muslim.uz

muslim.uz

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан яна бир ёлғон хабар тарқаб қолди. Эмишки, бир йил келадики, унда мусулмонларга зарар бўлади, бу ойда Рамазоннинг биринчи куни жума кунига тўғри келади, рўзанинг ўн бешинчи кунида осмондан қаттиқ овоз келади, овозни эшитганлар дарҳол эшик деразаларни маҳкам ёпиб, саждага йиқилинглар ва саждада “Субҳанал Қуддус, Роббуна Қуддус”, деб айтинглар, шунда нажот топасизлар. Яна иккита овоз келади. Уларнинг биринчиси Жаброил алайҳиссаломнинг овози ва иккинчиси шайтонларнинг овози. Ушбу пайтда уйдан чиқмай ўтиринглар ва ҳоказолар....
Бундан илгари эса Рамазоннинг келиши ҳақидаги хўшхабарни кишиларга етказган кишига дўзах харом қилинади деган хабар тарқаган эди.
Бу каби хабарларни эшитиб, уларни тезлик билан тарқалаётгани, кишиларнинг бу каби ёлғон хабарларга ишонишларини кўриб ачинасан киши. Аслида буларнинг барчаси илмсизлик ва аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Чунки, илмдан, ҳадиси шарифлардан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис айтишдаги услубларидан озгина хабари бор киши бу каби ҳадисларнинг ғирт тўқима, мантиққа тўғри келмайдиган гап сўзлардан иборат эканлигини яхши билади.

Азизлар! Кўзингизни очинг. Асоссиз ва тўқима гапларга ишонманг. Бошқаларга тарқатманг. Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам номларидан тўқилган сохта ҳадисларни авж олишига шерик бўлманг. Ислом душманлари тарафидан ўйлаб топилган бу каби хабарларни овоза қилиш билан уларнинг гуноҳига шерик бўлманг. Бир хабарга ишонишдан олдин, уни ўзгаларга юборишдан илгари шу соҳанинг мутахасисларидан маслаҳат олинг. Чунки бу Аллоҳ таолонинг қатъий буйруғидир. “Агар билмасангиз, зикр аҳлларидан сўранг” (Анбиё сураси, 7-оят). “Эй иймон келтирганлар! агар фосиқ хабар келтирса уни аниқлаб кўринглар..." (Хужурот сураси, 6-оят).
Қолаверса, Ислом динида ёлғон сўзлаш гуноҳи оғир бўлган амаллардан ҳисобланади. Агар бу ёлғон Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан тўқилган бўлса, азоби янада оғир бўлади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди». (Тўртовлари ривоят қилганлар). Имом Муслимнинг ривоятида: «Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.
Бошимизга тушган бу мусибатдан, атрофда бўлаётган воқеа ҳодисалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, мусулмонлар қалбига қўрқув, саросима ва ваҳима солаётган нобакорларнинг найрангига учиб қолманг.
Ундан кўра Қуръони каримда келган дуоларни, саҳиҳ ҳадисларда келган кўрсатмалар, дуо ва истиғфорларни кўпайтиришлик билан Роббимиздан нажот ва енгиллик сўрайлик.Зеро унутмайликки, Рамазон ойи кириши билан Аллоҳнинг раҳмат, мағфират эшиклари очилади. Шундай улуғ кунларда динимиз ақийдасига зид нарсаларни тарқатиш гуноҳи кабирадир. Аллоҳ барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

الثلاثاء, 28 نيسان/أبريل 2020 00:00

Ватанга муҳаббат – илоҳий туйғу

Бир туйғу бор: асло сўнмайди. Бир ҳис бор: ҳеч қачон камаймайди. Бу Ватан туйғуси, юртга муҳаббат ҳиссидир. Мана шу туйғу, мана шу ҳисни ҳар доим қалбимизнинг тубтубида асраймиз. Илло, ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам арафасида бу туйғу, бу ҳис жўш ураверади. Сабаби...

Ватанни севиш туйғусини Аллоҳ таоло ҳазрати инсоннинг қалбига жо айлаган. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Одам Ватанини, гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ватанга муҳаббат туйғуси – савқи илоҳий. Инсон ватанидан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди», деган.

