muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 21 كانون1/ديسمبر 2017 00:00

Меҳмон – атойи Худо

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ * إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ  *فَرَاغَ إِلَى أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ * َ قَرَّبَهُ إِلَيْهِمْ قَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ *

“(Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: Салом! дейишганда, у ҳам: Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку! – деди. Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, (Таомдан) емайсизми? – деди.

Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг меҳмонлари ҳақидаги қиссадан меҳмондорчилик одобларини кўриш мумкин. -فما لبث  сўзидаги ” ف” дарҳол овқат тайёрлаганини билдиради ва бундан меҳмон келганда унга тайёрлаган нарсасини тезроқ олиб келиш зарурлиги тушунилса, -بعجل سمين  сўзидан ҳузуридаги нарсаларнинг энг яхшисини тақдим қилишни, - أَلاَ تَأْكُلُون сўзидан эса меҳмонга чиройли лутф ила гапириш керак экани маълум бўлади.

Ҳадиси шарифда ҳам меҳмонга иззат кўрсатиш ибодат даражасига кўтарилганини кўрамиз.

Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ва ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ва ким  Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзни гапирсин ёки жим турсин!(Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифдан меҳмонни икром қилиш нечоғлик қадрли амал экани маълум бўлади. Қуйида динимиз таълимотларида келган меҳмондорчилик  одобларни ўрганиб кўрамиз:

Таклифни қабул қилиш:

Авваламбор, агар узрли сабаб бўлмаса, бирор бир жойга таклиф қилинса бориш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олмоқ, бетоб бўлса зиёрат қилмоқ, жанозага қатнашмоқ, чақирса ижобат қилмоқ ва аксирганда тилак айтмоқ”, деб марҳамат қилганлар. (Олти саҳиҳ манба соҳиблари ривоят қилган).

Рўзадор бўлиш чақириққа ижобат қилишдан тўсадими?

Кимда ким бирор зиёфатга таклиф қилинган бўлса унга жавоб қилиши лозим. Агар таклиф қилинган киши рўзадор бўлса у ҳам чақириққа жавоб бериши керак. Рўзадор ҳолатида меҳмондорчиликка таклиф қилинган кишининг  ҳукми қуйидагича бўлади:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун дастурхон ёзилди. Таом келган вақтда бир киши мен рўзадорман, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродаринг сени (зиёфатга) чақириб, сенга  такаллуф қилди. Шундай экан, рўзангни оч! Унинг  ўрнига кейинроқ рўза тутиб берасан”, дедилар. 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг одати рўзадорлик бўлса-да чақирилган жойдан қолмас эди.

Уламоларимиз рўзадорлик чақирилган ерга бормасликка узр бўлмайди. Аксинча, бориб мезмоннинг ҳаққига мағфират ва барака тилаб дуолар қилиши бор деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизлардан бирингиз меҳмонга чақирилса ижобат қилсин! Агар рўзадор бўлса давом эттираверади. Агар оғзи очиқ бўлса таомланади, деган эканлар (Имом Муслим ривояти).

Рўзадор хоҳ фарз, хоҳ нафл рўзасида бўлсин, чақириққа жавоб бериши керак. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар: Агар сизлардан бирортангиз (зиёфатга) чақирилса  чақириққа, албатта, жавоб берсин. Агар рўзадор бўлса (зиёфат эгаси ҳаққига) дуо қилади. Агар рўзадор бўлмаса таомланади (Имом Муслим ривояти).  

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар рўзадор бўлса давом эттираверади, яъни дуо қилади”, деб тафсири билан келтирилган экан.

Имом Нававий мазкур ҳолатларни ўрганиб қуйидаги хулоса билан масалага якун ясаган: “Рўзадор киши зиёфатга борса ўша ердан таомланиши мажбурий эмаслигида ҳеч қандай хилоф йўқ. Агар рўзаси нафл бўлса уни очмаслиги ёки кейин тутиб бериш эвазига очиши ҳам мумкин. Лекин рўзаси фарз рўзаси бўлса ундан чиқиши мумкин эмас. Шу боисдан рўзасини бузмайди-ю, лекин зиёфат соҳиби ҳаққига дуо қилиши лозим бўлади. Рўзаси нафл бўлса, унинг рўзаси туфайли дастурхон соҳиби озорланса, меҳмонлар орасида ноқулайликлар туғдирса рўзасини очиб, жамоатга қўшилгани афзалдир” (Имом Муслим шарҳи,  197-198 бет).

