muslim.uz

muslim.uz

Куннинг мулоҳазаси 

Ҳозиргина "Муносабат" кўрсатувининг навбатдаги сони намойиш қилинди. Нега болалар, ўсмирлар, ёшлар тарбиясиз? Нега янги туғилган чақалоқлар ўлдирилиб ёки тириклай ташлаб кетиляпти? Нега аёл жазман эркак жазманни пичоқлаб ўлдиряпти? Нега келинлар уй ишларини қилиш, боласини тарбиялаш ўрнига сериаллардан ва телефонидан кўз узмайди? Нега қарияларнинг қадри ва ўрни йўқолиб боряпти? Нима қилиш керак, нега? деган саволлар ҳурматли Қуддус Аъзам томонидан бир неча марта айтилди?

Ҳақиқатга яқинроқ жавоб кўрсатувда иштирок этган Жасур домла томонидан айтилди: Биз фарзандларимизга илм беришимиз, диёнатни ўргатишимиз керак ва Қуддус Аъзамнинг ўзи тез айтиб ўтди: Ислом дини чақалоқларни тириклайин кўмишга чек қўйган дин бўлди. Шундай қилиб, нима қилиш керак? Болаларимизни китобга қайтаришимиз керак, болаларимиз (ва катталаримиз) албатта Аллоҳдан қўрқишлари керак, яъни номаъқул ишларни қилишдан тийилишларига асос, қўрқув бўлиши керак. Демак, жамият аъзоларига Аллоҳни танитишимиз зарур. Иккинчи томондан, қонунларни ўргатишимиз, тушунтиришимиз керак. Ҳар иккала ҳолатда номаъқул иш учун жазо муқаррарлигини инсон албатта билиши, ҳис қилиши керак.

Шу ўринда, ҳар ҳафтада Умра зиёратига бориб келаётган минглаб (!) юртдошларимиз ҳеч бўлмаса ўз яқинларига маънавий руҳий покланиш нима, бировнинг ҳақини емаслик, сабр, шукур, Аллоҳдан қўрқиш нима эканини тушунтириб берсалар аъло иш бўлар эди.

PS: Айни дамда телевизорда аэробика тўғрисида кўрсатув бўляпти. Кўрсатув бекаси "Мен ҳар куни бир соат (?) миллий рақс ва бир соат (?) аэробика ҳаракатларини бажараман. Албатта болалар тарбиясига вақт топмайди.

Шоазим Миноваров,
Ислом цивилизацияси маркази директори

الخميس, 13 شباط/فبراير 2020 00:00

Отинойилар малакасини оширди

Юртимизнинг турли жойларида фаолият юритаётган отинойилар билим ва малакасини янада ошириш мақсадида икки ҳафталик (72 соатли) малака ошириш ўқувлари ташкил этилмоқда.

Жорий йил январь ойи охири февраль ойи бошида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиалида отинойлар учун ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Унда Иштихон, Каттақўрғон, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган 32 нафар отинойи иштирок этди.

Ушбу ўқув машғулотларига Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Адлия бошқармаси, Оила илмий-амалий маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби мутахасислари жалб этилди. Дарслар давомида малакали профессор-ўқитувчилар семинар-тренинг, давра суҳбати каби интерфаол методларни замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб бордилар.

Малака ошириш ўқувлари якуни бўйича ўтказилган тест синовларида намунали натижа кўрсатган 32 нафар тингловчи отинойиларга 72 соатлик “Исломшунослик” курсини муваффаққиятли тугатгани тўғрисида махсус сертификат топширилди.

Н.Темирова,

 Самарқанд вилояти бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси 

 

Дунё мусулмонлари соф эътиқодини сақлаб қолиш учун умри ва илмини сарф қилган буюк ватандошимиз Имом Мотуридий ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам башорат берган десак муболаға бўлмайди. Набий алайҳиссаллом марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло ҳар юз йилнинг бошида сизларнинг динингизни янгилаб берадиган бир мужаддид (динни янгиловчи) юборади”. Ҳадисда келтирилган “Янгилаш”дан мурод дин аҳкомлари ва асосларини ўзгартириш дегани эмас, балки унга сизиб кирган турли бидъат-хурофотлар, нотўғри таъвил ва ботил тўқималардан тозалаш назарда тутилган.

Тарихчилар: “Ўтмишдаги ислом уламоларининг қай бири мана шу ҳадисга мувофиқ келади?” деган саволга жавоб излашади. Унга кўра, уламолар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этган биринчи юз йил бошида туғилган Умар ибн Абдулазиз ушбу ҳадисга мувофиқ келади деб ижмо қилганлар.  

