muslim.uz
Никоҳ тўйини куёв томон қилиб беришининг сабаблари
Маълумки, никоҳ тўйини қилиб бериш эркак томоннинг зиммасидадир. Бунинг сабаблари қуйидагича:
- Куёв томон ЭРКАК томон бўлгани учун тўйнинг умумий харажатини кўтаради.
Эркак кишида орият бор. У ҳеч қачон бўлажак турмуш ўртоғига: «Отангга айт, тўйни қилиб берсин» демайди. Бундай дейиш уятдир!
- Қиз боланинг ўз уйидан куёв уйига боришга рози бўлгани учун унинг бу жасоратини тақдирлаш мақсадида.
Ота-она 18 йил тарбия қилган кўзларининг оқу қораси, жигарпоралари бўлган қизларини бошқа бир хонадонга кетишига рози бўладилар. Бу эса куёв тараф учун катта шарафдир. Ана шу эътибордан келин томоннинг тўйини ҳам куёв тараф қилиб беради.
Шариатимизда тўйни эркак томон қилиб беришига доир аниқ далиллар келган.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу дедилар: “Данак катталигидаги тиллони маҳрга бериб бир аёлга уйландим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ сенга барака берсин, битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил!” дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга қизлари Фотима розияллоҳу анҳони никоҳлаб бераётганларида, «Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», деганлар.
Аммо ҳозир ўлчовлар ўзгаргани, шариат ҳукмига амал қилиш ўрнига, «Одамлар нима дейди?!» қабилида иш тутилаётгани, диний илмнинг озлиги, жоҳилликнинг кўп ёйилгани боис тўйлар арафасида келин томондан турли нарсалар кутадиган, тамаъ қиладиган, «Фалон нарса қилинглар! Бизнинг орзу-ҳавасимиз бор» дейишдан тап тортмайдиганлар кўпайиб кетди.
Аллоҳ таоло аҳволимизни ўнгласин! Ҳолимизни ислоҳ қилсин! Исрофдан, дабдабадан, орсизликдан Ўзи асрасин!
Манбалар асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ўзбекистонлик қори АҚШда хатми Қуръон ўтказиб бериш учун жўнаб кетди
Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж давлатларида катта ҳурмат билан қаралган. Айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар сабаб юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқди ва чиқмоқда.
Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар.
Жорий йил Рамазон ойида ҳам қориларимиз АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларда хатми Қуръонлар ўтказиб берадилар.
Жумладан, АҚШ даги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби, 2018 йилги Ўзбекистон Қуръон мусобақаси Ҳакамлар ҳайъати аъзоси Муҳаммадий қори Эргашев АҚШга жўнаб кетди. У ерда қоримизни жамият раиси Абдуллоҳ Хўжа жаноблари кутиб олди. Муҳаммадий қори Эргашев Нью Жерси штати Довер шаҳрида Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб бериши режалаштирилган. Сафар тафсилотлари ҳақида порталимиз орқали хабар бериб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Овқатланишдаги 12 суннат
- Овқатланишдан олдин қўлни ювиш.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомдан олдин ва кейин қўлларни ювиш фақирликни даф қилади ва у пайғамбарларнинг суннатларидандир”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
БМТ Бош Ассамблеяси ҳар йилнинг 15 октябрь санасини “Халқаро қўл ювиш куни” деб эълон қилган.
- “Бисмиллаҳ” ни айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган таомни ўзига ҳалол ҳисоблайди”, деганлар.
Шайтон Аллоҳ таолонинг исмини айтмай еяётган одамга шерик бўлади. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки таом устида Аллоҳ зикр қилинса, шайтон шерикларига: «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар Аллоҳ зикр қилинмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди (Имом Бухорий ривояти).
Агар овқатланишнинг аввалида "бисмиллаҳ"ни айтиш ёддан кўтарилса, эсга тушганда: “Бисмиллаҳи фий аввалиҳи ва ахириҳи”, дейиш лозим.
- Ўнг қўл билан ейиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чап қўл билан еманглар! Чунки шайтон чап қўли билан ейди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
- Таомни ўз олдидан ейиш.
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоққа бориб-келарди. Шунда у зот алайҳиссалом менга: "Эй ғулом! "Бисмиллаҳ" дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!" дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
- Тушиб кетган луқмани олиб, ейиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиздан бир луқма тушиб кетса, ундаги зарарни кетказсин, сўнгра есин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингизнинг егулигингиз ерга тушиб кетса, уни кўтариб, сиртини бегона нарсалардан тозалаб есин, насибасини шайтонга қолдирмасин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Астон университети профессори Энтони Хилзнинг олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфсиз экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмайди.
