида, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган таърифдир: у зотнинг умматлари энг яхши уммат экан, ўзлари энг улуғ набийдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда сўнгги умматга 90 ўринда “Эй имон келтирганлар!” деб мурожаат қилган. Демак, инсонларнинг “Эй имон келтирганлар!” деган шарафли номга сазовор бўлишларида Набий алайҳиссаломнинг рисолатлари асос бўлган. Қолган умматларга эса “Эй Одам фарзандлари!” деб 5 ўринда мурожаат қилинган. Шунинг ўзи ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун катта бахтдир».
Оятдаги “У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар” сўздан мурод Расулуллоҳнинг тўрт рошид халифаси – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳумдир. Ҳақиқатан, ҳазрати Абу Бакр роийаллоҳу анҳу Маккадан Мадинага кўчиш асносида “Савр” ғорида Набий алайҳиссалом билан бирга бўлиш баробарида кўп вақтларни коинот султони билан бирга ўтказган. Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу кофиларга жуда қаҳрли, ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳу мўмин-мусулмонларга раҳм-шафқатли эди. Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу эса кўп руку-сажда қиладиган, яъни ибодатга берилган зот бўлган (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин).
Шунингдек, оятнинг мазкур сўзи барча саҳобаларга оиддир. Чунки Набий алайҳиссаломнинг сафдошлари кофир ва мушрифларга қаҳри қаттиқ, мўмин-мусулмонларга нисбатан эса раҳмдил бўлишган.
Ҳадиси шарифда: “Бир-бирларингизга меҳрибон бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз”, дейилди (Имом Ҳоким ривояти). Шунда саҳобалар: “Бизларнинг ҳар биримиз фарзандларимизга меҳрибонмиз”, дейишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Бу раҳмат эмас. Ҳақиқий раҳмат киши ўзига раво кўрган нарсасини биродарига ва фарзандларига илинишидир”, дедилар.
Нўъмон ибн Башир розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: “Мўминларнинг барчаси бир киши кабидир. Унинг бир аъзоси оғриса, танасининг барча аъзоси иситмалайди ва бедор бўлади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
“Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз”. Яъни, жаннатни сўраб, раҳматидан умидвор бўлишидир. “Руку ва сажда қилаётган ҳоллари...”нинг эса икки хил маъноси бор. Биринчиси, уларнинг намозни доимий тарзда жамоат билан ўқиши мунтазам равишда руку ва сажда қилишга киноя этилмоқда. Иккинчиси, Раббисидан қўрқиши ҳамда мўминларга тавозели бўлишидир.
Баъзи муфассирлар “Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб...”дан мурод яшаш учун зарур нарсаларни сўраш эканини айтишади.
“Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир”. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар оятдан мурод юзларида қўрқув ва намознинг белгилари бор, дейдилар.
Бошқалар эса: “Киши тунда уйғониб, узоқ вақт намоз ўқиса, тонг отганда унинг юзида бедорлик аломати сезилади, ранги ўзгариб, сарғаяди”, дейишади. Ҳасан Басрий ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Инсонларни бетоб деб ҳисоблайдиган кишиларга Аллоҳ раҳм қилсин. Лекин улар бетоб эмаслар (балки кўп намоз ўқиганлари учун ҳорғиндирлар)”, деганлар.
Имом Қатода раҳимаҳуллоҳ эса, юзида тупроқ изи борлиги учун шундай дейилган, дейди.
“Уларнинг юзларида...” оятидан мурод қиёмат куни таҳорат ва сажда белгилари борлиги учун шундай дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Мен қиёмат куни умматимни бошқа умматлар орасида танийман”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Қандай қилиб танийсиз?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Сажда белгилари туфайли қиёмат куни умматимнинг (пешонаси) порлаб туради. Лекин бу ҳолат ҳеч бир умматда учрамайди”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
“Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшайди”. Яъни Расули акрам алайҳиссаломнинг умматлари васфи Тавротда ҳам, Инжилда ҳам баён этилган. Бу хабар Қуръони каримда келтирилмоқда. Буни аҳли китобларнинг ҳеч бири инкор этмайди, лекин яширади.