Энди дўппини ечиб, бир тафаккур қилиб кўрайлик. Шундай жаннатмонанд Ватанни эъзозламай бўладими? Ахир, бугунги дориломон, саодатли кунларни аждодларимиз орзу қилиб ўтишдику! Отабоболаримиз умид қилган кунлар, шукрки, бизга насиб этди.

Муқаддас динимизда Ватанни севиш имоннинг белгиси экани айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: “Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида, асло чиқмасдим”, деганлар (“Фатҳул борий”).

Пайғамбаримиз она шаҳридан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Лекин доим ўзлари туғилиб ўсган Макка сари талпинар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шакшубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир» (Қасас сураси, 85оят) ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.

Мўътабар ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини ниқтаганлари келтирилган. Имом Ҳумайднинг ривоятида: “Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш зарурлигига ҳам ишора қилади”, деганлар.

Имом Заҳабийнинг “Сиярул аълом аннубало” китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ватанларини яхши кўрганлари келтирилган.

Фақат инсонгина эмас, балки ҳайвонлар ҳам ўз Ватани – инини ҳеч нарсага алишмайди.

Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен Ватандан айрилиқдек оғир синовга дучор бўлмаганман” (“Ҳулятул авлиё”), деган.

Мухтасар айтганда, бугун Ватанимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини фақат кўриш, кузатиш эмас, балки муносиб ҳисса қўшишимиз лозим. Ахир, доимо эзгу ишларнинг пайида бўлиш мўмин кишининг сифатику.

 

Эрдон ЭСОНОВ,

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зиёвуддинхон” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳидоят журналидан

Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир от сотиб олдилар. Отни олиб узоқроққа юрдилар. Уни синаб кўриш учун миниб кўрмоқчи бўлдилар. Шу пайт от бир титраб ўлиб қолди. Умар розияллоҳу анҳунинг нафси отни эгасига қайтариб беришга ундарди. От эгаси мени алдабди, касал отини менга сотибди, деб ўйладилар. Умар розияллоҳу анҳу отни эгасини кетидан қидириб бориб топдиларда, қайтариб бермоқчи бўлдилар. Аммо отни эгаси отини пулини қайтариб беришдан бош тортди. Амирал муъминин қозига шикоят қилдилар. Ўша пайтда адолат қилишда шуҳрат қозонган қози Шурайҳ эди. Қози Шурайҳ отни сотган кишини фойдасига ҳукм чиқардида ва Умар розияллоҳу анҳуга қараб, агар эътирозингиз бўлса, отни эгасига асли тирик ҳолида қайтаринг, ундай қилолмасангиз отни олиб кетаверинг деди. Умар розияллоҳу анҳу қози Шурайҳга қараб кулиб туриб; қози аслида шундай бўлиши керак деб, уни Куфага қози этиб тайинладилар.

 

Юлдашев Иззатуллоҳ

Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

الخميس, 28 نيسان/أبريل 2022 00:00

Умар ибн Абдул Азиз ва Саййида Фотима.

Умар ибн Абдул Азиз халифалик даврларида Мисрлик бир аёл у кишини излаб Мадинаи Мунавварага келди. Одамлардан у кишини қасрлари қайерда деб сўради. Одамлар у кишини уйларини қайердалигини тушунтириб, қандай боришини айтдилар. Мисрлик аёл излай- излай, сўраб топиб келди. Уйга изн сўраб кирди, қараса бир  ямоқ кийимда, эски солча устида, бир аёл ўтирибди. Мисрлик аёл бу ўтирган аёлга яқинлашиб, Абдул Малик қизи Фотима эканини таниди. Қўрқиб кетди,чунки уни Халифанинг қизи , Умар ибн Абдул Азизнинг аёли эканини  аввалдан яхши биларди. Фотима унга самимий – дўстона муносабатда бўлиб, очиқ кўнгил билан, хуш муоъмала билан кутиб олдилар ва ёнларига ўтиришга таклиф қилдилар. Ҳалиги аёл анча хотиржам бўлиб, Саййида Фотимани ёнларига ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрагач, бир юмуш билан Амирал мумининни олдиларга келганини, унга айтадиган зарур гаплари борлигини айтиб туриб, кўзи деворни тузатиб, суваётган кишига тушди ва Саййида Фотимага қараб, анови лойкаш номаҳрамдан қочмайсизми, очиқ жойларингизни беркитмайсизми деди. Шунда Саййида Фотима кулиб, у лойкаш Амирал муминин бўладилар дедилар. Ҳалиги аёл ҳанг – манг бўлиб қолди ва иккинчи марта дахшатга тушди. У Халифани уйларини бир ҳашаматли сарой бўлса керак деб ўйлаган эди. Бу икки эр-хотинга хаваси келди ва қоил қолди ва икковига тасаннолар айтди.

