muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ахборот агентликлари иттифоқи (Union of News Agencies - UNA) бош директори вазифасини бажарувчи Муҳаммад Абду-Раббу Ал-Ямий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда M.Ал-Ямий ошкоралик, ўзаро ишонч, бағрикенглик, ирқчиликни рад этиш, исломий ва гуманитар қадриятлар асосида медиа-индустрияни ривожлантириш борасида Ахборот агентликлари иттифоқининг медиа платформа сифатидаги ўрни ҳақида маълумот берди.

У, шунингдек, ташкилотнинг келгуси йиллардаги фаолиятига доир режаларини ҳам тақдим этди. Мазкур иттифоққа аъзо мамлакатларнинг расмий миллий ахборот агентликлари учун стратегик медиа маслаҳатлар бериш нуқтаи назаридан UNA барча имкониятларга эга эканини қайд этар экан, оммавий ахборот воситалари учун ўқув машғулотларини ташкил этиш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритди.

Учрашув чоғида Ахборот агентликлари иттифоқининг навбатдаги ассамблеясини ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Тадбирда Ахборот агентликлари иттифоқи ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган ахборот агентликлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболлари билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, UNA 1972 йилда ИҲТнинг ихтисослашган медиа органи сифатида тузилган бўлиб, араб, инглиз ва француз тилларида кундалик ахборот бюллетенларини онлайн шаклда тарқатади, Ислом дунёсидаги янгиликлар ва воқеаларни ёритади.

Ахборот агентликлари иттифоқининг фаолияти Ислом маданий меросини таъкидлашга, ИҲТ аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ва манфаатдор идоралар ўртасида касбий алоқалар ва техникавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, иттифоқ мусулмонларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларга нисбатан хабардорлигини кучайтиришга қаратилган ишларни ҳам олиб боради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Абдулвоҳид домла

Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири билан суҳбати халқаро ҳамжамиятда катта қизиқишга сабаб бўлмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ушбу суҳбатнинг тўлиқ шакли Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг масхус «OIC Today» журналида чоп этилди. Мазкур воқеа ташкилот маконига мамлакатимизнинг замонавий тараққиётида, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ қилиш, шунингдек, республика раҳбариятининг глобал муаммоларга қарши курашиш борасидаги халқаро ташаббуслари катта қизиқиш уйғотаётганидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, мазкур нашр ўз ўқувчиларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини инобатга олиб, юртимиз ва унда рўй бераётган муҳим воқеалар ҳақидаги материалларни мунтазам чоп этиб келади. Шунингдек, журнал ислом дунёси мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доираларини Ўзбекистонда яратилган ишбилармонлик муҳити билан таништириб боради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الثلاثاء, 24 آب/أغسطس 2021 00:00

Келажакка тикилган буюк сармоя

Илмга эътибор, таълимга муҳаббат тараққиётнинг асосини ташкил этади. Айтиш мумкинки, бугун биз қандай юксак даражаларга, улуғ мақомларга эришган бўлсак, бунинг замирида, аввало, илмга, билимга, таълимга эътибор мужассам.

Тарихдан маълумки, қайси юртдан қайси соҳа бўйича кўп олимлар етишиб чиққан бўлса, ўша халқнинг илмга муҳаббати зиёда бўлган. Мисол учун, юнонлар фалсафага муҳаббатли бўлгани боис фалсафа илмининг дарғалари – Афлотуну Арастулар шу заминда камолга етган. Шумерлар зироат ишларига муҳаббатли бўлгани боис мислсиз ютуқларни қўлга киритишган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан сўнг дунёнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Арабистон ярим оролида порлаган Ислом нури бутун оламни мунаввар этди. Хусусан, азалдан фитратида ҳақ динга мойиллик бўлган халқимиз, миллатимиз Исломга шу қадар муҳаббат қўйиб, унинг арконларини ўта иштиёқ билан ўзлаштирди ва таълимотини кучли чанқоқлик билан ўрганди. Натижада Ислом илмини бойитган буюк олимлар бизнинг муаззам юртимиздан, илмга, ибодатга ташна миллатимиз орасидан чиқди.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Термизий, Замахшарий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Насафий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек… Рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Ана шу буюк мутафаккирларнинг қонлари бугун бизнинг ёшларимиз томирларида оқмоқда.

