Рамазон-2018

Рўзадорнинг дуоси

Юртимизда меҳмон бўлган муборак Рамазон ҳам охирлаб бормоқда. Солиҳ амалларни етарлича қила олмаган мўмин бандалар учун имконият тугади дегани эмас экан. Чунки амаллар хотимасига қараб белгиланиши маълумдир. Шунинг учун ҳам азиз юртдошлар, қолган мана шу оз миқдордаги саноқли кунларни ўзгача ғайрат-шижоат билан ўтказишга ҳаракат қилайлик. Бу борада бизга мўминнинг асосий қуроли бўлган дуо ёрдам беради.

Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятларининг сўнггида мана бундай марҳамат қилади: “Бандаларим қачон сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен яқинман, дуо қилувчи қачон дуо қилса, ижобат қиламан”. (Бақара сураси). Рўзадорнинг дуоси шаксиз қабул қилиниши ҳақида Пайғамбар (с.а.в.) ҳам бир неча ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар. Жумладан, ибн Умар (р.) ривоят қилган ҳадисда “Рўзадорнинг оғиз очиш даврида қабул қилинадиган дуоси бор”, (Насоий ривояти) деган бўлсалар, Абу Ҳурайра (р)дан ривоят қилинган ҳадисда “уч кишининг дуосини қайтармаслик Аллоҳнинг зиммасидадир: рўзадорни оғиз очгунча (қилган дуосини), мазлумни ғолиб келгунча (қилган дуосини) ва мусофирни қайтиб келгунча (қилган дуосини)”, деганлар (Баззор ривояти). Яна бир ҳадисда ул зот марҳамат қиладилар: “Рамазонда Аллоҳни кўп ёд этувчи мағфират қилинади ва бу ойда Аллоҳдан сўровчи қуруқ қолмайди”. (Табароний ривояти). Булардан кўриниб турибдики, биз дуо орқали катта-катта фазилатларга эришишимиз мумкин экан. Айниқса, сизу-бизлар ўтказаётган дамларда Аллоҳ таоло илтижоларни қайтармаслигини унтмаслигимиз керак экан.

Диёримиздаги кўплаб масжидларда Рамазон шарофати билан бошланган Қуръон хатмлари давом этмоқда. Бу ҳам бизлар учун яна бир фурсат демакдир. Чунки Имом Байҳақий Анас (р) дан ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в.): “Ҳар бир хатмнинг мустажоб дуоси бор”, деганлар. Ушбу ҳадис бошқа ўринда мана бундай лафз билан келади “Қуръон хатмида мустажоб дуо ва жаннатда бир дарахт бор”. (Байҳақий ривояти).

Хуллас, азиз ака-ука ва опа сингиллар, модомики Рамазон ҳали тугамаган экан, биз учун мустажоб дуолар имконияти бордир. Келинглар, гуноҳларимизни кечирилиши, фарзандларимизни бахту-саодати, диёримизни гуллаб-яшнаши учун туну-кун дуоларда бўлайлик, шоядки Аллоҳ таолонинг бахтли бандалари қатори Раййон эшигидан жаннатига кирсак.  

Саййиджамол Масайитов  

Read 62368 times
Top