muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилда ташкил этилган навбатдаги "Ўтмишда ва бугунги кунда Муқаддас Қуръонни тафсир қилиш" олтинчи халқаро ислом анжумани кўплаб уламоларнинг ташрифи билан ажралиб турганини қайд этиш лозим.

Татаристон Республикасида ўтказилаётган олтинчи халқаро ислом конференциясида иштирок этиш учун келган суриялик уламолар Болгар ислом академиясига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда islam-today нашри хабар берди.

Сурия делегацияси таркибида Сурия Араб Республикаси Вақф вазирлиги вакили шайх Муҳаммад Шариф ас Саввафа, Сурия ва Дамашқ ханафийлари шайхи ал-Ханафиялар ва бошқа бир қатор етакчи уламолар киритилган. Улар Болгар ислом академиясида талабалар учун яратилган шароит: ўқув хоналари, кутубхона, намозхоналар ва ётоқхоналар билан танишганлар.

Уларга Татаристон Республикаси муфтийси Комил ҳазрат Самигуллин ҳамроҳлик қилгани қайд этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 13 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Охирини ўйлаган мўмин бўлади

Дунё дунё бўлганидан буён ҳар нарсанинг охири айрилиқ эканига боқ.

Бу жаҳонга келгандан кейин кетмаганни ким кўрибди?

Кексалар суҳбатидан (“Hidoyat” журнали)

* * *

Жамоат транспортида кетяпсиз. Тиқилинч. Йўловчилардан бири уловдан тушиш учун ҳаммани туртиб-суртиб олдинга интилади. Қўлингиздан келганча унга осон бўлсин деб ҳаракат қиласиз. Шунга қарамай, у тушиш олдидан заҳрини сизга сочади: “Сал сурилсангиз бўлмайдими?!”

Шундай пайтда нима қиламиз? Хотиржам, мақола ўқиб ўтирганимизда мийиғимизда кулиб қўя қоламиз. Чунки ичида бўлмай туриб ҳолатга аниқ баҳо бериш осон эмас. Лекин ўша жойда йўловчи заҳрини сочган одам биз бўлсак-чи? Табиий, ўрнида жавоб қайтарамиз, “ҳақимиз”ни едирмаймиз. Чунки айбсиз ҳолда, индамайгина кетиш жуда қийин.

Бу ҳол эса мўмин бўлиш осон эмаслигининг бир далилидир. Мўмин ҳам одам, унинг ҳам ғазаби, иззат-нафси, оғриқлари, дарду аламлари бор. Унинг ҳам озор чеккан пайтида бошқалардек бақириб-чақиргиси, жаҳл қилгиси, аламини нималардандир олгиси келади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда охирини ўйлайди, бу ишидан дунёсидан ҳам кўра, охиратига етадиган зиённи ҳисобга олиб, ўзини босади...

Руҳиятшунос асабийлашган пайтда бошқаларга жаҳл қилишдан сақланиш учун кимсасиз жойда буюмларни уриб-синдириш, ҳеч бўлмаса, қоғоз парчалаш ёрдам бериши мумкинлигини айтади. Яна кимдир ранжитган одамнинг расмини қўйиб, нишон ўрнида фойдаланишни тавсия қилади. Мўмин эса қарайди – бирор буюмни синдириш исроф, суратни нишонга олиш ҳам ярашадиган иш эмас. Энг зарарсизи – қоғоз парчалашни танлайди, бироқ бундан ҳам бирор натижа чиқмаслигини англайди. Яна ҳар галги амали – сабр ва намоз билан Аллоҳдан ёрдам сўраш учун тиз чўкади...

* * *

Бир кун ҳамма нарса тугайди, умримиз ҳам. Охират сафарида ёнимизда амалларимиздан бошқа нарса бўлмайди. Ибодатларимиз қай аҳволда? Бандалик бурчларимизни, масъулиятларимизни қандай бажаряпмиз?

Мўмин бу саволларни бериб, ўзидан ҳисоб сўрайдиган, ҳар бир иши, айтар сўзининг натижасини, охирини ўйлайдиган, амалларида ихлосли, Аллоҳ таолодан қўрқиб, умидини ҳам йўқотмаган ҳолда ибодат ва ҳаракатларига нозик ёндашган кишидир.

Мўмин одам Аллоҳ таолонинг ризосига эришиш мақсадида У Зотга холис, самимий итоат қилади.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарса кичик ширкдир”. Асҳоби киром сўради: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” “У риёдир”, дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). Кейин бундай давом этдилар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани амаллари учун ҳисобга тортганида: “Боринглар, риё қилган кишиларингиз олдига, қаранглар-чи, уларнинг ҳузурида бирор мукофот топармикансиз?” дейди» (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳар зарранинг ҳисоби қилина­диган улуғ кунда ҳеч банда амаллари зое бўлишини истамайди. Нафсоний алданиш кишини кўр ва кар қилади. Хўжакўрсинга ўқилган намоз, одамлар сахий дейишларини хоҳлаб, берилган садақа, бирор манфаат, кимгадир ёқиш учун қилинган яхшилик, адолат кабилар нафсни озиқлантиришдан бошқа нарса эмас.