Меҳмонларни иззат-икром қилиш қандай амал?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, меҳмонларни ҳурмат қилиш, уларга лутф кўрсатиш лозим. Шу ўринда ҳадисларга бир назар солсак:

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизларни бирор ерга элчи қилиб жўнатганингизда биз баъзи қавмларнинг ҳузурига борсак, улар бизга меҳмондўстлик қилмайдилар. Сиз бунга нима дейсиз?” деб савол қилдик”. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор қавмнинг ҳузурига борсангиз, улар сизларга меҳмонга кўрсатиши лозим бўлган нарсаларни таклиф қилсалар қабул қилинглар. Бўлмаса, (улар сизларга таклиф қилмасалар) улардан меҳмонга берилиши керак бўлган ҳақни олаверинглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Зиёфат уч кундир. Уни жоиз қилувчиси эса бир-кеча кундуз (лик масофани босиб ўтиш)дир.  Мусулмон кишига биродарининг ҳузурида қолиб уни гуноҳкор қилиши мумкин эмас”. Саҳобаи киромлар: “Ё, Расулуллоҳ, мусулмон киши қандай қилиб ўз биродарини гуноҳкор қилиши мумкин”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарининг ҳузурида (узоқ муддат) туриб қолади. Натижада, биродарининг ҳеч вақоси қолмагани сабаб уни меҳмон қила олмай (гуноҳкор бўлиб қола)ди”, дедилар.   

Имом Нававий меҳмонни зиёфат қилиш муқаддас динимиз буюрган амал эканига уламоларнинг ижмоъ қилганини зикр қилиб, сўнгра уларнинг зиёфат вожиб ё суннат экани борасидаги фикрларини қуйидагича баён қиладилар: “Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Шофеъий роҳимаҳумуллоҳлар меҳмонни зиёфат ила эҳтиром қилиш вожиб эмас, балки суннат деб билган. Бу борада келган ҳадисларни ўзларига ўхшаш ҳадислар ила таъвил қилиб шу фикрга келганлар. Имом Аҳмад ва Лайс роҳимаҳумаллоҳлар меҳмон учун бир кеча кундузгача меҳмондорчилик қилиш вожиб деб айтганлар. Имом Аҳмад меҳмондорчилик шаҳар аҳлларига эмас, узоқ ердан келганларга деб қайдлаган эканлар”.

Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Меҳмон киши мезбоннинг уйида мезбоннинг чақириғисиз уч кундан ортиқ қолиб кетиб, мезбонни танг аҳволда қолдириши жоиз эмас. Чунки шу сабаб мезбон меҳмонга бирор сўз айтиши ёки уни ҳурматини жойига қўймаслиги натижасида гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин”.

Баъзи уламоларимиз  ҳадисдаги “гуноҳкор қилиб қўймасин” деган ибора борасида  шундай дейишган: “Мезбоннинг гуноҳкор бўлиши меҳмон ортиқча вақт тургани учун қўпол муомала қилгани ёки унга таом топиб беролмагани туфайли ғазабланганидан бўлиши мумкин. Гоҳида ўша меҳмонга таом едириш учун гуноҳ йўл билан таом топишидан келиб чиқиши ҳам мумкин. Бироқ мезбоннинг ўзи меҳмонга таклиф қилса ёки меҳмон ўзининг кўпроқ туриши мезбонга малол келмаётганини билса меҳмоннинг уч кундан ортиқ қолишида ҳеч қандай тақиқлар йўқ”.

 (Давоми бор)

 

 Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу давлатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир. 

Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди. 

Мамлакатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқларимизнинг бир-бирига бориб-келишлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал ортмоқда, ҳудудлар ва саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Бизнес ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган Меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди. 

Парламентлараро ҳамкорликнинг амалдаги механизмлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва тизимли алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. 

Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди. 

Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, парламент ва фуқаролик жамияти ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларнинг янги босқичини юксак баҳолади. 

Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди, деб  хабар беради ЎзА. 

Аввалроқ, Озарбайжон давлатининг Боку шаҳрида ўтказилаётган халқаро анжуман ўз ишини бошлагани ҳақида хабар қилган эдик. Айни дамда, ушбу анжуман доирасидаги илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари чиқиш қилдилар. Дастлаб, халқаро анжуман ташкилотчилари ва иштирокчиларни самимий қутладилар. Ўз нутқларида: “Биз икки қардош халқларнинг дўсту биродарлигимиз жуда ҳам қадим-қадимдан сайқалланиб, ривож топиб келган. Айниқса, дўстлигимиз кўп йиллик тарихга эга. Халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Ўзбекистон ва Озарбайжонни азалдан дўстлик ва ҳамкорлик ришталари боғлаб келган. Ўзаро ишончга асосланган муносабатларимиз бундан буён ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман”.

Шунингдек, муфтий ҳазратлари бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

“Хабарингиз бор, кўпчилигингиз иштирок қилдингиз шу йил 18 октябрь куни Ўзбекистон пойтахти азим Тошкент шаҳрида Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуман жуда ҳам юқори даража ташкил этилди. Ушбу анжуман Ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга жуда катта ҳисса қўшди десак, сира муболаға бўлмайди”, деб қайд этдилар.
Халқаро анжуман ўз ишини давом эттирмоқда. Воқеъалар ривожини сайтимизда кузатиб боринг.


ЎМИ Матбуот хизмати

Равиль Гайнутдин яқин беш йил ичида Россия муфтийлар кенгашини бошқаришда давом этади. У Москвада ўтказилган Россия муфтийлар кенгаши қурултойида қайта сайланди. Унинг номзодини анжуман қатнашчилари бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Қурултой давомида ўн кишидан иборат Россия муфтийлар кенгаши президиум аъзолари ҳам сайланди.


Унга Р.Гайнутдиндан ташқари Россиянинг Осиё қисми мусулмонлари идораси раиси Нафигулла Аширов, Бошқирдистон мусулмонлари идораси раиси Нурмуҳаммад Нигматуллин, Шимолий Осетия мусулмонлари идораси раиси Хаджимурат Гацалов, Волгабўйи мусулмонлари идораси раиси Муқаддас Бибарсов, Москва вилояти мусулмонлари идораси раиси Рушан Аббясов, Москва мусулмонлари идораси раиси Ильдар Аляутдинов, Санкт-Петербург ва Ленинград минтақалари мусулмонлари идораси раиси Дамир Мухетдинов, Пенза вилояти мусулмонлари идораси раиси Ислям Дашкин ва Тюмень вилояти муфтийси Зиннат Содиқов киритилди.

Бугун энг узун тун кирди. Бу кечани форслар “ошиқлар туни” деб айтади. Бизда ҳам бир ошиқ ҳофизнинг “Тонглар ҳеч отмасайди” деб айтадиган қўшиғи бор. Ана шундай қилиб, тунларимизни ва кунларимизни кўнгилни қитиқлайдиган сўзлар билан таърифлаб кунларни ўтказаверамиз, ёшларга ҳазиллашамиз...

Аммо, азизлар, орамизда шундай ошиқлар борки, уларнинг ишқига ҳавас қиламиз, уларга эргашамиз ва шоядки, Раббимиз бизнинг ҳам қалбимиздаги муҳаббатимизни зиёда қилиб бизга ҳам уйқуни ҳаром айласа, дея дуолар қиламиз.

Уларнинг ишқи, ҳазрат Навоий таърифлаганидек, хослар ишқи. Биз ҳам ишқимиз шундай бўлишини тилаб шунга интиламиз.

