Сийрат ва ислом тарихи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан илк учрашув

Саҳоба, буюк фақиҳ, мужтаҳидлардан бири, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлган зотлардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Рофия ибн Ҳабиб Хузалий 590 йил туғилганлар. Қуръони каримни яхши ўрганган, жуда кўп ҳадис эшитган ва ёд олган саҳобий эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан эшитиб ҳифз этган, тафсир илмининг энг моҳири бўлганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Маккада қурайшликлар орасида Қуръони каримдан сабоқ берган, мақоми Иброҳимда “ар-Раҳмон” сурасини очиқ-ошкор ўқиган, “Бадр”, “Уҳуд” ва бошқа барча жангларда қатнашганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Куфа хазинасининг бошлиғи бўлганлар. Усмон розияллоҳу анҳу даврида Мадинага келиб, шу ерда 63 ёшларида (653-йил) вафот этганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқаманинг ҳовлисига кирмасларидан аввал, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у зотга иймон келтириб улгурган эдилар. Бунинг натижасида, Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламга эргашиб, иймон келтирганларнинг олтинчисига айландилар. Демак, у зот Исломга энг эрта кирганлардан эканлар. Абдуллоҳ ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан илк бор учрашувларини қуйидагича ҳикоя қиладилар: “Мен ўспирин йигит эдим, Уқба ибн Муъайтнинг қўйларини боқиб юрганимда ёнимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб: “Бизга беришинг учун сенда бироз сут топиладими?”, деб сўрашди. Мен эса уларга: “Мен бир омонат қўйилган кишиман, сизларни суғора олмайман”, дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда бир ёшга тўлиб, ҳали қочмаган қўй борми?”, деб сўрадилар. Мен: “Ҳа”, дедим. Сўнгра ўша қўйни келтирдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша қўйни ушлаб, елинини силаган ҳолда Аллоҳ таолога дуо қила бошладилар. Бирдан қўйнинг елини катталашиб кетди. Сўнгра Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўртаси чуқурча бўлган бир тошни келтирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сутни соғиб, аввал, ўзлари, сўнгра Абу Бакр розияллоҳу анҳу ичдилар, мен ҳам ичдим. Кейин эса у зот қўйнинг елинига қарата: “Кичрай”, дейишлари билан, дарҳол кичрайиб ўз ҳолига қайтди. Шундан сўнг мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб, у зотга: “Шу сўзларингизни менга ҳам ўргатинг”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сен таълим берилган йигит экансан”, дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд Аллоҳнинг элчиси Роббисига дуо қилиб, ҳалигача сути соғилмаган қўйнинг елинини силаганларини, натижада ўша елиндан Аллоҳнинг қудрати билан чанқаганлар учун покиза сут чиққанлигини кўриб ҳайратга тушиб қолдилар. Албатта, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша соатларда бу буюк Пайғамбарнинг энг оддий бир мўжизасини кўриб турганликларини ва яқин келажакда бу Аллоҳнинг севимли элчисидан оламни ҳайратда қолдирадиган, бутун коинотни нури ҳидоятга тўлдирадиган буюк мўжизаларни кўришини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар.

Балки, ибн Масъуд ўша пайтда фақир, заиф бир йигитча бўлиб, Уқба ибн Муъайтнинг қўйларини боқиб юрувчи хизматкор ўлароқ, яқин кунларда Аллоҳ уни ҳидоят этиб, мўминлар сафига қўшганидан кейин ушбу буюк мўжизаларнинг бирига айланган ҳолда, ўз иймони билан Қурайш мушрикларининг кибр-ҳавоси, зулм ва ситамларини енгиб, улар устидан ғолиб бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмаган эдилар.

Исломдан аввал у зот Қурайш мушриклари ўтирган мажлиснинг ёнидан ўтишга журъат ҳам қила олмасдилар. Борди-ю ўтадиган бўлсалар ҳам, бошларини қуйи қилган ҳолда, қадамларини тез-тез ташлаб, ўтиб кетардилар. Аммо Исломни қабул қилганларидан сўнг, Каъба атрофида тўпланиб ўтирган барча Қурайш зодагонларининг тепаларига келиб, ўзларининг ёқимли ва таъсирчан овозлари билан, товушларини баланд кўтариб Аллоҳнинг каломини тиловат қила бошладилар.  Сўнгра бироз жим тургач, яна қироатини давом эттирдилар. Қурайш бошлиқлари кўзларига ва қулоқларига ишонмай, эсанкираб қолишди. Наҳотки, мана шу йигитча уларнинг кибр-ҳаволарига ва қувватларига қарши тураётган бўлса? Ахир, бу ўспирин йигит ўзларининг хизматкорларидан бири бўлиб, қўйларини ўтлатиб юрувчи фақир ва қашшоқ Абдуллоҳ ибн Масъуд-ку! Мушриклар Абдуллоҳ ибн Масъуднинг бу қилган ишларини кўтара олмай, у зотни савалай бошладилар. Асҳоблари у зотни ўз уйларига олиб борар эканлар, “Биз сенга шу нарса етишидан қўрққан эдик”, дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд “Мени ўз ҳолимга қўйинглар, мен яна бориб мушрикларга Қуръон тиловат қиламан”, дедилар.

У зот табиатан жуссалари кичик бўлса ҳам, шижоатлари жуда кучли эди. У зот Қуръони карим тиловати борасида ҳам бошқа саҳобаларга қараганда моҳирроқ эдилар. Барчамизга у зот каби солиҳ, Қуръонда моҳир бўлиш насиб этсин. Омин!

Абдулбасир КАМОЛОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом   билим  юрти талабаси

Read 5046 times
Top