* * *

“Охирини ўйлаган қаҳрамон бўлолмайди”, дейилади бир фильмда. Балки охирини ўйлаган қаҳрамон бўлмас, аммо мўмин бўлади. Зеро, мўминликнинг ўзи қаҳрамонликдир. Фикримиз исботи учун унга ҳақсизлик қилишганида жаҳлини ичига ютиб, сукут сақлай олишини ва Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Одамлар енголмаган киши эмас, ғазабланганида ўзини боса олган киши ҳақиқий паҳлавондир” (Имом Бухорий ривояти), ҳадиси шарифларини эсласак, кифоя.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввал, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида «Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар» номли халқаро анжуман бошлангани ҳақида маълумот берган эдик.
Куни кеча, 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги делегация Қирғизистонга хизмат сафарини бошлади.
Муфтий ҳазрат дастлаб анжуман дастуридан ўрин олган Бишкек шаҳридаги «Абу Бакр Сиддиқ Мусахон тўра» жоме масжидининг очилиши маросимида табрик сўзлари билан иштирок этдилар.
Тадбирда Россия муфтийлар кенгаши раиси ўринбосари Дамир Ҳазрат, Қозоғистон Бош муфтийси Серикбай ҳожи Ўраз, Қирғизистон бош муфтийси Максатбек Токтомушев, Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода, Литва муфтийси Якубаускас Ромас ва бошқа меҳмонлар қатнашди.
Меҳмонлар ушбу масжидда аср намози адо этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الخميس, 13 أيلول/سبتمبر 2018 00:00

Мусулмоннинг ҳурмати

Ҳужжатул-ислом имом Ғаззолий “Иҳё улумид-дин” китобининг “Тил офатлари” бобида бир ажиб ҳикояни келтиради.

“Бир ғассол аёл бор эди. Кунларнинг бирида одатдагидек бир майит аёлни юваётганида қўли марҳуманинг баданига ёпишиб қолди. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, қўлини майитнинг танасидан ажрата олмади. Хунук бир ҳолат юзага келди. Кимдир аёлнинг қўлини кесиб ажратиш керак, деса, яна кимдир ўликнинг танасидан кесиб ажратиш керак, дер эди.

Охири бу воқеанинг хабарини Имоми Моликка етказишди. Имом озгина сукут қилгандан сўнг ғассол аёлни саксон дарра уришга буюрди. У айтгандай қилиб аёлни уришди. Саксонинчи даррани уриб бўлишган ҳам эдики, унинг қўли марҳуманинг жасадидан ажраб кетди.

Воқеага гувоҳ бўлганлар бу ҳодисанинг сабабини сўрашганида, Имоми Молик бунинг сабабини аёлнинг ўзидан сўрашларини айтди. Аёл эса кўзда ёш билан: “Мен бу аёлни юваёганимда қалбимдан: “Бу аёл зинокор бўлса керак”, деган ҳаёл ўтган эди”, дея жавоб берди”.

Хулоса шуки, дунёдан ўтган киши ҳақида нафақат ёмон гапларни гапириш, балки қалб ила бўлса ҳам ёмон гумонда бўлиш яхши иш эмас. Исломда мусулмоннинг вафотидан кейинги шаъни ҳам шунчалар азиз.

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби 

Бугун, 13 сентябрь куни Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида «Маънавий ипак йўли: Буюк инсоний қадриятлар ва замонавий таҳдидлар» номли халқаро анжуман бошланди.

Мазкур анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари куни кеча, 12 сентябрь куни Бишкек шаҳрига жўнаб кетдилар.

Ушбу халқаро анжуманда Марказий Осиё республикаларининг диний идора раҳбарлари иштирок этмоқда. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон республикаларининг диний уламоларидан ташқари ушбу анжуманга Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикасининг диний идоралари вакиллари ҳам меҳмон сифатида таклиф этилган.

Қирғизистон муфтийси Максатбек Токтамишевнинг айтишича, халқаро анжуманнинг марказий мавзуси замонавий таҳдидларга қарши курашда уламоларнинг ҳамкорлигини таъминлаш масаласи бўлади.

Маълумот учун, ушбу конференция учинчи бор ташкил этилаётган бўлиб, дастлаб Хитойда, иккинчи анжуман эса Россияда ташкил этилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top