muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 29 أيلول/سبتمبر 2021 00:00

Динимиз одоблари бахту саодатга элтади

Сирдарё вилояти сафари давомида Гулистон тумани “Ҳазрати Умар” жоме масжидида аср намозидан сўнг Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов “Ижтимоий одоблар” мавзусида маъруза қилди.

Динимиз одобларига риоя қилиш икки дунё бахту саодатига етказади.

Мусулмон инсон ҳар куни оиласида, кўчада, жамоат жойларда ушбу одобларга амал қилиши керак. Уларнинг ҳар бири бахт-саодати томонга ташлаган одимдир...”, – дейди Абдуқаҳҳор домла.

Маъруза барчага манзур келди.

Учрашув самимий суҳбат ва дуолар билан якунланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Болаликда бир тенгдошим оғзи қийшайиб, ўзи бемордек бўлиб қолганини кўргандим. Шунда катталар: “Уни жин чалибди”, дейишганди. Домлаларга олиб боришиб ўқитишгандан сўнг, аҳволи яхшиланиб кетганди. Ҳақиқатан ҳам жин чалиш, деган тушунча динимизда борми?

— Исломда жин чалиш бор. Лекин бунга жуда ҳам урғу бериб, ҳаддан ортиқ эътибор бериб юбормаслик керак. Тақволи ва парҳезкор олим инсон Қуръон оятларидан ихлос ила ўқиб дам солса кетади.

﴿الَّذِينَ يَأْكُلُونَ الرِّبَا لاَ يَقُومُونَ إِلاَّ كَمَا يَقُومُ الَّذِي يَتَخَبَّطُهُ الشَّيْطَانُ مِنَ الْمَسِّ﴾

“Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар” (Бақара сураси, 275-оят).

Ушбу ояти каримада жин чалиши ҳақида сўз юритилиб, қандай ҳолатда бўлиши баён қилинган. Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана ўша ҳолат бўлар экан (“Тафсир Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

 

Бугун, 29 сентябрь куни Тошкент шаҳридан Сирдарё вилоятига ташриф буюрган юртимиз таниқли уламолари сафарнинг учинчи кунида қуйидаги масжидларга бориши кўзда тутилган:

Гулисрон шаҳридаги "Гулистон" масжидига (пешинга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;

Мирзаобод туманидаги “Зиё” масжидига (пешинга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;

Сирдарё туманидаги “Янги Хаёт” масжидига (пешинга), Гулистон шаҳридаги “Гулистон” масжидига (асрга) Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Аброр домла Мухтор Алий;

Сирдарё туманидаги “Пахтакор” масжидига Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;

Сардоба тумани "Пахтаобод" масжидига (пешинга) Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов;

Боёвут туманидаги “Абдухолиқ Ғиждувоний” масжидига Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдашев;

Сирдарё туманидаги “Аҳмад Яссавий” масжидига (пешинга), Мирзаобод туманидаги "Мулла Ботир" масжидига (асрга) Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов;

Сардоба туманидаги “Хўжа Исмоил” масжидига (пешинга) Тошкент шаҳар “Ҳазрати имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззақов;

Сирдарё туманидаги “Бахт” масжидига (пешинга) Тошкент шаҳар “Ал-Худайбия” масжиди имом-хатиби Муродулла домла Хуназаров;

Ховос туманидаги “Ховос” масжидига (пешинга) Тошкент шаҳар “Омина” масжиди имом-хатиби Юсуфхон домла Муҳиддинов;

Сардоба туманидаги "Имоми Аъзам” масжидига (пешинга) Тошкент шаҳар “Тўра бува” масжиди имом-хатиби Шавкат домла Ҳамдамов;

Сардоба тумани “Гулзор” масжидига (пешинга) Тошкент шаҳар “Оқилон” масжиди имом-хатиби Собиржон домла Рустамов;

Сардоба тумани “Янгиқишлоқ” масжидига (пешинга)Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Ташанов;

Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда диний соҳа раҳбарлари ва мутасадди вакиллар ҳам иштирок этиши режа қилинган.

Маълумот учун, сафар давомида маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар ишитирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Аллоҳ таоло уламоларимиз сафарини хайрли ва манфаатли қилсин!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Хабарингиз бор, бугун, 28 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Сирдарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни.

Айни пайтда уламолар ҳудуддаги масжидларда намозхонларга маърифий суҳбат қилиб бермоқда. Улар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали узатилмоқда.

Қуйидаги манзиллар орқали таниқли уламоларнинг гўзал мавъизасини тўғридан-тўғри кузатишингиз мумкин:

Сирдарё туманидаги “Аҳмад ибн Малик” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Алижон қори Файзулла Махдум ўғли:

Ховос туманидаги “Ховос” масжидида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов:

Оқолтин туманидаги “Ҳазрати Али” масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Аброр домла Мухтор Алий:


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

XX аср бошида Қирғизистоннинг шимоли-шарқида жойлашган Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳрида михсиз қурилган Иброҳим ҳожи масжиди ҳанузгача меъморий кўриниши билан мамлакат аҳолиси ва меҳмонларни ҳайратга солиб келмоқда. Сабаби ушбу масжид қурилишида бирорта мих ишлатилмаган.

Ушбу меъморий ёдгорликни қуриш пайтида Хитой меъморчилиги усулларидан фойдаланилган. Маҳаллий аҳоли Иброҳим ҳожи масжидини Ҳожи Дунган масжиди деб ҳам аташади.

Ёғоч меъморчиликнинг энг яхши намуналарини ўзида мужассам этган ушбу зиёратгоҳ Қоракўл шаҳрининг рамзи ва диққатга сазовор жойига айланди. Масжид безагида гулли шакллар устунлик қилади, лекин қуш, балиқ, ҳақиқий ва ҳаёлий ҳайвонларнинг тасвирлари ҳам бор.

Қирғизистон диний туризмида муҳим ўрин эгаллайдиган бу масжид 1910 йилда чор Россияси даврида қурилган.
Маълумот учун, XIX аср охирида Дунган қочқинлари Хитойдаги босим ва зўравонликлардан қочиб Қоракўл шаҳрига кўчиб ўтган. Улар Қирғизистонда ўз жамиятини тузди ва хитойлик меъмор Чоу Сеуни Қоракўлга таклиф қилди, у масжидни уч йилда қурди. Тяншан арча, қарағай ва терак масжидда қурилиш материаллари сифатида ишлатилган. Масжид дунган халқининг етакчиларидан бири Иброҳим ҳожи ташаббуси билан барпо этилган. У Хитойдаги таъқибларга дош беролмай, Ўрта Осиёга кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

Масжиднинг пойдевори ва тош ишлари маҳаллий ҳунармандлар томонидан, ёғоч нақшлари қисми эса хитойликлар томонидан қилинган.

Масжид 42 та устундан иборат бўлиб, бинони ўраб турган кўп босқичли ёғоч корнис узум, анор, нок ва шафтоли каби ўсимликларнинг тасвирлари билан безатилган.

Масжид томи яшил рангга бўялган, устунлар ва шифти сариқ, минораси кўк рангга бўялган. Масжид имом-хатиби Рустам Бубукейевнинг “Aнадолу” матбуот ваколатига айтишича, 1910 йилда асос солинган Иброҳим ҳожи масжиди ўзига хос меъморчилиги билан диққатни ўзига тортади. Масжид ўзининг ғайриоддий архитектураси ва тарихий мотивлари туфайли кўплаб ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қилади, дея қўшимча қилди имом-хатиб.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Top