Рамазон-2019

Қадр кечаси ҳақида 10 саволга 10 жавоб

Танловга!

  1. Савол: «Қадр» сўзининг маъноси нима?

    Жавоб: Ушбу сўзнинг «юксак шараф», «миқдор» ва «белгиланган вақт ёки макон» каби маънолари мавжуд. 

  1. Савол: Нима учун «Қадр кечаси» дея номланган?

    Жавоб: Уламолар бу саволга бир қанча жавоблар беришган:

  • Бу кечанинг даражаси жуда улуғ бўлгани учун;
  • Аллоҳ таоло бу кечада дуоларни ижобат қилгани учун;
  • Бу кечада бедор бўлиб ибодат қилганларнинг ажр-савоблари бир неча баробар кўпайтириб берилгани учун;
  • Аллоҳ таоло бу кечада қилинган солиҳ амални минг ойдаги амалдан яхшироқ қилиб қўйгани учун;
  • Бу кечада бедор бўлганларнинг гуноҳлари кечирилгани учун; 
  1. Савол: Бу кечанинг бошқаларидан қандай устунликлари бор?

    Жавоб: Унинг кечанинг бошқаридан бир қанча устунликлари бор:

  • Ушбу кечада Қуръон Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинган;
  • Бу кечада Аллоҳ таоло фаришталарини осмондан ерга туширади;
  • Бу кеча омонлик ва саломатлик кечаси бўлади;
  1. Савол: Бу кечани қандай ўтказиш керак?

    Жавоб: Қуръон тиловати, намоз, зикр ва дуолар билан ибодат қилиб ўтказиш лозим. 

  1. Савол: Бу кечада қойим бўлишнинг ҳукми нима?

    Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажарган ва бунга тарғиб қилган амал бўлгани учун суннат амал саналади. 

  1. Савол: Ушбу кечада нима деб дуо қилинади?

    Жавоб: Ушбу кечада қуйидаги дуо кўпроқ айтилади: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, Cен марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!). 

  1. Савол: Қадр кечасини Рамазоннинг қайси кечаларидан излаш лозим?

   Жавоб: Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалар, хусусан, йигирма биринчи ва йигирма еттинчи кечадан излаш мақсадга мувофиқдир. 

  1. Савол: У барча Рамазон ойларида бўладими ёки фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларига хосми?

    Жавоб: У  қиёматга қадар барча Рамазон ойларида бўлади.  

  1. Савол: Нима учун унинг аниқ қайси кун экани махфий қолган?

    Жавоб: Бунинг ҳикматларидан бири мусулмонларни ихлос ва муҳаббат билан Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тўлиқ ибодат ила ўтказишга тарғиб қилишдир. 

10. Савол: Кечанинг қанчасида қойим бўлиш лозим?

      Жавоб: Кечанинг баъзисини ибодат билан ўтказиш мумкин, аммо тўлиқ ибодат қилиш афзалдир.

 

Манбалар асосида

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Read 41631 times
Top