muslim.uz
Дубайда Қуръони карим кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Мадина Ислом университети ташаббуси билан Дубай халқаро Қуръон институти 36-китоб ва медиа кўргазмасини ўтказмоқда.
Ал-Аҳрам нашрининг хабарига кўра, кўргазмада Қуръон институти томонидан 7 та янги ном остида Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллоллоҳи алайҳи ва салламнинг суннатлари йўналишида олиб борилган тадқиқотлар намуналари намойиш этилмоқда.
Ташкилий қўмита раиси Иброҳим Муҳаммад Бумельенинг маълум қилишича, кўргазмани ташкил қилишдан мақсад устоз ва талабаларни Қуръони карим илмлари, суннат ва шаръий илмлар соҳасидаги сўнгги янгиликлардан хабардор қилишдан иборат. Ислом.уз сайтига кўра кўргазмада турли давлатлардан келган 200 та маданият ташкилотлари ва нашриётлар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда бўлиб турган нуфузли делегацияни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганига юксак баҳо берди.
Жорий йилнинг март ойида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги сермаҳсул учрашувлар икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди.
Ташриф якунида муҳим келишувларга эришилди, жумладан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари бўйича салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Уларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда тегишли “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Бугунги суҳбат давомида давлат ташкилотлари, илмий марказлар, етакчи компания ва корхоналар, банк-молия институтлари даражасида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Қийин вазиятларда инсонлар синовдан ўтади”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Агар сен орзуларингни рўёбга чиқаришга уринмасанг, бирор киши ўзининг орзуларини рўёбга чиқаришда сендан фойдаланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Зиёлилар муаммо содир бўлгач, уни ҳар қилишни чорасини топадилар. Даҳолар эса муаммо содир бўлмай туриб, унинг олдини оладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Чинакам яшаш – хорлик остида минг йиллик умр эмас, балки азизлик сояси остидаги бир кунлик ҳаётдир.
Антара ибн Шаддод
*****
Хотиржамроқ яшаш учун ўзингни билмаганга олишни ҳам ўрган.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Отажон, шайтон бизни йўлдан уриш учун васваса қиладими?
- Ҳа, васваса қилади, лекин мажбурламайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қуроллари тил эмас, ақл бўлган, ҳал қилувчи зарбалари кўп гапириш эмас, сукут бўлган кишилар мени кўпроқ ажаблантиради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Тўрт киши борки, уларга қўпол муносабатда бўлма:
- аёл;
- гўдак;
- хизматчи;
- узр сўраб келган киши.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Шиддатли лаҳзаларда сабр синовдан ўтади.
- Тортишув пайтларида ақл синовдан ўтади.
- Қийин вазиятларда инсонлар синовдан ўтади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сени ўлдирган киши сенга ўқ отган эмас, балки орзуларингни “ўлдирган” кишидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Чумоли ҳақида илмий ҳақиқатлар
Олимлар чумоли ҳақида янгидан янги илмий ҳақиқатларни кашф этмоқдалар. Яқинда аниқланган илмий ҳақиқатлардан бирида айтилишича, чумолиларнинг урғочиси жамоани хавфдан огоҳлантирар экан. Улар бу вазифани бажариш асносида ўзидан овозли тебранишлар ва кимёвий моддалар чиқарар экан. Атрофдаги чумолилар бундан хавф яқинлашаётганини тушуниб, хавфсиз жойга қочишар экан. Қуръони Каримда бу ҳақиқатга ўн тўрт аср олдин ишора қилинган:
حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ
“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди”. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.) (Намл сураси, 18-оят).
Бу оятда хавфдан огоҳлантирувчи чумолининг феъли قَالَتْ (“қоолат”) дейилиб, ушбу феъл муаннас (женский род) шаклида келган. Мана шунинг ўзида шерикларини хавфдан огоҳ этувчи чумолининг урғочи бўлишига ишора бор.
Уламолар ушбу оятдан келиб чиқиб, чумолиларга хос бир неча хислатларни зикр қилганлар.
Чумоли ҳис қилади, сезади, нимагадир улгуриб қолишга интилади, нидо қилади, диққатни жалб этади, буюради, қайтаради, таъкидлайди, насиҳат қилади, сўзларини балоғат билан етказади, баён қилади, огоҳлантиради, ҳайдайди.
Чумоли Сулаймон алайҳиссаломнинг ўз қўшинлари билан келаётганларини сезди, ҳис қилди ва шерикларига уларнинг келишаётгани хабарини билдиришга интилди, шошилди.
Кейин барча чумолиларнинг диққатини ўзига қаратиш, жалб этиш мақсадида уларга нидо қилди.
У нидо қилаётганда “Эй чумолилар” деди. Бу нидо сабабли бирор ишга машғул бўлиб турган чумоли ҳам ўз ишини ташлаб, диққатини унга қаратади.
Барча чумолилар эътиборларини унга қаратишгач, у ўз шерикларига “Масканларингга киринглар” деб буюрди.
Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтсак.
Нидо қилувчи чумоли “Масканларингга киринглар” деди. Демак, ҳар бир чумоли хавф юзага келганда истаган тешикка, ковакка кириб кетмайди, балки ҳар бири ўзининг масканига, хотиржам бўладиган, хавфдан омон бўладиган, ўзини тинч ҳис қиладиган масканига киради. Зеро, маскан сўзи “Сокинлик топадиган жой” маъносини билдиради.
Кейин нидо қилувчи чумоли “Эзиб юбормасинлар” деб деб Сулаймон алайҳиссалом қўшинини чумолиларни эзиб юборишдан қайтармоқда.
Бу қайтариқни таъкид билан айтяпти. Оятдаги يَحْطِمَنَّ (“яҳтиманна”) феълидаги “ташдидли нун” ҳарфи шунга далолат қилади.
Нидо қилувчи чумоли ўз жамоасини масканларига киришга буюриш билан уларга насиҳат қиляпти, яхшилигини улардан аямаяпти.
Оятда чумоли ўз жамоасини хавфдан огоҳ этар экан, ҳеч кимни, Сулаймон алайҳиссаломни ҳам, у зотнинг қўшинларини ҳам айбламаяпти. Балки “Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар” деб, ўз фикрини балоғат билан баён қилиб етказяпти.
Ўз жамоасини ўлимдан сақлаб қолиш мақсадида уларни хавфсиз жойга киришга чорлаб, хафв борлигини эълон қилиш “огоҳлантириш” дейилади.
Шу тарзда у ўз жамоасини хавфсиз масканларга ҳайдамоқда.
Азизлар, биргина чумолида шунча хислатлар бор экан. Улар бир-бирларини мана шу тарзда огоҳлантирар эканлар.
Чумолилардаги бу хислатлар ҳақида Қуръони Каримнинг мазкур биргина оятида бундан 14 аср олдин хабар бериб қўйилган.
Миттигина махлуқига шунча хислатларни ато этган Аллоҳ Баракотли, Буюкдир!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади