muslim.uz
Бухорони “Қуббатул ислом” қилган зот
Имом Абу Ҳафси Кабир
Бисмиллаҳир рохманир рохийм.
Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ибн Зибарқон ибн Абдуллоҳ ибн Баҳр ал-Кабир ал-Ижлий ал-Бухорий ал-Фақиҳ ал-Ҳанафий ҳижрий 150 (милодий 767) йили Бухоронинг Фагсодара маҳалласида таваллуд топиб ҳижрий 217 (милодий 832) йилнинг муҳаррам ойида шу ерда вафот этганлар .
Қуръони каримни ёдлаб ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганиб илмлари мукаммал бўлиши учун Боғдодга бориб ҳанафий мазҳабининг асосчиси мужтаҳид Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит - Имом Аъзам (699-767) роҳимаҳуллоҳнинг таниқли шогирди Имом Мухаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний (ваф. м.804) роҳимаҳуллоҳга шогирд тушган.
Ҳазрат Абу Ҳафси Кабир Боғдоддан Бухорога қайтиб фиқҳ ва ҳадис илмини шу даражада ривожлантирдиларким уларнинг шогирдлари юз минг кишидан кўпроқ эди. Ҳазрат Абу Ҳафс Кабир роҳимаҳуллоҳ келганларида Бухорода оташпарастлар ҳали кўп бўлган ва бу зот шарофатларидан Бухородаги оташпарастлар ҳам ислом динини қабул қилган. Бухорои Шариф шу зот баракотлари сабабли Қуббатул Ислом (ислом дининг маркази) деб аталди. Имом Ал-Бухорийдек зот шу кишидан таълим олганлар. Катта шогирдлари ва илмларининг меросхўри буюк олим Абу Ҳафси Кабирнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳ (ҳижрий 264, м. 877 йилда вафот этган) бўлиб, у кишини Абу Ҳафси Сағир деб аташган. Яна бир катта шогирдлари Абдуллоҳ Супадмуний роҳимаҳуллоҳ бўлиб у кишининг қабрлари ҳам Абу Ҳафс Кабир ҳазратларининг ёнида жойлашган.
“Фатовои Абу Ҳафси Кабир”, “Китоб ул Имон”, “Ал-Аҳвоъ вал ихтилоф” (Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар), “Ар-Радду алал Лафзия” (Юзаки қаровчиларга раддия) ва бошқа асарларида Абу Ҳафс Кабир роҳимаҳуллоҳнинг кўплаб фатволари келтирилган.
Бухородаги илк мадрасани ҳам шу зот очганлар. У киши ва шогирдларининг ҳаракатлари билан ўша даврда бир нечта масжид ва мадрасалар очилган.
X аср тарихчиси Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китобида: “Имом Абу Ҳафс Кабир ўз даврининг фақиҳларидан биридир, зоҳид ва ҳам олим бўлган”, - дейилади. Абдулкарим ас-Самъонийнинг айтишича, Абу Ҳафс Кабир кўпгина фақиҳларни тарбиялаб, камолга етиштирган.
Абу Ҳафс Кабирнинг шарофатларидан Бухорода фиқҳ шу даражада ривожланадики, Бухоро фақиҳлари ислом оламининг асосий шаҳри Бағдод фақихларидан устун бўлганлар. Наршахийнинг таъкидлашича, одамлар Бағдоддан қайтган пайтларида Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорийдан бирор масалани сўраш учун ҳам келардилар. Имом Абу Ҳафс ал-Кабир улардан ажабланиб сўрарди: “Нима учун Ироқ олимларидан сўрамадингиз?” Унга жавобан: “Улардан сўрадик, лекин улар жавоб беролмадилар, Ироқ олимлари “Бухорога бориб, Имом Абу Ҳафс ал-Кабир ё ўғиллари Абу Ҳафс ас-Сағирдан сўранглар, деб айтишди”.
Абу Ҳафс Кабир уйи яқинидаги янги дарвозага кираверишда ўнг томонда Қурайшийлар масжиди жойлашган бўлган. Мазкур масжидни Қурайш қабиласига мансуб пайғамбарзодалардан Муқотил ибн Сулаймон ал-Қурайший қурган. Бу масжидда Арабистондан Абу Ҳафс Кабир роҳимаҳуллоҳдан таълим олиш учун келган толиби илмлар истиқомат қилишган ва ўқишган.
Зиёратгоҳ халқимизнинг Бухоро шаҳридаги энг серқатнов ва гавжум зиёратгоҳларидан бири сифатида эъзозланади, бухороликлар мазкур мозорда дафн қилинишни ўзларига фахр деб билишади.
Камолиддин Ниёзов
Мир Араб мадрасаси мударриси
Уламоларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари
Мусъаб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Молик Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилса ранги ўзгарар ва эгилиб кетар эди. Ҳатто бу бирга ўтиганларга қийинчилик туғдирар эди. Бир куни бунинг сабабини сўрашди. Шунда: “Агар сизлар мен кўрган нарсани кўрганингизда, кўриб турган нарсангизда мени инкор қилмаган бўлар эдингиз” деди.
Мен Муҳаммад ибн Мункадирни кўрганман, у қорилар саййиди эди. Ундан доим бир ҳадис сўраб улгурмасимиздан йиғлар, ҳатто унга раҳимимиз келар эди.
Мен Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқни кўрганман. У ҳазилкаш ва кўп табассумли эди. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, ранги сарғайиб кетар эди.
Мен унинг фақат таҳорат билангина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтганини кўрганман. Мен у билан кўп вақт аралашиб (бирга) юрдим. (Шу вақт мобайнида) уни учта хислат устида кўрдим: ё намоз ўқир ё сукут қилар ёки Қуръон ўқир эди. Ўзига алоқаси бўлмаган нарсани гапирмас, Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган уламо ва обидлардан эди.
Абдурраҳмон ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилаётганида унинг рангига қарадим, гўё ундан қон оқиб чиқаётганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан тили оғзида қуриб қолар эди.
Мен Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига борардим. Унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, кўзида ёш қолмагунча йиғлар эди. Имом Зуҳрийни ҳам кўрганман, у инсонларнинг энг кўп меҳмонга таом берадиган ва уларга яқини эди. Ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, гўё у сизни танимас ва сиз ҳам уни танимай қолар эдингиз.
Мен Сафвон ибн Сулаймнинг олдига борар эдим. У ибодатгўй ва мужтаҳидлардан эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, йиғлар, одамлар туриб, унинг ўзини қолдириб кетгунча йиғлашдан тўхтамас эди”.[1]
Қобилхон Ахунжанов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] Тартиб ал-мадорик. 2/51-52. Аш-Шифо. 2/597-598.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?
Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?
Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?
Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?
Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?
Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?
Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?
Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.
Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?
Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?
Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг
“Шамоили Муҳаммадия” асари асосида
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.