muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд шаҳридаги энг кўркам масжидлардан бири “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидида Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилди. Мусобақани онлайн узатиш ишлари бир неча дақиқадан сўнг бошланади.
Азиз мухлислар интернет тезлигида рўй бериши мумкин бўлган муаммолар сабаб, мусобақани онлайн узатишда айрим камчиликлар бўлиши мумкин. Шуни инобатга олиб сиз азизлардан олдиндан узр сўраймиз. Лекин биз бор куч ва имкониятимизни ишга солиб, камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилишга ваъда берамиз.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг. Энг хушовоз қориларнинг ҳузурбахш тиловатларидан баҳраманд бўлишга барчани чорлаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Барчамиз гувоҳ бўлганимиздек, юртимиз бўйлаб бир ой давомида Қуръони карим мусобақасининг ҳудудий босқичлари ўта кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтказилди.
Қуръонга ошно қалблар сурурла Ҳақ таоло каломига сомеъ бўлдилар. Руҳлар озуқаланди, зеҳнлар ўткирлашди юртга барака инди. Ҳозирда қорилар мусобақасининг Самарқанд вилояти босқичини ўтказиш остонасида турилибди.
Эртага 19 февраль куни соат 9.00 да Самарқанд шаҳридаги энг кўркам масжидлардан бири “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидида мусобақанинг вилоят босқичи бошланади.
Туман босқичида ҳудудлар бўйича ўтказилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритганлар ўзаро беллашадилар.
Ҳозирда Қуръони карим мусобақасининг вилоят босқичини ўтказиш учун қизғин тайёргарликлар кетмоқда. Иншааллоҳ, бу гал ҳам ўзига хос Қуръон байрамига гувоҳ бўласиз. Мусобақани юқори савияда ўтказишга алоҳида эҳтимом билан ёндашилган.
16 февраль куни иштирокчилар билан вилоят вакиллиги биносида мусобақа олдидан учрашув бўлиб ўтди.
Яна бир бор эслатамиз, мусобақа 2018 йил 19 ФЕВРАЛ, ДУШАНБА куни соат 09.00 да Самарқанд шаҳридаги “ХЎЖА ИСҲОҚИ ВАЛИЙ” жоме масжидида бошланади.
Мўлжал: Самарқанд халқаро аэропорти

Қуръон зиёфатига шошилинг.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

ЎМИ Матбуот хизмати

“Муқаддас қадамжоларимизни обод қилсак, юртимизга барака ёғилади. Уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодатдир”

Шавкат Мирзиёев

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда, жумладан, Бухоро вилоятида муқаддас қадамжолар кўплиги, уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодат эканини таъкидлади. Ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш ҳақида сўз юритди.

“Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.”  дея хабар беради president.uz сайти.

Дарҳақиқат, она юртимиз азалдан ўз бағрида улуғ алломалар, мутафаккирлар ва мутасаввифлар етиштириб чиқарган муборак заминдир. Ҳатто вафотидан кейин ҳам Бухоронинг файзига файз қўшиб турган энг порлоқ сиймолар – “етти пир”имиздир. Улар: Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир. Бу мўътабар зотлар, нафақат зоҳир илми, балки ботин илмида ҳам камолга етган эдилар. Уларнинг ҳаётбахш таълимотлари замонлар оша инсонларга ҳидоят йўлидаги ёрқин юлдуз бўлиб келмоқда. 

Юртбошимиз буюк пирларимизнинг ибратли ҳаёт йўлини яхши биладиган, таълимотларини теран англаб етган, асарларининг туб моҳиятини тушуниб, халққа етказиб бера оладиган кадрлар тайёрлаш кераклигига алоҳида эътибор қаратди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бутун инсоният муаллимлари бўлган мутасаввиф боболаримиз таълимотларини муносиб давом эттирадиган, туб моҳиятини халққа содда тилда мукаммал етказиб бера оладиган уламоларимиз бор. Шунингдек  президентимизнинг қарори билан Бухорода шундай кадрлар етиштириб чиқариш учун “Тасаввуф” мактаби ҳам ташкил этилди. Бу мактабнинг очилгани барчамизни беҳад қувонтирди. Кўзда ёшлар билан юртбошимиз ҳаққига дуои хайрлар қилдик.

Бироқ, таассуфки, ҳозирги кунда юқорида тавсифлаб ўтган уламоларимиз саноғи қарийб ўттиз беш миллион аҳоли нисбатига ҳисоблаганда жуда ҳам оз. Бунинг оқибатида халқимиз орасида айрим тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Баъзи инсонлар тасаввуфга ўзгача, бир янги соҳа бўлса керак дейдиган даражага келиб қолди. Лекин тасаввуф алоҳида бир таълимот эмаски, уни муайян соҳа вакилларигина ўрганса. Аксинча, содда қилиб айтганда, “тасаввуф – қалб иши” бўлиб бунда ҳар бир инсон устоз – пири комил ёрдамида ўзини-ўзи ислоҳ қилишидир. Шунингдек, тасаввуф инсоннинг қалби, онгини поклашдаги энг кучли восита. Зеро, инсоннинг зоҳирини тўғрилаш, ботинидан бошланади, усиз зоҳирни ислоҳ қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам халқимиз ҳозирги кунда бундай руҳий озиққа жуда ҳам муҳтождир. Бу эҳтиёжни қондириш учун эса юртбошимиз таъкидлаганидек, ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбияламоғимиз керак. Бунинг учун тасаввуф таълимотига мадрасаларимиздан бошлаб жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Иншоаллоҳ, эндиликда  халқимиз орасидаги турли англашилмовчиликларнинг олди олинади. Негаки, инсонга тўғри манбадан озиқ олиш имкони бўлмаса, ўша эҳтиёжини бошқа манбалардан  қондиришга ҳаракат қилишга мажбур бўлади.

Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тасаввуф шариат ҳукмларни бажаришни ниҳоятда қаттиқ талаб этади. Яъни шариатсиз тариқат йўқ. Пирга боғланишни ният қилган муриддан дастлаб шариат амрларини тўлиқ бажариш талаб этилади. Ана ундан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қўшимча вазифа берилади.

Улуғларимизнинг каромат денгизларидан томчилар: 

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қ.т.с.

Фарз амаллардан сўнг дуо мустажоб бўлур

Ҳожатманд киши деди: “Хожам, бизга бу шайтон тузоғидан саломат қолишимиз учун иймон дуосини ўргатмоғингизга муҳтожмиз”. Хожа дедилар: “Ваъда андоқдурки, фарз амалларидан сўнг дуо мустажоб бўлур. Сен фарз амалларни собитлик билан бажар ва бизни хайр дуоси билан ёд қил! Фарз амаллардан сўнг биз ҳам сени ёд олурмиз. Бу орада ижобат асари зоҳир бўлгай, сенинг ҳаққинга, ҳам бизнинг ҳаққимизга”. 

Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий қ.т.с.

Хотирни яхши асрамоқ керак

Хожа Баҳоуддин дебдуларки, бобом менга буюрдилар: “Бориб Хожа Муҳаммад Бобога ташриф ҳозирини илтимос қилки, ул кишининг қадамининг баракоти бу манзилга етгай.

Ул кишининг дийдорига етишганимда ажаб кароматлар ул зотдан мушоҳада бўлди. Икки ракат намоз ўқиб, сўнг бошимни саждага қўйдим. Ўша орада тилимга бу нидо келди: “Илоҳи! Балоларинг юкини тортмоққа қувват ва муҳаббатинг меҳнатини тортмоққа сабр-тоқат бер!”.

Эртаси куни  Хожа хизматига етдим. Хожа буюрдилар: “Эй фарзанд, дуони бундоқ қилмоқлик керак: “Илоҳи, Сенинг ризолигинг нимаики бўлса, бу заиф бандангни Ўз фазл ва караминг ила анда тут!” Агар Худованди таоло ҳар дўстига бир бало юборса, Ўз инояти билан бу балони тортмоққа ҳам қувват беради ва ҳикматини ҳам унга зоҳир этади. Ихтиёр билан бало талаб қилмоқ душвордир. Ибосизлик қилмаслик керак. Ундан сўнг таом ҳозир бўлди. Еб бўлгач, Хожа менга бир дона нон берди. Хаёлимга келдики, “ҳозир тўйиб овқатландик, борадиган жойимизда ҳам муқаррар таом бўлур, бу нон нимага керак?”

Хожа йўлга отландилар. Мен ул зотнинг жиловида яёв борар эдим. Бор вужудим билан таважжуҳга берилиб, ниёзи тамом билан қадам урардим. Агар кўнглимда бирор ўзгариш пайдо бўлса, Хожа: “Хотирни яхши асрамоқ керак”, деб буюрардилар.

Йўлда бир муҳибларнинг уйига етдик, у бизни истиқбол этди. Дарвешда изтироб асари зоҳир бўлди. Хожа дедилар: “Тўғрисини айт, нимадан изтироб чекаяпсан?”, дарвеш деди: “Уйда сут ҳозирдир, аммо нонимиз йўқ”. Хожа менга дедилар: “Ўша нонни келтирки, оқибат бизнинг ишимизга яради”. Менда бу ҳол мушоҳадасидан эътиқодим янада кучайди.” 

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қ.т.с.

Тушда пирини кўрган мурид

Ул зот муборак сафарга чиқмоқчи бўлганларида улуғ муридларининг бирига зикр таълимини бергандилар. Сафардан қайтганларида ул кишига айтдиларки, бу мурид зикрга машғул эмас, зикр айтишни бутунлай тарк этибди. Муриддан сўрадилар: “Бизни бирор марта тушингда кўрдингми?”. Мурид деди: “Ҳа, кўрдим”. Хожа дедилар: “Сенга шу етарли”.

Бундан маълум бўлурки, бу азизлар билан андоққина руҳий боғланиш бўлса, охири у ҳам азизларга қўшилур ва нажот боис, даражаси юксалишига сабаб бўлур. 

Алишер Навоийнинг

Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асаридан

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

Top