muslim.uz
Экстремизм хавфидан кўпроқ ва мунтазам огоҳ этиш муҳокама этилди
Куни кеча, 12 ноябрь куни AҚШ элчихонаси ташаббуси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида мамлакатимиздаги бир неча ташкилот ва идоралар вакиллари “Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб-қувватлаш” (CASSS) лойиҳасини Zоом дастури орқали виртуал давра суҳбатида муҳокама қилишди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов қатнашди.
Виртуал давра суҳбатида USAIDнинг Марказий Осиёда барқарорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси (CASSS)нинг келажакда амалга оширадиган фаолияти бўйича фикр алмашилди ва меҳнат мигрантларини экстремизм хавфидан янада кўпроқ огоҳ этиш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича ёшлар билан мулоқот ўрнатиш, ОАВ мутахассислари билан маълумотларни таҳлил қилиш юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда USAID ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси номидан Демократия ва бошқарув бўйича директор Дана Биган хоним, CASSS лойиҳасиси жамоа раҳбари Фелпс Фили, тадқиқот директори Кевин Кейси ва CASSS Ўзбекистон жамоаси аъзолари Жасур Норбоев ва Нодира Ҳусанова иштирок этишди.
Тадбир ташкилотчилари меҳнат мигрантлари ўртасида экстремизм хавфи тўғрисида хабардорликни ошириш, унинг олдини олиш учун ёшлар билан мулоқотни кўпайтириш ва бу мавзуни оммавий ахборот воситаларида ёритишни қўллаб-қувватлашини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қабр зиёрати пайтида бажариладиган 11 амал
- Ниятни тўғрилаш, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш.
- Таҳоратли бўлиш.
- Дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйлаш.
- Зиёратгоҳда виқор билан сокин юриш.
- Қабр аҳлига бундай салом бериш:
“Ассаламу алайкум, йа аҳлал-қубур. Йағфируллоҳу лана ва лукум, антум салафуна ва наҳну бил-асар”
“Ассалому алайкум, эй қабр аҳли! Аллоҳ бизни ва сизларни мағфират этсин. Сизлар биздан олдин келгансиз, биз ҳам сизнинг ортингиздан келамиз”.
- Қабрни сийпаш, ўпиш ва айланиб тавоф қилишдан узоқ бўлиш.
- Қабр бошида “Ёсин” сурасини ўқиш.
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онаси ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума куни зиёрат қилиб, “Ёсин” сурасини тиловат қилиб, унинг савобини уларга бағишласа, сурадаги ҳар бир сўз ва ҳарф ададича Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилади”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўликларингизга “Ёсин” сурасини тиловат қилинг”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Ихлос сурасини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабристонга кириб, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади”, деганлар (Имом Дорақутний ривояти).
- Марҳумнинг яхши сифатларини эслаш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
- Қабрни босмаслик лозим. Қабр усти маййитнинг ҳаққидир. Қабр устидан ёки қабристон ичидан ўтишга зарурат туғилса, тасбеҳ, таҳлил, такбир, дуо ва истиғфор айтиб ўтиш.
- Зиёратдан ваъз-насиҳат олган ҳолда қайтиш.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Қозоғистонда Ислом академиясини очиш масалалари муҳокама қилинди
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Олий муфтий Науризбай ҳожи Тағанулини қабул қилди. Muftyat.kz хабарига кўра, бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбарига Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг коронавирус пандемияси чоғидаги хайрия фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Науризбай ҳожи Тағанулининг сўзларига кўра, муфтият касалхоналарга кислород аппаратлари ва тиббий асбоб-ускуналарни бепул тақдим этган, муҳтожларга масжидлардаги тикувчилик цехларида тикилган ниқоблар ва ҳимоя кийимлари, дори-дармонларни тарқатишган. Шунингдек, "Ел үлесі – пәтерге" акцияси доирасида 314 та хонадон тақдим этилди. Бундан ташқари, у имом-хатибларнинг малакасини ошириш ва кадрлар тайёрлаш масалалари ҳақида гапириб берди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга муфтият "Эҳсон" таълимоти ва Абайнинг "Комил инсон" тушунчасини кенг оммалаштиришга киришишини хабар берди.