Юлдашев Иззатуллоҳ

Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

 Имом Таҳовийнинг таржимаи ҳоли ва илмий фаолияти.

Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ал-Аздий ал-Ҳажрий ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ 229-321 йилда Мисрнинг юқори қисмидаги Таҳийа  деб номланган мавзеъда туғилганлар. Аммо  «Китоб ал-ансоб» муаллифи ас-Самъоний (1113-1167) фикрича Мисрнинг пастки тарафидаги Таҳо қишлоғида туғилганлар.  Ҳижрий 321 йил зулқаъда ойининг 5-кунида (933 йил 27 октябрь)да Мисрда вафот қилганлар. Қарофа қишлоғи (Миср)да дафн қилинади.

Аллома машҳур Азд қабиласининг Ҳажр уруғидан бўлганлиги боис одатда нисбасига улар ҳам қўшилади. Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг туғилган йилларини баъзилар 238/853 йил деб хато кўрсатган бўлса-да, лекин аксар манбаларда уни 229 йил рабиъул-аввал ойи (843 йил ноябрь)да туғилганлари алоҳида қайд қилинган.

У тенгдошлари ичида ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва фаҳмининг тезлиги, Қуръони каримни пухта ёдлаши ила ажралиб турган.  Имом ат-Таҳовийга Қуръони каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган имом Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амрдир. Сўнгра у фиқҳ ва усулда пешқадам бўлган отасининг илм ҳалқасида иштирок этиб, фиқҳдан дарс олади. Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ёшликларида бошланғич таълимни тоғалари, яъни оналарининг укаси шофеъий мазҳабининг машҳур фақиҳи Исмоил ибн Яҳё ал-Музаний (791-877) раҳимаҳуллоҳ ҳузурида  ўзлаштирадилар.

Аллома ҳақида Абу Сулаймон Дамашқий: "Имом ат-Таҳовий менга: “Мен биринчи бўлиб тоғам Музанийдан ҳадис тингладим ва ёзиб бордим. Имом Шофеъийнинг сўзини олиб унинг мазҳабида юрдим. Бир неча йиллардан сўнг Миср қозиси Аҳмад ибн Абу Имроннинг олдига бордим. Ундан ҳанафий фиқҳини ўргандим ва сўзини олдим”, деди, деган. У зот  ёшлигидан ҳанафий фақиҳларининг асарларини – Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-767) раҳимаҳуллоҳ ва унинг асҳобларининг китобларини кўп ўқир эдилар. Жиянининг ишидан жаҳли чиққан Имом ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ: “Сендан ҳеч нарса чиқмайди!” деб қасам ичиб юборадилар. Аслида, Имом ал-Музаний раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари ҳам ҳанафийларнинг асарларини кўп ўқир эканлар.

Алломанинг тоғасининг мазҳаби (шофеъий)дан ҳанафий мазҳабига ўтиши қуйидагича бўлган. Айтишларича, ат-Таҳовий тоғасидан дарс олиб юрган кезларда, бир куни унга тоғаси: “Сендан бир нарса чиқмайди!” – дебди. Шунда жиянининг аччиғи чиқиб, тоғасини тарк этиб Абу Жаъфар ибн Абу Имрон Ҳанафийдан (ваф.331) дарс ола бошлайдилар.

Муҳаммад ибн Аҳмад аш-Шурутий (X аср) раҳимаҳуллоҳ Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳдан: “Нимага мазҳабингизни ўзгартирдингиз?” деб сўраганларида, у: “Тоғам доим Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва унинг асҳобларининг китобларига қарайвергани сабабли”, деган эдилар.