Илмга ташналик набавий кўрсатмадир. Юртимиз қадимдан буюк алломалар юртидир. Бугунга келиб яна шу буюкликка интилган ҳолда ёш авлоднинг илму маърифатига эътибор кучайди. Буни шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев назорат қилиб, таълим масканлари ва у ердаги тарбиянинг нечоғли сифат ва мукаммаллигига эътибор берилаётганидан ҳам билса бўлади.

* * *

Ана шундай улуғ ва хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси Зангиота туманида фаолият юритаётган имом-хатиблар билан биргаликда ҳомийларни жалб қилган ҳолда тумандаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг 30 нафар кам таъминланган оила фарзандларига кийим-кечаклар, ўқув қуроллари, китоблар олиб бердилар.

Шунингдек, мактабнинг ҳожатхонаси таъмирланиб, янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилди.

* * *

Аслида, илмни диний ёки дунёвий деб ажратиб бўлмайди. Чунки ҳаммаси ҳам илм, барчаси ҳам билимдир. Шу боис буюк келажакни кўзлаган халқ илмнинг ҳар бир соҳасида етук олимларни етиштириши шарт.

ХIХ асрда яшаган машҳур француз адиби ва файласуфи Виктор Гюго: “Таълим билан дин уйғун ўрганилиши лозим. Шундагина яхши одамлар етишади”,  деган эди.

Илм ёшликнинг зийнатидир. Илм келажакка тикилган энг ишончли сармоядир. Ёш ўсиб келаётган авлоднинг илму маърифатга аҳамият бериши эса миллат келажагининг буюк эканлиги белгисидир. Илм маърифатни эгаллаш учун ёшликдан интилмоқ зарур. Бу билан бирга эса яна бир неча омиллар борки боланинг илми мукаммал бўлишини таъминлайди.

Олимларимиздан келган ҳикматли сўзлардан бирида айтилишича: “Ким олимлар ва илмга хурматсизлик қилса, унинг зурриётларидан илм аҳли чиқиши қийин”, дейишган. Шунинг учун ҳам инсон олим бўлиши ёки илм олувчи бўлиши, ё илм аҳлига хизмат қилиб, ихлос билан уларни севувчи бўлмоғи лозим. Аммо асло илм ва илм аҳлини ёмон кўрувчи бўлмаслиги керак. Бу ҳадиси шарифда гўзал тарзда ифодаланган

Абдураҳмон ибн Абу Бакрадан, у отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Олим бўлинг ёки ўрганувчи бўлинг ёки эшитувчи бўлинг ёки илм аҳлига муҳаббатли бўлинг, аммо ҳаргиз бешинчиси бўлманг-ки, ҳалок бўласиз” (Имом Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло ёшларимизга илм-фаннинг барча соҳаларини чуқур эгаллаб, буюк мутафаккир алломаларимиз каби Ватанимизга, халқимизга, динимизга, элимизга хизмат қиладиган улуғ олимлар бўлишларини насиб қилсин. Илм йўлида, таълим соҳасида яратилаётган шарт-шароитларга бош-қош бўлаётган барча раҳбарларимизни, саховатпеша тадбиркорларимизни, имом домлаларимизни Раббимиз Ўз паноҳида асрасин!

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

— Икки набирам бор. Уларнинг хатна тўйларини битта қилиб ўтказганман. Ҳозирда улар балоғатга етишди. Уларни уйлантириб қўймоқчиман. Никоҳ тўйларини бирга қилсам бўлади-ми? Қўш келин олиш яхши эмас, деган гап-сўзларни эшитдим. Динимизда бу ҳақида нима дейилган?

— Инсоннинг тақдирида ёзилган барча яхшилик ва ёмонлик тақдир қилган кунда ва бўлиши лозим бўлган вақтда юз беради. Бунинг барчаси Аллоҳнинг иродаси. Шунинг учун бу масалада Аллоҳ билгувчироқ. Қўш келин олмай ёлғиз келин олган оилаларнинг қанчаси бахтли ҳаёт кечирмоқда-ю қанчаси кўнгилдагидек турмуш қилмаяпти, шуни бир мулоҳаза қилиб кўриш жоиз. Шундай экан айрим ирим-сиримчи ва турли шубҳали инсонлар тахмин қилганидек кўш келин олганларнинг хонадонларига чилла тушиши, келиннинг бахти боғланиши ва турли бўлар-бўлмас иримлар ислом динида қораланади.

Top