Учрашувда Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолиятининг режалари ва истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Ислом академиясини яратиш, Ислом ва диншунослик кутубхонасини қуриш, мамлакатдаги масжидлар меъморчилигини қозоқ анъаналарига мос ҳолга келтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ишига юқори баҳо бериб, келгуси ишларда муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати
Бағрикенглик – азалий фазилат
Барчамизга яхши маълумки, жамият тараққиёти ва фаровонлигида миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамду-лиллаҳ, тинч-омон, аҳл-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ўзбекистонда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунасидир.
Юртимиз мустақилликка эришгач, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Халқимизга азалдан хос бўлган диний бағрикенглик биз учун анъанавий бир ҳолдир. Диний бағрикенглик диний заминдаги адоватга қарши ҳамиша ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг ривожланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний тамаддун ва маънавият ривожига ҳисса қўшган. Бу ҳақда динимиз таълимотига назар ташласак, унда Аллоҳ таоло ўз каломида баён қилган диний бағрикенглик асосини кўрамиз:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. (Мумтаҳана сураси 8-оят)
Республикамизда ислом дини билан бир қаторда бошқа диний эътиқод йўналишлари эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган.
Ўзбекистоннинг анъанавий диний бағрикенглик ўлкаси экани, ислом фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб, нуфузли Халқаро ташкилот – Ислом Конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича муассасаси Тошкент шаҳрини 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилди.
Демак, кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда жамиятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз талабидир. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай дейди:
“...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”. (Моида сураси, 2-оят).
Динимизнинг боқий асоси Қуръони карим ва ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўчмас таълимотларида қўни-қўшничилик, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Ҳазрат Расули Акрам (с.а.в.)нинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар.
Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни, турли тилларда сўзлашувчи халқларни яратишининг ҳикматларидан бирини шундай баён этади:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Хужрот сураси, 13-оят)
“Анкабут” сураси 46-оятида эса:
“(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар...”, - дейилган.
Демак, Қуръони карим мусулмон мамлакатларида бошқа динларга нисбатан муносабат ва диний эътиқод эркинликлари масалаларида асосий манба бўлиб хизмат қилган. Демакки, бундан исломнинг бошқа диний эътиқоддаги кишиларга нисбатан инсонпарвар, адолатпарвар эканини кўришимиз мумкин.
Динимиз таълимотларида диний бағрикенгликка алоҳида диққат-эътибор берилганини кўриб турибмиз. Қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойиллари ҳаётда ўз талқинини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.
Ривожиддин Насритдинов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар бўйича
мудир ўринбосари
Буюк Британияда «Саҳиҳул Бухорий» асари асосида халқаро онлайн кўргазмаси ташкил қилинди
7-11 ноябрь кунлари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ижтимоий фанлар ҳалқаро фестивали доирасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагидаги Буюк Британиянинг Лестер университети, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва «Dacore IT» масъулияти чекланган жамияти томонидан Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» асари асосида Бухорий — Ислом санъати халқаро онлайн кўргазмаси ташкил қилинди. Бу ҳақда uza манбаси хабар берди.
Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, Ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш мақсадида ташкил этилган кўргазмада таниқли уста рассомлар билан бир қаторда халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган ёшлар ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқда.
Кўргазма иштирокчилари орасида таниқли миниатюрачи Давлат Тошев, китобот санъати иллюминацияларни ёритиб бериш бўйича тажрибали рассом Камолиддин Aбдуллаев, ёш ва истеъдодли рассомлар - хаттот Шейха Aбдуллаева, графика бўйича рассом Ёқуб Бекназаров ва фотосуратчи Мухиддин Aли каби таниқли ижодкорлар ҳам бор. Халқаро миқёсда тан олинган «Сўғдиёна» миллий чолғу-асбоблари камер оркестри кўргазма учун махсус янги «Зикр» номли композиция яратди.
Кўргазма учун яратилган барча санъат асарлари Саҳиҳи Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод маҳсуллари ҳисобланади.
- Ислом таълимоти шунчалик кенг қамровлики, уни битта кўргазмада намойиш этиш қийин, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов.
Энг муҳим ва бирламчи омиллардан бири бу - нафақат ташқи, балки инсоннинг ички ҳолатига таъсир кўрсатувчи покликдир. Шу сабабли, ушбу кўргазмада намойиш этилаётган ижодий ишлар бизни жисм, тафаккур, қалб, руҳ ва хаёт мавзуларини англашга ундайди. Эътиборлиси, кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг тавсифи ва талқини ҳадис орқали ифодаланади.
Ғ.Ҳасанов