Сийрат ва ислом тарихи

Муоз ибн Жабал

Cаҳобалар ҳаёти

Хазраж қабиласига мансуб Муоз ибн Жабал Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган мадиналиклардан эди.

Бу саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаёт синовларидан ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга бўлгани боис у зотдан кўп нарсаларни ўрганди. Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссалом): “Умматимнинг ичида ҳалол ва ҳаромни энг яхши билувчиси Муоз ибн Жабалдир”, дердилар. 

Ямандан бир гуруҳ элчилар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларига ҳақ йўлни кўрсатувчи устоз юборишни илтимос қилишди. Барча саҳобийлар бундай олий шарафга сазовор бўлишни истаб у зотдан ишора кутдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳуни жўнатдилар.

Уни кузатишдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига саволлар билан мурожаат қилдилар:

– Эй Муоз! Ҳукм чиқаришда нимадан фойдаланасан?

– Аллоҳнинг китобидан.

– Агар Аллоҳнинг китобидан топа олмасанг-чи?

– Расулининг суннатидан қидираман.

– Расулининг суннатида ҳам топа олмасанг-чи?

– Унда ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, – деб жавоб берди Муоз ибн Жабал.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларида хурсандчилик аломатлари пайдо бўлди. Қувонганларидан: “Расулуллоҳнинг элчисини Аллоҳ ва Расули рози бўладиган ишларга мувофиқ қилиб қўйган Раббимизга ҳамд бўлсин”, дедилар.

*   *   *

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида илми ва фаросати билан ҳам ажралиб турарди. Ушбу воқеани ибн Абдуллоҳ зикр қилади:

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларига бир неча саҳобалар билан кирдик. Ўттиз нафардан ортиқ одам суҳбатлашиб ўтирган мажлисга қўшилдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини эслашарди. Ораларида қорачадан келган, ширинсухан истарали йигит ўтирарди. Менимча, у қавмнинг орасидаги энг ёши эди. Саҳобалар ҳадис айтишса, ўша йигит шарҳлаб, фатво берар эди. Сўрамасалар жавоб бермасди, яъни ортиқча гапирмас эди. Мажлис тугаганидан кейин унга яқин бордим ва:

– Эй Аллоҳнинг бандаси! Сиз кимсиз? – деб сўрадим

У:

– Мен Муоз ибн Жабалман, – деб жавоб берди.

*   *   *

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу барча соҳада Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг маслаҳати билан иш кўрар, унинг фатвосига таянар эди. Саҳобийга ҳурмати сабабли “Агар Муоз ибн Жабал бўлмаганида, Умар шак-шубҳасиз ҳалок бўларди”, дерди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Муоз розияллоҳу анҳу Яманда ул зот буюрган ишларни бажараётган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу вақтида Мадинага қайтиб келди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу бой эди. Келганидан сўнг Умар ибн Хаттоб Абу Бакр розияллоҳу анҳум билан кенгашиб, Муоз ибн Жабалга молидан камбағалларга эҳсон қилишни маслаҳат берди. Муоз ибн Жабал эса ҳеч нима демади.

Эртаси куни тонгда Умар ибн Хаттоб Муоз розияллоҳу анҳуни ўз уйи олдида ҳаяжонланган, йиғлаб турган ҳолда кўрди. У киши йиғидан зўрға тийилиб, Умар розияллоҳу анҳуга:

“Эй Умар, кеча тунда туш кўрдим: уммон гирдоби мени ўзига тортиб, ғарқ қилмоқчи бўлаётган эмиш. Шунда сиз келиб мени қутқариб қолдингиз...” Икковлари шу заҳоти Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига боришди. Муоз ибн Жабал Абу Бакрга розияллоҳу анҳумга ўз молининг ярмини олишини ва муҳтожларга истаганича эҳсон қилишини айтди...

*   *   *

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни тонгда учратиб қолдилар ва саволга тутдилар:

– Эй Муоз, уйқудан қай ҳолатда уйғондинг?

– Ҳақиқий мўмин бўлиб уйғондим, ё Расулуллоҳ, – деди Муоз.

– Ҳар нарсанинг ҳақиқати бўлади, имонингнинг ҳақиқати нима? – деб савол бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Уйғонганимда келаётган тунни кўра оламанми-йўқми – билмайман. Уйқуга кетишимдан олдин тонгни кўра оламанми-йўқми – билмайман. Яна қадам босиб юраётганимда кейинги қадамимни боса оламанми-йўқми – билмайман. Хаёлимда, ўтиб кетган қавмларга қиёматда китоблари берилаётганини, жаннат аҳли роҳатланаётганини, гуноҳкорлар эса қийналаётганини кўргандай бўлавераман.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Ҳақиқатни билибсан, унда бардавом бўлгин, эй Муоз, – дедилар.

*   *   *

Муоз ибн Жабал умрини инсонларни тўғри йўлга бошлашга, фойдали илм қолдиришга бағишлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у киши ҳақида: “Муоз Аллоҳга бўйсунувчи, ҳақиқий мусулмон эди. Биз уни Иброҳим алайҳиссаломга ўхшатар эдик”, дер эди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қариндош-уруғлари билан Шомга кўчиб ўтади ва у ерда илм билан шуғулланади. Бир қанча муддат ўтганидан сўнг Шомнинг амири Абу Убайда ибн Жарроҳ вафот этади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабални Шомга бошлиқ этиб тайинлайди.

Ўлим тўшагида ётган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан кимни ноиб қилиб кетишини сўраганларида, “Агар Муоз ҳаёт бўлганида уни албатта ўзимдан кейинги халифа қилиб қолдирардим. Раббимнинг олдига борганимда у мендан: “Муҳаммаднинг умматига кимни бош қилиб қолдирдинг?” деса, Раббимга: “Уларга Расулуллоҳнинг: “Қиёматда олимларнинг бошлиғи Муоз ибн Жабал бўлади”, деганларини эшитганим учун Муоз ибн Жабални қолдирдим”, дер эдим”, деб жавоб берган экан.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Шомга бошлиқ этиб тайинланганидан сўнг бир неча ой умр кўрди ва 33 ёшида оламдан ўтди.

 

Абу АЙЮБ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 7732 times
Top