Доктор Абдурраҳмон Умайра “Шарҳ ал-ақида ат-Таҳовия”га ёзган таълиқи муқаддимасида қуйидагиларни ёзган: “Бизнинг фикримизча у кишининг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳнинг мазҳабига ўтишининг асосий сабаби, ўша вақтдаги одамлар зеҳнида бу мазҳаб ҳақида жуда яхши тасаввур бор эди. Чунки, бу мазҳаб кенг фикрли бўлиши билан бирга ҳужжати ҳам кучли эди. Янги пайдо бўлган масалаларда тез ва қониқарли жавоб бериларди. Шу каби омиллар ат-Таҳовийга таъсир қилган”.[1]

Абу Яъло Ҳанбалий ўзининг “ал-Иршод” китобида шундай деб ёзган: Аҳмад ибн Муҳаммад Шурутий, “Мен ат-Таҳовийга нима учун тоғангга хилоф қилиб, Абу Ҳанифанинг мазҳабини ихтиёр қилдинг? – десам. У: “Мен тоғамни Абу Ҳанифанинг китобларига доимо назар солиб турганини кўриб, унинг мазҳабига ўтдим”, деди – деган экан.[2]

Ҳанафийлик мазҳабига кўнгил қўйганлигига яна бир сабаб Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг онаси унга ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида вафот қилганлар. Қорнида бола қимирлаётганини сезган ҳанафий олимлар қорнини кесиб, болани чиқариб олишга фатво берадилар. Имом ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ бошлиқ шофеъий олимлари бундай қилмасликни ёқлаб чиқадилар. Ҳанафийлар қозиси, фақиҳлари билан бирга қаттиқ туриб олганликлари сабабли Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ тирик қолган эди.

Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ шу зайлда ҳанафийлик мазҳабига ўтади ва ҳанафий фақиҳларидан мужтаҳиди мунтасиб даражасигача етади. Бу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан кейинги Абу Юсуф (731-798) раҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад аш-Шайбоний (749-805) раҳимаҳуллоҳ каби асҳобларининг табақаси эди. Баъзи тадқиқотчилар уни учинчи табақа фақиҳлари қаторига қўядилар.[3]

Кейинчалик Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ юртининг энг таниқли фақиҳи, мушкул саволларга қийналмай жавоб берувчи иқтидор соҳиби, мунозараларда ҳанафийликнинг энг кучли ҳимоячиси бўлиб етишди. У зот ўзларининг фиқҳий матн китоби «Мухтасар»ни ёзган вақтида: “Агар тоғам буларни кўрганида, қасамининг бузилгани учун каффорат тўлаган бўларди!” деб фахрланган эди.[4]

Устозлари: Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ фиқҳни асосан Абу Жаъфар Аҳмад ибн Имрон (вафоти 280/893) раҳимаҳуллоҳдан оладилар. Сўнг Шомга сафар қилиб, қози ул-қузот Абу Ҳозим Абдулҳамид ибн Абдулазиз (вафоти 292/905) раҳимаҳуллоҳ олдида ҳам таҳсил оладилар. Бу қозикалон ҳанафий олими Муҳаммад аш-Шайбоний (749-805) раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан Исо ибн Аббон (вафоти 221/835) раҳимаҳуллоҳнинг шогирди эди. Шунингдек, Ҳорун ибн Саид ал-Ирбилий (IX аср иккинчи ярми) раҳимаҳуллоҳдан ҳам сабоқ олганлар.[5]

Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ, айниқса, ҳадис илми соҳасида юқори марраларни қўлга киритади. Мисрда жуда кўп муҳаддислардан ҳадислар тинглаб, имло қилади ва ҳифз қилиб олади. Аллома Жалолиддин Суютий (1445-1505) раҳимаҳуллоҳ “Ҳуснул-муҳозара” асарларида Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳни ҳадис ҳофизларидан бири, ҳадис ривоятида ишончли ва пухта зот, фақиҳ, ундан сўнг унга ўхшаши чиқмаган, Мисрдаги ҳанафий олимларнинг пешвоси сингари мақтовлар билан зикр қилганлар. Унинг ҳадис соҳасидаги устозларидан Али ибн Маъбад ибн Нуҳ ал-Бағдодий (вафоти 259/873), Ҳорун ибн Саид ал-Ийлий (787-867), Юнус ибн Абдул Аъло Абу Мусо ас-Садафий (787-877), Рабиъ ибн Сулаймон ал-Муаззин ал-Жийзий (797-869), Абу Бакра Баккор ибн Қутайба ал-Бакровий (798-884), Муҳаммад ибн ал-Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Сулаймон ал-Ҳазрамий (817-910), Баҳр ибн Наср ал-Хавлоний (798-880), Муҳаммад ибн Хузайма (838-924) раҳматуллоҳи алайҳимлар каби ишончли ҳадис ровийларини кўрсатиш мумкин.[6]