Умар ибн Абдулазиз ҳижрий 62 – 101 (мил. 680 - 719) йиллар оралиғида яшаб ўтган. Умар ибн Абдулазиз ўз замонасининг энг илмли кишиларидан бири бўлиб, ҳижрий 99 ва 101 йиллари оралиғида бутун ислом оламига подшоҳ бўлди. Ана шу қисқа икки йиллик ҳукмронлиги даврида ундан олдин Бани Умайя ҳукмдорлари жорий қилган турли бидъат ва хурофотларни супуриб ташлади.

Кейинги юз йилга эса тўрт мазҳаббоши тўғри келишини этироф этишади. Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад ибн Нун, Ҳасан ибн Ҳаммод Сажжода ва Аҳмад ибн Наср каби забардаст олимлар ҳам шу ҳадисга мувофиқ келади.

“Бу ҳадисда ҳар юз йилда битта олим келиши ҳақида айтилган. Мақолада бир даврдаги бир нечта олимларни санаб ўтдингиз?” деган савол туғилиши мумкин. Бунга жавоб шуки, ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “مَنْ يُجَدِّدُ ” калимасида مَنْ  исми мавсуласини ишлатди. Бу калима ҳам бирлик ва кўплик маъносида ишлатилади. Шу боис бу ҳадисда фақатгина бир киши назарда тутилган, дейишимиз нотўғри бўлади. Балки мужаддид олимлар ҳар юз йилда келадиган олимлар битта ёки бир нечта бўлиши ҳам мумкин

Аҳмад ибн Ҳанбал рахматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164-241 (мил. 780-857) йилларда яшаб ўтган. У киши Мўътазила фирқаси “Қуръон махлуқ” деган ботил эътиқодларига қарши қоядек туриб берганлари ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Мўътазилийлар бутун ислом умматининг эътиқодини бузиш йўлида ҳаракат қилиб, ҳатто Аббосийлар сулоласининг 7- 8-9-ҳукмдорлари онгига ботил эътиқодларини сингдиришди. Кейин шу ҳукмдорлар ёрдамида ўша даврдаги уммат уламоларини ғалвирдан ўтказдилар. Уламолар орасида “Қуръон махлуқ эмас” деган соф эътиқодда маҳкам турганларини зиндонга солишди, ҳатто қатл қилишди. Мана шундай турли азоб ва қийноқларга собит турган забардаст олим Аҳмад ибн Ҳанбал Мўътазилия фирқасининг эътиқоди нотўғри эканлигини исботлаб бердилар. Подшоҳ уни бир неча йил зиндонга солиб қийнаганлиги учун узр сўради ва кўп ҳадялар бериб, эҳтиром кўрсатди. Имом Аҳмад рахматуллоҳи алайҳни ҳам тарихчилар иккинчи юз йилликдаги “Мужаддидул Умма”  ҳисобланади.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хузайма Ал-Искандароний: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этгандан кейин туш кўрдим. У зот менинг олдимга Олтиндан бўлган тож ва оёғига олтин ковуш кийиб келди. Мен у зотга Роббингиз сизга қандай муносабатда бўлди? Дедим. У зот: “Роббим менга мана шу олтин тож ва ковушни кийдириб – бу сенга Қуръонни менинг каломим эканлигини ҳимоя қилганинг учун” деди” деб айтган экан.

Учинчи юз йилликда Имом Мотуридий, Имом Абул Ҳасан Ал-Ашъарий ва Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовий каби зотлар “Навбатдаги динни янгиловчи” (Мужаддидул умма) кишилар бўлди, десак адашмаймиз. Чунки шу даврда аҳли сунна эътиқодини бузишга залолатга кетган уч фирқа тиш-тирноғи билан ҳаракат қилаётган эди. Улар Мўътазилий, Рофизий ва Қарматийлар фирқалари эди. Рофизийлар ҳижрий 250 – 450 (мил.864 – 1058) йиллар оралиғида тез-тез аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги халқ устига ҳужум қилиб, турли қон тўкишларни амалга оширган.

