muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Қорақалпоғистонга сафарлари мобайнида Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, аввал билим юрти фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Аввал ушбу билим юртининг бош биносига бўйма-бўй янгидан қад ростлаган янги иншоот кўздан кечирилди. Янги иморатда ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, билим юрти ўқитувчилари ва талабалари билан дилдан суҳбат қилиниб, муфтий ҳазратлари билим юртида таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар.
Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан билим юртининг тўрт нафар талабасига ўқув шартнома пуллари тўлаб берилиши эълон қилинди.
Муфтий ҳазратлари шундай кенг имкониятларга эга бўлган ва барча қулайликлар яратилган мазкур мадраса фаолияти билан танишар эканлар, аввало бу неъматларга шукрона қилиш кераклигини таъкидладилар. Келажакда ушбу маскандан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига катта манфаат келтирадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Ташриф давомида ушбу мадрасага Тошкент шаҳридаги диний таълим муассасаларидан бориб, билим ва кўникмаларини ўртоқлашаётган устоз-мураббийлар билан ҳам суҳбат қурилди.
Шу билан Қорақалпоғистон сафари якунига етди, эртага Хоразм вилояти сафари бошланади.

 

Адил ЕРЕЖЕПОВ
Маънавият ва маърифат ишлари
бўйича мудир ўринбосари

الثلاثاء, 03 كانون1/ديسمبر 2019 00:00

Янги рукн: Қуръон мўъжизалари

Мўмин-мусулмонларнинг Қуръони каримга бўлган муҳаббатларини сайқаллаш, Аллоҳ таолонинг каломининг маъноларини теран англаш мақсадида, Muslim.uz жамоаси “Қуръон мўъжизалари” номли янги рукнни ташкил этди. Сизга ушбу рукн орқали Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизаларни, Қуръон оятларини замонавий илмий янгиликлар ҳамда кашфиётлар билан баён этамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва Қуръони Каримга, Суннати Набавияга бўлган муҳаббатимизни зиёда қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Қорақалпоғистон Республикасига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни ширин сўзлари ила уларнинг ўксик қалбларига хурсандчилик киритдилар.
Мана шундай эътиборга муҳтож, кўнгли ўксик фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш ила миннатдорлик изҳор қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари бошчилигида уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари ҳудуддаги “Меҳрибонлик” уйига ташриф буюрилиб, илиқ сўзлар ва ажойиб совғалар орқали жажжи болажонларнинг қалбларига шодлик улашилди.
Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади. Муфтий ҳазратлари мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этдилар. Ушбу тадбирнинг энг муҳим жиҳати шундаки, улар орқали ўнлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.
Ҳа, мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.
Қорақалпоғистон сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 3 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб сафарлари бошланди.
Тараққиётимизнинг янги даврида бошқа минтақалар қатори Қорақалпоқ диёри ривожланишига ҳам улкан эътибор берилмоқда. Бугунги кунда Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Бунда, айниқса, давлатимиз Раҳбарининг бевосита ташаббуси билан изчил амалга оширилаётган ривожлантириш дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзгаришлар баробарида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, масжид-мадрасаларни янада обод этилиши, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўпчиликни мамнун этмоқда.
Ташрифдан кўзланган мақсад ҳам қорақалпоқ диёрида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар билан учрашиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикр алмашиш, муаммо ва таклифларни тинглаш, ўз навбатида, амалга оширилган ишларни фуқаролар юз-кўзида кўришдан иборатдир.
Куннинг биринчи ярмида Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидида имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.
Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Йиғилиш якунида "Вақф" хайрия жамғармаси томонидан имом-хатибларга Қуръони карим тарқатилди.
Қорақалпоғистон сафари давом этмоқда.

 

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Аллоҳ таолога дуо қилар экансан. Ҳеч қуруқ қолмайсан. Ё сўраганинг берилади. Ё сендан бир бало даф қилинади. Ёки охиратга захира ажр бўлади. Шу яхшироқ ва боқийроқдир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Улар чин эркаклик хотинни кўпайтиришда деб билишади ва шу ишлари билан мақтанишади. Лекин асл эркаклик рукуъ ва саждаларни кўпайтиришдадир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Атрофда бўлаётган ишлар сабабли сиқилиб, жинни бўлиб қолмаслик учун намозларингда, кунлик вазифаларингда, Робингга бўлган ишонч ва Унга қиладиган муножотларингда бардавом бўл!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Роббимга сажда қилсаму, шу саждада бир муддат ўзимни унутсам. Кейин фаришталар менинг исмимни зикр қилиб, “Фалончининг ўғли фалончи сажда қилган ҳолида вафот этди” дейишса. Эй Роббим, хотимамизни гўзал қилгин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Фақат Аллоҳ таоло учун бошингни саждага қўйсанг, У Зот сенинг қадрингни кўтариб қўяди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Болажонлар – ёлғон гапирмайдилар, ғийбат қилмайдилар, мунофиқлик қилмайдилар, хиёнат қилмайдилар, хушомад қилмайдилар, макр қилмайдилар. Улар Аллоҳ таолонинг покиза бандаларидир.

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб,

таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

Top