Шунингдек, устозлари қаторида Абдулғани ибн Рифоа, Ҳорун ибн Саъид, Юнус ибн Абдулаъла, Баҳр ибн Наср Хавлоний, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Исо ибн Масруд, Иброҳим ибн Мунқиз, Робеъ ибн Сулаймон, Абу Иброҳим Музаний, Баккор ибн Қутайба,  Миқдод ибн Довуд ва бошқалардан ҳам ҳадис тинглаган.[7]

Шогирдлари: Имом ат-Таҳовий ўзи яшаган вақтда масалаларни таҳқиқ қилиш, далилларни аниқлашда ва бошқа илмларда машҳур бўлгани сабабли толиби илмлар ундан дарс олишга иштиёқманд бўлган. Алломадан Миср қозиси Аҳмад ибн Иброҳим ибн Ҳаммод (ваф.329), Қози Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мансур Ансорий, Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Юнус Муаррих (ваф.347), Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб  Табороний  (ваф.360), Абдуллоҳ ибн Адий ибн Абдуллоҳ Журжоний (ваф.365) ва бошқа  бир қанча уламолардан таълим олган.[8]

Шунингдек, аллома  Абу Бакр ал-Бурдаъий (вафоти 350/961), «Мўъжам»лар соҳиби муҳаддис Абулқосим Сулаймон ат-Табароний (873-973), «Маоний ал-асор»ни устозидан эшитиб, нақл қилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Муқиррий (898-991), «Ақидат ат-Таҳовий»ни биринчи ривоят қилган Маймун ибн Ҳамза (Х аср), Юсуф ибн Қосим ал-Миёнжи (901-985), тўққиз нафар Ғандар лақабли ҳадис ровийларидан иккинчиси Муҳаммад ибн Жаъфар Ғандар ал-Варроқ (вафоти 370/980) каби олимларга сабоқ берган. Шунингдек, яна у зотдан  Юсуф ибн Қосим, Абулқосим Табароний,Муҳаммад ибн Бакр, Аҳмад ибн Абдулворис Зажжож, Абдулазиз ибн Муҳаммад Жавҳарий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Ибн Абдулбарр (978-1071) раҳимаҳуллоҳ айтган: “Абу Жаъфар ат-Таҳовий кўфалик (Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ)нинг мазҳабида бўлиб, барча уламоларнинг мазҳабларига олим эди», деганлар.[9]

Илмий мерослари

Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ал-Аздий ал-Ҳажрий ат-Таҳовийдан қуйидаги асарлар мерос қолган:

  1. «Шарҳу маонил-осор» («Ҳадис ва хабарлар маъноларини шарҳлаш»). «Китобу маоний ал-асор» ҳам деб аталган ушбу китоб муаллифнинг илк ёзган асари бўлиб, ғоятда машҳурдир. Унда мазҳаблар орасидаги фикрларни ҳадис ва саҳобалар ривоятлари орқали ҳамда муаллифнинг қиёсий фикрлари билан келтирилган ва ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ қарашларини илгари сурган. Араб ва ҳинд диёрларида бир неча марта нашр этилган. Одатда, ҳанафийлик мазҳабининг ҳадисшунослигига киришмоқчи бўлган одам ушбу асарни ўқишдан бошлайди. «Осор» бу «асарлар» сўзининг кўплиги бўлиб, ҳадис илмида тор маънода олинса, саҳобаларнинг гаплари, фатволари тушунилади. Кенг маънода эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, умуман барча ҳадис дейилган нарсалар тушунилаверади. Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ушбу сўзни доимо кенг маънода қўллаганлар.

2.«Аҳком ал-Қуръон» («Қуръон ҳукмлари»). Асли 20 жузъдан ортиқ бўлган “Маоънил-Осорнинг шарҳи” бўлмиш мазкур асарида муаллиф Қуръони каримнинг ҳукмий оятларини фиқҳий шарҳлаган.  Кўплаб уламолар бу китоб ҳадис илмида ёзилган энг яхши китоблардан бири эканини эътироф қилганлар. Имом ат-Таҳовий бу китобда ажойиб услубни қўллаган. Ҳадисларни таҳқиқ қилишда мазҳабларнинг далилларини ҳам келтириб ўтади ва ўз баҳси давомида ихтилофли масалани келтириб, муноқаша қилади ҳамда ўз тадқиқотининг хулосасини келтиради. Сўнгра ўзи тўғри деб билган хулосани айтади.

