muslim.uz
Бир ғарибни шод этиш ер юзин обод этишдан яхшидур
30 май куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан муборак Рамазон ойида “Меҳр” номли савоби жуда ҳам улуғ тадбир амалга оширилди. Унга кўра, 156 нафар Ўзбекистон фуқаросини (аёллар ва болалар) Яқин Шарқдаги уруш можаролари бўлаётган ҳудудлардан Ватанимизга қайтаришга эришилди.
Ҳеч кимга сир эмас, неча йилдан бери Сурияда бўлаётган уруш жараёнларига бир қатор ўзбекистонликлар ҳам аралашиб қолган. Лекин улар орасида ўзи тушуниб-тушунмасдан, адашиб бориб қолган, террорчи гуруҳлар фаолиятининг жабрини кўрганлар ҳам мавжуд. Энди уларнинг ҳаётларини йўлга қўйиб олишлари учун қўлдан келганча ёрдам беришимиз керак.
Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Хусусан, давлатимиз Раҳбари топшириғига мувофиқ Махсус комиссия тузилди.
Республикага қайтарилган ватандошларимизни ижтимоий кўмак бериш ҳамда соғломлаштириш мақсадида, Тошкент вилояти ҳудудидаги барча керакли шароитлар яратилган санаторийга жойлаштирилди. Ватандошларимизга ҳар турли ёрдам бериш мақсадида, санаторийда уларга барча масъул вазирлик ва идораларнинг вакиллари бириктирилди.
Ватандошларимиз ўзлари учун ажратилган хоналарга оила аъзолари билан бирга жойлаштирилди ва зарур барча шароитлар яратилди, шу жумладан, дам олиш хоналари, кўчма мактаб ва мактабгача таълим хоналари, болалар учун ўйингоҳлар, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминловчи ошхона ишлаб турибди.
Адашиб ўзга юртга бориб қолган, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган инсонларга ҳукумат томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилгани ҳақиқий олибжаноблик бўлди.
Халқимиз табиатан самимий ва тийнати пок элдир. Қадимдан Ислом динига эътиқод қилиб келган кишиларимизнинг динимиз асосларини ўрганишга бўлган иштиёқи жуда ҳам баланд. Мана шу жиҳатдан устамонлик билан фойдаланган муғомбир кимсалар одамларимиз, айниқса, ёшларимизнинг ишончига кириш йўлида динни ниқоб қилиб, манфур режаларини баъзида амалга оширишга ҳам эришмоқдалар.
Бироқ Ўзбекистон давлати, меҳр-оқибатли халқимиз оёғи тойиб кетган ватандошларининг қўлидан тутиб қолишга қодир. Яъни, давлат қуролли тўқнашувлар давом этаётган юртларга адашиб бориб қолган ва бунинг оқибатида ўзининг ҳаётини хавфга қўйганлардан ўзига душман “ясаб” олмайди, уларни бундай қийин вазиятда ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди.
Аксар кишиларнинг кўз ўнгига Сурия деса, Ироқ деса, умуман, Яқин Шарқ мамлакатлари деса, террорчилар макони тушуниладиган бўлиб қолди. Ўша ёқларда улоқиб юрган юртдошларимизга ҳам шу кунга қадар худди террорчига қарагандек қарайдилар. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, у ерларда юрганларнинг кўплари алдов йўли орқали кетиб қолгани аён бўляпти. Олдинига бир мамлакатга тирикчилик учун ишлагани бориб, у ердан янада яхшироқ даромад қилиш мумкин деган алдовларга ишониб қонли ҳудудларга бориб қолганлар ҳам кам эмас.
Муҳтарам Президентимиз адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, маккорона тарғиботу ташвиқотларга учиб, бузғунчи гуруҳларга аъзо бўлиб, оқибатда ҳаёти буткул издан чиқиб кетган турли ёшдаги кишиларга ёрдам бериш ҳақида куйиниб, улар ҳам шу миллатнинг фарзандлари, биримизнинг укамиз, биримизнинг синглимиз эканини айтган эдилар.
Юртга қайтган ватандошларимиз Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Бўстон” сиҳатгоҳига жойлаштирилди, 80 дан ортиқ шифокор, руҳиятшунослар ва маҳалла фаоллари улар билан ишлашга жалб этилган. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 20 дан зиёд отинойи, 10 нафар имом-хатиб ушбу ишга жалб қилинган. Улар болалар ва аёлларнинг кўнглини кўтаришга, осуда ҳаётга қайтаришда фаол иштирок этмоқдалар. Сиҳатгоҳда ҳар бир бола ва аёлга энг юқори даражада шароитлар муҳайё этилган. Кийим-кечак, дори-дармон, озиқ-овқат ва инсоний эҳтиёжларнинг бошқа барча тури бекаму кўст тайёрланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ушбу ташаббусни юксак қўллаб-қувваталади. Хориж ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бундай эзгу ташаббусларга энг юқори баҳо берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”, деб таъкидланган.
Ана шу модда мамлакатнинг қудратини ва ўз фуқароларига муносабатини ёрқин ифодалайди. Негаки, мамлакат иқтисоди ночор, ҳарбий жиҳатдан заиф, дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ҳам ҳамин қадар бўлса, ундай мамлакат ўз фуқароларини ҳимоя қилишга на куч, на жасорат ва на имконият топа олади.
Ислом динида меҳр-шафқат ва кечиримлиликка кўп даъват қилинган. Негаки, раҳм-шафқат қилиш Аллоҳ таолонинг меҳрибонликларидан бири. Агар Яратган Раббимиз отамиз Одам алайҳиссалом билан онамиз Ҳаввони авф этгани сабабидан бугун инсоният мавжуд.
Аллоҳ таоло: “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради.
Ушбу ояти каримадан англашиладики, агар бизга моддий-маънавий зарар етказган кимсани кечирсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.
Аёнки, бирор номақбул ишга қўл уриб қўйган одам ўша қилмишининг хато эканини қалбан ҳис қилиб, ўша ишидан пушаймон бўлса-ю, унга яна бир имконият берилса, у давлат ва жамиятга кўп фойда етказади. Унинг самимий афсуси-пушаймони унга куч беради.
Бинобарин, Аллоҳ таоло: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.
Яна Аллоҳ таоло айтади: “...(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас” (Шўро, 40).
Қадим давлатчилигимиз тарихида ҳам меҳр-шафқат, кечиримлилика оид ҳужжатлар кўп учрайди. Жумладан, “Тузуклар”да: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим...”.
Соҳибқирон бобомизнинг бу иши Қуръони карим кўрсатмасига ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлган. Ояти каримада: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилинган.
Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, хирқаларидан қаттиқ тортган, ҳатто хирқа ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол муомала қилганида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақидаги оятига мувофиқ иш тутгани туфайли ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб, дин ривожига хизмат қилдилар.
Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.
Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси, давлат ва ҳукуматларнинг узун яшамоғи адолатга боғлиқдир”, деб ёзганида қанчалар ҳақ гапни айтган эди.
Сурия давлатидан Ўзбекистон заминига етиб келган самолётдан тушгани заҳоти юрт тупроғини ўпган аёллару ёшларнинг кўрган кечирганлари – мусофирчилик азоблари, қўрқув, даҳшат, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолгани рост, инша Аллоҳ! Чунки уларнинг тақдири Ўзбекистон деган муаззам мамлакатнинг халқпарвар Раҳбари эътиборидадир. Ушбу Раҳбарнинг шиори эса одамлар қалбига эзгулик уруғини, меҳр-шафқат тухумини қадашдан иборатдир. Зеро, буюк мутафаккир боболаримиз айтганидек:
Бир ғариб кўнгилни қила олсанг шод,
Яхшидир ер юзин қилгандан обод.