Бир ҳисобда, бизнинг ишқимиз қаламқошларга ошиқ  бўлган авом ишқидан жуда ҳам осон ва саодатли. Чунки кимга ошиқ бўлишни бизга устозларимиз – ошиқу орифлар ўргатган.

Қандай қилиб денг.

Бунинг сабаби “Насойим ул-муҳаббат”да.

”Абдуллоҳ ибн Муборак қ.т.с. Ани уламонинг шаҳаншоҳи дер эрмишлар ва жуду шижоатда замонининг ягонаси эрмиш. Ва тариқат асҳобининг муҳташами. Ва бу қавмнинг машойихининг кўпининг суҳбатиға мушарраф бўлубдур.  Ва машҳур тасонифи бор.  

Бир кун ул келур эрди ва Суфён Саврий ва Фузайл Аёз қ.с. ҳозир эрдилар.

Суфён деди: кел эй машриқ аҳлида эр!

Фузайл деди: ва мағриб аҳлида ва иккисининг орасида.

Анинг тавбасининг ибтидоси бу эрдики,  бир канизак ишқиға гирифтор бўлди.

Бир қиш кеча тонг отқунча маъшуқ девори тубида туруб эрди ва устига қор ёғадур эрди ва ул хабарсиз.

Саҳар намозин айтурда ул хуфтан соғинди.

Кундуз бўлғондин сўнгра ул ҳолға воқиф бўлди, ўзига дедики, эй Муборакнинг номуборак ўғли, уёт санга бу авқотингдинки, агар имом намозда бир сурани узунроқ қироат қилса,  ториқиб,  телбарарсен ва мунунгдек кеча нафсинг ҳавосиға тонг отқунча мундоқ азоб тортарсанки,  суубатидин хабаринг йўқтур.

Кўнгли бу дарддин бузулди ва бори ишдин тавба қилди ва сулукка машғул бўлди.

Иши ул ерга еттики, Маккадин Мадинаға дегинча маҳофасин ашроф эгинлариға кўтариб элтурлар эрди...”

Биз ана шу зотларнинг йўлини тутиб Раббимизга ошиқ бўлдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни отамиздан, онамиздан, фарзандларимиздан, жонимиздан, ҳар нимамизки бўлса, уларнинг барчасидан ортиқ севдик.

Бошқа ошиқлар изғиринли, ёмғирли, қорли кечаларда оёғидан зах ўтиб, совуқда тиришиб, маъшуқасини пойлаб, дилдираб тонг оттирса, биз илиққина сувга роҳатланиб таҳорат оламизда, иссиққина уйда, юмшоқ жойнамознинг устида ўтириб Раббимиз билан роз айтишамиз: Қуръони карим оятларини ўқиймиз, зикр қиламиз, салавотлар айтамиз ва муножотлар қиламиз: “Илоҳи, дарди ҳолимни ҳар кимга айтсам, рад қилса, санга таважжуҳ эткаймен ва агар сен рад қилсанг, неткаймен ва кимга кеткаймен? ...Илоҳи, ёмонлиғимдин агарчи кўп аламим бор, ғамхорим сен бўлсанг, не ғамим бор” (Навоий).

Биз ана шундай қилиб, Раббимизга таваккал қиламиз, умримизнинг узун тунларини ғанимат билиб, беҳуда ўтказмаётганимиздан кўнглимиз таскин топгандек бўлади. 

Маъшуқасини пойлаб ўтирган бечорага бирор безори учраб қолиб ишкал чиқарса, бурнини қонатса, бизнинг атрофимизни фаришталар  ўраб олиб, биз билан бирга Қуръон ўқийди, зикру салавот айтади. Ўша вақтда танамиз шу қадар ёқимли жимирлаб кетадики, савқи табиий ила атрофимизда ниҳоятда нафис бир борлиқ мужассам эканини, улар ҳам биз билан бирга бизнинг гуноҳларимизни кечиришини сўраб дуога қўл очиб турганини ҳис қиламиз.

Ана шу – узун тунларимиз тароватидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

матбуот хизмати

Top