Сийрат ва ислом тарихи

Ўлимидан Раҳмоннинг Арши ларзага келган саҳобий!

Ушбу буюк саҳобий Исломни қабул қилгач олти йил яшадилар холос. Ўттиз бир ёшида Исломга кириб ўттиз етти ёшида вафот этдилар.

Хўш, бу зот  ким бўлдики, унинг ўлимидан Раҳмоннинг Арши ларзага келса ва жанозасига етмиш минг фаришта ҳозир бўлса! 

У зот Саъд ибн муъоз ибн Нўъмон ибн Имрулқайс ал-Ансорий ал-Ашҳалийдир. Кунялари Абу Амр эди. У зотнинг оналари Кабша бинти Рофиъ ибн Убайд ибн Саълаба. Исломни Қабул қилгач, Расулуллоҳга байъат бериб, Ўғли Саъд ибн Муъоздан кейин вафот этганлар.

Саъд ибн Муъоз бўйлари баланд, жуссадор, оқдан келган, ҳуш юзли ва соқоли ўзига ярашиб турадиган киши эдилар.

Саъд исломдан аввал қавмларининг саййиди,  Авс Қабиласининг раиси, Бани Абдулашҳалнинг сардори эдилар. Ҳижратдан бир йил олдин ўттиз бир ёшларида Исломни қабул қилдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан йигирма бир ёшга кичик бўлганлар. У зотнинг ҳидоятларига Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан даъват юритган Мусъаб ибн Умайр сабабчи бўлдилар. Саъд розияллоҳу анҳу  Исломни қабул қилиб Бани Ашҳалга қарата: “Токи Исломни қабул қилмас экансиз, эркагингиз-у аёлингиз билан гаплашиш мен учун ҳаромдир!”, дедилар. Бу гапдан кейин улар ҳам Исломга кирдилар. Саъд розияллоҳу анҳу Исломда ҳам барокотли киши эдилар. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида иштирок этдилар. Бадр жангидан олдин Расулуллоҳга қай даражада фидокор эканликларини бутун ансорийлар номидан намоён этганлари маълум ва машҳур. Ўшанда Ул зот алайҳиссалом қайта-қайта маслаҳат  сўраганларида Саъд ўрнидан туриб шундай дедилар: : “Ё Расулуллоҳ! Сиз бизларни назарда тутаётган кўринасиз?” - Ҳа, шундай”, дедилар ул зот алайҳиссалом. Саъд сўзида давом этди: “Ё Расулуллоҳ! Биз сизга иймон келтирганмиз ва сиз келтирган нарсаларни ҳақлигига шаҳодад берганмиз. Бу нарсалар устида сизга  қулоқ тутиб, итоат этишга аҳд ва ваъдалар берганмиз. Бизни истаган жойингизга бошланг, ё Расулуллоҳ! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар бизга бир денгизни кўрсатиб, унга шўнғисангиз, албатта, ортингиздан сиз билан бирга шўнғиймиз. Орамиздан бирор киши ортига қайтмагай! Бизни бирор душманга йўлиқтирсангиз ҳам дилхирилик қилмаймиз. Биз жанг қаршисида матонатли, душман қаршисида садоқатли кишилармиз. Умид қиламанки, бизнинг ҳаракатларимиз билан Аллоҳ таоло сизни мамнун қилажак. Бизни Аллоҳ таолонинг барокоти ила олға бошланг, ё Расулуллоҳ!”.

Уҳуд жангида эса қўшин орти ҳимоячилари белгиланган жойни тарк этгандан кейин мусулмонлар жуда оғир ҳолатга тушиб қолдилар. Шундай ҳолатда Расулуллоҳнинг олдиларида собит туриб, кўксини қалқон қилиб, ҳимоя қилган оз сонли кишилар ичида Саъд ҳам бор эдилар.

Саъд Ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Ҳандақ ғазотида мусибатга учрадилар. Қаттиқ жароҳат олган буюк саҳобий бир ой бетоб бўлиб ётдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг олдига кирдилар. Уни оқ кийимига ўраб қўйишганди. Бошидан ушлаб, бағриларига босдилар ва дуо қилдилар: “Аллоҳим! Албатта Саъд сенинг йўлингда жидду жаҳд қилди. Расулингни тасдиқлади ва зиммасидаги бурчни адо этди. Бас, Унинг руҳини бирор бир руҳни қабул қилмаган суратда қабул эт!”

Саъд розияллоҳу анҳу ул зотнинг сўзларини эшитиб, кўзларини очдилар ва: “Ассалому алайка ё Расулуллоҳ! Гувоҳлик бераманки, албатта сиз Аллоҳнинг Расулисиз!, дедилар.

