Сийрат ва ислом тарихи

Умматнинг ишончли кишиси

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, “Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бўлади. Бу умматнинг амийни Абу Убайда ибн Жарроҳдир” деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зотус салосил ғазоти бўлаётган пайтда Абу Убайда розияллоҳу анҳуни бир қанча қўшин билан Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга мадад кучи қилиб юборганлар. Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг қўшини орасида Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумо каби саҳобалар бор эди.

“Амийрул умаро” лақабига илк бор Абу Убайда розияллоҳу анҳу эга бўлганлар.

Абу Убайда бўйлари баланд, жисмлари озғин, юзлари нурли, соқоллари сийрак, тишлари тушган, яъни олдинги иккита тишлари тушган инсон эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу “Агар мен вафот этаётганимда Абу Убайда ҳаёт бўлса, уни халифа қилиб қолдираман. Охиратда Роббим мендан уни халифа қилиб қолдирганим ҳақида сўраса, мен “Аллоҳнинг амийнини ва Расулининг амийнини халифа қилиб қолдирдим” дейман” деганлар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан исломни қабул қилдилар. Бу пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Арқамнинг ҳовлисига кирмаган эдилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу Иккинчи Ҳабашистон сафарида иштирок этдилар. Бадр, Уҳуд ва бошқа барча маъракаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлиш учун Ҳабашистондан қайтиб келдилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг, ундан кейин Умар розияллоҳу анҳунинг ёнида бўлдилар.

Дунёни ортларига улоқтирган, охират сари юзланган, зоҳид, парҳезкор, обид, омонатдор киши эдилар. У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганларидан сўнг шунга содиқ қолдилар ва вафот этгунларича жонларини, молларини, бор имконият ва иқтидорларини Аллоҳнинг динининг нусрати учун фидо қилдилар. Бирор марта ўз нафсларининг ҳиссасини, улушини ўйламадилар.

Уҳуд ғазотида Абу Убайда розияллоҳу анҳу мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга ҳарисликларини сезди ва ўзига ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жилмасликка сўз берди. Урушдаги айрим вазиятлар уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлашишга мажбур этарди. Узоқда уришар экан, икки кўзи севиклиги жойлашган тарафда эди. Урушар экан, кўзларида Ҳабибининг ёнларига тезроқ бориш истаги ва безовталик бор эди. Душманлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб бораётганини кўргач, тезда улардан олдин Набий алайҳиссаломнинг ёнларига келди. Уруш роса авжига чиққан пайтда Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг атрофларини бир нечта мушриклар ўраб олдилар. Улар билан урушар экан, кўзи худди бургутнинг кўзларидек севикли ҳабибининг уруш қилаётган жойларида эди. Уни душман ҳамон қуршаб урушмоқда эди.

Бир пайт Абу Убайда розияллоҳу анҳу бир мушрикнинг отган ўқи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб текканини кўрди. Бу манзарани кўрган буюк саҳобийнинг ҳуши бошидан учиб кетай деди. Шу пайтда атрофини ўраб турган душман билан шунақа олишдики, унинг қўлида битта эмас, юзта қилич борга ўхшарди. Душманни ер тишлатиб, тезда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига югурди. Бориб қараса, у зот алайҳиссаломнинг муборак бошларидан чиққан қон юзларига оқиб тушибди. Шу онда Набий алайҳиссалом кўзларини очиб, “Набийларининг юзини қонга белаган қавм қандай нажот топади? Ахир ўша Набий уларни Роббилари йўлига даъват қилмоқда-ку!” деганча ўнг қўли билан юзларидаги қонни артаётган Абу Убайдани кўрдилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаалмнинг икки яноқларига санчилиб кириб қолган икки ҳалқани кўрди. Бу ҳалқалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламининг ҳимоя кийимларига тегишли бўлиб, ўқнинг зарби қаттиқлигидан ўша кийимдаги ҳалқаларни муборак яноқларига ботириб, киритган эди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу бу ҳолга чидаб тура олмади ва муборак яноққа яқинлашиб, олдинги икки тишлари билан ҳалқани тишлаб, тортиб чиқарди. Шунда унинг ўша икки тиши синди.

Бу воқеани бизга Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўзлаб берсинлар: “Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқ отилганда, яноқларига кийимларининг иккита ҳалқаси ботиб кириб кетди. Дарҳол у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам томонга шошдим. Бир инсон ҳам машриқ томондан учиб келаётган эди. Иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига етиб келганимизда, қарасам, у Абу Убайда экан. У мендан олдин етиб келган эди.

“Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр сиздан ҳалқаларни чиқаришни менга қўйиб беришинингизни сўрайман” деди. Бу ишни унга қўйиб бердим. Абу Убайда ҳалқалардан бирини олд тиши билан тортди. Ҳалқа ерга тушди. У билан бирга битта тиш ҳам тушди. Кейин иккинчи ҳалқани яна бир тиши билан тишлаб, тортди. Ҳалқа ва тиш ерга тушди. Шундан кейин Абу Убайда одамлар орасида “икки тиши синган” дея аталди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрар эдилар. Бир куни Яманнинг Нажрон деган жойидан бир гуруҳ инсонлар мусулмон бўлиш учун Мадинага келдилар. Улар Набий алайҳиссаломдан ўзлари билан бирга Қуръонни, Суннатни ва Исломни ўргатадиган бир кишини юборишларини илтимос қилдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Сизлар билан ўта ишончли, омонатдор, амийн бўлган кишини юбораман” дедилар.

Воқеани Умар розияллоҳу анҳу давом эттирадилар: “Ҳеч қачон амирликни яхши кўрмадим. Аммо ўша куни ўша ишончли одам мен бўлишимни орзу қилдим. Пешин намозига эртароқ келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан пешинни ўқиганларидан сўнг ўнг тараф-чап тарафга қарадилар. Мени кўрмай қолмасинлар деб бўйнимни чўзиб турдим. Кўзлари билан излай-излай, охири Абу Убайдага қарадилар ва “Тур ўрнингдан. Улар билан бирга бориб, ихтилоф қилаётган масалаларида ҳақ ила ҳукм чиқариб бер!” дедилар. Абу Убайда улар билан бирга кетди”.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қандай яшаган бўлсалар, у зот алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин ҳам ишончли киши бўлиб қолдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Рум императорига қарши Ярмук жангида қўшинга қўмондонлик қилаётган пайтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар. У кишидан кейин халифалик Умар розияллоҳу анҳуга ўтди. Умар розияллоҳу анҳу Ярмук жангидаги қўшинга Абу Убайдани қўмондон қилиб, Холидни мансабидан озод этдилар. Бу ҳақда келган мактубни Абу Убайда розияллоҳу анҳу Холид розияллоҳу анҳуга билдирмай, яширдилар. Уруш тугагач, мактубни Холидга кўрсатдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу у кишидан “Аллоҳ сизни раҳм қилсин, эй Абу Убайда. Бу мактубни келган пайтида менга айтишдан сизни нима тўсди?” деб сўрадилар.

У киши Холид розияллоҳу анҳуга “Мен сизнинг урушингизни синдиргим келмади. Биз дунё султонлигини хоҳламаймиз. Дунё учун амал қилмаймиз. Барчамиз Аллоҳ йўлида биродармиз” дедилар. Шу билан Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Амийрул умаро” дейила бошладилар. У киши Шомда Амийрул умаро бўлдилар. Қўл остиларида жуда катта сонли қўшин бор эди. Аммо ўзлари қўшин аъзоларидан биридек кўринардилар.

Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида биродарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳуни сўрадилар. Бироздан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу етиб келдилар. Икки дўст қучоқлашиб кўришдилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга “Бизни уйингга олиб бор” дедилар. Икковлари биргалашиб Абу Убайданинг уйига бордилар. Умар розияллоҳу анҳу бориб, унинг уйидан ҳеч нарса топмадилар. “Матоинг қани? Ахир сен амирсан. Мен эса фақат кигиз, меш ва лаганни кўряпман. Уйингда таом борми?” деб сўрадилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу туриб бориб, чарм идиш ичидан нон бўлакларини олдилар. Буни кўриб Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Дунёдан дам олишга етадигани кифоя қилади” дедилар. Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу “Эй Абу Убайда сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартириб юборибди” дедилар.

Амвос деган жойга вабо келди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу қўшин билан бирга ўша ерда эдилар. Умар розияллоҳу анҳу унга вабо етишидан қўрқиб, мактуб юбордилар. Унда ушбу сўзлар бор эди:

“Агар мактубим кечқурун етиб борса, тонгни кутмай менинг олдимга йўлга чиқишингни, агар тонгда етиб борса, кеч киришини кутмай менинг олдимга йўлга чиқишингни талаб қиламан. Менинг сенда ишим бор”.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифанинг мақсадларини фаҳмладилар  ва у кишига шундай мактуб юбордилар:

“Эй мўминларнинг амири, менга мактубингиз етиб келди. Мақсадингизни билдим. Мен мусулмонлар қўшинининг бир аъзосиман. Уларга етган нарса менга ҳам етади. Мени қасдингиздан озод қилинг, эй мўминларнинг амири”.

Мактуб Умар розияллоҳу анҳуга етиб келганда, у киши йиғладилар. Атрофда турганлар “Абу Убайда вафот этибдими?” деб сўрашди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Шунга яқин қолибди” дедилар.

Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўттиз олти минг қўшинга раҳбар эдилар. Вабо тарқалгач, қўшиндан олти минг киши қолди. Қолганлар вафот этишди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам шулар қаторида 18-ҳижрий  йилда “Амвос вабоси” сабабли вафот этдилар.

Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин!   

 

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 7244 times
Top