Қарматийлар эса ҳижрий 258-345 (мил.872-956) йилларда бутун Ҳижозни, яъни Макка, Мадина ва Тоиф шаҳарларини босиб олиб, одамларни қиличдан ўтказди. Ҳатто ҳижрий 317 йили ҳаж мавсумида Маккага ҳужум қилиб, ҳожиларни ўлдириб жасадини Замзам қудиғига кўмиб ташлади. Каъбани вайрон қилиб, тиллодан ясалган эшиги ва тарновларини қўпориб олишди. Каъбанинг ёпинғичини ечиб, бўлиб олишди. Бу жиноятчиларнинг бири Хажарул Асвадни ўрнидан суғириб олади, бошқасини гурзи билан уриб, синдириб ташладида: “Қани (Абрахага келган) Абобил қушлари ва қани сапол тошлар” дея жар солди.

Ана шундай манфур Қарматийлар бу жирканч ишларни қилиб хожиларга қарата: “Эҳ Ахмоқлар! Сизларнинг бу қоратош (Каъба) ни айланиб, тавоф қилишларингиз, жоҳилиятдаги мушрикларнинг бутларни айланиб тавоф қилишидан нима фарқи бор. У ҳам жонсиз тош, сизлар тавоф қилаётган Каъба ҳам жонсиз тошку”, деб қичқирар эди. Ҳатто бир неча йил чекка ҳудудлардан одамлар ҳаж ибодатини бажариш учун Маккага кела олмай қолди. Чунки Қарматийлар кетма-кет бир неча маротаба ҳаж ибодатига келаётган ҳожиларнинг карвонига ҳужум қилиб, уларнинг озиқ-овқатлари ва ичимлик сувларини тортиб олиб, ўзларини бепаён саҳрода ёрдамсиз қолдирар эди. Бу ҳожилар озиқ-овқатсиз, сувсиз, чўлда очлик ва ташналикдан барчалари вафот этиб кетар эди.

Уларнинг мақсади барча соф эътиқоддаги мусулмонларни залолатга бошлаб, ўзларининг жирканч ғояларини амалга оширишдан иборат бўлган. Ўша даврда бизнинг диёрларимизда Исмоил ибн Аҳмад Ас-Сомоний подшоҳ бўлиб, халқ Рофизийлар зулмидан қаттиқ озор чекаётган давр эди. Шундай оғир вазиятда Аллоҳ таоло Мовароуннаҳрдан Имом Мотуридийни, Боғдоддан Абул Ҳасан Ал-Ашъарийни ва Мисрдан Абу Жаъфар Ат-Таҳовийларни “Мужаддидул умма” қилиб чиқарди. Бу олимлар бир-бирини кўрмаган ҳолда “Аҳли сунна вал жамоа” ақида йўлини тузиб берди. Бу йўл ҳозирга қадар ислом умматини соф эътиқод устида сақлаб қолишга хизмат қилиб келмоқда.

Имом Мотуридий ҳаёти ва ижодига назар солсак, ҳижрий учунчи асрда ҳам дин душманлари ислом таълимотини бузишга ҳаракат қилган. Улар Қуръон оятлари ва мусулмонларнинг соф этиқодини ўзгартиришга уринишди. Лекин уларнинг бу иши самара бермаган. Аллоҳ таоло Каломини қиёматга қадар ўзи ҳимоя қилишини марҳамат қилади: “Албатта, Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва уни биз Муҳофаза қилурмиз” (“Хижр” сураси, 9-оят).

Бузғунчилар бу ҳаракати фойда бермаганидан сўнг Қуръонни нотўғри таъвил қилиш ва ислом таълимотининг иккинчи асоси ҳисобланган ҳадиси шарифларни бузишга киради. Минг афсуски, бу йўлда бироз бўлса-да натижага эришган. Қуръондаги муташобеҳ оятларни ўз мақсадлари йўлига бурди ва турли мавзуда ҳадислар тўқиб чиқаришди. Шу билан содда мусулмон  халқни тўғри йўлдан адаштиришга уринишди. Ана шундай қийин вазиятдан ислом умматини безарар олиб чиқишда Имом Мотуридий ҳазратлари жуда катта хизмат қилди.

Номоз ўқимайдиган мусулмонни ҳеч иккиланмасдан кофир, деб қони, жони ва молини ўзларига ҳалол санайдиган турли фирқаларга қақшатгич раддия берди. Яъни: “Агар бир киши “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадан Расулуллоҳ” деса, энди номоз ўқийдими, ўқимайдими у одам “Мусулмондир”, дедилар. Бу сўзга қуйидаги ҳадисни далил келтирадилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ла илаҳа иллаллоҳ деса, жаннатга киради”, деганлар. Ана шу буюк хизматлари учун Имом Мотуридий ҳазратлари мусулмонлар томонидан “Имамул ҳуда”, “Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна” каби унвонлар билан шарафланган.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий ҳазратлари Имом Мотуридий ҳақларида гапириб: “Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб, адашган мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олим эди”, деган эди.

