Сийрат ва ислом тарихи

Умму Кулсум бинти Уқба

Бу фазилатли саҳобиянинг тўлиқ исмлари Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муайт Абон ибн Заквон ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманоф ибн Қусай ал-Умавий разияллоҳу анҳодирлар.

  Аллоҳ таоло Ўз каломида ўликдан тирикни чиқаришини, тирикдан эса ўликни чиқаришини ваъда қилган.  Яъни, гоҳо ноқобил ота-онадан солиҳ фарзандлар, гоҳо эса солиҳ ота-онадан ноқобил фарзандлар дунёга келади. Не саодатким, Умму Кулсум разияллоҳу анҳо дунёда имон лаззатини тотмай яшаган Уқба ибн Абу Муайтнинг солиҳа қизи эдилар.

  Уқба ибн Абу Муайтнинг исми ҳеч қачон яхши сўзлар ва мақтовлар билан эсланмайди.  Бунинг сабаби бор. У Аллоҳнинг динига ва Пайғамбарига қарши чиқувчи, имкон топди дегунча оёқости қилишга уринувчи кимса эди. Айниқса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озори қаттиқ кишилардан бири эди. У Сарвари коинот Каъба олдида сажда қилаётганларида муборак бўйинларини босиб турган, бошқа сафар намоз ўқиётганларида тўсатдан келиб кийими билан бўғган, туянинг қоғаноқини (ички аъзоси) елкаларининг ўртасига ташлаб, ҳамтовоқлари билан мириқиб кулган бадбахт – Уқба ибн Абу Муайт эди. Лекин Аллоҳнинг иродаси ила Уқбанинг ҳонадонида, тарбиясида катта бўлган қизалоқ катта бўлган сари отасига ўхшамас, унинг бадхулқини эса сира ҳазм қилолмас эди. Дили ёруғлик томон интилар, ҳамма қилган ишни қилгиси келмас, турли “олиҳалар”дан безор бўлган эди. У мисоли тубанлик саҳросида униб-ўсган муаттар гулга ўхшарди...

Умму Кулсум қалби излаб юрган осойишталик лаҳзалари етиб келди. У имон ҳаловатини, лаззатини туйди. Ўзини энг бахтли инсон дея ҳис қилди. Шукроналар айтиб Яратганга бош эгди...

 Кунлар келиб мусулмонлар Маккани тарк этиб, Мадина сари кетар бўлганларида Умму Кулсум улар билан йўлга чиқолмади, тўғрироғи чиқа олмасди. Уни қаттиққўл акалари бор эди. Лекин, Ислом неъматини қадрлаган ва диннинг шарафи остида ўз қадрини ҳам билган бу фидокор аёл ёлғиз ўзи сафар тадоригини кўрди. Уйидагиларига Мадинага кетаётганини сездирмаслик учун яқин бир ерга кетаётгандек тутди ўзини.  Аллоҳ ва Росулининг муҳаббатини энг яхши ҳамроҳ билиб, Мадина сари қадамини тезлатди. Йўлда хузоалик бир киши кимлигини, қаерга кетаётгани сўради. Умму Кулсум разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришни жуда-жуда истаётганини, бироқ йўлни билмаслигини айтганда ҳалиги хузоалик: “Мен сени кузатиб қўяман!” деди. Сўнг бир туя келтириб, Умму Кулсумни миндирди-да, йўл бошлаб кетди. Йўл бўйи бир оғиз гапирмас, индамай кетар эди. Қачон туяни чўктирса, бир четга бориб турар, Умму Кулсум разияллоҳу анҳо пастга тушар эдилар. У эса узоқроқдаги дарахт соясида дам оларди. Яна туяга минсалар, юзини четга буриб турар, ўгирилиб қарамасди.  Шу тарзда Мадинага ҳам етиб келдилар. Умму Кулсум бу хузоаликнинг яхшилигини сира унутмадилар. Ҳаққига дуо қилдилар.

Мадина... Ҳа, бу Мадина! Пайғамбар қўним топган, дўстлари келиб тушган диёр. Етти йил деганда Расулуллоҳни кўради. Етти йил деганда фироқ оловига сув сепади. Саросима хаёлларни, дилдаги аламларни қувиб чиқаради... Майли етти йил кейин уларга етишган бўлсада, энди ортга қайтмайди. Гарчи “Ҳудайбийя” сулҳи тузилган бўлса ҳам, гарчи Маккадан келган мусулмонлар Мадинадан яна Маккага қайтарилиб юборилаётган бўлса ҳам, Мадинада қолади. Қаттиқ илтимос қилади. Заифлигини, аламларга сабри дош беролмаслигини тушунтиради... кейин Мумтаҳана сурасидаги қуйидаги оятлар нозил бўлди:

Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўмина аёллар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўрингиз! Аллоҳ уларнинг имонларини (бор ёки йўқлигини) яхшироқ билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина аёллар эканини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтармангиз! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир.” (Мумтаҳана, 10)

Бу қандай бир бахт. Ўзи ҳақида оят тушса-я!

Умму Кулсумнинг ҳали бошлари очиқ, Маккада оила қурмаган эдилар. Биринчилардан бўлиб Зайд ибн Ҳориса совчи қўйдилар ва никоҳларига олдилар. Орадан бир муддат ўтиб талоқ қилдилар. Сўнг Абдурраҳмон ибн Авф уйландилар. Улар Иброҳим ва Ҳамид исмли икки ўғил кўрдилар. Абдурраҳмон ибн Авф вафот этгач, Амр иб Осс разияллоҳу анҳу ўз хонадонларига бека қилдилар. Умрларининг охиригача Амрнинг рафиқаси бўлиб қолдилар. Тақдир ҳукми уларни Али разияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларда айирди. Амр суюкли умр йўлдошини  фоний дунёдан боқий дунёга кузатаркан: “Алвидо, Умму Кулсум...” дея кўзлари намланиб қолган эди.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус

Ислом билим юрти ўқитувчиси 

Саидакбарова Нилуфар

Read 7092 times
Top