Демак, Рамазон ҳайити кунларида Суриядан қайтиб келган ватандошларимиз хонадонларида қўшалоқ байрам бўлади, иншо Аллоҳ. Бундан элимиз ҳам ғоят мамнун бўлмоқда. Зеро, меҳр-мурувват, кечиримлилик, бағрикенглик бўлган юртнинг ҳаёти файзли, келажаги нурафшон бўлади.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Бугун Рамазоннинг 30-куни, эртага ҳайит
Ўзбекистонда бугун, 4 июнь сешанба – Рамазон ойининг 30-куни, эртага 5 июнь чоршанба – Рамазон ҳайитининг биринчи куни. Айрим ижтимоий тармоқларда бугун ҳайит экан, деб ихтилофга сабаб бўлишяпти. Бу масалада Ўзбекистон мусулмонлари уламолари фатвосига амал қилинади.
Ҳар йили Рамазон ойи бошланиши ва ҳайит кунини эълон қилишда, Ўзбекистон уламолари ислом дини кўрсатмалари, янги ойни кузатиш жараёнлари ва Астраномия институти маълумотларига таянишади. Мана шундай манбаларга асосланиб, диний идора уламолари обдон ўйлаб, кейин бир қарор қабул қилади. Лекин, айрим кишилар мазкур қарорига итоат этмай, “бугун фалон араб юртида ёки фалон мамлакатда ҳайит экан”, деб рўзасини очганлар ҳам учрамоқда. Аммо, бундай иш тутишдан динимиз қайтаради.
Маълумки, Исломда саналар қамарий ой билан ҳисобланиб, уларнинг бошланиши янги ой ҳилолини кўриниши билан белгиланади. Ўзбекистонда Рамазон ҳайитининг биринчи кунини белгилашда Астрономия институтининг ҳилол – янги ойни кўриш ҳақидаги маълумоти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари хулосаси асос қилиб олинди. Диний соҳа мутахассислари кузатишлари ва астраномик маълумотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда шаввол ойининг ҳилоли кўриниши 4 июнь сешанба куни кузатилиши қайд этилади. Шунга кўра, Ўзбекистон мусумонлари идораси уламолари томонидан 5 июнь чоршанба куни ҳайитнинг биринчи куни деб эълон қилинди.
Бундай тўхтамга келиниши Ислом таълимотига мувофиқ, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифларига тўла мос келади. Шунингдек, Ислом фиқҳи академиясининг “Бошқа мамлакатларда ойнинг кўринишидан қатъий назар, дунёнинг қайси бир мамлакатида янги ой ҳилоли оддий кўз билан ёки астрономик жиҳозлар орқали кўрилган бўлса, унга амал қилишлари зарур деб ҳисоблансин”, деган қарорига ҳам ҳамоҳангдир.
Рамазон ойининг тўлиқ 30 кун бўлиши ҳақида муҳаддислардан Абу Довуд ва Насоийнинг саҳоба Ҳузайфадан қилган ривоятларида Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича марҳамат қилганлар: “Рамазон ойидан олдин тутманглар, янги ойни (Рамазон ҳилолини) кўринглар. Рамазон кунлари саноғини тўлдиринглар!”.
Машҳур муҳаддислардан Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизийларнинг Пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг издоши, етук фиқҳ олими Ибн Аббосдан келтирган ривоятига кўра: “Рамазон ойи ўттизга тўлдирилади ва янги Шаввол ойи бошланади”, деб таъкидланган.
Юқоридаги асосли далиллар ва иш бошиларнинг қарорига амал қилиш ҳар бир уммат учун вожиб бўлади. Ҳеч қайси бир шариат кўрсатмаларида рўзанинг бошланиш куни ёки Рамазон ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда муайян бир араб ёки бошқа давлатга тақлид қилинсин, деган кўрсатма йўқ.
Бир қатор араб давлатлари – Иордания, Фаластин, Мисрда, шунингдек, Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари – Индонезия, Япония, Малайзия, Ҳиндистон ва Австралияда каби давлатларда бу йилги Рамазон ойи 30 кун бўлиб, Шаввол ойи 5 июнь, Чоршанба кунидан бошланиши эълон қилинди. Жумладан, Миср Араб Республикасида ҳам янги ой ҳилоли кўрилмагани учун Фатво ҳайъати баёнотига кўра, бугун 4 июнь куни Рамазон ойининг 30-куни бўлиб, эртага 5 июнь куни Рамазон ҳайити деб эълон қилинди.
