Сийрат ва ислом тарихи

Суннатга амал қилишда олимлардан ўрнак олайлик

Салаф солиҳларнинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, улар суннатга амал қилиш борасида бизларга гўзал намуна бўлишган.

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: "Қайси ҳадисни ёзиб олган бўлсам, унга амал қилганман", деганлар. Шуни эслатиб отиш лозимки у киши йиғган ҳадис тўпламидаги ҳадисларннг сони 40 минга етади. Демак шунча ҳадисга амал қилганлар дегани, келиб чиқади.

Суннатга амал қилиш борасида Аҳмад ибн Ҳанбал: "Агар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини мана бундай қирганлар, деган маънодаги ҳадисни эшитсанг, сочингни бир толасини бўлса ҳам худди пайғамбаримиз қирганларидек қиргин ", деганлар.

Инсон бир кун бўлсада ўз суюкли пайғамбари билан бирга яшаб, сўзида, амалида, юриш -туришида, инсонлар билан бўлган муомиласида, унга рўпаро бўлган муаммони ечимида у зотдан ўрнак олиб, суннатларига эргашиб яшаса қандай ҳам улуғ бахт бўлади. Ахир нимага улуғ бахт бўлмас экан, у инсониятнинг афзали бўлмиш пайғамбаримиздек улуғ зотга ўхшаб яшашга урунди, у зот қилган ишларни қилди. Агар шуни бахту саодат демасак унда нимани бахт дейиш ммкин?!

Сизчи, сиз азиз диндош биродарим? Бир синаб кўринг! Ҳеч бўлмаганда умрингизнинг бир кунини Оламларга раҳмат бўлиб келган зот пайғамбаримиздек ўтказинг!

Валий зотлардан бири уйига келганида аёли хомуш бўлиб, "Уйимизда ҳечвақо қолмади", деганда ҳалиги валий зот хурсанд бўлиб Аллоҳга ҳамд айтган экан.  Бу ҳолатдан ажабланган аёли: "Уйда ҳеч вақо қолмади десаму, сизнинг хурсанд бўлишингиз нимаси", деб сўрабди. Валий зот кўзида қувонч ёшлари билан: "Аллоҳга шукрки бир кун бўлсада уйимиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига ўхшади", деган экан.                        

 

Нурмуҳаммедова Васила

Read 4785 times
Top