muslim.uz

muslim.uz

السبت, 07 كانون1/ديسمبر 2019 00:00

Соғлом келин келажак пойдевори

(ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ)

«Оила мен учун муқаддас. Муқаддаслиги шуки, авваламбор қаерда ишлашидан қатъи назар, ким бўлишидан қатъи назар агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, тарбияга алоҳида эътибор бермаса, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Шунинг учун мен фарзандларимнинг тарбиясига жуда катта эътибор бераман. Ҳар бир фарзандимга ҳам, неварамга ҳам алоҳида ўзимнинг муносабатим бор. Ҳар бир неварамнинг алоҳида характерини биламан, орзусини, истагини биламан»,

Ш.Мирзиёев

  Исломда  балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш қатий  лозим, деган гап йўқ.
Янги қурилаётган ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, ундан соғлом авлод дунёга келиши, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бошқа шу каби ҳаётий масалалар. Ана шу илк қадам – қизларимизнинг вояга етиб, турмушга чиқиши билан бевосита боғлиқдир.
 Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни ҳаётга тайёрламай турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяпдилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт.
Зеро, оилада йигит ва қиз ўз вазифа ва масъулиятларини адо этишлари, соғлом зурриётларни дунёга келтиришлари учун аввало ўзлари соғлом бўлишлари керак. Ҳозирга келиб тиббий кўрикнинг аҳамиятини аксарият ота-оналар тушуниб етдилар. Аммо шундай бўлса-да, “Ҳали турмушга чиқмаган ёш қиз турли йўналишдаги шифокорларга учраб юришининг нима кераги бор?” деб тор мулоҳаза юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай фикрлаш сабабли тиббий кўрикнинг талаб даражасида ўтказилишига эътибор бермай, гиёҳвандликка берилган ёки наслий касаллиги бўлган куёвга узатиш оқибатида бахтсиз қолган қизлар, пушаймон чеккан ота-оналар ҳаётда учраб турибди.
Аксарият эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлик кузатилади. Бу ҳол келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслиги, ҳомиладорлик оғир кечишига, гўдаклар нобуд бўлиши ёки ногирон туғилишига, туғуруқдан кейинги турли асоратларга, ҳатто бепуштликка олиб келиши мумкинлигини шифокорлар таъкидлайди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти). Зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, бека, жамият аъзоси сифатидаги вазифаларини тўкис адо этишга қийналади.
Насл-насабимизнинг бевосита давомчилари бўлмиш фарзанд-набираларимизни вужудга келишида қиз ва  йигитларимиз ҳар томонлама баркамол, соғ-саломат бўлишларининг аҳамияти катта эканлигини унутмайлик. Шундан келиб чиққан ҳолда, бўлажак келин ва куёвларимизни  “ҳаёт” деб аталмиш  ва  айни вақтда катта  масъулият ва бурчга асосланган мустаҳкам оила қуриш ишига пухта тайёрлашимиз зарур. Бахтли ва саодатли келажак гарови бўлган мустаҳкам оила, соғлом она ва бола масъулиятига ҳеч қачон бепарво ва лоқайд бўлмайлик. Айниқса, бўлажак она, мураббия, оила бекаси бўладиган қизларимизни турмушга беришдан олдин тарбияси, соғлиғи, касб-ҳунар ўрганиши, яхши маълумотли бўлиши, оила, қайнона ва эри билан бўладиган муносабат ва муомалалар, бурч ва вазифаларини яхши билиши йўлида кўпроқ бош қотирайлик ва ҳаракат қилайлик. Ёшлар ўрта умумтаълим мактаби таълимини олишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Муҳими, илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандининг комил инсон бўлишига интилади.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Никоҳ икки дунё саодатига йигит ва қизни бирга элтувчи муқаддас ришта бўлсин.

 

Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

السبت, 07 كانون1/ديسمبر 2019 00:00

Буни қила оласиз

Юртимизга қиш фасли келиб, ҳаво совий бошлаши билан хонадонларни иситиш масаласи ўртага чиқади.

Ҳамманинг фикри-ёди қишдан эсон-омон чиқиб олиш, шамолламаслик, совуқ қотмаслик бўлиб қолади.