- Овқатни учта бармоқ билан ейиш ва бармоқларни ялаб қўйиш. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бармоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар" (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлгандан сўнг бармоқларни ялаб қўйиш ҳақида бундай деганлар: "Қўлини артмай туриб ялаб қўйсин. Дарҳақиқат, у барака қай бирида эканидан бехабардир".
- Овқатни айбламаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар, ёқтирсалар еганлар, ёқтирмасалар емаганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- Овқатни ёнбошлаб, тик туриб тановул қилмаслик.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен суянган ҳолимда емайман", деганлар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар". Шунда саҳобалар: "Тик туриб ейиш мумкин-ми?" деб сўрашди.
У зот алайҳиссалом: "У яна ҳам оғирроқ", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
- Овқатга пуфламаслик.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ва шаробга пуфлашдан қайтардилар" (Имом Аҳмад ривояти).
- Овқатни қорин тўйгунча емаслик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамзот қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмагандир. Аслида, унга қоматини тиклаб турадиган овқат етарлидир. Агар зарурат бўлса: қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафас олиши учун бўлсин!” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа: ривояти).
- Жамоат бўлиб овқатланиш.
Бир жамоа одамлар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз овқатланамиз, аммо ҳеч тўймаймиз", дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар алоҳида-алоҳида овқатланасиз-ми?" деб сўрадилар.
Улар: "Ҳа, шундай", дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таомингизга (биргаликда) тўпланинг ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинг. (Шунда) барака берилади", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Овқатланиб бўлгач Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еб бўлсалар: “Алҳамдулиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимийн” (Бизларни овқатлантириб, суғориб ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) деб айтардилар.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Хатми Қуръон ўқийдиган қорилар билан танишинг!
Қуръони каримда: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, деб марҳамат қилинган (Бақара, 185).
Рамазон ойида мамлакатимизнинг мингдан ортиқ масжидларида хатми Қуръон қилинади. Ҳақ каломи қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилиш суннат. Уни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир.
Сайтимиз ижодкорлари республикамизнинг турли ҳудудларидаги жоме масжидларда бу йилги Рамазон ойида масжидларда хатми Қуръон ўқийнинг қориларнинг қироатларини бирма-бир эълон қилишни режа қилди.
Ушбу хайрли ишнинг дебочасини Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Аҳмаджон қори” жоме масжидида хатми Қуръонга ўтадиган Ҳасанхон қори Абдумажидовнинг тиловатини сиз азизларга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Раҳмат ойи Рамазон” рисоласи чоп этилди
Муборак рамазон ойи кириб келаётган фараҳбахш паллада “Мовароуннаҳр” нашриёти ижодий ходимлари яна бир савобли ишга қўл урди. Нашриёт “Раҳмат ойи Рамазон” рисоласини ўн минг ададда чоп этди.
Рисолага сўз боши ёзган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари рўзанинг асл мазмунини қисқа ифодада соддагина қилиб тушунтириб ўтганлар: “Ҳар бир аъзонинг ўз рўзаси бор. Қалбнинг рўзаси Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга берилишдан холи бўлиш; кўзнинг рўзаси ёмон, қайтарилган нарсаларга қарамаслик; тилнинг рўзаси ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш гаплар, хусумат, мақтанчоқлик, бефойда – лағв сўзлардан тийилиб, Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул бўлиш; қулоқнинг рўзаси эшитиш мумкин бўлмаган барча нарсаларни эшитмаслик; қўл ва оёқларнинг рўзаси гуноҳ ишларга боришдан ва уларни қилишидан сақланишдир”.
Демак, ана шу ишларни жойига келтириб бажара олган одам рўзасини мукаммал тутиб, гуноҳларидан фориғ бўлади ҳамда кўпдан-кўп савоблар топади.
Рисолада рўзанинг бирча жиҳатлари қамраб олинган ва мавзулар бўйича ёритилган. Рўзага оид ояти карималар, ҳадиси шарифлар билан бошланган рисола рўзанинг тиббий фойдалари билан давом эттирилган. Рўзанинг фарзлари, рўзани бузадиган, бузмайдиган ҳоллар; рўзани қасдан бузишнинг каффорати, рўзадорга макруҳ амаллар, рўза тутмасликка узрли ҳоллар, узрлилар; рўзадор ахлоқи; Қадр кечасининг фазилати, фитр садақаси, Ҳайит намози, рўзага доир фатволар ҳақида атрофлича маълумотлар берилганидан сўнг рисола рўзага доир савол-жавоблар ҳамда рамазон маълумотномаси билан ниҳоясига етказилган.
Рисола рўзасини чиройли тутишни ният қилиб турган мўмин-мусулмонлар учун ниҳоятда ажойиб қўлланма вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати