Рамазон-2019

Нима учун саҳарлик қилиш керак?

Танловга!

Кўпчилик инсонлар кундузи турли хил касб ва тижоратлари билан банд бўлишади. Табиийки, Рамазонда ҳам бу ҳолат давом этади ва бунга кечалари таровеҳ намозларини адо этиш ҳам қўшилади. Натижада, кўпчилик толиқади, саҳарликка туришга қийналади ва саҳарликка турмасдан ҳам рўза тутиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида саволлар беришади. Аслини олганда уламоларимиз бир инсон ухлаб қолиб ёки бошқа бир сабабли саҳарлик қилолмай қолса тутган рўзаси рўза бўлаверишини айтишган, аммо эътибор қаратишимиз керак бўлган бошқа бир жиҳат ҳам мавжуд. Биз мўминлар ўзимиз учун юксак намуна бўлган Зот – суюкли Ҳабибимизга эргашиш, суннатларини маҳкам тутишга буюрилганмиз. У зот эса бизга саҳарлик қилишимизни буюрганлар.

عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السَّحُورِ بَرَكَةً» رواه مسلم.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», дедилар. Муслим ривояти.

Демак, саҳарлик қилиш аввало У зотнинг суннатларига эргашиш экан. Суннатга эргашиш эса Қиёмат куни У зотнинг шафоатларига ноил бўлишга сабаб бўлади. Атайлаб, саҳарлик суннат эканлигини менсимаган ҳолда тарк этиш эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб бу иш гуноҳкор бўлишга олиб боради. Юқоридаги ҳадиси шарифдан саҳарлик қилишда барака бор эканлиги маълум бўлди. Уламолар саҳарликдаги барака бир неча жиҳатдан бўлиши мумкинлигини айтишган:

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларини бажариш орқали суннатга эргашиш ва ажрга эга бўлиш;
  • Аҳли китобларнинг рўзасига хилоф қилиш. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Бизнинг рўзамиз ва аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарлик таомидир», дея марҳамат қилганлар;
  • Саҳарлик билан ибодатга куч-қувват тўплаш ва тетикликни зиёда қилиш;
  • Кундузи очлик сабабли юз берадиган асабийлик каби ёмон хулқлардан ҳимояланиш;
  • Саҳарликнинг дуолар ижобат бўладиган кечанинг охирги қисмида зикр ва дуоларга сабаб бўлиши;
  • Ухлаб қолмасдан рўза ниятини янгилаб олиш;

Имом Сарахсий айтадилар: «Рўза билан нафсга курашиш орқали Аллоҳга яқин бўлиш ҳосил бўлади. Нафсга қарши кураш эса икки йўл билан юзага чиқади. Биринчиси, таомга иштаҳа бўлиб туришига қарамай нафсни таомдан тийиб туриш, иккинчиси эса (саҳарлик учун) уйқу ширин пайтда уйғонишдир».

Бундан ташқари саҳарлик қилишнинг фазилатли амал эканлигига далолат қилувчи бир қанча ҳадиси шарифлар мавжуд. Демак, имкон қадар яхши ният билан, суннатга эргашиш мақсадида бир қултум сув билан бўлсада саҳарлик қилиш жуда катта ажр-савобга сабаб бўлади ва тутиладиган рўзанинг ажрига ажр қўшилади. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ажру савобларни қўлга критишни насиб айласин!

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Read 40905 times
Top