muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 29 حزيران/يونيو 2020 00:00

Бир оят шарҳи

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

яъни: Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғайбга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (жароҳат етказмайдиган даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир(Нисо сураси, 34-оят).

{ الرجال قوامون على النساء }

Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Эркаклар аёлларни фойдали ишларга буюриш ва шармандалик ишлардан қайтариб туриш билан подшоҳларнинг ўз фуқаролари устида ҳукмдорлик қилганлари каби уларнинг одобларига масъулдирлар. Эрларнинг аёллари устида қоим бўлишларига асосий икки сабаб бор. Бири ваҳбий, яъни улардаги Аллоҳ таоло ато этган иқтидор ва иккинчиси касбий, яъни ўзлари томонидан қўлга киритиладиган имконият. Бу иккиси оятнинг кейинги жумлаларида баён этилган.

 { بما فضل الله بعضهم على بعض وبما انفقوا من اموالهم }

Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. Оятдаги зоҳирий олмош эркак ва аёлга тааллуқли бўлиб, уларнинг бири бошқасидан устун деган маънони англатади. Ҳақиқат, Аллоҳ таоло эркакларни аёллардан бир қанча сабаблар туфайли ортиқ қилган. Масалан, қатъиятда, куч-қувватда, футувватда, ҳамийятда, самоҳатда, совчилик қилиш ташаббусида ва ҳоказо жиҳатларда эркаклар аёллардан юқори туради. Иккинчи сабаб, никоҳ учун зарур бўлган маблағни эркаклар ўз молларидан нафақа қиладилар, масалан маҳр ва бошқа тўй учун зарур харажатлар эркакнинг зиммасида. 

Мана шу оят аёлларнинг нафақаси эркакларнинг зиммасига вожиб эканлигига ҳужжат ҳисобланади.

{ فالصالحات قانتات حافظات للغيب بما حفظ الله }

(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғайбга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Солиҳа аёллар аввало, Аллоҳ таолога итоат – ибодат - қиладиган ва эрларининг ҳуқуқларини адо этадиган, эрлари уйда йўқ вақтида ҳам уларнинг шаънини, молини ва ўзининг иффатини сақлайдиган аёллардир. Бундай аёллар ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в. шундай деганлар:

« خير النساء امرأة ان نظرت اليها سرتك وان امرتها اطاعتك واذا غبت عنها حفظتك فى مالك ونفسها »

яъни:  “Аёлларнинг энг яхшиси шуки, қараганингда кўзингни қувнатади, бирор юмушга буюрсанг итоат этади, уйда йўқ вақтингда молингни ҳам, иффатини ҳам сақлайди”.

{ واللاتى تخافون نشوزهن فعظوهن واهجروهن فى المضاجع واضربوهن }

Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (жароҳат етказмайдиган даражада) урингиз.Қўрқиш” деганда, аёл томонидан эрга итоатсизлик содир этилиши аён бўлганда ёки аё         лнинг эрга нисбатан муносабати совуқлашиб қолгани сезилганда ва бу эрни хавотирга сола бошлагандаги ҳолат тушунилади. Шунда, эр хотинига эрни ҳурмат қилиш хотиннинг зиммасидаги вожиб амал эканлиги, бунинг эвазига катта ажру савоб берилиши, аксинча эрни норози қилган хотиндан Аллоҳ таоло ҳам рози бўлмаслиги ҳақида ваъз-насиҳат қилади. Бу усул таъсир қилмаса, ётоғини бўлак қилади. Унда ҳам ўнгланмаса, енгилгина туртади. Ривоят қилинишича ансорларнинг раисларидан бўлмиш Саъд бин Рабиъ р.а.нинг хотини Ҳабиба бинт Зайд ибн Абу Зуҳайр унга итоат қилмай қўяди. Шунда у хотинини юзига шапалоқ уриб юборади. Ҳабибанинг отаси шикоят қилиб қизини Расулуллоҳ с.а.в.нинг олдиларига еталаб келади. Расулуллоҳ с.а.в.: “Қасдини олиб бераман”, дейдилар. Шу вақтда юқоридаги оят нозил бўлиб қолади. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Биз бир ишни қилмоқчи эдик, Аллоҳ таоло бошқа ишни ирода қилди. Албатта, Аллоҳ таолонинг иродаси бизникидан яхшироқдир”, дейдилар. Ушбу ояти карима билан хотинини тарбиялаш учун урган эрдан қасос олинмаслиги маълум бўлади.

{ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فلا تبغوا عليهن سبيلا}

Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратлари ўзларининг тафсирларида юқоридаги оятларни шарҳлаб айтадилар: юқоридаги учта усул оятда баён қилинган тартибда ва босқичма-босқич қўлланмоғи лозим. Ушбу усуллардан қайси бири бўлса ҳам таъсир қилиб, аёл ўзига келса, энди эр унинг қилган хатосини юзига солмай, гўё ҳеч нима бўлмагандек яхши муомаласини қилиши лозим бўлади. Зеро, хатосини тушуниб тавба қилган киши, гўё хато қилмагандек ҳукмда бўлади.

{ ان الله كان عليا كبيرا }

Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ва ҳар қандай кимсадан олий ва улуғдир. Жумладан, хотинига танбеҳ берган эрдан ҳам. Шунинг учун ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг улуғлигини эслатиб қўймоқда. Чунки, эр ҳам гоҳида Аллоҳ таолога итоатсизлик қилиб, Унга осий бўлиб қолади. Шундай ҳолатларда у ҳам Аллоҳ таолонинг авфу мағфиратига муҳтож бўлиб қолади. Шундай экан, хатосини тан олиб, уни тўғрилаган кишиларни кечириш лозим бўлади.

Баъзи уламолар айтадилар: аёл кишининг биргина озорига чидаш билан, аслида ундан содир бўладиган йигирмата озорнинг олди олинади. Масалан, қилган айбига чидамай хотинни сўксангиз аламидан болангизни уради, идиш-товоқни синдиради, оғилхонадаги бузоқни туртади, оёғини остига ўралашган мушукни тепади, кийимингизни куйдиради, келган меҳмонни безор қилади ва ҳоказо.

Ояти каримада эркакларни аёлларнинг устида қоим турувчи кишилар эканлигини баён қилиш билан эркакларнинг асл, аёлларнинг фаръ эканлигига ишора қилинмоқда. Яъни, яратилишда эркак (Одам) аввал яратилган, сўнгра аёл (Ҳавво) эркакнинг қовурғасидан яратилган. Ҳавво яратилмасдан олдин у Одамнинг гавдасида эди. Ўша ҳолатда ҳам у Одамнинг риоясида, парваришида эди. Ҳудди шу каби, эркаклар доимо аёлларнинг дунёвий ва диний манфаатларини ҳимоя қилиб, таъминлаб боришлари лозим бўлади.

 Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари

        

        

 

Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит 5-ўгит:

Одамларга юмшоқ сўз айтинг!

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд, эсласа ёки қўрқса”  (Тоҳа сураси, 44  -оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қуйидаги ҳадислари кифоя қилади: “Албатта, жаннатда ичидан ташқариси, ташқарисидан ичкариси кўриниб турадиган кўшклар бор”. Саҳобалар: “Улар ким учун?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Очларни таомлантирган, сўзини ширин қилган ва одамлар ухлаб ётганида кечалари намоз ўқиган киши учун”,  дедилар  (Табароний ва Ҳоким ривояти).

Хулоса:

  1. Оятдаги хитоб Мусо ва Ҳорун алайҳимуссаломга бўлган.
  2. “Унга” дан мурод Фиръавн алайҳи лаънадир.
  3. Аллоҳ таоло дунёдаги энг бадбахт кишига ҳам юмшоқ сўз айтишга буюрди.
  4. Юмшоқ сўз айтиш Аллоҳ таолони эслашга ёки у Зотдан қўрқишга сабаб бўлади.
  5. Жаннатдаги ҳарир кўшкларга эришмоқчи бўлган киши сўзини ширин қилиши лозим.

 

Аллоҳ таоло барчамизни забони ширинлардан қилсин. Тилимиздан чиқаётган ҳар бир юмшоқ сўзларимизни кишиларга  Ислом динининг асл моҳиятини етказишга сабабчи қилсин!

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Исломов

Бугунги пандемия шароитида маълумки, баъзи масжидлар ҳамон фаолиятини бошлагани йўқ. Жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган. Уларда фаолият юритаётган имомлар ва масжид ходимлари деярли ойлик маошларисиз қолиб кетмоқдалар.

Шунинг учун бундай вақтда илм аҳлини, дин ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қийинчиликка дуч келаётганларга ёрдам кўрсатиш асосий эътибордаги масалалардандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ташаббуси билан Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби Аминбой домла Раҳимов томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Хоразм вилоятидаги имом-хатиб ва имом-ноибларидан 41нафарининг ҳар бирига карантин пайтида 480.000 сўмлик жами 19.680.000 сўмлик озиқ-овқат махсулотларини хайрия қилинди.

Ушбу хайрия тадбири ташкилий ишларида жонбозлик кўрсатган Ҳазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” масжиди имом-хатиби Раҳимов Аминбой ҳамда, эҳсон қилган ҳомий, биродаримиздан Аллоҳ рози бўлиб, эҳсонларини қиёматда бошларига соябон қилсин!

Аҳли илмлар учун бу каби ғамхўрлик ишлари саҳоватпеша инсонлар ёрдамида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам имкониятлардан келиб чиқиб амалга оширилмоқда. 

Бундан аввал карантин даврида Республикадаги 2 124 нафар имом-хатиб ва имом ноибига 1 миллиард 62 миллион сўм пул маблағлари молиявий ёрдам сифатида берилганлиги айтилган эди.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Юртимизда сўнги йилларда миллий-диний қадриятларимизга бўлган эътибор янада кучайтирилиб, ислом дини равнақи йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганишга кенг имкониятлар яратилмоқда.

Жумладан, олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун барча қулайликлар яратиб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида 2018 йил Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби олий диний таълим муассасаси шаклида ташкил этилди.

Маълумки, жорий йилнинг 20 июнидан qabul.muslim.uz расмий сайти орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш жараёнлари бошланди.

Ҳадис илми мактабига абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн тарзда қабул қилиш жорий йилнинг 20 июнидан 10 июлига қадар (шу куни ҳам) давом этмоқда.

Мактабнинг жорий йилдаги қабул имтиҳонлари ўтган йилги тажриба асосида, карантин тартибидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 15 июлига қадар ўтказилиши режалаштиримоқда.

Қабул имтиҳонлари натижалари имтиҳон жараёнлари ўтганидан сўнг тезда эълон қилинишини инобатга олиб, Мактаб абитуриентлари имтиҳон натижаларидан келиб чиқиб, кириш учун етарли балл тўплай олмаган тақдирда ҳам, улар қабул имтиҳонларига қатнашиш орқали имтиҳон жараёнлари бўйича тажриба ҳосил қиладилар. Бундан ташқари 20 июлга қадар бошқа олий диний таълим муассасасига ҳужжат топшириб, қайта имтиҳон жараёнларига иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.

Ҳадис илми мактаби қабул имтиҳонларида мувофақиятли ўтган абитуриентлар юртимиз ва жаҳонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бораётган Мактабнинг талабаси деган шарафли номга эришишлиги билан бирга, муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг мақбаралари ёнида миллий ва замонавий услубда барпо этилган олий даргоҳда хорижий ва маҳаллий етук малакали ўқитувчилар орқали бошқа олий диний таълим муассасаларининг ўқув режасидаги барча мутахассислик фанларини тўлиқ ўзлаштиришлари билан бирга, сиҳоҳи ситта (ислом оламида эътироф этилган олтита ишончли ҳадис тўпламлари) ҳадис тўпламларидаги ҳадисларни мўътабар шарҳлари билан тўлиқ ўрганиш бахтига мушарраф бўлишади.

Шунингдек, Ҳадис илми мактабида ислом илмлари ривожида ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб авлодлар етиштириб чиқариш учун замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, Миср Араб Республикасидан келтирилган асосий ва қўшимча ўқув адабиётларига эга Ахборот-ресурс маркази, ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт зали, шинам талабалар турар жойи ва замонавий ошхонага каби кулай шароитларга эга бинода таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби улуғ алломаларимизга бўлган эътибор ва эҳтиром рамзи ўлароқ, уларга муносиб авлодларни етиштириб чиқариш сари қўйилган муҳим ташаббусдир.

Ҳадис илми мактабига қабул тўғрисидаги тўлиқ маълумотни www.hadith.uz сайтидан олишингиз мумкин.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида замон талаблари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда янги — “Ахборот хавфсизлигини бошқариш” мутахассислик йўналиши очилди(!).

Зарурат. Бугун ҳаётимиз ва бутун иш фаолиятимизни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиш қийин. Юқори технологияларнинг жадал ривожланиши мавжуд ахборотдан самарали ва ўрнида фойдаланиш баробарида нотўғри ва хато хабарни саралашни ўрганиш ҳамда фойдаланувчини кибер таҳдидларнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоя қилишни ҳам тақозо этмоқда.

Мақсад. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида тайёрланадиган Ахборот хавфсизлигини бошқариш йўналиши битирувчиси — ахборот маконида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар — технологик, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, мафкуравий, диний ва ҳоказо. бошқаришда зарур билим ва тажрибага эга мутахассис бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, у ҳар қандай ташкилотнинг ижобий Имижини яратиш (PR технология), жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда фаолият самарадорлигини таъминлашда ахборот ва зарур маълумотларни таҳлил этадиган кадр ҳисобланади. 

 

Билим ва кўникма. Мазкур мутахассисликда таълим олишда талаба ахборот тизимлари, ресурслар ва дастурий таъминот яратиш, электрон тизимларнинг заиф жойларини аниқлаш ва назорат қилиш, ахборот хавфсизлигига доир кенг билим ва малакани эгаллайди.

Иш ўрни. Шу боис академиянинг мазкур мутахасислик йўналиши битирувчиси давлат ва жамият бошқаруви ҳамда халқ хўжалигининг барча соҳа ва тармоқлари фаолиятида энг эҳтиёж юқори бўлган мутахассис-кадр бўлиши шубҳасиз.

Таклиф. Ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий билимлар ва хорижий тилларни ўрганишга қизиқувчи абитуриентларни мазкур янги йўналишга ҳужжат топширишга таклиф этамиз.

Имконият. 2020-2021 ўқув йилида давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларига кўра “Ахборот хавфсизлигини бошқариш” мутахассислик йўналишига жами 25 нафар талаба қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Шундан 12 нафар талаба давлат гранти асосида таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Шошилинг!

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Манба: http://iiau.uz

Top