Сийрат ва ислом тарихи

Убайдуллоҳ ибн Масъуд ҳақида биласизми?

Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ ибн Масуъуд Содруш шариъа ал-Асғор ибн Масъуд ибн Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий ал-Бухорийдир.

“Содруш шариъа ал-Асғор” “кичик содруш шариъа” деганидир. У кишининг катта боболарининг ҳам лақаби Содруш шариъа бўлганлиги насабларидан кўриниб турибди. Шунинг учун катта бобо “Содруш шариъа ал-Акбар” – “Катта Содруш шариъа”, набира эса “Содруш шариъа ал-Асғор” – “Кичик Содруш шариъа” деб аталган. Баъзи манбаларда икковларини “Содруш шариъа биринчи” ва “Содруш шариъа иккинчи” деб ҳам фарқланган.

Аммо Содруш шъариъа лақаби асосан Убайдуллоҳ ибн Масъудга нисбатан ал-Бухорий роҳматуллоҳи алайҳга нисбатан ишлатилган. Имом Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухоро шаҳрида, ота-боболаридан бошлаб барча авлодлари илм ва фиқҳ уламолари бўлиб келаётган оилада туғилиб вояга ятганлар. Қачон туғилганликлари манбаларда зикр қилинмаган. Олимнинг яшаб ўтган даври мўғуллар истилосига тўғри келади. Шунинг учун ёшлигидаёқ оила аъзолари билан Кирмон ҳудудига қочиб кетишга мажбур бўлганлар. Лекин шунга қарамай илм олишда бардавом бўлганлар. Асосий илмни боболари Маҳмуд ибн Содруш шариъадан ўзлаштирганлар.

У зотнинг имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳига етиб борадиган санадлари бор бўлиб, у қуйидагича:

  1. Боболари Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Содруш шариъа
  2. Катта боболари Аҳмад ибн Жамолуддин
  3. Жамолуддин Убайдуллоҳ ал-Маҳбубий
  4. Шайх имом Муфтий имомзода
  5. Шайх Имомуддин

Убайдуллоҳ ибн Масъуд замонасининг кўзга кўринга алломаларидан бўлиб, айниқса, Усулул фиқҳ, Фуруул фиқҳ, Хилоф, Жадал, Ҳадис, Наҳв, Луғат, Адабиёт, Илми калом, Мантиқ каби илмларда пешқадам бўлганлар. Уламолар у киши ҳақида жуда кўп ижобий фикр билдирганлар. Шу жумладан аллома Тафтазоний у киши ҳақида “У муҳаққиқ имом, мудаққиқ таҳрирчи, ҳидоя ва дироя олими, ақлий ва нақлий илмлар мезонини тўғриловчи, усул ва фуру илмлар мусаҳҳиҳи шариат ва ислом пешвосидир. Аллоҳ Жаннатда у зотнинг даражасини юксак қилсин”, деганлар.

У кишининг бир қанча таълифотлари бўлиб, улардан энг машҳури, кўплаб мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиладиган “Мухтасарул Виқоя”дир. Бу китоб фиқҳ илмида мурожаат қилинадиган асосий тўрт матн китобнинг бири, ўз боболарининг қаламига мансуб: “Виқоятур ривоя фи масаилил ҳидоя” китобининг қисқартмасидир. Боболарининг айнан шу китобига у киши шарҳ ҳам ёзган бўлиб , унинг номи “Шарҳул Виқоя”дир. Бу китобдан ҳозирги кунда ҳам аҳли илмлар кенг кўламда фойдаланади. Содруш шариъанинг “Ат-Танқиҳ”, “Ат-Тавзиҳ”, “Ал-Вишоҳ”, “Таъдилул улум”, “Муқоддимотул арбаа”, “Аш-Шурут вал-Маҳозир” каби бошқа китоблари ҳам бор.

Имом ҳижрий 747 йили Бухорода вафот этадилар. У зотнинг икки боболаридан бошқа барча қариндош уруғлари Бухорода дафн қилинган. Икки боболари Кирмонда вафот этиб ўша ерга дафн этилган. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

Рўзимуҳаммад Тўхтасинов

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 5987 times
Top