Имом Мотуридий ҳазратларининг соф эътиқодий таълимотларини маҳкам ушлаб, ёш авлодга тўғри етказсак, халқимиз ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди.

 

А.ТОШПУЛАТОВ,

 Тошкент ислом институти

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси мудири

الخميس, 13 شباط/فبراير 2020 00:00

Навоий даҳоси

Жаҳон адабиётига катта ҳисса қўшган кўплаб олимларнинг сўз бойлиги ўрганиб чиқилган. Масалан, рус шоири А.С.Пушкин ўз асарларида 21.197 сўздан, Шекспир 20.000 сўздан, Сервантес 18.000 сўздан, Абдулла Тўқай 14.000 сўздан, Абай эса 6000 сўздан фойдаланган.

Шоирлар султони Алишер Навоий сўз ишлатиш борасида ҳам тенги йўқ шахс бўлган. Унинг асарларида, тахминан, 1.378.660 сўз ишлатилган. Биргина “Ғаройиб ус-Сиғар”нинг ўзида 7669, “Фарҳод ва Ширин”да 5431 сўз турли маъноларда қўлланилган. Навоий авлодлари бўлган Ойбекнинг сўз хазинаси 25.000, А.Қаҳҳорники эса 22.000 бўлган.

*  *  *

Алишер Навоий туркий ва форсий тилларда гўзал ғазаллар битиб, 15-16 ёшлигида эл орасида “зуллисонайн” шоир (“икки тил эгаси”) сифатида танилади.

*  *  *

Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган. Шоир Хисрав Деҳлавийдан қарийб 200 йил кейин 1483-1485 йилларда биринчи бўлиб туркий тилда 51 минг мисрадан ортиқ беш достондан ташкил топган “Хамса” асарини ёзади. Шоир бу улуғ асарнинг 2 йилда ёзилганини таъкидлаб, агар бошқа ишлар халақит бермаганида уни 6 ойда ёзиб тугатиши мумкинлигини, аслида бу беш достонни ёзишга кетган вақт “умумлаштирилса 6 ойдан ошмаслиги”ни ёзиб қолдирган.

Навоийнинг “Хамса” асари дунёдаги 64 тилга таржима қилинган.

*  *  *

Бир куни ёш Алишер мавлоно Лутфий ҳузурига келиб ўзининг қуйидаги:

Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш, – деб бошланувчи ғазалини ўқиб беради. Кекса шоир бу ғазални тинглаб, ундан ниҳоятда хурсанд бўлиб: “Агар имкони бўлса эрди, ўзимнинг туркий ва форсийда ёзган 10-12 минг мисра шеъримни шу биргина ғазалга алмашган бўлар эдим...”, дейди.

 

Т.Низомов

тайёрлади.

الخميس, 13 شباط/فبراير 2020 00:00

“Валентин куни“ – беҳаёлик тантанаси

Ҳар “баҳорда“ шу бўлар такрор
 
Эркак ва аёл, йигит ва қиз ўртасидаги муносабатлар яқин-яқингача ўта нозик масала саналиб келган. Унаштирилган йигит-қизлар то тўй ўтмагунча қуда томон вакилларидан ўзларини олиб қочиши, момоларимиз ҳурмат юзасидан ўз тан-маҳрамларини бош фарзанд исми билан чақириши, боболаримиз номаҳрамлар олдида ҳатто аёлининг исмини тилга олмагани ҳам ана шундай гўзал қадриятлар сирасига кирган. Етти-ёт бегоналар олдида қучоқлашиб, муҳаббат изҳор қилиш, тўйларда ҳамманинг олдида ғарбона рақс тушиш, “love story”ларини кўз-кўз этишлар ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.
 
Албатта, Ғарбнинг ҳам ўзига хос бетакрор маданияти, санъати, фалсафаси бор ва уларга ҳурмат билан ёндашишга ҳақлимиз. Шу билан бирга, Ғарбнинг ҳар қандай таомилини кўр-кўрона қабул қилиш, уларни амалда қўллаш ўз миллий менталитетимизга очиқ-ошкор ҳурматсизлик намойиши эканини ҳам тушунамиз. Бироқ, афсуски, аҳоли, айниқса, ёшларимиз ҳали-ҳамон ғарб “анъаналари”га кўр-кўрона эргашаётгани ҳар биримизни ташвишга солади.
 