Демак, ибодат масалаларида эҳтиёт бўлиш керак. Фалон юртда бугун ҳайит экан, деб оғизни очиб юбориш мумкин эмас. Зеро, Рамазон рўзасининг бошланиши ҳам, тугаши ҳам муфтий эълон қилиши билан аниқ бўлади.
Агар бир мусулмон юртда янги ой чиқишини аниқлашга масъул идора рўза тутиш ёки рўзани очиш бўйича қарор чиқарса, ўша юрт мусулмонлари бунга итоат қилишлари, бўйсунишлари шарт. Чунки бу ҳукм “Ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўрадилар”, деган қарашга асосланган бўлади (“Ҳидоя”, “Оламгирия” китоблари асосида).
Шайх Юсуф Қаразовий айтади: “... Бир юрт ёки бир шаҳар фуқароларининг бир-биридан ажралиб, бир гуруҳи бугун Рамазон деб рўза тутиши, бошқаси уни Шаъбондан деб тутмаслиги, ой охирида эса, бир гуруҳи рўза тутиб, бир гуруҳи ҳайит қилиши қабул қилинмайдиган бир ҳолатдир”.
Мазкур масалада юртимиз ва хориждаги машҳур илм аҳллари ҳам бундай шароитда мўмин-мусулмонлар жамлиги ва бирлигига путур етмаслиги ҳамда бошқа қувватли далиллар асосида Ўзбекистон мусулмонлари уламолари фатвосига амал қилишга чақирдилар.
Хулоса шуки, ушбу масалада ҳар бир юрт аҳли уламолари қарорига амал қилишлари керак. Демак, айрим мамлакатларнинг Рамазон ҳайитини бошлаши бизнинг ҳайитни бошлаш кунидан фарқ қилиши мумкин.
Шунинг учун мўмин-мусулмонларимизни юқорида баён қилинганларни чуқур англаб, бошқаларга тақлид қилиб, хатога йўл қўймасликларига чақирамиз.
Демак, Ўзбекистонда бугун, 4 июнь сешанба – Рамазон ойининг 30-куни, эртага 5 июнь чоршанба – Рамазон ҳайити кунидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати
Йил бўйи рўзадор бўлишни истасангиз
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД
Ҳайит намози қандай ўқилади?
- Аллоҳ ризолиги учун Рамазон ҳайити намозини ўқишга ният қилинади.
- Имом “Аллоҳу акбар” дея такбир айтгач жамоат ҳам қўлларини кўтариб, ичида ифтитоҳ такбири (Аллоҳу акбар)ни айтади.
- Такбир айтилганидан сўнг, қўлни қовуштириб туриб, ҳар ким ичида сано дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб, қиём ҳолида турилади.
- Имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
- Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.
- Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.
- Саждадан сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Рамазон жўнаб кетмоқда
Рамазон жўнаб кетишга тайёргарлик кўрмоқда. У кунларини йиғиштиришни бошлади. Аллоҳим! Бу ойнинг муаттар ҳидидан нафас олдирганинг учун Ўзингга беадад ҳамд бўлсин! Аллоҳим! Ушбу ойга етказганингдек, ундаги ибодатларни ҳам қабул эт. Қабулидан маҳрум этма! (Доктор Аҳмад Исо Маъсаравий).
Аллоҳим! Бизга берган ва бераётган барча: ошкору махфий, зоҳиру ботин, умумию хос неъматларинг учун Ўзингга ҳамд, шукру саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Яна узоқ йиллар қалбимиз хотиржам бўлган ҳолда муборак Рамазон ойига, унинг фазилатларига етказ!
"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман"(Иброҳим сураси, 7-оят) деб марҳамат қилган Аллоҳ таоло беадад ҳамду санолар бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД