Рамазон

Рамазон ва комил инсон тарбияси

Интизорлик ила кутган муборак Рамазон ойи бошимизга соя солиб турибди. Бутун дунё мусулмонлари ушбу ойни интиқлик билан кутадилар. Зеро, ойларнинг султони бўлмиш Рамазон - Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти, фазилат ва гўзалликларни ўз ичига жо айлагандир. Ушбу ойда бизни дуо ҳарорати ва зикр тафти эгаллайди ҳамда жисмимиз ва руҳимиз таскин топади.

Аллоҳнинг фазли билан комил инсон ва юксак ахлоқ тарбиячиси бўлган, уни амалга оширишга интилган тарбия уламолари таъкидлашларича,  рўза мадрасаси инсонни чиниқтиради ва поклайди.

Биз билан рамазон ҳолати ундан кейин ҳам давом этиши мумкинми?! Биз унинг ўрнини сақлаб қола оламизми? Зеро, у тенгсиз муаллим ва азиз устоздирки, агар биз уни англаб етсак, ҳаракат қилсак, биздан комил инсон тарбияси мадрасисининг ўқувчилари етишиб чиқарди.

Биринчидан: Комил инсон ким?

Комиллик, камолот, баркамол, мукаммал одам, комил инсон, пири комил... Бу сўз, ибораларни кўп эшитамиз, айтамиз, ўқиймиз. Луғатларда “комил” сўзи – “тўлиқ”, “етук”, “мукаммал” маъноларини, “баркамол” эса “етукликка эришган”, “мукаммал”, “камол топган”, “бекаму-кўст” маъноларини бериши айтилади. “Бекам” – “бирор жиҳатида ками йўқ”; “бекўст” – бирор эгри, кемтиги ёки ортиқча жойи йўқ, “бенуқсон” дегани экан.

Файласуф Кантнинг наздида: “У - унинг йўли умуминсоний таянч қилиб олишга салоҳиятли бўлган шахс”;

Нитшанинг наздида эса: “У - ўзини ривожлантириш учун амал қиладиган, натижада ақл ва қувват билан нарсаларга ҳукм ўтқазишга қодир бўладиган инсондир”.

Бирор бир тарбия мадрасаси, нафс илми, турли хил фалсафалар ҳам бизга талаб қилинган комил инсонни етиштириб бера олмаган.

Чунки, биз ибодатларни фақат қуруқ ҳаракатлар билан адо қиламиз, унинг руҳий томонини, ахлоқий таъсирини ҳис қилмаймиз. Лекин рўза бизда тарбиялайдиган гўзал ахлоқларни ва биз рамазонда етиштиришимиз мумкин бўлган меваларни бир ўйлаб кўрганмисиз? Ким шуни ўйлаб кўрса, уни амалга оширса ва шунга мувофиқ яшаса, у Аллоҳнинг инояти билан комилликка яқин инсон бўлади.

 Имомимиз ва ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам башарият тарихи таниган энг комил шахс эканликларида шубҳа йўқ. Чунки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ибодат ва ундан ҳосил бўладиган комиллик қуввати ўртасида яшаётган “ажратишни” билмаганлар. Балки, У зот қорин ва шаҳват рўзасидан олдин руҳ ва виждон рўзасини тутганлар ва яхшиликда эсган шамолдан ҳам тез бўлганлар.

Рўза мактаби бизга қандай фойдалар беради?

Хаёлга келадиган биринчи фойда бу - бандага Аллоҳ таоло уни кузатиб туришини ҳис қилдириш. Ўйлаб кўринг, рамозон ойида, кундузи бир мусулмон киши ёлғиз ўзи бир хонада ё қасрда ўтирса ёки саҳрода сайр қилиб юрса, уни ҳеч ким кўрмаётган, ҳеч ким кузатиб турмаган бўлса, оч бўла туриб ўзи иштаҳаси тортиб турган таомни тановул қилишга ёки муздек сув билан чанқоғини бостириш учун нега қўл узатмайди? Уни бундан нима тўсиб турибди? Бу Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилишидир. Бу ахир иймоннинг энг олий даражаси бўлган, ҳадиси шарифда мақталган “эҳсон” эмасми? Қуръони карим рўзанинг бу фойдаси ҳақида шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ  

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз(Бақара сураси, 183-оят).

Бизларни ҳар биримиз Аллоҳнинг кузатиб туришидан, тақводан, “эҳсон”дан бир насибага эга бўлади. Шундай экан, мусулмоннинг шахсияти у билан мукаммал бўладиган хулққа айланиши учун уни ривожлантириш ва рамазонда ҳам, рамазондан кейин ҳам шу ҳолатда қолиш лозим.

Дарҳақиқат, рўза бизда Аллоҳ таолонинг кузатиб туриши ҳиссини тарбиялайди. Ҳатто, биз барча халойиқнинг назаридан холи жойда бўлсак ҳам Мавлоси уни кузатиб турган кишининг йўлидан юрсак ва ундан фойдалана олсак ёлғончи ёлғон гапирадими? Ёки ўғри ўгрилик қиладими? Ёки порахўр пора оладими ё берадими? Ёки судхўр судхўрлик қиладими? Ёки кимдир ота-онасига оқ бўладими? Ёки бузғунчи киши инсонлар орасида бузғунчилик қиладими? Рамазон ва Рамазондан кейин. Йўқ асло!

Бу улуғ хулқнинг ёлғиз ўзи бугунги кунда ҳаётимизда баъзан учраб турган хиёнат, ўғрилик, ёлғон каби ёмонликларни ҳал қилиши мумкин. Чунки, ёлғон кўпчилик узрсиз ишлатадиган иллатга айланиб қолган. Рамазон – агар билсак бизга Аллоҳнинг кузатиб турганини ўргатади.

Иккинчидан: Бу ерда яна рўза бизни иродали қилиб  тарбиялайди. Биз у сабабли шаҳватларга бўйсунмаймиз, адолатсизлик қилмаймиз, балки нафсимиз, шаҳватимиздан ғолиб чиқамиз ва Раббимизнинг розилигини истаб рағбатларимиздан четланамиз. Тонг отгандан қуёш ботгунига қадар емоқ-ичмоқ ва шаҳватлардан тийиладиган киши, заифлашмайдиган иродали, азми-қарори қатъий, қалби пок ва бақувват инсонга айланади. Чунки, у ҳеч кимнинг олдида заифлашмайди. Агар биз ўзимизда рўза мактаби ахлоқларидан бўлган шу олиймақом хулқни шакллантира олсак, дунё ва охратда азиз ва мукаррам бўламиз.

Баъзи бир кишилар исломдаги рўза ҳақида сўраб, қизиқади. Агар инсон динимиз талаб қилгандек рўза тутса, умуминсоний мантиқ орқали рўза мактабида ирода сифати тарбияланган фақатгина ривожланишда катта ўрин эгаси бўлиши кераклигини англаб етади. Ваҳоланки, ривожланиш фақат мақсад қўйиб, уни режалаштириб, амалга оширишда бор имкониятни ишга солиш билан бўлади. Лекин, буларнинг барчаси рўза бизда тарбиялаган ирода сифати бўлмаса юзага чиқмайди.

Учинчидан: Рамазон сабр малакаси. У соҳибини юксакларга кўтарадиган, унга нусратни нақд қиладиган қандай ҳам яхши хулқдир. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимотларидан бирида келишича: “Билингки, нусрат сабр биландир, кушойиш машаққат биландир ва албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”. Сабрли киши агар хоҳласа ўзининг ички касалликлари ва душманларининг ҳийласи устидан ғалаба қилишга қодирдир.

Ҳокисорлик – баланд мартаба, тортинчоқлик – пешқадамликдир. Енгилтаклик ва бесабрлик рўза даволайдиган ёқимсиз нарса эмасми? Нима учун мушкулларимиз кўпайиб, баъзи оилалар ажрашиб, дўст-у ақраболаримиз дунё матоҳларига берилиб кетдилар? Нега оқибатсизлик ва фитна авж олди? Чунки, сабр бизда ҳали ҳануз ҳали хулқ бўлиб шаклланмаганидандир. Рамазоний сабр касалликларимиздан қанчасини даволади? Қанча инсоний шахсият рўза ила комилликка эришди?

Тўртинчидан: Тилни сақлашга эътибор қаратиш. Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳиҳ ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қиладилар: “Рўза қалқондир. Бирингиз рўза тутса жанжаллашмасин, бақир-чақир, фисқ-у фужур қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақоратласа мен рўзадорман, десин”. Ё Аллоҳ! Инсонда қанчадан қанча хунук сўз, ҳақорат қилиш, тили ўткирлиги бор-а! Рўза мана шуларни барини бир сўз билан ҳал қилиб қўя олади. Тилни тийиш иш атрофимиздаги бизни қуршаб олган азиятларни қанчасини даф қила олади? Агар ҳаётимизнинг турли жабҳаларида тадбиқ қилинадиган бўлса, қанча инсон шахсиятлари камол топиши мумкин?

Бешинчидан: Бахилликдан сақланиш.  Бахиллик касалига қарши қандай ёрдам беришига бир назар солинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадорнинг ажридан камайтирилмай унга ҳам рўзадорнинг ажрича ажр бўлур”-дея марҳамат қилганлар. Сахийликка етакловчи қандай гўзал чорлов! Бу бахилликка қарши куч бағишловчи илоҳий рамазоний таълимдир.

... وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ 

 “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир. (Саба сураси, 39-оят)

 Карамли бўлган инсон ҳеч қачон зиён кўрмас экан. Зеро, мол хайр-эҳсон қилишлик билан камаймайди, балки, савоб кўпаяди, рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади. Бахиллик, инсон шахсиятини паст санаш ва унинг эҳтиромини биладиган ва билмайдиганлар орасини кескин ажратувчи омилдир. Ҳа, инсонлар кўрсин учун амал қилиб эмас, балки Аллоҳ таоло учун қилган амал сабабидан инсонларнинг кўз ўнгида даража топилади. Агар инсон шунга ҳам интилмаса, нафснинг хархашаларига рамазон мактабидек фазилат уруғини сочадиган, унинг айбларини кетказа оладиган яна бирор мактаб бормикан?!

Мана шуларга закот молини, ҳеч бўлмаганда фитр садақасини беришни ва инфоқ-эҳсонга ўргатадиган сабабларни қиёслаб кўрайлик. Ҳатто, бир кунлик таомидан бошқа егулиги бўлмаган фақир ҳам инсон руҳиятини тарбияловчи исломий низомда туриб фитр садақасини беради.  Агар барча мусулмонлар мана шу тенгликни тушуниб етганларида, ҳиқд-у ҳасад йўқолган, нафрат ўлдирилган, кучли кучсизни риоясини қиладиган, бой камбағалга эътибор қаратадиган тенгликда  ажойиб уммат шаклланган бўларди. Қандай ҳам гўзал-а!

Олтинчидан: Зикрларни кўпайтириш: Қуръон тиловати, таровеҳ намози, қадр кечаси, руҳиятни нурафшон бўлиши билан Аллоҳ таолонинг раҳматига бурканиши ила ички оламни ҳам унутмаслик. Инсониятнинг руҳий ва жисмоний хислатлари ибодат, тенглик, муҳаббат ва якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога қуллик қилиш билан мукаммал бўлади.

 Рамазондаги дастурни бутун ҳаётимизга тадбиқ қила оламизми?

Инсон шахсияти эътиқодининг тўғрилиги, ибодатининг гўзаллиги билан камол топади. Рўза билан комил инсон етишиб чиқади. Бундай комил инсонни ғайриоддий инсон, деб айтиш ёки “Суппермен”, деб, хоҳлаганча номлаш мумкин. У Ислом фарзанди. Инсон шахсиятида комиллик барқ урадиган бўлса, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса билан хушнуд бўлади:

 قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ 

“Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси, 58-оят). Бас, шундай экан, инсон рамазон дастурини ҳаётга тадбиқ қилиши, рамазоний ахлоқни маҳкам тутиши лозим бўлади. Бундан кейин уни ҳеч ҳам қўлдан бой беришга ҳаққи йўқ. Чунки инсон доимо Раббисини назоратидадир. Шундагина, яхшиликни кўзлаб, Аллоҳ таолонинг қудрати ила кўзлаган мақсадларни рўёбга чиқара олиши мумкин бўлади. Аллоҳ таолони розилигини истаб мусибатларнинг ҳар қандай турига дош бера оладиган бўлади. Ёмон сўзлардан тилни сақлаш, Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиш жамиятда тенгликни юзага келишига сабаб бўлади. Комил инсоннинг сифати шудир. Бизларга рамазонни берган Холиқимизга шукрлар бўлсин!               

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институи “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 79510 times
Tagged under
Top