Рамазон-2019

Қадр кечасидаги савобнинг ҳажми

Биз ушбу мақолада қадр кечасини ибодат билан ўтказган киши оладиган савобнинг ҳажми ҳақида сўз юритамиз.

Қадр кечаси йил кечалари ичида энг улуғидир. Бу кеча ҳақида алоҳида сура нозил бўлган. Бу кечанинг улуғлигини оширган сабаблардан бири Қуръон айнан шу кечада нозил бўла бошлаганидир.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган:

إِنَّا أَنزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

“Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди? Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир” (Қадр сураси).

Ичимизда қадр кечасини умрида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлса ҳам топишни орзу қилмаган одам топилмаса керак.

Юқоридаги сура, хусусан, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оят ҳақида ўйлаб кўрсак, бошқа минг ойда амал қилиб, қанча савоб олсак, бу кечада бир амал қилиб, ундан ҳам кўп савоб олишимизни англаб етамиз.

Фикримиз тушунарли ва тасаввур қилишимиз осон бўлиши учун бу кечада эришиладиган савоб миқдорини рақамларда ифода этишга уриниб кўрайлик!

Хўш, минг ойда нечта кеча бор?

Бу жуда осон савол. Агар бир ойда 30 (ўттиз) кеча борлигини эътиборга олсак, минг ойда 30000 (ўттиз минг) кеча борлиги маълум бўлади. Демак, қадр кечасида бир амал қилган худди бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг)та амал қилгандек бўлади.

Албатта, биз савобни рақамларда келтиришда тахминий хулоса қиламиз. Чунки, оятда минг ойга баробар дейилмаган, балки минг ойдан яхшироқ дейилган. Бу эса савобнинг аниқ миқдори қанчалигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди деганидир. Биз фақат минг ой ҳақида, амалларнинг минг ойга кўпайтирилиши борасида сўз юритамиз.

Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқисак, бошқа кечаларда 30000 (ўттиз минг) ва ундан ҳам кўпроқ ҳарф ўқигандек бўламиз.

Энди яна бир оятга эътибор қаратсак:

مَن جَاء بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا

“Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” (Анъом сураси, 160-оят).

Қадр кечасида Қуръондан 1 (бир) ҳарф ўқиш бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ва ундан кўп ҳарф ўқишнинг савобига тенг дедик. Энди бу оятда айтилганидек, 30 000 (ўттиз минг)ни 10 (ўн)га кўпайтирамиз. Натижа 300 000 (уч юз минг) бўлади!

“Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” деган оятга биноан 1(бир) ҳарф учун 300 000 (уч юз минг)дан ҳам кўпроқ савоб бўлади.

Қуръони Каримдаги ҳарфларнинг сони 300 000 (уч юз минг)тадан кўпроқ бўлиб, қадр кечасида Қуръондан бир ҳарф ўқиган киши бошқа кечаларда Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобига тенг савоб олар экан.

Агар биз “Ихлос” сурасини ўқисак, қанча савоб оламиз? Бу сура басмала билан бирга 66 (олтмиш олти)та ҳарфдан иборатдир. Демак, биз “Ихлос” сурасини басмала билан бирга (яъни 66 та ҳарфни) бир марта ўқисак, Қуръони Каримни 66 (олтмиш олти) марта тўлиқ ўқиб чиққаннинг савобини оламиз.

Агар биз қадр кечасида бир марта дуо қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ дуо қилганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида бизга ёмонлик қилган 1 (бир) дона инсонни кечирсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) донадан ортиқ одамни,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) донадан кўпроқ кишини кечирганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида 1 (бир) ракат намоз ўқисак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) ракатдан ортиқ намоз ўқиган,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) ракатдан кўпроқ намоз ўқиганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида 1 (бир) марта садақа қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда 300 000 (уч юз минг) мартадан ортиқ садақа қилганнинг савобига эга бўламиз.

Агар биз қадр кечасида қариндошимизга 1 (бир) марта силаи раҳм қилсак, “Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир” оятига кўра, бошқа кечаларда 30 000 (ўттиз минг) мартадан ортиқ,  “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” оятини ҳам қўшганда, бошқа кечаларда қариндошларимизга 300 000 (уч юз минг) мартадан кўпроқ силаи раҳм қилганнинг савобига эга бўламиз.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизнинг ихлосимизни зиёда қилсин! Рамазон ойини ғанимат билиб, ҳар дақиқасидан фойдаланиб қолишга, хусусан, қадр кечасида солиҳ амалларни қилиб бедор бўлишга муяссар этсин!

 

 

islam.ahram.org сайтидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 37117 times
Top