Саъд ибн Муъознинг сўнгги онларида Набий алайҳиссалом унинг олдига кирдилар ва: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин! Қавмингнинг қандай ҳам яхши бошлиғи эдинг. Сен Аллоҳга берган ваъдангнинг устидан чиқдинг, албатта Аллоҳ таоло ҳам сенга берган ваъдасининг устидан чиқади!”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу кеча умматингдан бир киши вафот этди. У ким?”, деб сўради. Саъддан бошқанинг оғир беморлигини билмайман. Унга нима бўлди?”, дедилар. Ё Расулуллоҳ! Саъднинг руҳи қабз қилинди. Сўнг унинг қавми келиб, ўз диёрларига олиб кетишди”, дейишди. Ул зот Бомдод намозини ўқиб, йўлга тушдилар. Одамлар ҳам у зотга эргашишди. Расулуллоҳ жуда тез юрардилар. У зотга етишиб юраман деб, одамларнинг оёқ кийимидаги иплари узилиб, елкаларидан ридолари тушиб кетарди. Шунда улар: “Ё Расулуллоҳ! Одамларни шошириб юбордингиз!”, дейишди. Ул зот эса: “Малоикалар Ҳанзалага биздан олдин борганлари каби унга ҳам биздан олдин бориб қолишмасин, деб қўрқмоқдаман!”, дедилар.

Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосни ювиш шарафи фаришталардан кўра ўзларига бўлишини истардилар.

Ибн Саъд Салама ибн Аслам розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз эшик олдида туриб, Расулуллоҳдан кейин кирмоқчи эдик, у зотга кўзим тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарига кирдилар, уйда ўраб қўйилган Саъддан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мен у зотнинг ортга тисарилганларини кўриб, тўхтадим. Узот менга “Ўрнингда тур”, деб ишора қилдилар. Мен тўхтаб ортимдагиларни ҳам тўхтатдим. У зот бир муддат ўтириб, кейин чиқдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳеч кимни кўрмадимку, аммо сизнинг орқага тисарилганингизни кўрдим?”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Фаришталардан бири мен учун қанотини тортиб турмагунича ўтира олмадим”, дедилар-да: “Эй Абу Амр, муборак бўлсин! Эй Абу Амр, муборак бўлсин! Эй Абу Амр, муборак бўлсин!”, дедилар.”

Инсонлар унинг тобутини кўтарар эканлар, Саъднинг жуссадор бўлганига қарамай жуда енгиллигидан ажабландилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишганида, Ул зот алайҳиссалом: “Уни сизлардан бошқалар кўтаришяпти. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Саъднинг руҳи билан Фаришталар шод бўлди ва унга Раҳмоннинг Арши ларзага келди!”, дедилар.

Саъд ибн Муъоз ўттиз етти ёшга етиб вафот этгандилар. У кишининг жисмлари инсонлар орасидан риҳлат қилган бўлсада, сийратлари тиллардан-тилларга ўтиб, мангу қолажак.

Зеро у зотнинг Робб субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида ҳам юксак мақомлари бор эди. У зот Бани Қурайза яҳудийлари мусулмонларга ҳиёнат қилишгач оқибатлари қандай бўлишини кўзлари билан кўрмагунларича жонини олмасликни Роббдан дуо қилиб сўрагандилар. Дуолари  ижобат бўлди. Мақсадлари ҳосил бўлгач яна Робб таолога дуо қилиб, жонини қабз қилишини сўрагандилар, у ҳам қабул бўлди. Бу Саъд розияллоҳу анҳунинг  Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги олий мақомига далолатдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло Саъдга йўлиқишни яхши кўргани учун Арш ларзага келди. Зеро, кимки Аллоҳ таолони яхши кўрса ва Унга муштоқ бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унга йўлиқишни яхши кўради!

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу: “Арш Саъд ибн Муъознинг вафоти учун Робб азза важалланинг хурсанлигидан ларзага келди!”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъоз ҳақида марҳамат қилиб, айтадилар: “Бу шундайин солиҳ бандаки, унинг ўлимидан Арш ларзага келди, унинг учун осмон эшиклари очилди ва  илгари ерга тушмаган етмиш минг фаришта (жанозасида) ҳозир бўлди! Албатта у (қабрда) бир қисишлик билан қисилди сўнгра қўйиб юборилди!

Яна ул зот  соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг жаннатдаги мавқейи ҳақида қуйидагича марҳамат қилдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ипак сарпо ҳадя қилинди. У зотнинг саҳобалари уни ушлаб кўриб, унинг юмшоқлигидан ажаблана бошладилар. Шунда у зот: “Бунинг юмшоқлигидан ажабланяпсизларми?! Албатта, Саъд ибн Муъознинг жаннатдаги дастрўмоли бундан ҳам яхшироқ ва юмшоқроқдир!”. дедилар”.

 

Интернет маълумотлари ва

Ҳадис ва ҳаёт”китоби асосида

“Мулла Абдуғаффор ҳожи”

жомеъ масжиди имом хатиби 

Икром Каримов таёрлади

Read 9811 times
Top