Саҳобалар Таврот ва Инжилда деҳқонларни ажаблантирадиган ўсимликка ўхшатилмоқда. Чунки саҳобалар Набий алайҳиссаломдан Ислом таълимотини олгач, бошқаларга ҳам уни етказиб, диннинг қувватланишига ҳисса қўшиши шундай таърифланмоқда. Дарвоқе, оламлар саййиди, Ҳабибимиз қисқа фурсат – 23 йил мобайнида башариятни жаҳолат ва зулмат ботқоғидан имон ва ҳидоят нурга олиб чиққани ҳаммани ажаблантириши табиий.
Эътибор берилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида у зот ёлғиз эдилар. Аллоҳнинг инояти билан у зот рисолатни одамларга етказиши натижасида мусулмонлар сафи секин-аста кенгайиб борди. Худди ниҳол дастлаб нозик бўлиб, сўнгра забардаст дарахтга айлангани каби Ислом ҳам дастлаб секин-аста, кейинчалик гуркираб бутун оламга ёйилди.
Аллоҳ таоло Исломнинг қандай ривожланганини, мусулмонлар сафи қандай кенгайганини ўсимликка қиёсламоқда. Бу бежиз эмас. Чунки деҳқонлар эккан ўсимлиги, ерга қадаган дон-дунлари, экин-тикинлари қанчалик гуркираса, шунчалик хурсанд бўлади. Бунинг ортидан қанчалаб одамлар мева-чевалардан, дон-дунлардан баҳраманд бўлади. Худди шундай Ислом ҳам жаҳолат ботқоғига ботган инсонларни ҳидоят билан неъматлантирди, уларга руҳий, маънавий озуқа берди.
Лекин бу ҳолат кофирларга ёқмайди. Шу боис Аллоҳ таоло: “(Бу) улар сабабли кофирлар жаҳлини чиқариш учундир”, деб марҳамат қилди. Кофирлар мусулмонлар сони ошганидан асло хурсанд бўлмаган, аксинча, ич-этини еб, ҳақ диннинг пайини қирқиш илинжида бўлган. Ботиний ва рофизийлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг кофир бўлиб, диндан қайтдилар. Лекин, шундай бўлса-да, Аллоҳ таолонинг нусрати ғолиб келди: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро сураси, 81-оят).
“Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир”. Яъни, ҳамиша Ҳаққа итоат этиб, солиҳ амаллар қилган кишиларга Аллоҳ таолонинг улкан мукофоти бордир.
Аллоҳ таолонинг улкан мукофотларини олиш барчамизга насиб қилсин!
Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис сунна”
асари асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
ЯНГИ МАСЖИДДА МУФТИЙ ҲАЗРАТЛАРИ МИНГЛАБ НАМОЗХОНГА МАВЪИЗА ҚИЛИБ БЕРДИЛАР
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 20 май куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини адо этиш, ҳудуд мўмин-мусулмонлари билан бирга билан мулоқот қилиш учун Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги “Қассоблик” жомесига ташриф буюрдилар.
Ташриф давомида Муфтий ҳазратлари масжиднинг қайта қурилган биносини кўздан кечирдилар, жоме ходимлари билан мулоқот қилиб, намозхонларнинг ибодатларини чиройли адо этиши ва илм-маърифатини ошириши учун барча шароитларни ҳозирлаш лозимлиги, бунинг учун имом ва ноиблар ўз устида ишлаши кераклиги таъкидладилар.
Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари жума намози олди масжидга йиғилган минглаб мўмин-мусулмонлар сермазмун мавъиза қилиб бердилар.