Айниқса, кекса отахону онахонлар, чақалоқлар истиқомат қиладиган хонадонларда бу нарса анча муҳим ҳисобланади.

Қаранг, дўстим, ён қўшнингиз уйини иситиш борасида қўли калталик қиляпти. Уйида гази йўқ. Ўтин ёқиб иситиладиган печкасига эса ўтин керак. Ўтин олишга моддий имконияти етмайди. Унинг устига ёш боласи ҳам бор. Совуқ уйда қийналиб ўтиришибди. Сизда эса бир машина ёки бир арава ўтин олиб беришга маблағингиз бор. Фақат сизда ўша ўтинни олиб беришга хоҳиш, ҳиммат бўлса бас.

Агар шу масалада ёрдам берсангиз, қўшнингиз иссиқ уйда ўтиради. Чақалоғи шамолламайди. Болалари хурсанд бўлади. Ҳаққингизга хонадон аҳли дуо қилишади. Биласизми, иссиқ уйда ўйнаб ўтирган болакайнинг юзидаги табассуми, миннатдорлиги, кўзларидаги қувончи сизнинг кўп ажру савоб олишингизга сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифлардан бирида “Фарз амаллардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир” дейилган.

Тасаввур қиляпсизми, сиз фарз амаллардан кейинги ўринда турувчи энг буюк ишни, Аллоҳ таолога ёқадиган ишни амалга оширган бўласиз.

Аллоҳ таоло мўмин бандасининг қалбини шодликка тўлдирган кишини қуруқ қўймайди.    

Яна бир ҳадисда “Модомики банда биродарига ёрдам бериш ҳаракатида юрар экан, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандасига ёрдам беради” дейилган.

Ҳа, Аллоҳ таоло сизга ёрдам беради. Чунки сиз қўшнингизнинг оғирини енгил қилишга, уйини иссиқлик ва нурга тўлдиришга уриняпсиз.

Бир ҳолатни тасаввур қилиб кўринг: сиз иссиқ уйингизда ўтирибсиз, шу уйда ухламоқчисиз, аммо ён қўшнингиз совуқ уйда қалтираб ўтирибди, бечора чарчаган бўлса ҳам совуқнинг таъсирида ухлолмаяпти. Шундай вазиятда сизнинг кўзингизга уйқу келадими?! Келмайди, тўғрими? Ахир сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди” деган ҳадисларини яхши билганингиз учун қўшнингиз оч бўла туриб ўзингиз тўқ ҳолда, қўшнингизнинг уйи совуқ бўла туриб, сиз иссиқ уйда бемалол ухлолмайсиз. Бунга виждонингиз йўл қўймайди.

Ўтмишда ўтган солиҳ инсонлар қўшниларидан хабар олиб, уларнинг ҳожатларини раво қилишга шошардилар.

Қадрдоним! Биз бир диндош биродаримиз, қўшнимизнинг кўнглини кўтара оламиз. Бу иш қўлимиздан келади. Қиш кунларида қўлимиздан келганича шу ишларни бажариб, улкан савобларни қўлга киритиш пайидан бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни қўшнисига яхшилик қиладиганлардан айласин! 

 

Нозимжон Иминжонов

“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 20 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 37 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 16 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

الجمعة, 06 كانون1/ديسمبر 2019 00:00

Самимият муҳим

Саййид Аҳмад Руфойи ҳазратлари Бағдод устозларининг пешволаридан эди. Бир куни дарс ўтаётиб шогирдларига

– Ораларингизда кимдир менинг бирор хато-нуқсонимни кўрса, дарҳол менга хабар қилсин, вақт ўтказмасдан хатойимни тўғрилаб олай ва у хатони бошқа қайтармайин, – деди.

Бироқ талабалар жим туришди. Чунки улар буюк устознинг ҳеч бир айбини кўрмаган эдилар. Орадан пича вақт ўтганидан сўнг бир талаб қўл кўтариб:

– Устоз, мен сизнинг катта камчилигингизни сезиб қолдим, – деди.

– Ўшани тез айт, болам, дарҳол уни тузатишга ҳаракат қиламан.