14 февраль қандай кун?
 
Ана шундай иллатлардан бири бу шубҳасиз 14 февралнинг “Авлиё Валентин куни” ёки оддийгина айтсак “Севишганлар куни” сифатида нишонланишидир. Тўғри, бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида бу кун расман бўлмаса-да, ёшлар томонидан оммавий тарзда байрам қилинади. Бундай “тантана” юртимизга ҳам кеча ёки бугун кириб келгани йўқ. Бир пайтлар турли радио ва телеканалларимиз, кўнгилочар нашрлар саҳифаларида бу кун муносабати билан турли жўшқин табриклару, “севги ҳикоялари”, дил изҳорининг антиқа кўринишлари тарғибига зўр берилгани ҳам сир эмас.
 
Муайян чора-тадбирлар туфайли бундай “кампания”нинг “шовқини” босилгандек. Аммо, ёшларимиз бу кунни бутунлай “унутиб” юборгани йўқ. Айни шу “айём” арафасида бозор ва расталар, дўконларида “Севишганлар куни” тимсолларини акс эттирувчи турли ҳадялар, откриткалар, ўйинчоқлар савдоси авж олади. Гул сотувчиларининг “кетмони учади”. Кафе ва ресторанлар “ишқ аҳли”нинг ташрифидан “обод” бўлади. Ҳатто унаштирилган бўлғуси “келин-куёв”ларнинг айнан шу куни учрашишлари, бир-бирига совға жўнатишлари одатий тус олган.
 
Айрим “учар” тадбиркор шоуменлар “Севишганлар куни”га бағишланган байрам дастурларини “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуди” билан ниқоблашга ҳам уринишади. Табиийки, бундай “кечалар”да Бобур Мирзонинг номи нари борса бир-икки марта тилга олинади, холос. Санъатимиз “юлдузлари” эса, азалий мавзудаги қўшиқлари билан жуфт-жуфт бўлиб ташриф буюрган тадбир меҳмонларини хушнуд этишади. Бу нима? Буюк саркарда ва шоир бобомиз руҳини таҳқирлаш эмасми? Савол туғилади: нега ўша “фидойи”лар 9 февраль – Ҳазрат Навоийнинг ёки 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллудига бағишланган маърифий тадбирлар ўтказишмайди? Жавоби ўзингизга маълум.
 
Ўйлаб кўрайлик: муҳаббат аталмиш покиза, илоҳий туйғунинг аллақандай сохта байрамлару бачкана “урф-одатлар”, ялтироқ сувенирлар билан ўлчаниши унинг қадр-қимматини тушириб юбормаяптими? Бугун “севишганлар куни”да андишаю ор-номусни унутиб, бир-бирига бўлган оташин “севгиси”ни оламга ёйишга уринаётган ошиқ-маъшуқлар бир неча ой, ҳафта ва ҳатто саноқли кунлардан сўнг бир-биридан безиб, бошқа “эрмак” излашга тушиши ҳам бор гап-ку?
 
Авлиё Валентиннинг “каромати”
 
Келинг, бу ҳақдаги мулоҳазаларни давом эттиришдан аввал ёшларимизнинг “тақвими”дан ўрин олган ушбу “байрам”нинг тарихига бир кўз ташласак. Хўш, “Авлиё Валентин” деганлари ким ўзи? “Ул зоти шариф” нима “каромат кўрсатганлар?”
 
Маълумотларга кўра, милоддан аввалги учинчи асрда Қадимги Римда ёш болалар ўлими жуда кўпайиб кетади. Туғилиш даражаси кескин пасаяди. Бу эса ҳукуматни ташвишга солади. Эрамиздан аввалги 276 йилда бир коҳин туғилиш даражасини ошириш учун ўзига хос усулни тавсия қилади. Яъни эркаклар қадимги Рим маъбудларига қурбонлик қилинган жониворларнинг терисидан қамчи ясаб қип-яланғоч ҳолда шаҳарга кўчалари бўйлаб югурадилар ва дуч келган аёлларни “илоҳий қамчи” билан савалайдилар. Бу одат ҳар йилги анъана тусини олади. Кейинчалик эркаклар ва аёллар алоҳида “сайлгоҳ”га чиқиб, яланғоч ҳолатда ўйин-кулги қилишга, оммавий фаҳш билан намойишкорона шуғулланишга ўтадилар. Ҳатто Европага христианлик кириб келганидан кейин ҳам бу “байрам” давом этаверади.
 