Жума намози якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан минглаб вобкентлик мўмин-мусулмонлар билан бирга юрт тинчлиги, эл фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот учун, Вобкент туманидаги “Қассоблик” жомесининг янги биноси қурилиши 2019 йилнинг май ойида бошланиб, 2022 йилда тугалланиб, шу йил 1 апрель санасида фойдаланишга топширилди. Илк бор 1993 йили қурилган масжиднинг эски биноси намозхонларга тор, бинолари ҳолати ёмон ҳолатда эди.
Масжиднинг умумий майдони 22 гектарни ташкил этади. Жомеда бир вақтнинг ўзида 3 мингдан зиёд намозхонни сиғдира олади. Айни пайтда тумандаги 6 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатмоқда.
Хонақоҳ, айвон ва иссиқ ва совуқ мавсумларда ҳам ибодатларни бемалол ва роҳат билан адо этиш учун барча шароит яратилган. Катта ва замонавий таҳоратхонасида эса бир пайтда 100 нафар одам фойдаланиши мумкин. Аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ва таҳоратхона ташкил этилган.
Масжидга 40 метрли минора ҳамда баландлиги 21 метр, айланаси 12 метрли гумбаз ўзгача файз ва кўрк бериб турибди.
Бир сўз билан айтганда, миллий ва замонавий кўриниш ҳамда мукаммал қурилиш ечимига эга икки қаватли масжидда ибодат амалларини бажариш учун барча қулайликлар яратилган. Автомобиллар туриши учун махсус жойлар, ташриф буюрувчилар учун ювиниш-таҳоратхона, масжид ходимлари учун хоналар, шунингдек, маъмурий бино ташкил этилган.
Айни пайтда “Қассоблик” масжидида Қурбон домла Шукруллоев имом-хатиб сифатида фаолият юритмоқда.
Шу билан Муфтий ҳазратларининг Бухорои шарифга қилган сафарлари ниҳоясига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Бухоро декларациясининг асосий қоидалари
Бухорода ўтказилаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми Тошкент шаҳри ва Самарқандда ташкил этилган анжуманнинг узвий давоми ҳисобланади, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослар, ҳуқуқшунослар ва Ўзбекистон томонидан турли конфессиялар вакиллари, дин олимлари, уламолар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда бошқа расмий вакиллар қатнашди.
Бухоро декларацияси “Декларациялар мулоқоти” халқаро форумининг якуний ҳужжати ҳисобланади. Ҳужжат дунёнинг 10 мамлакати етакчи диншунослари, исломшунослари, дин ва расмий вакиллари томонидан тасдиқланади.
Бухоро декларациясида Ўзбекистон ҳамда жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини тарғиб қилиш борасидаги амалий қадамлари ўз ифодасини топган. Ҳужжат барча дин вакилларини жамиятда конфессиялараро мулоқот ва тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ва дастурларни амалга оширишга чақиради.
Декларацияда инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида эътиқод эркинлигига қатъий риоя қилиш, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг фақат жамоат хавфсизлиги, тартиби, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида эътиқод эркинлигини чеклашга йўл қўймаслик тўғрисидаги позициясини маъқуллаш, кучайиб бораётган муросасизликнинг, дин ёки эътиқодга асосланган зўравонлик ҳаракатларининг кучайишини қоралаш, ахборот макони, жумладан, ижтимоий тармоқларда диний муросасизлик ва камситиш ташвиқотини олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда терроризм, экстремизм ва уларнинг барча шаклларида ҳеч қандай дин, цивилизация, миллат, этник гуруҳ ёки эътиқод тизими билан боғланиши мумкин эмаслиги ҳам баён этилади. Диний бинолар, зиёратгоҳларнинг тарихий ва маданий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда уларни асраб-авайлаш муҳимлиги таъкидланади.
Қайд этиш жоизки, Бухоро декларацияси аввал қабул қилинган декларацияларнинг тамойилларини ўз ичига қамраб олган. Динларнинг тинчликсевар моҳияти, динлараро мулоқотнинг муҳимлиги, диний таълимнинг экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, эътиқод эркинлигини таъминлашнинг муҳим омили сифатидаги аҳамияти шулар жумласидандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.