Талабанинг кўзидан ёш оқиб туриб бундай деди:

– Сизнинг энг катта нуқсонингиз шуки, шогирдликка биз каби гуноҳга ботган кимсаларни олгансиз.

Шу гапдан кейин ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди. Кейин Аҳмад Руфоий ҳазратлари:

– Ўзининг гуноҳкор эканини чин қалбдан англаш даражасига етган ана шу талабани ўзимга ўринбосар этиб тайинлайман, мен бўлмаган вақтларимда дарсни у ўтади. Ўзини гуноҳкор деб билганларга менинг муносабатим шундай, – деди.

Бундан аён бўладики, ўзининг гуноҳкор банда эканини чин қалбдан ҳис қилган талаба устозининг ўринбосари даражасига етиша олар экан. Муҳими, инсон ўзининг камтарлигида, хатоларини тан олишида мутлақо самимий бўлмоғи даркор. Биз ўзимизни қандай тасаввур қиламиз, ажабо!

 

 “Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби

 Музаффархон АЪЗАМ таржима қилди.

الجمعة, 06 كانون1/ديسمبر 2019 00:00

Минораи Калон

Минораи Калон Бухородаги бетакрор меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Қайсидир маънода қадим Бухоронинг рамзи десак ҳам бўлади. Минора Пойи Калон меъморий мажмуасининг бир қисми. У Мир Араб мадрасаси ҳамда Калон масжидининг ўртасида қад ростлаган. Эски Бухоронинг энг баланд иншоотидир. Минораи Калон тожик тилидан таржима қилинганда катта минора маъносини англатади. Унинг ўрнида аввал ҳам минора бўлган, у қулаб тушгач, мустаҳкам қилиб қайта қурилган. Миноранинг хозирги кўриниши ўша вақтда бунёд этилган. Ўз вақтида Минораи Калон юқоридан кузатиш, ҳамда аҳолини намозга чақириш учун хизмат қилган. Иншоот муҳандис  ва ўз даврининг машҳур меъмори Бақо лойиҳаси асосида  хукмдор Арслонхон Муҳаммад томонидан  1127-йили қурдирилган. Пойдевори тош ва махсус қоришмадан терилган. Ер сатҳидан 9 м чуқур, баландлиги 46,5 м, курсиси қиррадор. Минора юқорига ингичкалашиб боради ва муқарнас билан тугайди. Қафасасидаги 16 равоқли дарчалар орқали атрофни кузатиш мумкин. Тепага минора ичидаги 104 пиллапоя айланма зина орқали чиқилади. Масжиди Калон томонидан минорага ўтиладиган кўприкча бўлган. Минора сатҳи турли ажиб безаклар билан ишланган. Улар орасида тарихий ва диний мазмундаги куфий ёзувлар учрайди. Минораи Калон шу турдаги қадимий иншоотлар орасида алоҳида ўрин тутади. Шаклларнинг ўзаро уйғунлиги, ажойиб кўрк ва маҳобатлилик Минораи Калонга чинакам гўзаллик бағишлайди. Халқ орасида минора ҳақида кўплаб ривоят ва афсоналар мавжуд. Узоқ йиллар давомида Калон минораси ўз маҳобати билан шаҳарга ташриф буюрувчиларни лол қолдириб келган. Иншоот ёвларнинг ҳужумидан кўп зиён кўрган бўлсада қуламаган. Фақат бир муддат таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 1924 йили иншоот юзаси ва муқарнаслари таъмирланган. 1960 йили эса ер остидаги асоси (курсиси) уста Очил Бобомуродов томонидан очиб таъмирланди. 1997 йил Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан минорада яна бир бор таъмирлаш ишлари олиб борилди. Минораи Калон Бухоро шаҳрининг ноёб ва кўҳна ёдгорлиги ҳисобланади. Шаҳарга ташриф буюрган меҳмонлар унинг маҳобати, салобати, мураккаб меъморий ечимига мафтун бўлади.  Хозирда кўҳна Бухоро деганда ҳар бир кишини кўз олдига дастлаб албатта Минораи Калон келади.

 

   Шаҳзод Шомансуров тайёрлади

Top