Бошқа бир ривоятга кўра, Қадимги Рим ҳукмдори Клавдий жанг пайтида ўз аскарларига уйланишни ман қилади. Императорнинг ҳарбий шифокори ва руҳонийси, шаҳватпарастлиги билан ном қозонган Валентин эса яширин тарзда аскарларни аёллар билан таъминлай бошлайди. Буни пайқаб қолган Клавдий Валентинни зиндонга ташлайди. Валентин ҳатто зиндонда ҳам бузуқлик, фаҳш, маишат учун шароит топа олади. Император уни ўлимга ҳукм этади. Руҳоний ўлими олдидан ўз жазманига мактуб йўллайди... Орадан асрлар ўтиб, на насронийлик, на бошқа расмий динга алоқаси бўлмаган бир кимсанинг номи афсоналарга йўғрилиб, “Авлиё Валентин” номини олади. Шу тариқа у қатл этилган 14 февраль куни “севишганларнинг бир-бирига махсус откриткалар – “валентинкалар” йўллаш удум бўлиб қолганмиш.
 
Ҳар қандай вазиятда ҳам ушбу куннинг тарихи фаҳш, бузуқлик ва итоатсизликка бориб тақалади. Шу боис, “Авлиё Валентин куни”ни нишонлашга христиан руҳонийлари ҳам қарши чиқишади. Ва ўз-ўзидан маълумки, эзгулик, поклик ва бағрикенглик дини бўлган Ислом ҳам фаҳш, бузуқлик тантанаси кескин қоралайди.
 
“Гар васл муаббад ўлса не бок?”
 
Дастурхон устида чиройли кўкатлар билан безатилган таом аслида ҳаром қотган жонзот гўштидан тайёрланганини билган хўранданинг иштаҳаси бўғилади. “Авлиё Валентин куни”, “Севишганлар куни” сингари жарангдор номлар билан аталадиган, ёшларни ўзига оҳанрабодек тортадиган бу “байрам” ҳам аслида миллий қадриятларимизга, муқаддас динимизга мутлақо ёт иллат эканини, уни “нишонлаш” ҳам тарбиясизлик, ҳам шаккоклик эканини англагандан кейин-чи? Наҳотки, бизнинг ёшларимиз аллақандай бутпараст шармандаларнинг ёки шилқим қўшмачининг “руҳини шод” этиш учун мана шундай томошаларга бош қўшишса?
 
Яна мозийга қайтайлик. Пок муҳаббат, илоҳий ишқ Шарқда ҳам қадрланган, тараннум этилган. Ҳақиқий ошиқлар ва маъшуқалар ҳақида қиссалар, достонлар тўқилган. Тоҳир ва Зуҳра, Фарҳод ва Ширин, Вомиқ ва Узро, Гул ва Наврўз...
 
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ўлмас асарларида ҳам, ишқ-муҳаббат таърифида гўзал байтларни учратамиз. Ул зот қаламига мансуб “Лайли ва Мажнун” достонидаги бир лавҳани эсланг: Икки севишган қалб эгаси тақдир тақозоси билан ярим тунда, саҳрода учрашадилар. Ширин дийдор онларида уларга ҳатто табиат ҳам халал беришни истамасди. Аммо, ана шундай дамларда ҳам икки ёш бирор ножўя ишга қўл уришмайди, одоб, ибо-ҳаё ва андишани унутишмайди. Чунки уларнинг покиза севгисига ҳали ота-она ризолик бермаган, уларнинг муносабатлари никоҳ риштаси ила ила боғланмаган эди.
 
Ҳазрат Навоий уларнинг висол дамларини таърифлай туриб:
 
Ҳар ишки ўтуб ҳалокликдин,
Айру эмас эрди покликдин,
Ишқ аҳли бу навъ бўлсалар пок,
Гар вас муаббад ўлса не бок?– дея хулоса қиладилар.
 
Яъни уларнинг муносабатлари покликдан айро эмасди. Агар севишганлар ҳам улар сингари покиза бўлишса, уларнинг висоли ҳам абадийдир.
 
Ҳа, аждодларимиз ишқ-муҳаббат бобида ҳам ўрнак кўрсатиб кетишган. Шундай экан, ёшларимиз ҳам маъжусийларнинг аллақайси қўшмачи “авлиёси”дан эмас, миллий адабиётимизнинг гултожи саналган ўлмас асарлардан ибрат олишса нур устига нур бўларди.
 

 

 
Рустам ЖАББОРОВ, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Top