Сийрат ва ислом тарихи

Ат-Тоҳира, Ал-Кубро деган номга сазовор онамиз

Вафотига қадар пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ягона ва биринчи аёлларидир. Пайғамбаримиз қолган аёлларига Хадийжа онамиздан кейин уйланганлар. Бадавлат бева аёл (бойлик уларга вафот қилган иккинчи эрлариидан қолган), баланд бўйли, ақлли, жуда гўзал ва қатъийятли. То пайғамбаримиз билан учрашгунларига қадар, ҳеч кимга ўзларининг бойлик ва тақдирини боғламоқликка йўл қўймаганлар. Хадийжа онамизнинг вафотларидан сўнг пайғамбаримизнинг ҳеч бир аёллари у зотнинг қалбларида Хадийжадек жой эгалламаганлар.

Дунё аёлларининг энг яхшиси ўз даврида Имрон қизи Марям эди, бу даврнинг энг яхши аёли эса Хадийжадир (Саҳиҳ ал-Бухорий). Пайғамбармизга турмушга чиққунларига қадар Хадийжа (р.а.) Бану Усайд қабиласидан бўлган Абу Хала ибн Маликнинг никоҳида эди. Ундан Ҳинд исмли ўғил ва Зайнаб исмли қиз фарзанд кўрганлар. Абу Халага қадар эса Усаййик ибн Абид билан турмуш қурган эдилар ва ундан ҳам Абдуллоҳ исмли ўғилари ва Жария исмли қизлари бор эди. Хадийжа онамиз ҳар доим ўз қариндошларига, камбағалларга, шунингдек, оила қуришга қийналганларга ёрдам қўлини чўзар эдилар. Хадийжа онамизга Араб ярим оролининг бой зодагонлари, обрўли кишилари совчи қўйганларида, рад жавобини берганлар. Ҳаётлик даврларида Хадийжа онамиз Қурайшликлар маликаси, Ат-Тоҳира, Ал-Кубро деган номга эга бўлганлар. Хадийжа онамиз савдогарларга маблағ бериб, савдолари учун мол олиб келтирар эдилар. Пайғамбаримизнинг тўғри сўз ва ишончли эканликлари ҳақида ҳабар топгач, уларга тижорат учун катта маблағни ишониб топшириб, Шомга жўнатдилар. Пайғамбаримиз Шомга Хадийжанинг қули Майсара билан жўнаб кетдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) қайтгач, Хадийжа (р.а) катта даромадга эга бўлдилар.

Бундан ҳам афзаллари Майсара кўрган мўжизалар бўлди (Айрим уламоларнинг айтишларича бу мўжиза икки фариштанинг қуёш нурларидан пайғамбаримизни тўсганликларидир). Хадийжа (р.а.) дугонаси Нафиса бинт Манияни пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг олдиларига улар билан турмуш қуриш истаклари борлигини билдириш учун юбордилар ва улар турмуш қурдилар. Бу вақтда Хадийжа (р.а.)нинг ёшлари ўттиз тўққиз пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёшлари эса йигирма бешда эди.

Хадийжа (р.а.) вафотларига қадар пайғамбаримиз (с.а.в.)ни қўллаб-қувватладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) одамларни исломга даъват қилганларида душманлар- дан ҳимоя қилдилар, энг қийин вазиятларда ёнларида бўлдилар. Исломни биринчи қабул қилган инсон бўлдилар, маблағларини ислом манфаати учун сарфладилар. Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан рашк қилмадим. Фақатгина Хадийжадан рашк қилдим. Мен уни кўрмадим ҳам. Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон қўй сўйсалар, Хадийжанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бир куни у зотнинг ғазабларини чиқариб: «Хадийжадедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», дедилар». (Икки шайх ва Термизий ривояти). Хадийжа (р.а.) пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Иброҳим исмли ўғилларидан ташқари барча фарзандларининг онасидир ва пайғамбаримизга Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима, Абдуллоҳ исмли фарзандлар ҳадя қилганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўғил фарзандла ри ёшлик чоғларида вафот этган. Қиз фарзандлари эса, пайғамбарлик даврларида исломни қабул қилиб, Маккадан Мадинага хижрат қилганлар. Фотима онамиздан бошқалари пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаётлик давриларида вафот этганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг амакилари Абу Толибнинг вафотларидан сўнг, Хадийжа (р.а.) ҳам вафот қилганлар. Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлид (р.а.)дан рози бўлсин.

 

Робия САИДҲАНБАЛОВА

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 6212 times
Top