Сийрат ва ислом тарихи

Ҳазрати Умарнинг келин танлашлари

Ҳар-бир ота-она фарзандлари вояга етгач,  қизи бўлса ақлли,  оилам дейдиган йигитга турмушга беришни, ўғли бўлса, ҳаёли иболи, оилам дейдиган қизни келин қилишни орзу қилади. Аммо кейинги вақтларда  совчилар келса таг-тугини суриштирадиган ёки совчиликка бориладиган бўлса, қизнинг отаси қаерда ишлаши-ю,  яқинларини олиб борганда уялтирмайдиган даражада данғиллама жойлари бўлишини дилига тугиб борадиганлар учраб туради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёл тўрт (нарсаси)  учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Довуд, Имом Насоий).

Фарзандига жуфт танлашда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ йўлни  кўрсатиб бердилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг келин танлашдаги талаблари кўпчиликка ибрат бўлса ажаб эмас.

Ҳазрати Умар кечалари Мадинани айланиб завқ олардилар. Чунки бу шаҳарнинг ҳар бир кўчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ хотиралар бор эди. Ҳар замонда севимли Пайғамбар билан ўтказган кунларини эслаб, у зотни худди ёнларидек ҳис қилардилар. Зеро, севган севилган билан ёнма-ёндир.

Баъзан ой нури ҳам бўлмаган тунларда Умарни ёлғизлатмаган, ўзини унуттирмаган Зот борки, эртага Унинг олдида ҳисоб беради. Аллоҳ Умарнинг шу дамда қандай фикр ва ҳиссиётлар билан айланиб юрганини унинг ўзидан яхши билади. Қудрати чексиз, илми ва раҳмати барчани қамрайдиган Зот севимли Расулига юборган китобда шундай деган: ”Қаерда бўлсангизлар ҳам, У(Аллоҳ) сизлар билан биргадир” (Ҳадид сураси, 4-оят).

Қаерда бўлмасин Аллоҳ билан биргалигини ҳис қилиб турган одамлар орасида ҳазрат Умарнинг ўзига хос ўринлари бор. Чексиз қудрат соҳиби бўлган буюк Парвардигорга нисбатан бўлган бу тақво ҳеч ким йўқ жойларда Умарни кўп йиғлатган... .

Шундай ҳислар билан тунда шаҳар айланар эканлар, ҳазрат Умар бир аёлнинг овозини эшитиб қолдилар:

Сутга озгина сув қўшайлик, қизим.

Онажон, амирал мўъминин: “Сутга сув қўшманглар”, - деган.

Амирул мўминин бу ерда йўқ. У сенинг нима қилаётганингни ҳам билмайди.

Сиз ҳақсиз, онажон. Амирул мўминин нима қилаётганимни кўрмаяпти. Лекин Аллоҳ кўриб турибди-ку!

Ҳазрат Умарнинг этлари жимирлаб, кўзларига ёш келди.

Қиз Қуръон тарбиясини олган, Аллоҳдан қўрқув ва Унга муҳаббатни қалбига жо қилган эди. Бунақа қизни кундузи чироқ ёқиб қидириб топиш душвор. Бинобарин, бунақа қизлар учун бор-йўғингни сарфласанг, бу йўлда бир умр тер тўксанг ҳам кам эди. Инсоният ҳақиқий масъулиятини шундай фикрларга эга бўлибгина билиши мумкин.

Фарзанд онасидан одоб ўрганиши керак, лекин онасига одоб берган бу қиз ҳазрат Умарнинг тамойилларига роса мос келарди. Чунки одамлар ҳазрат Умарнинг: “Мен учун энг маҳбуб инсон адолатга зид иш таклиф қилинганида, манфаатли бўлишига қарамасдан, рад эта олган инсондир”, - деганларини эшитишган эди. Мана, ўша мафтун бўлган маҳбубни топиб турибдилар У киши ўзларида йўқ севиниб кетдилар. Дунёда шундай инсонлар борлигидан кўнгиллари кўтарилди.

Онасига танбеҳ берган қиз ташқарида воқеани кузатиб, ҳақига дуолар қилиб турган халифани сезмадиям.

Ҳазрат Умар шу кеча Қуръоннинг ” : ”Қаерда бўлсангизлар ҳам, У (Аллоҳ) сизлар билан биргадир”, - оятини ҳаётдаги тафсирини кўриб, буюк Парвардигорга ҳамду сано айтдилар. Ана шу биргаликни билиш қоронғу, амир кўрмайдиган жойлардагина билинади.

Ҳазрат Умар овоз соҳибасини кўрмадилар, унинг кимлигини ҳам билолмадилар. Аммо у қиз: “Мўминлар, шак-шубҳасиз, оға-инидирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оят), оятига кўра ҳазрат Умарнинг қариндошидир.

Ўша тун ҳазрат Умар одмигина ётоқларига ётарканлар, тинимсиз шу оятни такрорлаб, Аллоҳ билан бирга эканини ҳис қилиш қувончини ҳис этдилар ва кўнгилларини кўтарган ўша овозни эшитгандек бўлдилар.

Эртасига бомдодни ўқиб бўлиб, биринчи қилган ишлари кечаги уйни топиш  бўлди. Уй соҳиби у кишини эҳтиром билан қарши олиб, иззат-икром кўрсатди. Ҳазрат Умар даставвал кечаги овоз соҳибаси турмуш қурганми, йўқми шуни сўрадилар.

У ҳали турмушга чиқмаган, мўминлар амири.

Жавобдан ҳазрат Умарнинг бошлари кўкка етди. Ҳеч бир тужжор савдо-сотиғидан қанча фойда олса ҳам, бу даражада хурсанд бўлмаса керак.

Унда қизингни ўғлим Осимга сўрамоқчиман.

Бош устига. Бу нарса оиламиз учун шарафдир, мўминлар амири (Абдуллоҳ ибн Абдул-ҳаким “Сийрати Умар ибн Абдулазиз”).

Ҳазрат Умар ўз фарзандларига муносиб кўрадиган келин Аллоҳдан қўрқадиган, ҳар бир ишда Унинг назоратини ҳис этадиган даражада оқила бўлиши керак эди. 

 

Манбалар асосида 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Read 7682 times
Top