3.«ал-Мухтасар» («Қисқартма»). Мазкур асар фиқҳий матн китоби бўлиб, бир неча олимлар томонидан шарҳланган. Ҳанафийлик мазҳабининг асосий фиқҳий манбаларидан бири ҳисобланади.

4.«Китоб аш-Шурут» («Шартномалар китоби»). Муаллиф мазкур асарини катта, кичик ва ўртача қилиб уч хил вариантда тузган. Катта «Шурут» анча яхши ўрганилган бўлса ҳам, бироқ учаласи ҳам ҳали тўла нашр этилмаган.

5.«Китобу маноқиби Абу Ҳанифа» («Абу Ҳанифанинг маноқиби»). Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (699-767) раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган асар. Асарда ҳанафий олимларнинг илм-фанга, ислом маданиятига кўрсатган хизматлари алоҳида таъкидланган.

6.«ан-Наводир ал-фиқҳийа» («Нодир фиқҳий масалалар»). Ҳанафийлик мазҳабига оид фиқҳий ривоятларнинг «Наводир» даражасига оид фиқҳий қарашлар ўз ифодасини топган. Мазҳаб асосчилари томонидан «зоҳири ривоят» номли асарларга киритилмаган масалалар тўпламларига «Наводир» номи берилган.

7.«Ихтилоф ал-уламо» («Олимлар ихтилофлари»). Мазкур асар қиёсий мазҳабшуносликка оид илк асарлардан бири бўлиб, ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик фиқҳий қарашларининг фарқлари кўрсатиб берилади.

8.«Таърихи кабийр» («Катта таърих»). Мазкур асар ҳадисшуносликка оид бўлиб, ҳадис ровийлари ҳақида сўз юритилади.

9.«ар-Радду ъала Аби Убайда» («Абу Убайдага раддия»). Абу Убайда Муаммар ибн ал-Мусанно (728-823) хорижийларнинг олимларидан бўлиб, «ал-Масолиб» («Нуқсон ва бўҳтонлар») номли асарида араб қабилаларининг келиб чиқиши ҳақида сўз юритган. Унинг баъзи фикрларига Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ раддия ёзганлар.

10.«Ақидат ат-Таҳовия» («ат-Таҳовийнинг ақидаси»). Ақида матнига оид кичик ҳажмли рисола. Улуғ муҳаддис олим  Имом ат-Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ бу асарини ақоид илмига фалсафий қарашлар аралашиб турли чигалликлар пайдо бўлган даврда ёзган. Муаллиф бу асарни ёзишда оммага фалсафий қарашлар аралашмаган Аҳли сунна вал-жамоанинг соф ақидасини  баён қилиб беришни мақсад қилган. Муаллиф ушбу матнни “Ақида” деб номлаган. Кейинчалик “ат-Таҳовий” нисбати қўшилган ва “Ақидатут Таҳовий” номи билан машҳур бўлган. Имом ат-Таҳовий ҳам, имом Мотуридий ҳам бир даврда яшаб ўтишган. Ҳатто туғилган саналари ҳам таҳқиқларга кўра бир ё икки йил фарқ бўлмаса, деярли бир йилда (Таҳовий 239, Мотуридий 240 ҳижрий йиллар атрофида) туғилган. Аммо бир-бирларидан жуда узоқда Имом Таҳовий Мисрда, Имом Мотуридий Мовароуннаҳрда ҳанафия мазҳабининг тараққий этишига хизмат қилган.

“Ақийдатут Таҳовия”га уламолар шарҳ ва таълиқлар ёзган. Балки асар “Ақидатут Таҳовий” асари бошқа матнлардан унга энг кўп шарҳ ёзилгани билан ажралиб туради. Жумладан, Али ибн Муҳаммад Азроъий Дамашқийнинг (ваф. 792/1390) шарҳи, Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳанафийнинг (ваф.770/1369) шарҳи, Абу Абдуллоҳ Маҳмуд ибн Муҳаммад Фақиҳий Ҳанафийнинг шарҳи, Қози Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ҳиндий Ҳанафийнинг (ваф.733/1333) шарҳи, Холид ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муслиҳнинг шарҳи, Муҳаммад ибн Алоуддин Али ибн Муҳаммад ибн Абул Из Ҳанафий Дамашқий “Шарҳу ақидатит Таҳовий” номли  шарҳи, Шайх Маҳмуд Тарозий Фарғоний Маданий ўзининг “Ан-Назмул Ҳовий ли ақидатут Таҳовий” номли асарида назм шаклида шарҳлаган. Бу китоб бир неча марта чоп этилган.[10]

11.«Мушкил ал-асор» («Асарларнинг қийини»). Мазкур асари муаллифнинг «Маоний ал-асор»ининг қайта ишланган, кенгайтирилган варианти ҳисобланади. Ушбу асар “Мухтасари ат-Таҳовия” номи билан машҳур фиқҳ бўйича мухтасар китоб бўлиб, бир қанча шарҳлар ёзилган. “Шарҳи жомиъус- сағир”, “Шарҳи жомиъул-кабир”, “Шурутул-кабир”, “Шурутус-сағир”, “Ал- Васаё ва-л-фароиз”, “Маноқибу Аби Ҳанифа” – Абу Ҳанифа ҳақида ёзилган, “Ан-Наводирул-фиқҳия” ва бошқа асарлардан иборат.     Бу китоб ат-Таҳовийнинг ҳадис бўйича ёзилган сўнгги асаридир.[11]

«Шарҳ маъоний ал-осор»га кўплаб уламолар шарҳлар ёзганлар. Чунончи,  Абу Муҳаммад Бадриддин Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Айний (ваф. 800 ҳ.) бўлиб китоб номи  "Мағонил ахёр фий  рижали Маъонил осор", яна бири Қосим ибн Қутлубғо ҳанафий (ваф. 879 ҳ) бўлиб китобнинг номи Ал-ийсор бирижоли Маъонил осор  деб номланган.[12]

 

[1] Заҳабий Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймоз. “Сияр аълом ан-нубало”.  Байрут: Мавсуат ар-рисола, 1992. 1-ж,131-б.

[2] Мустафо ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳанафий Ҳожи Халифа. “Кашф аз-зунун ъан асмо ал-кутуб ва-л-фунун”. Макка: Мактаба ал-файсалийя, 1981. 2-ж, 231-б.

[3] Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ал-Исоба фи тамйиз ас-саҳоба. – Байрут. Дор ал-кутуб ал-илмия. 1995.  1-ж,256-б.

[4] Заҳабий Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймоз. “Сияр аълом ан-нубало”.  Байрут: Мавсуат ар-рисола, 1992. 1-ж,131-б.

 

[5] Муҳаммад ибн Саъд ибн Муниъ Абу Абдуллоҳ ал-Басрий ал-Зуҳрий. “Ат-табақот ал-кубро”. Дору Содр  Байрут.1968. 3-ж, 241-б.

[6] Мустафо ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳанафий Ҳожи Халифа. “Кашф аз-зунун ъан асмо ал-кутуб ва-л-фунун”. Макка: Мактаба ал-файсалийя, 1981. 2-ж, 231-б.

[7] Шамсиддин Заҳабий. “Тазкират ул-ҳуффоз”. Дору эҳёу туросул арабий. 1-ж, 245-б.

[8] Абул Аббос Шамсиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон. “Вафиййот ул-аъйон ва анба-у-абнаи-з-замон”. 2-ж, 158-б.

[9] Муҳаммад ибн Саъд ибн Муниъ Абу Абдуллоҳ ал-Басрий ал-Зуҳрий. “Ат-табақот ал-кубро”. Дору Содр  Байрут.1968. 3-ж, 241-б.

 

[10] Мустафо ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳанафий Ҳожи Халифа. “Кашф аз-зунун ъан асмо ал-кутуб ва-л-фунун”. Макка: Мактаба ал-файсалийя, 1981. 2-ж, 231-б.

[11] Мустафо ибн Абдуллоҳ ар-Румий ал-Ҳанафий Ҳожи Халифа. “Кашф аз-зунун ъан асмо ал-кутуб ва-л-фунун”. Макка: Мактаба ал-файсалийя, 1981. 2-ж, 231-б.

[12] Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий «Шарҳ маъоний ал-осор». Дорул кутубул илмия, 1-ж, 3-б.

 

Тошкент ислом институти

 “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ўқитувчиси Юсуф Абдурахимов

Top